Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Қозоғистонликлар Хитойдаги мусулмонлар «геноцидига» қарши норозилик намойишини давом эттирмоқда

Канат Алтинбаев

9 март куни Олмаотадаги Хитой консуллиги олдида эрининг Хитойда ҳибсга олинганига норозилик билдираётган 48 ёшли Гулнур Косдаулет (чапдан иккинчи). Феврал ойидан бери бир гуруҳ намойишчилар ўз қариндошларининг хавфсиз йўл билан ватанига қайтарилишини талаб қилиб, ҳар куни консуллик биноси олдида пикет уюштирмоқдалар. Уларнинг қариндошлари Хитойнинг Шинжон минтақасидаги мусулмонларга қарши тазйиқлари доирасида бедарак йўқолган, қўлга олинган ёки қамоққа ташланган. [Абдуазиз Мадёров/AFP]

9 март куни Олмаотадаги Хитой консуллиги олдида эрининг Хитойда ҳибсга олинганига норозилик билдираётган 48 ёшли Гулнур Косдаулет (чапдан иккинчи). Феврал ойидан бери бир гуруҳ намойишчилар ўз қариндошларининг хавфсиз йўл билан ватанига қайтарилишини талаб қилиб, ҳар куни консуллик биноси олдида пикет уюштирмоқдалар. Уларнинг қариндошлари Хитойнинг Шинжон минтақасидаги мусулмонларга қарши тазйиқлари доирасида бедарак йўқолган, қўлга олинган ёки қамоққа ташланган. [Абдуазиз Мадёров/AFP]

ОЛМАТА – Уч ойдан ошибдики, қозоғистонликлар Олмаотадаги Хитой консуллиги олдида ҳар куни намойиш ўтказиб, Пекиндан Шинжондаги мусулмонларга қарши тазйиқлар доирасида ҳибсга олинган қариндошлари ва дўстларининг озод этилишини талаб қилмоқдалар.

Пекиннинг «сиёсий қайта тарбиялаш» лагерлари, тергов ҳибсхоналари ва қамоқхоналарни ўз ичига олган 400 га яқин муассасаларида бир миллиондан ортиқ уйғур ва бошқа туркий мусулмонлар, жумладан этник қозоқлар сақланмоқда.

Уйғур инсон ҳуқуқлари лойиҳасига кўра, 2014 йилдан бери «диний таълим ва жамоатчилик фаолияти билан шуғулланиш» айблови билан Хитойда 1000 дан ортиқ имом ва бошқа диний арбоблар ҳибсга олинган.

Яна миллионлаб одамлар қаттиқ кузатув ва назорат тизими остида яшамоқда.

Хитой шимоли-ғарбидаги Шинжон вилояти, Қашғардан шимолда жойлашган Артуш шаҳридаги касб-ҳунар таълими маркази, 2 июн, 2019 йил. Бу муаассаса асосан мусулмонлардан иборат этник озчиликлар сақланадиган «қайта тарбиялаш» лагери деб ишонилади. [Грег Бейкер/AFP]

Хитой шимоли-ғарбидаги Шинжон вилояти, Қашғардан шимолда жойлашган Артуш шаҳридаги касб-ҳунар таълими маркази, 2 июн, 2019 йил. Бу муаассаса асосан мусулмонлардан иборат этник озчиликлар сақланадиган «қайта тарбиялаш» лагери деб ишонилади. [Грег Бейкер/AFP]

Аввалига Шинжонда лагерлар мавжудлигини инкор этган Пекин кейинроқ уларни террорчиликка барҳам бериш ва бандликни яхшилашга қаратилган «касб-ҳунар таълими марказлари» дея оқлашга уринди.

Бироқ, мустақил терговлар, собиқ маҳбуслар ҳамда қўриқчилар билан ўтказилган суҳбатларда жисмоний ва руҳий қийноқлар, онгни заҳарлаш, мунтазам зўрлашлар, жинсий таҳқирлаш ва бошқа даҳшатли амалиётлар тилга олинган.

Хитой режими, шунингдек, туғиш квотасидан ошиб кетган кўплаб муслима аёлларни стерилизация қилиб, уларнинг ҳомиладорлигини тўхтатишга мажбурлаган.

Фаолларни нишонга олиш

18 май куни Олмаотада давом этаётган намойишларга 100 кун бўлди, деб хабар қилган Озодлик/Озод Европа радиосининг қозоқ хизмати.

Митинг иштирокчилари қариндошларининг фотосуратлари ва «100 кун» сўзлари ёзилган плакатларни ушлаб туришган.

Намойишчилардан бири Ҳақиқат Каллиоланинг Озодликка айтишича, Хитой ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг отасини ўлдириб, онаси ва икки укасини ҳибсга олган.

У хитойликлар оиласини озод қилмагунича норозилик намойишларини тўхтатмаслигини айтган.

Каллиола – Хитойдаги қариндошлари тақдиридан хавотирда бўлган кўплаб этник қозоқлардан бири.

«Ота-онангиз, ака-укаларингиз, опа-сингилларингиз қандай аҳволда эканлиги, улар тирикми, саломатми, уларга ёрдам бериш учун нима қилиш кераклигини билмаслик – даҳшат бўлса керак», дейди Хитой консуллиги олдидаги озиқ-овқат дўкони сотувчиси Ирина.

«Қозоғистонликларнинг қариндош-уруғларидан хавотир олаётгани бежиз эмас, чунки «қайта тарбиялаш» лагерлари аслида деразалари цементланган ва баландлиги 8 метрли деворлар билан ўралган, қуролланган қўриқчилар ва ҳар бир маҳбуснинг қиёфасини биладиган ақлли камералар билан жиҳозланган фашистлар концлагерларидир», дейди АҚШда истиқомат қилувчи ҳуқуқ фаоли, Пекин танқидчиларидан бири Серикжан Билаш.

«Бу лагерлар деворлари ортида миллатдошларимиз қийноққа солинмоқда», деди у.

Аввалроқ, 21 январ куни Хитойдан қочиб келган икки этник қозоқ фаоли Кайша Акан ва Мурагер Алимули ҳужумга учраган эдилар. Уларнинг иккови ҳам омон қолган.

Бу фаоллар Хитойнинг Шинжонида этник озчиликлар ҳуқуқларининг поймол қилинаётганини ёритиб танилган эдилар.

«Хитой ҳукуматининг панжалари узун», дейди Билаш.

«Ҳеч шубҳа йўқки, улар Қизил империянинг (Хитойнинг) миллатдошларимизни (этник қозоқларни) сиқувга олаётганини ошкор қилаётганликлари учун ҳужумга учраганлар», деди у Акан ва Алимули ҳақида гапирар экан. «Бундай зўравонликдан мақсад, бошқа фаолларни қўрқитиш ва овозини ўчиришга уринишдир».

Пекиннинг таҳдидлари

Хитой консуллиги намойишчилар сонининг кўпайиб бораётганини эътиборсиз қолдириб, уларнинг олдига дипломат юбормаган. Айрим ҳолларда ҳатто таҳдид билан жавоб берган.

Олмаоталик 40 ёшли Байболат Кунболат ўтган йили Хитой консуллиги ёнида мунтазам равишда якка пикет уюштириб, укаси Баймурат Науризбекулини озод этишни талаб қилган эди. Хитой ҳукумати 2018 йилда уни ижтимоий тармоқда «этник нафрат қўзғатувчи» пост ёзишда айблаб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилган.

Кунболат Хитой элчихонаси олдида митинг ўтказиш учун пойтахт Нур-Султонга ҳам борган.

2011 йилда Науризбекули Қозоғистонга кўчиб келди ва у ерда доимий рўйхатдан ўтди. Аммо орадан икки йил ўтиб, у бетоб ота-онасига қараш учун Хитойга қайтиб боришга мажбур бўлган.

Кунболатнинг сўзларига кўра, укаси Пекиннинг Шинжондаги озчилик мусулмонларга қарши зулмининг бегуноҳ қурбонларидан бири бўлган.

«Хитой элчихонаси ходими менга пикет қилишни тўхтатмасам ва укамнинг озодлигини талаб қилаверсам, Хитойдаги қариндошим ва унинг оиласида муаммолар пайдо бўлишини айтиб таҳдид қилди», деди норозилик намойишларини давом эттирган Кунболат.

Хитойнинг Шинжондаги «геноциди»

Қўшма Штатлар, Британия ва Германия расмийлари 12 май кунги видеомажлис чоғида Хитойни уйғур озчилигига нисбатан тазйиқни тўхтатишга чақирди. Бу баёнот Пекинни ғазабга солган.

«Шинжонда одамлар қийноққа солинмоқда. Аёллар мажбуран стерилизация қилиняпти», деб айтган БМТдаги АҚШ элчиси Линда Томас-Гринфилд «Human Rights Watch» билан ҳамкорликда ўтказилган ва уйғурларнинг кўрсатмалари тақдим этилган анжуман чоғида.

«Хитой ҳукумати Шинжонда инсониятга қарши жиноятларини, уйғурлар ва бошқа озчиликлар қатлиомини тўхтатмагунича, биз ҳам тўхтамаймиз ва жим турмаймиз», деб айтган у.

Британия элчиси Барбара Вудвард Хитойни БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарига Шинжонга «зудлик билан, тўсиқсиз кириш ҳуқуқини беришга» чақирган.

«Оммавий тус олган асоссиз ҳибслар, ғойиб бўлиш ва қийноқлар юз бераётгани ҳақида далиллар бор», дейди у. «Шунингдек, кенг кўламли мажбурий меҳнат ва стерилизация ҳолатлари ҳақида ҳам хабарлар олинган.»

«Биз Хитойни умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларациясини ҳурмат қилишга чақириб, лагерларни йўқотишини талаб қиламиз», деб айтган Германия элчиси Кристоф Хойсген.

«Яширадиган ҳеч нарса йўқ экан, унда нима учун инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарга тўсиқсиз кириш ҳуқуқи берилмайди?», деб Хитойни сўроққа тутган у.

«Шинжондаги жорий вазият тарихдаги энг яхшисидир», деб таъкидлаган Хитой делегацияси ўз баёнотида.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500