Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Сурияликлар: Россиянинг ҳаво зарбалари демографик ўзгаришларга қаратилган бўлиши мумкин

Қоҳирадан Волид Абу ал-Хайр

Идлиб вилоятининг (Сурия) ғарбий ҳудудига берилган Россия авиазарбаси натижасида кўтарилаётган тутун. [Муҳаммад АЛ-РИФОИЙ / AFP]

Идлиб вилоятининг (Сурия) ғарбий ҳудудига берилган Россия авиазарбаси натижасида кўтарилаётган тутун. [Муҳаммад АЛ-РИФОИЙ / AFP]

Россиянинг Сурия шимоли-ғарбидаги Идлиб ва ​​унинг атрофини ҳаводан ўққа тутиши кенг миқёсли вайронагарчиликларни келтириб чиқарди, қишлоқ хўжалиги саноати ва савдо-сотиқни йўқ қилиб, болаларни таълим олиш имкониятидан маҳрум этди.

Россия самолётлари бир неча йиллардан бери бу ҳудуддаги нишонларни бомбалашда давом этаётган бўлса-да, сўнгги вақтларда зўравонлик амалиётлари янада кучайган. Душанба (21 сентябр) куни маҳаллий аҳоли вакилларининг хабар беришича, ўтган ҳафта охирида олти ой аввал Туркия билан эришилган оташкесимдан бери энг йирик – 20 дан ортиқ ҳаво ҳужумлари қайд этилган.

Россия ҳарбий самолётлари томонидан фуқаролик объектлари, жумладан касалхоналарнинг қасддан бомбаланиши натижасида камида 6500 нафар тинч аҳоли вакили ҳаётдан кўз юмди ва бир миллионга яқин одам қочқинга айланди, Россиянинг шарқий Сурияга ҳарбий аралашуви эса «Ислом давлатига» (ИД) қарши кураш чораларини йўққа чиқармоқда.

Ҳаво ҳужумлари натижасида маҳаллий аҳоли ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган, айрим сурияликларнинг гумон қилишича, Россия уларнинг қайтишига йўл қўймай, минтақада демографик ўзгаришларни амалга оширмоқчи.

11 феврал куни Россия тарафидан Суриянинг Идлиб шаҳрига берилган авиазарба натижасида жароҳатланган суриялик болалар вақтинчалик шифохонада даволанмоқда. [Абдулазиз Кетаз/AFP]

11 феврал куни Россия тарафидан Суриянинг Идлиб шаҳрига берилган авиазарба натижасида жароҳатланган суриялик болалар вақтинчалик шифохонада даволанмоқда. [Абдулазиз Кетаз/AFP]

Идлиблик фермер Маҳмуд Исмоилнинг айтишича, вилоят ва унинг атрофлари Россия ҳаво ҳужумларига учраши натижасида қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ ишлар бутунлай тўхтаган, чунки деҳқонлар нишонга айланиб нобуд бўлишдан қўрқмоқдалар.

Россиянинг ҳаво зарбалари бошқа соҳаларга ҳам зиён келтирмоқла, жумладан, қишлоқ хўжалиги машиналарининг эгалари ва савдо-сотиқ билан шуғулланувчиларнинг иши бутунлай тўхтаб қолди, дейди Исмоил.

Дўкондорлар аввал ўзларида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни минтақа ташқарисидан импорт қилишга мажбур бўлганликлари сабабли асосий озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашган.

Шунингдек, Россия авиазарбалари натижасида келиб чиққан ёнғинлар минглаб гектар қишлоқ хўжалиги ерлари ва ўрмонзорларни йўқ қилди, деди у ҳатто жангарилар бўлмаган жойлар ҳам нишонга олинганини айтар экан.

«Оқ дубулғалилар» бу ёнғинларни жиловлашга зўр бериб уриндилар, деди у.

«Бу ерларнинг кулини кўкка совуриб, умуман яшашга яроқсиз ҳолга келтириш мақсад қилинганга ўхшайди», деди Исмоил деярли ҳар кунги зарбалар натижасида минглаб уйлар вайрон бўлганини таъкидлаб.

Мактаблар ёпиқ

Идлибдаги қишлоқ хўжалиги ерлари Россия ва Сурия режими томонидан ўққа тутилмоқда, дейди «Оқ дубулғалилар» вакили Холид ал-Хатиб.

Бундан ташқари, пала-партиш ўрнатилган миналар ва портламай қолган ўқ-дорилар, жумладан, Россия ҳарбий самолётлари томонидан ташланган термобарик ва кассетали бомбалар кўплаб фермерларни ўлдирган ёки жароҳатлаган.

«Кўплаб шаҳар ва қишлоқлар қасддан ва тизимли равишда ер билан яксон қилинди», деди у. «Россия маҳаллий аҳолини бу минтақадан чегара ҳудудларига ҳайдаб чиқариб, демографик ўзгаришларни амалга оширишга уринаётган кўринади».

Бу қадар кўп сонли тинч аҳолининг ўз уйини тарк этишга мажбур бўлгани, ўнлаб мактабларнинг вайрон қилингани ва шикастлангани болалар таълимига жиддий путур етказди, деди ал-Хатиб.

Унинг айтишича, бу «шаҳарда қолган болаларнинг жуда оз қисмидан ташқари, Идлиб ва ​​унинг атрофидаги барча болалар амалда таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлди, деганидир».

Ҳатто бу болалар ҳам мактабга мунтазам равишда бормаяпти, чунки улар жанговар самолётлар овозини эшитиши билан пана жой излайди, деб қўшимча қилди у.

Шаҳар ва қишлоқлар бўшаб қолган

Айни вақтда чегара ҳудудига кўчиб ўтишга мажбур бўлган Мааррат ан-Нуъмонлик фаоллардан бири Ханий ал-Нуъмоннинг айтишича, Россия ҳаво ҳужумлари натижасида юз минглаб тинч аҳоли ўз уйини тарк этган.

Ўнлаб шаҳар ва қишлоқлар кимсасиз қолди, ҳамма ишлар тўхтади, минглаб дўконлар ёпилди, дейди у.

Минглаб дўкондорлар ва ишчилар «қочқинлар масканида иш юритиш имконсиз эканлиги сабабли» даромадсиз қолдилар, деди ал-Нуъмон.

Лагерларда ишлаш имконияти йўқ, у ерда кун кўраётган одамларнинг аксарияти минтақада ҳали ҳам фаолият олиб бораётган гуманитар ташкилотларнинг ёрдамига умид қилишмоқда.

Унинг айтишича, Идлиб шаҳрида ишлаб турган дўконлар аҳоли харид қобилиятининг сустлиги туфайли қийин аҳволда қолган.

Қочқинга айланган дўкондорларнинг аксарияти кўчиш вақтида ўз жамғармаларини ишлатиб бўлган ва ўзи яшаган жойга қайтиб борган тақдирда ҳам бизнесини тиклай олмайди, деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Сурияликлар, бардам бўлинглар. Босқинчилар барча қатлиомлари учун жавоб берадилар.

Жавоб бериш

Россиянинг жазо отрядлари Cурия халқини ўлдирмоқда

Жавоб бериш