Карвонсарой
Иқтисодиёт

2020 йилга назар: Россия ва Хитой Марказий Осиёнинг содиқ дўстлари эмаслиги аён бўлди

Канат Алтибаев

image

Бишкекда 4 октябр кунги парламент сайловларидан кейин намойишчилар бостириб кирган Қирғизистон парламенти биносининг (Оқ Уй номи билан танилган) панжаралари олиб ташланмоқда. [Вячеслав Оселедко / AFP]

БИШКЕК – Ўтган йилги кутилмаган пандемия Марказий Осиёнинг аввалдан иқтисодий заиф мамлакатлари учун ижтимоий-иқтисодий фалокатга айланди.

Минтақадаги энг оғир дамлардан бўлган бундай вазиятда ёрдам бериш ўрнига, қўшни Россия ва Хитой, айниқса Қирғизистондаги вазиятни янада оғирлаштирди, дейди кузатувчилар.

2019 йилнинг охирида Хитойнинг Ухан шаҳридан чиққан ҳалокатли COVID-19 вируси бошқа мамлакатлар каби Марказий Осиё республикаларини ҳам қатъий карантин чораларини қўллашга, давлат муассасалари ва зарурий хизматлар кўрсатаётган кўплаб корхоналарни ёпишга мажбур қилди.

Чекловлар шусиз ҳам оғир аҳволдаги иқтисодиётни вайрон қилди. Оқибатда, сайёҳлик агентликлари, ресторанлар, кинотеатрлар каби муассасалар банкрот бўлди, ишсизлик авж олди, минглаб кишилар тирикчилик имкониятидан маҳрум бўлдилар.

image

Бишкекдаги мозор, 2020 йил, 13 июл. COVID-19 коронавирус пандемиясидан кейин қабрлар сони кескин кўпайган. [Максат Осмоналиев / Карвонсарой]

image

Ибраималиев номидаги мактабга кириш олдидан биринчи синф ўқувчиларининг тана ҳарорати текширилмоқда, 1 сентябр, Курпулдок қишлоғи, Панфилов тумани, Чуй вилояти, Қирғизистон. [Максат Осмоналиев / Карвонсарой]

Марказий Осиёдаги пандемия айниқса кичик бизнес эгалари, (фаррошлар, сартарошлар каби) норасмий ишчилар ва аёлларни қийин аҳволда қолдирди, деган эди Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) тараққиёт дастури мутахассиси Михаил Пелиа декабр ойида.

БМТга кўра, 2020 йилда Марказий Осиёдаги экспорт ҳажми 24 фоизга пасайган.

Марказий Осиёнинг иқтисодий двигатели бўлган Қозоғистон нефтнинг арзонлашувидан зарар кўрган бўлса, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон каби бошқа давлатларда Россиядаги мигрантлардан келиб тушадиган пул ўтказмалари миқдори камайган.

Мигрантлар ўз уйларига юборадиган оз миқдордаги пул ўтказмалари Қирғизистон ва Тожикистон ЯИМнинг учдан бирини ташкил этади. БМТга кўра, бу давлатлар хориждан келадиган пул жўнатмаларига қарам бўлган дунёдаги беш мамлакат сирасига киради.

Пандемиядан энг кўп зарар кўрган мамлакатлардан бири – Қирғизистоннинг ялпи ички маҳсулоти 2020 йилнинг биринчи ярмида 5 фоиздан кўпроққа камайган, деб хабар беради 24.kg нашри.

Жуда зарур бўлган ташқи моддий ёрдам

Тарихдаги оғир ва мисли кўрилмаган бу паллада Марказий Осиёга моддий ёрдам жуда зарур эди. Айниқса, минтақа билан иқтисодий боғланган қўшни Россия ва Хитойдан ёрдам келиши кутилган эди.

Аммо, кўп йиллардан бери Марказий Осиё мамлакатлари билан мустаҳкам дўстона муносабатлар, биродарлик алоқалари ва ўзаро қувватловни таъкидлаб келган Москва ва Пекиннинг сиёсий қарорлари фавқулодда вазиятда ёрдамдан кўра кўпроқ зарар келтиргани тасдиқланди.

Баҳорда Россиядан меҳнат мигрантларининг ёппасига қайтиб келиши Қирғизистонда ишсизликни кучайтирди. Пандемия сабабли жорий қилинган карантин чоралари ортидан ишсиз қолган минглаб меҳнаткашлар Россияда қола олмадилар. Россия авиакомпанияларининг рейсларни бекор қилиши ва чипта пулларини қайтаришдан бош тортиши оқибатида уларнинг кўпчилиги пулсиз қолган.

Қирғизларнинг меҳнат миграциясига боғлиқлиги Москва учун Қирғизистонга босим ўтказиш воситаси бўлиб хизмат қилади, дейди бишкеклик иқтисодчи Элмира Суранчиева.

«[Россия президенти Владимир] Путин Қирғизистон Россиядан келиб тушадиган пул ўтказмаларига қанчалик қарамлигини билади», деди у. «У қирғиз мигрантлари учун меҳнат шароитларини оғирлаштириш билан босим ўтказиши мумкин», деб қўшимча қилди у.

«Ўтган йил март ойида юзага келган вазият мамлакатимиз учун бундай чоралар қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигига мисол бўла олади.»

Шафқатсиз Хитой

Хитой режими ҳам Қирғизистоннинг мусибатига ўз ҳиссасини қўшди.

COVID-19 билан боғлиқ касалланиш ва ўлим ҳолатларининг кўпайиши, қашшоқликнинг кучайиши фонида ички ижтимоий-иқтисодий муаммоларига эътибор қаратиш билан бир қаторда, Бишкек олдида ташқи қарзларини тўлаш масъулияти ҳам бор эди.

Қирғизистон молия вазирлигига кўра, ўтган йилнинг июн ойи ҳолатига Қирғизистоннинг ташқи қарзи 4,1 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган, шундан 1,8 миллиард АҚШ доллари Хитойнинг Экспорт-импорт банки олдидаги қарздир.

Хитой Қирғизистоннинг энг йирик кредитори ҳисобланади. 2020 йилда Бишкек бир неча маротаба Пекиндан «Қирғизистоннинг Хитой олдидаги ташқи қарзи бўйича тўловларни енгиллаштириш ва тўлов муддатини узайтиришни» сўраган.

Пекин бу илтимосни рад этган.

Кузатувчиларга кўра, Пекиннинг муросасизлиги Хитой учун манфаатли инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун қирғизларга босим ўтказиш имконини беради.

Рад жавобининг асосий сабаби Пекиннинг «Қирғизистондаги лойиҳалари, жумладан Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли ва Чуй вилоятидаги «Искра Азии» (Осиё учқуни) саноат парки лойиҳаларининг кечикаётгани туфайли ҳаддан ташқари норози бўлаётгани билан боғлиқ», деди Бишкекдаги Ички сиёсий жараёнлар маркази ходими Кусагалиев.

Сиёсий ғалаёнлар

Тўполонлардан ташқари, Қирғизистонда ўтган йилги ғалаёнлар чоғида президент ўзгарди – бу 2005 йилдан бери учинчи марта президентнинг ҳокимиятдан четлатилиши бўлди.

4 октябр кунги парламент сайловларининг сохталаштирилганига қарши норозилик билдирган намойишчилар ҳукуматнинг асосий биносини эгаллаб олишган.

Намойишчилар Кремлнинг ғазабини келтириб, россияпараст сиёсий партияларнинг парламентга сайланганини шубҳа остига олдилар, оқибатда мамлакат Марказий сайлов комиссияси эса сайлов натижаларини бекор қилди.

Бу воқеадан бир неча кун ўтиб, президент Сооронбай Жеенбеков истеъфога чиқди, собиқ депутат Садир Жапаров эса ноябр ойининг ўрталаригача муваққат бош вазир ва президент вазифасини эгаллади. У январ ойида ғолиб бўлган сайловда президентликка номзод бўлиш учун бу икки лавозимдан воз кечган эди.

Сайловдаги ғалаба октябр ойидаги ғалаёнлар пайтида намойишчилар қамоқдан озод қилган Жапаров учун мислсиз қайтиш кульминацияси бўлди. У одам ўғирлашда айблангани учун 2017 йилдан бери қамоқ жазосини ўтаётган эди.

Ўтган йил кузда юзага келган сиёсий нотинчлик вақтида Кремл Бишкекка яна босим ўтказган ва Қирғизистондаги «сиёсий вазият барқарорлашмагунича» икки мамлакат ўртасида келишилган молиявий кўмакни беришдан бош тортган эди.

Москванинг Қирғизистонга оғир пайтда ёрдам беришдан бош тортиши – синалган усул, дейди Бишкеклик журналист Мусурқул Қобилбеков.

«Бу Кремлга Қирғизистондаги таъсирини мустаҳкамлашга ҳамда солиқ ва божхона каби иқтисодиётнинг стратегик соҳалари устидан назоратни кучайтиришга имкон беради», деди у.

Москванинг босими, афтидан, кичик стратегик ғалабани таъминлади.

Октябр ойи охирида Қирғизистон ТИВ Бишкек мамлакат шимолидаги «Қант» авиабазасини кенгайтириш масаласини кўриб чиқишга тайёрлигини айтган.

Йиллар давомида Қант авиабазаси Қирғизистонда сиёсий баҳслар мавзуси бўлиб келган, зеро кўплаб қирғизистонликлар Россия ҳарбийларининг мамлакатдаги давомли ҳозирлигини миллий суверенитетга таҳдид деб биладилар.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 5

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Турон – бош мақсадимиздир.

Жавоб бериш

Россиядан қанча узоқ бўлинса, шунча яхши.

Жавоб бериш

Сиз нима хоҳлагандингиз? Ҳар йили давлат тўнтаришлари, бошқарув шаклларини ўзгартириш, йўқсилликда яшаш? Сизга ёрдам берадиганларнинг қўлига тупурасизми? Туркий халқлар ва Туркия ўртасида яна қанақа иттифоқ? Ҳа, бу – минтақанинг энг бой давлати. Ёки сиз Англия, АҚШ ва Германияни ҳам туркий давлатлар қаторига қўшиб қўйдингизми? Ўзингиз қачон меҳнат қилишни бошлайсиз? Меҳнат мигрантлари ҳисобига яшайверасизми? Хитойдан қарзларни олиб ташлагансиз, фоизларни эса Россия тўлаши керак... Кубага назар солинг – СССР уни ёлғиз қолдирди, лекин Куба қийинчиликка дош бериб, энди бошқаларга ҳам ёрдам бермоқда. Сизлар эса сариқ чақа сўраб тиланяпсиз. Мамлакатингизда ҳамма нарса бор: табиий бойликлар, ажойиб табиат ва улуғвор, меҳнатсевар одамлар. Ҳокимият...

Жавоб бериш

Туркий давлатлар иттифоқи тарафдоримиз.

Жавоб бериш

Россияга ишонч йўқ.

Жавоб бериш