Хусусий қўриқлаш компанияларининг интернетдаги эълонлари орқали иш топган кўплаб суриялик ёшлар қўриқчи бўлиб ишлаш ўрнига, Сурия режимини қўллаб-қувватловчи хорижий кучларга хизмат қилаётганликларини англаб етмоқдалар.
Сўнгги йилларда Сурияда фаолияти президент Башар Асаднинг 2013 йилги 55 рақамли фармони билан тасдиқланган хусусий қўриқлаш компаниялари сони ошмоқда.
Хусусий қўриқлаш компаниялари фаолиятига рухсат берувчи бу фармон қудратли хориж давлатлари – биринчи навбатда Россия ва Эроннинг Сурияда қонуний асосда ўз ҳарбий ҳозирлигини ўрнатишига имкон берган.
Гўёки турли объектларни «қўриқлайдиган» кўплаб хусусий қўриқлаш ширкатлари аслида Сурия режими иттифоқчиларининг буйруқлари асосида жангарилик фаолияти билан шуғулланмоқда.
Маҳаллий кузатувчиларнинг фикрича, бу компанияларнинг сони ва таъсири муттасил ўсиб бормоқда, улар ёшларни «қўриқлаш соҳасида» ишлашга жалб қилиш учун интернет ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда ўзларини фаол реклама қилмоқдалар.
Шубҳали ва чалғитувчи иш эълонлари
Россия ва Эрон суриялик ёшларни хусусий қўриқлаш компанияларига ишга таклиф қилувчи реклама эълонлари орқали жангарилар ёлламоқда, дейди суриялик журналист Муҳаммад ал-Абдулла.
Ушбу компанияларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва веб-сайтларида жойлаштирилган «ёрдам керак» мазмунидаги эълонлари турли хил ижтимоий тармоқ платформаларида қайта-қайта чоп этилади ва тарқатилади, деди у.
Унинг айтишича, бу каби эълонларда, одатда, керакли ҳужжатлар рўйхати билан бирга хизмат вазифалари ҳам санаб ўтилган бўлади, аммо кўпинча бу ширкатларнинг жанговар ҳаракатлар билан боғлиқлиги зикр қилинмайди.
Айрим иш эълонлари мужмал ва чалғитувчи бўлса, бошқаларида мақсад очиқроқ баён қилинади.
Айрим эълонларни Россияга алоқадор жангариларнинг ўзи жойлаштирган, Россия қўлловидаги 5-корпус сафарбарлик кучлари билан шартнома асосида ишлаш ҳақидаги кенг тарқалган 17 март кунги эълон ҳам шулар жумласидан.
22 март куни чоп этилган яна бир эълонда Хомс чўлидаги ал-Сухна туманига ишчилар кераклиги, янги ходимларга мажбурий ҳарбий хизматга бормаганлик сабабли Сурия режими кучларининг таъқибидан ҳимоя қилувчи хавфсизлик карталари берилиши айтиб ўтилган.
«Эрон ўзига алоқадор барча ишларни қўриқлаш компаниялари орқали реклама қилади, жангариликка ёллаш жараёни эса жойларда тўғридан-тўғри олиб борилади», деди ал-Абдулла.
Бу услуб қўриқлаш компаниялари ва сафарбарлик кучлари орқали очиқ реклама жойлайдиган русларникидан фарқ қилади, деди у.
«Россиялик дўстлар» билан ишлаш
Сувайдалик фаоллардан бири Низор Бу Алининг айтишича, суриялик ёшлар учун мўлжалланган иш эълонлари ижтимоий тармоқларда «Дўстларимиз билан шартнома асосида ишлаш» ёки «Россиялик дўстлар билан ишлаш имконияти» каби сарлавҳалар билан жойлаштирилади.
Унинг сўзларига кўра, лавозим номи ва иш шартлари эълон қилинмайди, фақат айрим талаблар – масалан, ёш, саломатлик ҳолати ва керакли ҳужжатларга ишора қилинади, холос.
Улар орасида ҳатто Ливияда катта маош бериладиган «қўриқлаш» ишларига оид айрим эълонлар ҳам бор, деди у.
Бу Алининг айтишича, бир қатор суриялик ёшлар, жумладан унинг қариндошларидан бири ҳам ишсизлик ва молиявий танглик сабаб катта маош ваъда қилинган эълон орқали Ливияда ишга ёлланган.
«Улар реклама берувчи тараф билан боғландилар ва уларга керакли ҳужжатлар билан [Россия назоратидаги] Хмеймим базасига бориш кераклиги айтилди, у ерда тезкор тиббий кўрикдан ўтдилар», деди у.
«Улар уч ойлик янгиланувчи меҳнат шартномаларини имзолашган, уларда нефт объектларини қўриқлаш, сирларни ошкор қилмаслик ва суратга олмаслик кераклиги таъкидланган», дейди у.
Аммо улар Ливияга етиб боришлари билан «вазият ваъда қилинганидан умуман бошқача эканлигини кўришган ва жанговар операцияларда иштирок этишга мажбур бўлишган.»
Ёлланма жангариларга айланган суриялик ёшлар Ливияга бир йилдан ортиқ муддатга юборилганлар, у ерда улар Москва қўлловидаги ливиялик фельдмаршал Халифа Ҳафтар кучларини дастаклаганлар.
Жангарилар учун шартнома
Иш ўринларига оид эълонлар текширилганда «Ислом инқилоби посбонлари корпуси билан уюшган ёки унга алоқадор компанияларни реклама қилишда мазҳабпарастлик атамалари қўлланилиши маълум бўлди», дейди суриялик ҳуқуқшунос Башир ал-Бассам.
Айрим компаниялар «Россиянинг Сурия урушига аралашувини очиқдан-очиқ ёқлайди ва тарғиб қилади, бошқалари эса экстремистик мазҳабпарастлик билан режимни қўллаб-қувватлайди», дейди у.
Ҳуқуқий жиҳатдан бундай амалиёт ушбу компанияларнинг фаолият олиб боришига изн берувчи шартларга зиддир.
Кўпчилик эълонларда ишга жойлашганлар мажбурий ҳарбий хизматдан қочганлик ёки бўйин товлаганлик учун жазодан озод қилиниши айтилади, дейди у.
«Қайси режим мазҳаблараро фитна қўзғайдиган ва жанговар операцияларда иштирок этадиган компанияларга лицензия беради?», дейди ал-Бассам.
Унинг сўзларига кўра, Сурия қонунлари ва умуман халқаро қонунларга зид равишда Россия компанияларига Суриядан ташқарида урушаётган жангариларга меҳнат шартномалари таклиф қилиш имконини бериш энг жиддий муаммо бўлиб қолмоқда.