Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Шинжондаги ҳибслар юзасидан ўтказилаётган ҳар кунлик намойишлар Олмаотадаги Хитой консулхонасини ларзага келтирмоқда

Карвонсарой ва AFP

image

8 март куни Олмаотадаги Хитой консуллиги олдида эрининг Хитойда ҳибсга олинганига норозилик билдираётган 48 ёшли Гулнур Косдаулет (чапдан иккинчи). [Абдуазиз Мадёров/AFP]

ОЛМАОТА – Хитойдаги турмуш ўртоғининг ҳибсга олинишига қарши норозилик билдираётган Гулнур Қосдаулетнинг ҳар кунги саёҳатини Қозоғистоннинг баланд тоғларига уланиб кетган улкан даштидаги камтаргина фермасидан таксига ўтирган ҳолда бошлайди.

У бир ярим соат ичида Пекиннинг Олмаотадаги консулхонасига етиб келади – бу ерда бир ойдан ошибдики, полициянинг таҳдидларига қарамай, кичик пикет давом этяпти.

Аксари аёллардан иборат намойишчиларнинг талаби оддий: Хитойнинг Шинжон минтақасидаги озчиликларга қарши тазйиқи туфайли бедарак йўқолган, қамоққа олинган ёки ҳибсда қолган қариндошларининг эсон-омон уйларига қайтариш.

AFP билан суҳбатлашган 48 яшар Қосдаулетнинг айтишича, агар Хитой фуқароси бўлган эри 2017 йилда Шинжондаги дафн маросимидан эсон-омон қайтиб келганида, «уйида тинчгина ўтириб, ҳеч қачон сиёсат ҳақида ўйламаган бўларди».

image

Шинжондаги мусулмонларни ҳибсда сақлаш учун яқинда Пекин томонидан барпо этилган 100 дан ортиқ янги иншоотлардан айримлари шундай кўринишга эга. [Buzzfeed]

Унинг сўзларига кўра, шунчаки телефонига WhatsApp иловасини ўрнатгани учун ҳибсга олинган эри ҳибсхона ва «таълим муассасаларида» бўлиб чиқиб, озод қилинган бўлса-да, паспорти олиб қўйилган ва энди Хитойни тарк эта олмаслиги мумкин.

«Қозоғистон ва Хитой дўстона муносабатларда. Биз икки ҳукумат ўзаро келишиб, яқинларимизни қайтариб беришига умид қилаётганимиз учун ушбу норозилик намойишларини ўтказяпмиз», деди у.

Сўнгги йилларда аксар аҳолиси мусулмонлардан иборат Шинжон Хитойнинг «қайта тарбиялаш» лагерлари туфайли бутун дунёга танилди.

Ўнлаб халқаро таҳлилчиларга кўра, Хитойнинг у ердаги сиёсати Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Геноцид тўғрисидаги конвенциясида тақиқланган «ҳар бир ҳаракатга» хилофдир, дейилади шу ой Newlines Institute таҳлил маркази чиқарган ҳисоботда.

Америка Қўшма Штатлари Хитойни қатлиомда айблади, Голландия ва Канада парламентлари эса ҳар иккала ҳукуматнинг ҳам шундай резолюция қабул қилиши учун овоз берди.

Хитой ҳукумати, бир миллионга яқин уйғур, қозоқ ва бошқа туркийзабон озчиликлар вакилларини қамоқхонага ўхшаш мафкуравий тарбия, қийноқлар ва мажбурий меҳнатга гирифтор қилди, бу муассасалардаги аёллар эса ўзлари учун ўта жиддий хавф – мунтазам равишда зўрланиш ва мажбурий стерилизацияга дуч келмоқдалар.

Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия ва Канада душанба (22 март) куни уйғурларга нисбатан зулми учун Хитой расмийларига қарши санкциялар жорий қилди.

«Биргаликдаги чоралар халқаро ҳамжамият Хитойнинг Шинжондаги инсон ҳуқуқларини поймол қилаётганини қоралашда ва Пекиннинг минтақадаги камситувчи ва репрессив сиёсатига чек қўйиши зарурлиги масаласида бирдам эканлигинидан далолат беради», дейилади Буюк Британия ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Ҳибслар

Қозоғистонликлар Хитойда қамалиб қолган минглаб қариндошларининг тақдиридан хавотирда..

Ҳар куни эрталаб Хитой консуллиги олдида намойишлар бошланган заҳоти полиция карнайи ҳам ишга тушади.

Қайта-қайта такрорланадиган огоҳлантириш орқали намойишчиларнинг бу иши ноқонуний экани ва улар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги айтилади.

«Улар овозимизни ўчиришмоқчи», дейди 40 яшар Байболат Кунболат. Унинг укаси 2018 йилда Шинжонда сохта экстремизм айбловлари билан қамоққа олинган.

Ўтган ой Кунболат консулликдаги пикетлар сабабли ҳибсга олинган иккинчи одам бўлди. У 12 суткалик муҳлатни ўтаб, яна намойишлар сафига қўшилган.

Қосдаулетнинг ёнида «эркинлик», деб бақираётган, қўлида иккита сурат ушлаб аёллардан бири йиғлаб юборди.

«Мен турмуш ўртоғим Жарқинбекни излаяпман», деди Турсунқул Нуракай исмли бу аёл. «У тўрт йил аввал бедарак йўқолган». Суратлардан бирини кўрсатиб, «бу эса жияним Кенжабек. Унга 10 йиллик қамоқ жазоси берилган», деб айтди.

Кўпчилик намойишчилар Хитой фуқароси бўлган, айрим ҳолларда Қозоғистонда яшаш ҳуқуқига эга қариндошлари борасида ҳукуматни Пекин билан мулоқот чиқишга чақирганлар.

Аммо улар энди ягона умидлари пикетлардан эканлигини айтмоқдалар.

«Уни кўрсам бўлди»

2018 йил охирида Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги «хайрли ишора» сифатида 2000га яқин этник қозоқнинг Қозоғистонга киришига рухсат берган.

Аммо ўшандан бери, уларнинг бошқа қариндошлари – айрим ҳолларда Хитой қайта тарбиялаш марказлари деб атайдиган қатъий тартибли муассасалардан қўйиб юборилганидан кейин қамоқ жазосига ҳукм қилингани ҳақидаги хабарлар кўпайган.

Ўтган йили Шинжонда қўлган олинганлар учун қамоқхона ёки лагерларга ўхшаш иншоотлар аниқланган, уларнинг кўпчилиги охирги уч йил ичида қурилган.

Хитой режими бу иншоотларни «касб-ҳунар таълими марказлари» деб иддао қилади, аммо таҳлилчилар ва собиқ маҳбусларга кўра, «бундай марказларда мажбурий меҳнат жуда кенг қулоч ёйгани аниқ».

Қосдаулетнинг турмуш ўртоғи, ветеринар ва собиқ вилоят расмийси 47 яшар Акбар уч йилдан бери ўз оиласидан айри яшамоқда.

Қосдаулетнинг AFPга айтишича, у оиласи билан алоқага чиқиши мумкин, аммо Қозоғистонга қайта олмайди. Оила бу ерга 2014 йилда кўчиб келган.

Уч нафар фарзанднинг онаси Хитойга тўрт марта борган, аммо эрини қайтара олмаган, уни бир марта ойна ортидан кўрган, холос.

У ўзининг Қозоғистон паспортига эга эканлиги сабабли ҳибсга олинмаган деб ўйлайди. Ҳар сафарги ташрифда кузатув кучайиб борган.

«Охирги марта 2018 йилда борган эдим, қаерга бормай ортимдан полиция машинаси кузатиб юрган», дейди у.

Феврал ойида Хитой консуллиги биноси олдида намойишлар бошланганида, Қосдаулет у ерга қайнонаси Саркитхан Қидирбайни ҳам олиб борган.

Аммо бир нечта намойишдан кейин, суяклар оғриғи ва «кўз ёшлар сабаб кўр бўлаёзган» 74 яшар қария учун йўл жуда машаққатли бўлиб қолди, дейди Қосдаулет.

Қосдаулет оддий безатилган хонадонда Кидирбайни кўрпачага ўтқизар экан, йўқ ўғлини қучоқлашга ҳаракат қилиб, у ҳақида гапираётган қария таъсирланиб кўз ёшларини тия олмади.

«Мен умримни яшаб бўлдим. Шунчаки уни бир бор кўриб, ўпсам дейман. Шундан кейин ўлсам ҳам майли», дейди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500