Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Россия қўлловидаги бомба ҳужумлари натижасида Сурияда мактабга кетаётган болалар ҳалок бўлди

Карвонсарой ва AFP

4 ноябр тонгида Ариха шаҳрида ҳукумат кучларининг ҳужуми натижасида ҳалок бўлган ёш боланинг жасадини олиб кетаётган суриялик эркак. (Муҳаммад АЛ-РИФАИ/AFP)

4 ноябр тонгида Ариха шаҳрида ҳукумат кучларининг ҳужуми натижасида ҳалок бўлган ёш боланинг жасадини олиб кетаётган суриялик эркак. (Муҳаммад АЛ-РИФАИ/AFP)

Чоршанба (4 ноябр) куни Идлиб вилояти шимоли-ғарбида Сурия режимининг Россия қўлловидаги бомба ҳужумларида ҳалок бўлган 7 нафар тинч аҳоли орасида тўрт нафар ёш бола ҳам бўлган. Бу ҳақда Суриянинг инсон ҳуқуқлари обсерваторияси хабар қилди.

Бомба ҳужумлари Идлиб, Ариха, Ихсим, Кафрая, Мараян, Балшун, Балюн, Шаннон, ал-Баро ва Дер Сунбул шаҳарларига йўналтирилди, дейди идлиблик фаол Мусаб Ассаф.

Энг ҳалокатли зарбалар Арихада амалга оширилган, деб хабар беради Обсерватория. «Таҳрир аш-Шом» экстремистик альянси назоратидаги Идлиб вилояти бўйлаб 20 кишининг жароҳатлангани айтилмоқда.

«Режим кучлари тонгда Идлибнинг бир нечта ҳудудига узлуксиз артиллерия ва ракета зарбаларини берди. Натижада етти нафар тинч аҳоли вакили, жумладан тўртта ёш бола ҳалок бўлган», деб хабар беради ташкилот.

Коронавирус пандемияси вақтида Суриянинг Туркия билан чегарадош Идлиб вилояти, Қаҳ қишлоғи яқинидаги одамлар билан тўла қочқинлар лагерига мактабдан қайтаётган суриялик болакай. 28 октябрь. (Аҳмад ал-АТРАШ/ AFP)

Коронавирус пандемияси вақтида Суриянинг Туркия билан чегарадош Идлиб вилояти, Қаҳ қишлоғи яқинидаги одамлар билан тўла қочқинлар лагерига мактабдан қайтаётган суриялик болакай. 28 октябрь. (Аҳмад ал-АТРАШ/ AFP)

Эрталабдан бошланган бомбалаш амалиётида Идлиб шаҳри ва унинг ички туманларидаги бир қатор аҳоли яшовчи ҳудудлар нишонга олинган, деди Ассаф.

Унинг айтишича, ҳалок бўлган болалар мактабга кетаётган бўлишган.

Шунингдек, гуманитар ташкилотнинг икки ходими ва ўз уйида бўлган бир фуқаро ҳам ҳалок бўлган, деди у.

«Оқ дубулғалилар» жамоаси аёллар ва болалардан иборат тиббий ёрдамга муҳтож 20 га яқин одамни тиббий марказларга олиб келишган, деди Ассаф.

Бу орада Сурия шимоли-ғарбидаги Идлиб ва ​​унинг атрофида давом этаётган Россия ҳаво ҳужумлари кенг миқёсли вайронагарчиликларни келтириб чиқарган, қишлоқ хўжалиги саноати ва савдо-сотиқ бутунлай тўхтаган, болалар таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлганлар.

Россия самолётлари бир неча йиллардан бери бу ҳудуддаги нишонларни бомбалашда давом этаётган бўлса-да, сўнгги ойларда зўравонлик амалиётлари янада кучайган.

Россия ҳарбий самолётлари томонидан фуқаролик объектлари, жумладан касалхоналарнинг қасддан бомбаланиши натижасида камида 6500 нафар тинч аҳоли вакили ҳаётдан кўз юмди ва бир миллионга яқин одам қочқинга айланди, Россиянинг шарқий Сурияга ҳарбий аралашуви эса «Ислом давлатига» (ИД) қарши кураш чораларини йўққа чиқармоқда.

Ҳаво ҳужумлари натижасида маҳаллий аҳоли ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган, айрим сурияликларнинг гумон қилишича, Россия уларнинг қайтишига йўл қўймай, минтақада демографик ўзгаришларни амалга оширмоқчи.

Россиянинг ортга қайтишидан дарак йўқ

Сурия режими Россиянинг бевосита ёрдамисиз ўзининг мунтазам ҳарбий ҳаракатларини олиб бора олмас эди, дейди суриялик журналист Муҳаммад ал-Абдуллоҳ.

Режим томонидан амалга оширилаётган ҳужумларга Россия ҳарбий кучлари бошчилик қилмоқда, дея таъкидлади у. Бу режим уруш майдонда олиб бораётган ҳар қандай ҳарбий амалиёт Россия армияси томонидан тасдиқланиши ва қўллаб-қувватланиши керак, деганидир.

Тинч аҳолининг ҳалок бўлаётгани ва Россиянинг Сурия режимини қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳарбий аралашуви халқаро миқёсда қораланганига қарамай, русларнинг ортга қайтишидан дарак йўқ, деди у.

У Москванинг субутсизлигига ишора қилар экан, аввалроқ ҳудуддаги ҳарбий операциялар якунлангани ва қўшинларнинг амалиётда иштирок этмаслиги ҳақида баёнот берганига қарамай, бунга тескари иш қилаётганини айтиб ўтган.

Бу орада Идлибнинг одамларга лиқ тўла қочқинлар жамлоқларида бўлиб турган сурияликлар ва гуманитар ходимлар касалланганлар сонининг ошиши билан янги коронавируснинг (COVID-19) кучайиб кетишидан хавотирда.

Сентябр ойи охирида Суриянинг Идлиб вилоятига ёғдирилган Россия авиазарбалари яқинда ўз уйларига қайтиб келган ўнлаб оилаларни COVID-19 пандемияси авж олаётган жамлоқларга қайтишга мажбур қилган эди.

«Шимоли-ғарбий ҳудудда ўтган ой ичида тасдиқланган касалланишлар сони олти мартага кўпайган, шунингдек рақамлар қочқинлар жамлоқлари ва аҳоли пунктларида ҳам ортиб бормоқда», деб хабар берган БМТ бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Марк Лоукок ўтган ҳафта.

Сурия шимоли-ғарбидаги шифокорлар шу чоққача расман 5075 та касалланиш, жумладан 42 та ўлим ҳолатини қайд этганлар.

Ўтган ҳафтада олинган хабарга кўра, шулардан 860 таси шифокорлар ичида ва 330 га яқини жамлоқдагилар орасида қайд этилган.

Идлиб соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари доктор Яҳё Неҳмега кўра, фуқаролардан ижтимоий масофа сақлаш сўралган, аммо минтақадаги юзлаб аҳоли пунктларида бу «деярли имконсиз» эканлиги айтилади.

Жамлоқларда саноқли одам ниқоб тақади. Кўпчилик уларни сотиб ололмайди ёки мунтазам алиштириб туришга қодир эмас, антисептик гелларни эса гапирмаса ҳам бўлади.

Кўпчилик учун озиқ-овқат, сув, дори-дармон ва мактаб анжомлари муҳимроқдир.

«Бу одамларнинг бошпанасиз қолгани ва айни дамда бундай ачинарли шароитда яшаётганига режим ва Россия қуролли кучлари айбдор», дейди Неҳме.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 8

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Қачонгача ёш болалар ҳалок бўлади, мусулмонлар қачон тугайди бу лаънати уруш

Жавоб бериш

Карвонcарой Ғарбга ўхшаб ҳамма ишларда Россиянинг қўли бор деб билади. Нега хўжайинларингиз ҳақида гапирмайсиз? 2011, 2015 йилларни эсланг: Россия ҳали Сурияга кирмаганди; Ғарб коалицияси ва уларнинг малайи бўлган ИШИД қариялар ва болаларга қарши жанг қилдилар. Ўшанда қанча тинч фуқаролар ўлдирилганини ҳисоб-китоб қилиб, газетчангизда ёзиб чиқмайсизми? Ким Сурияга беш йилдан ошибдики инсонпарварлик ёрдами кўрсатаётгани ва «бармалейларни» йўқ қилаётганини ёритинг. Шу ҳақда мақолангизни бажонидил ўқиган бўлардик. Ёки бу сизнинг хизмат доирангизга кирмайдими ???

Жавоб бериш

Нега Россияни БМТдан ҳайдаб чиқаришмайди?

Жавоб бериш

Чунки, у бўлмаса БМТнинг ҳам кераги йўқ!

Жавоб бериш

Буларни сизга Оқ дубулғалилар айтдими? Ёки Сэм амакининг разведкасими? Уларга фақат ўзини ҳурмат қилмаганлар ишонади!

Жавоб бериш

Нима учун бу ахмоқ, саводсизлар онлайн муҳокамаларга тиқилади? Оддий фитначилар... Комментларга ким қарайди?

Жавоб бериш

Руслар босқинчи ва жиноятчи

Жавоб бериш

Россиянинг ўлим отрядлари ва Сурия халқининг қотиллари ўз жиноятлари учун жавоб берадилар.

Жавоб бериш