Карвонсарой
Бизнес

Хўжанддаги «Чайнатаун» лойиҳасининг муваффақиятсизлиги Тожикистонда хитойлик инвесторларга ишончсизликни кучайтирди

Неъматулло Мирсаидов

Суратда: Сирдарё бўйидаги қурилиш майдончаси, Хўжанд, 21 апрел. 2015 йилда бу ерда Хитой шаҳарчасини барпо этиш мақсадида аҳоли уйлари бузилган. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

Суратда: Сирдарё бўйидаги қурилиш майдончаси, Хўжанд, 21 апрел. 2015 йилда бу ерда Хитой шаҳарчасини барпо этиш мақсадида аҳоли уйлари бузилган. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

ХЎЖАНД – Хитой компаниясининг Хўжанддаги муваффақиятсиз қурилиш лойиҳаси cабаб ўнлаб оилалар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлишди.

Аввалига бир йилда янги уйга кўчиб ўтишни режалаштирган 32 оила олти йил давомида ижара уйларда яшаган.

2015 йил бошида Хитойнинг Beijing Construction компанияси шўъба корхонаси – «Ҳусноро-1» Хўжанднинг қоқ марказидан оқиб ўтувчи Сирдарё бўйидаги девелоперлик лойиҳасига кўз тиккан эди.

Ўша йили хитойлик мутахассислар Хўжанд шаҳар ҳокимиятига Сирдарё бўйини жуда қисқа муддатда ободонлаштиришни ваъда қилиб, замонавий уй-жой қурилиши лойиҳасини таклиф қилганлар.

24 апрел куни олинган сурат: Хўжанднинг 18-микрорайонидаги уйларнинг бузилиши ортидан ўз бошпанасидан айрилган 32 оила турар жойга эгалик ҳуқуқини берувчи ордерлар олишган. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

24 апрел куни олинган сурат: Хўжанднинг 18-микрорайонидаги уйларнинг бузилиши ортидан ўз бошпанасидан айрилган 32 оила турар жойга эгалик ҳуқуқини берувчи ордерлар олишган. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

Хитойнинг муваффақиятсиз лойиҳаси туфайли уйи бузилган одамлар 14 апрел куни Хўжанд шаҳар ҳокимлигига келиб, мутасаддилардан ижара ҳақини қоплашни талаб қилмоқда. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

Хитойнинг муваффақиятсиз лойиҳаси туфайли уйи бузилган одамлар 14 апрел куни Хўжанд шаҳар ҳокимлигига келиб, мутасаддилардан ижара ҳақини қоплашни талаб қилмоқда. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

Шаҳар ҳокимияти Хўжандни ривожлантириш бош режаси доирасида Хитойнинг бу лойиҳасига катта қизиқиш билдирган эди.

Маҳаллий аҳоли кейинчалик «Чайнатаун» деб атай бошлаган лойиҳада 1200 хонадонга эга 15 та кўп қаватли уй, савдо маркази, кафе, мактаб, болалар боғчаси, кичик хиёбон ва автотураргоҳ қурилиши режалаштирилган эди.

2015 йилда бошланган қурилиш ишлари беш йилда – 2020 йилга қадар тугалланиши керак эди.

Шаҳар ҳокимлиги ва маҳалла кенгаши соҳил бўйида яшовчи аҳолининг бир қаватли пахса уйлари бузилишини айтган.

Хужанд шаҳар ҳокимлиги кафиллида уй эгалари билан тузилган шартномага биноан хитойлик компания кўчирилган оилаларнинг вақтинчалик уйлари учун ижара ҳақини тўлашга рози бўлган.

Хитойликлар бу оилаларга лойиҳанинг биринчи бўлиб фойдаланишга топшириладиган биноларидан янги уйлар ваъда қилганлар.

«Шаҳар ҳокимияти ҳеч қандай сарф-харажат қилмай, шаҳарнинг туристик ҳудудларидан бири – Сирдарё бўйини ободонлаштириш имконига эга бўлар эди», дейди ўша вақтда шаҳарнинг қурилиш департаментида ишлаган Хўжанднинг собиқ ҳокими Маъруф Муҳаммадзода.

Лойдан қурилган уйлар ҳудуд манзарасини бузиб турар эди, эртами-кечми улар барибир бузиб ташланиши керак эди, деди у.

«Албатта, биз фуқароларнинг ҳуқуқларига риоя қилинади ва улар жабр кўрмайдилар, деб умид қилдик. Инвесторлар билан музокараларда қўлдан келганча уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга уриндик», деб қўшимча қилди у.

Хитойнинг баҳоналари

2015 йил август-сентябр ойларида 32 оиланинг қирққа яқин уйи ҳамда кар-соқовлар жамиятининг маҳаллий идораси бузиб ташланди.

Уйлар бузилиши билан хитойлик мутахассислар ер ости сувлари сатҳининг баландлиги, чуқур темир-бетон қозиқлар ва дренаж тизими ўрнатиш зарурлигини айтиб, лойиҳага ўзгартиришлар киритишни таклиф қилишди.

Улар режадаги кўп қаватли элита тураржойлари ўрнига Бош режа талабларига тўғри келмайдиган ва келишув зид бўлган оддий кўп қаватли уйлар қуришни таклиф қилишган.

Тожикистон томони хитойликлар таклиф қилган ўзгаришлар қабул қилмай, инвестордан лойиҳани тугаллашни кутган.

«Биз хитойликлардан дарё бўйида қураётганликларини чиндан ҳам билмасликларини ва наҳотки бошидан лойиҳа уларга қанча пулга тушишини ҳисобламаганликларини доим сўрар эдик», дейди Муҳаммадзода.

«Улар доим кутилмаган вазиятлар сабабли лойиҳа қимматга тушиб кетаётганини айтар эдилар. Ана шунда Хитой компаниялари ўзлари учунгина манфаатли ишларга кўз тикишини англаб етганман», дейди у.

«Уларга ишонч унчалик муҳим эмас, улар учун асосийси – пул экан.»

«2016 йилда Тожикистонда уй-жой бозоридаги нархлар 40 фоизга тушиб кетгани ҳаммага аён. Хитойликлар лойиҳани шу сабаб ҳам ўзгартиришни истаган бўлиши мумкин», дейди у.

«Ана шунда биз ишончсиз ҳамкор билан ишлаб бўлмаслигини тушуниб етдик», деб қўшимча қилди у.

Умидлар пучга чиқди

2016 йилга келиб, Хитой компанияси ер ости сувлари сабаб лойиҳани тўхтатгани ҳақида миш-мишлар тарқала бошлади.

Икки йил аввал, 2018 йилда тожик расмийлари хитойлик инвесторлар ҳудуднинг сувга яқинлигини баҳона қилиб, лойиҳадан воз кечишганини тан олдилар. Уй-жойидан айрилган маҳаллий аҳоли эса аросатда қолиб кетган.

Улардан бири – Абдураҳим ва унинг саккиз кишилик оиласи Сирдарё бўйидаги олти хонали, кичик боғ ва бир нечта хўжалик иморатига эга 6 сотихли ҳовлида яшаб келган.

Ҳовлидаги узум ишкоми ҳам ёзнинг иссиғидан ҳимоя қилар, ҳам оила учун барқарор даромад манбаи эди.

«Тожиклар учун азиз ҳисобланган ота ҳовлидан воз кечишга мажбур бўлдик. Розилик бердик, шартнома имзоладик», дейди у.

«Ижарада яшашга хонадон топишимиз билан уйларимизни бузиб ташлашди. Орада кўп ўтмай, ҳафсаламиз пир бўлади, деб ўйламагандик», дейди Абдураҳим.

«Кўпчилик «хитойлар бизни чув тушириб кетишган» дейди... Хаёлимдан нималар ўтмади, дейсиз. Уйсиз, бошпанасиз қолиб кетамиз, деб қўрқдим.»

Анвар ҳам ота-онасидан мерос уйдан маҳрум бўлганлардан бири.

«Албатта, аввалги уйимни кўп қаватли бинодаги хонадон билан солиштириб бўлмайди. Ўзимнинг уйим, томорқам ва серҳосил боғим бор эди», дейди у.

«Ҳаммасини йўқотдим. Олти йил ижарада яшаб, узумлар ва гулларни парваришлашни ҳам унутаёздим», дейди Анвар.

«Менга завқ берувчи, мен кўникиб қолган ҳаётни хитойликлар тортиб олишди.»

«Вакилларимиз деярли ҳар куни ҳокимиятга қатнадилар», дейди Панжшанба бозоридаги кичик тадбиркор Анвар. «Ахийри, ҳокимият хитойликлар келишувни бир тарафлама тўхтатганини тан олди. Бизга бошқа инвестор топишга ва ҳамма ўз вақтида уйлик бўлишига ваъда беришди.»

«Шу билан Хитой компанияси вакиллари ҳам йўқолиб кетишди. Ҳокимият хитойликлардан яна бир йиллик ижара пулини ундиришга муваффақ бўлди, аммо кўнгилдаги ғашлик кетмади», дея қўшимча қилди Анвар.

[Ушбу мақоланинг жума (21-май) куни чоп этиладиган 2-қисмида хитойлик қурувчилар Тожикистонда қила олмаган нарсани тожикистонлик қурилиш компаниялари уддалагани ҳақида сўз юритилади.]

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Лойиҳанинг тўхтатилиши сабабларини ўрганиб, кейин хулоса чиқарилса яхши бўлар эди!

Жавоб бериш