Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Пекин мусулмон озчиликларнинг ўзлигини йўқотишга қаратилган хитойлаштириш сиёсатини олиб бормоқда

Карвонсарой ва AFP

image

22 апрел куни Лондондаги намойиш чоғида Буюк Британия парламентини Хитойнинг мусулмонларга нисбатан тазйиқларини геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар деб тан олишга чақирувчи плакат ушлаб турган уйғур диаспораси вакили. [Жастин Таллис/AFP]

Нью-Йорк – Пекин ўз назоратидаги аҳоли орасида «хитойлаштириш» сиёсати қамровини кенгайтириб, этник озчиликларнинг барча маданий ва диний ўзига хосликлари ҳамда демократик эркинликларнинг йўқ қилишга уринмоқда.

Хитой режими Шинжон минтақасидаги мусулмонларга нисбатан репрессив муносабати билан «инсониятга қарши жиноятлар» содир этмоқда, дейилади Human Rights Watch (HRW) ташкилотининг шу ҳафта бошида эълон қилинган батафсил ҳисоботида.

Ҳисоботда айтилишича, Пекиннинг уйғурлар ва бошқа мусулмон озчиликларга нисбатан қаттиққўл сиёсати тахминан 20 йил олдинроқ бошланган, аммо 2013 йилдан бери, президент Си Цзинпин даврида янада кучайган.

Миллатчилик ва исламофобия Си ҳукуматининг этник озчиликларни «хитойлаштириш» сиёсатини кучайтиришига олиб келмоқда, дейилади HRW ва Стенфорд ҳуқуқ мактабининг Инсон ҳуқуқлари ва можароларни ҳал қилиш клиникаси томонидан душанба (19 апрел) куни эълон қилинган ҳисоботда.

image

Хитойнинг шимоли-ғарбий Шинжон вилоятидаги Қашғардан шимолда, асосан мусулмонлардан бўлган этник озчиликлар сақланадиган «қайта тарбиялаш» лагери деб ҳисобланувчи Artux City касб-ҳунар таълими маркази. [Грег Бейкер/AFP]

«Хитой ҳукумати туркий мусулмон аҳолига нисбатан инсониятга қарши жиноятлар содир этган ва этмоқда», дейилади ҳисоботда.

Пекин «сиёсий таълим» лагерлари, тергов изоляторлари ва қамоқхоналарни ўз ичига олган 400 га яқин муассасада бир миллиондан ортиқ уйғур ва бошқа туркий мусулмонларни ҳибсда сақламоқда.

Яна миллионлаб одамлар қаттиқ кузатув ва назорат тизими остида яшамоқдалар.

Ҳисоботга кўра, «Хитой ҳукуматининг лагерларни яратишдан асл мақсади – уйғурлар, қозоқлар, қирғизлар ва Шинжондаги бошқа гуруҳлар дохил туркий мусулмонлар маданияти ва динини йўқ қилиш».

Шинжон – аҳолисининг аксари мусулмонлардан иборат Хитойдаги ягона ҳудуд бўлиб, Хитой ҳукумати бу минтақадаги масжидлар ва бошқа диний объектларнинг учдан икки қисмини турли баҳоналар билан вайрон қилиш ёки йўқотишга уринган, дейилади ҳисоботда.

Пекиннинг сиёсати 1998 йилги Халқаро жиноий суднинг Рим низомига хилоф, унда тинч аҳолига нисбатан кенг миқёсдаги ёки мунтазам ҳужумлар жиноят ҳисобланади, дейилади HRW ҳисоботида.

Ҳужжатда Хитой ҳукумати мусулмонларни ноқонуний ҳибсга олиш, қийноқлар ва қотилликлар, уларга нисбатан мажбурий меҳнат ва жинсий зўравонлик сиёсатини юритишда айбланган.

Пекинча талқин

Аввалига Шинжонда лагерлар мавжудлигини инкор этган Пекин кейинроқ уларни террорчиликка барҳам бериш ва бандликни яхшилашга қаратилган «касб-ҳунар таълими марказлари» дея оқлашга уринди.

Аммо, мустақил терговлар ва собиқ маҳбуслар, қўриқчилардан олинган интервьюларда мунтазам зўрлашлар, қийноқлар, жинсий тегажоқлик ва бошқа даҳшатли амалиётлар тилга олинган.

Хитой режими туғилиш квотасидан ошиб кетмаслик учун кўплаб уйғур аёлларини мажбуран стерилизация қилган ва аборт қилдириш учун босим ўтказган, дейилади мустақил тадқиқотларнинг бирида.

Аммо, Пекин сўнгги бир неча йил давомида Шинжонда кескин пасайиб кетган туғилиш даражасини террорчиликка қарши кураш муваффақияти ўлароқ баҳолаган.

«Шинжондаги уйғур аёллари ҳурфикрликка эришдилар, гендер тенглиги ва репродуктив саломатлик тарғиботи туфайли улар «бола ишлаб чиқарадиган машина» мақомидан халос бўлдилар», деб ёзган 7 январ куни Хитойнинг АҚШдаги элчихонаси ўз твиттерида Шинжондаги тадқиқот марказининг чоп этилмаган ҳисоботидан иқтибос келтириб.

Мамлакатнинг Шинжондаги этник озчиликка нисбатан муносабати у ердаги инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тараққиётнинг «ёрқин намунасидир» деган эди Хитой ташқи ишлар вазири Ванг Йи феврал ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотида (БМТ) бўлиб ўтган йиғинда.

Хитой ҳукумати Шинжон вилоятидаги уйғур мусулмонларига нисбатан муносабат танқидига қарши кураш мақсадида ташвиқотнинг янги тўлқинини бошлаб юборган.

Сўнгги саъй-ҳаракатлар қаторида «Қўшиқлар қанотлари» номли ҳукумат буюртмаси билан ишланган янги мюзикл Хитой кинотеатрларида намойиш этилмоқда, унда Шинжондаги этник бирдамликнинг ранг-баранг осойишталиги акс эттирилган бўлиб, бу ҳудуд «қайта таълим» лагерлари, оммавий кузатув тизимлари ва ҳатто исломдан холи қилиб кўрсатилган.

«Пекин «касб-ҳунар ўргатиш» ва «дерадикализация» ишлари олиб бораётганини даъво қилса-да, бу риторика инсониятга қарши жиноятлар воқелигини яшира олмайди», дейди HRW ташкилотининг Хитой бўйича раҳбари Софи Ричардсон.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россиянинг ўзида ҳам бундан баттарроқ руслаштириш жараёни олиб борилмоқда.. Биз эса рус эмасмиз.

Жавоб бериш