Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

Қозоғистонликларга Хитойнинг қозоқ тилидаги ташвиқоти «керак эмас»

Канат Алтинбаев

image

Президент Си Цзинпинни Хитой коммунистик партиясига асос солинганининг 100 йиллигига бағишланган нутқи вақтида селфи олаётган аёл, 1 июл. [Ноэл Селис / AFP]

ОЛМАОТА – Хитой коммунистик партиясининг «Женмин Жибао» (Халқ кундалик газетаси) нашри қозоқ тилидаги онлайн версиясини эълон қилар экан, қозоғистонликлар Хитой ташвиқоти билан қизиқмасликларини айтмоқдалар.

Газета 1 сентябр куни қозоқ (кирил ёзувида), италян ва суахили тилидаги нашрларини ишга туширган.

Таҳририятга кўра, янги нашрлар шу тилларда сўзлашувчи аҳолига турли мавзулар, жумладан Хитой сиёсати, иқтисодиёт, жамият, маданият, фан ва технологияга оид янгиликларни тақдим этади.

Янги нашрлар хитойлик ва бошқа, ҳам маҳаллий, ҳам хорижий интернет фойдаланувчиларига бир-бирларини яхшироқ тушуниш ва мулоқот қилишга ёрдам беради, дейилади мақолада.

image

1 сентябр куни Хитой коммунистик партиясининг «Женмин Жибао» газетаси ўзининг қозоқ тилидаги онлайн нашрини тақдим этди.

image

48 яшар Гулнур Косдаулет (чапдан иккинчи) Хитойда турмуш ўртоғининг ҳибсга олинишига қарши намойиш ўтказмоқда, Олмаотадаги Хитой консуллиги, 9 март. [Абдулазиз Мадяров/AFP]

Бу ташаббус нашриётнинг кўп тилли ва глобал миқёсдаги янги, етакчи халқаро оммавий воситасини яратиш борасидаги мақсади сари қўйилган навбатдаги қадамдир, дейилади унда.

«Женмин Жибао» газетаси қозоқ тилидан ташқари яна 11 та хорижий: инглиз, япон, француз, испан, рус, араб, корейс, немис, португал, италиян ва суахили тилида чоп этилади.

Қозоқ тилида чоп этилган илк мақолада Хитойнинг турли жабҳалардаги фаолияти олқишланади.

Масалан, Пекин манфаатларига хизмат қилувчи «Бир камар – бир йўл» ташаббуси (BRI) доирасида Хитой компанияси томонидан шарқий Қозоғистонда бунёд этилган Тургусун гидроэлектростанцияси июл ойида қай тарзда ишга туширилгани ва мамлакатни электр қуввати билан таъминлаётгани ҳақида ёзилган.

Шунингдек, Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев Қозоғистондаги Хитой элчиси билан учрашуви чоғида ХКПнинг юз йиллиги билан табриклагани ёзилган.

Мақолада айтилишича, Назарбоев партия «ўз халқини ёрқин келажак томон етаклашига» ишонч билдирган.

Юмшоқ куч сиёсати воситаларидан бири

«Қозоғистоннинг қимматбаҳо қоғозлар бозори» газетаси бош муҳаррири, олмаоталик Александр Егорченконинг тахминича, «Женмин Жибао» газетасининг қозоқ тилидаги нашри қозоғистонликлар орасида ХКПнинг имижини яхшилаш мақсадида унинг фаолиятини фақат ижобий томондан ёритади.

«Албатта, улар мамлакатлар орасидаги «дўстлик» ҳақида жуда кўп ёзишади», дейди у.

Шунингдек, газета Хитойнинг «инфратузилмавий лойиҳалари, заводлар, йўллар қуриш ва бошқа ишларга инвестиция киритиш орқали» қандай қилиб Қозоғистонни гўёки қўллаб-қувватлаётганини ҳам ёритиб боради, деб айтган Егорченко Карвонсарой нашрига.

Бу ташаббусдан мақсад, Қозоғистондаги аксил-Хитой кайфиятни юмшатишдир, дейди Олмаотадаги Drakkar нашриёти вакили Санжар Искандеров.

«Аксар қозоғистонликлар Хитойга ишонмайди ва мамлакатимизда Хитойнинг ҳар қандай экспансиясидан хавфсирайди. Пекин бундан хабардор ва бу вазиятни тузатишга ҳаракат қилмоқда», деб айтган Искандеров Карвонсарой нашрига.

Пекиннинг қозоқ ерларини эгаллаб олиши ва ресурсларидан фойдаланиши борасидаги хавотирлар сабабли Қозоғистонда тез-тез Хитойга қарши намойишлар бўлиб туради.

2020 йил сентябрда ўтган шундай норозилик намойишларининг бирида иштирокчилар Қозоғистон миллий хавфсизлигига оид баёнотлари сабаб Қозоғистондаги Хитой элчиси Чжан Сяонинг мамлакатдан чиқариб юборилишини талаб қилган эдилар.

2021 йилнинг май ойида Хитойнинг ҳудудий экспансияси ва инвестицион лойиҳалари туфайли ортиб бораётган безовталик сабаб Қозоғистонда қишлоқ хўжалик ерларини хорижликларга сотиш тақиқланган.

Шунингдек, фаоллар Хитойнинг Шинжон вилоятидаги этник озчиликлар, жумладан қозоқларнинг инсоний ҳақ-ҳуқуқлари бузилаётганидан чуқур ташвишда.

Хитой ҳукумати уйғурлар ва бошқа туркийзабон мусулмонлар, жумладан қозоқлар ва қирғизлардан иборат миллиондан ортиқ мусулмонларни Шинжондаги «мафкуравий тарбия» лагерларга жойлаштирган.

2021 йил бошидан бери қозоқлар Олмаота шаҳридаги Хитой консуллиги олдида ҳар куни норозилик намойиши ўтказиб, Пекиндан Шинжондаги мусулмонларга қарши тазйиқлар доирасида ҳибсга олинган қариндошлари ва дўстларини озодликка чиқаришни талаб қилганлар.

2021 йил августда экспертлардан бири Хитой режимидан қочиб келган этник қозоқларга қочқинлик мақомини берган Қозоғистонни жазолаш мақсадида, Пекин Қозоғистон экспортига нисбатан божхона сиёсатини қатъийлаштирганини айтган эди.

Қозоғистондаги бузуқ имиджини яхшилашга уринаётган Хитой ўз сиёсати ва қадриятларини қозоқ тилида ташвиқ қилиш йўлини танлади, дейди Искандеров.

«Аммо бу уларга ёрдам бериши даргумон – муаммо кўлами ниҳоятда кенг», деди у.

«Керак эмас, раҳмат»

Хитой компартиясининг газетаси қозоғистонлик интернет фойдаланувчилари орасида асосан шубҳа ва норозилик уйғотган.

«Хитой ташвиқоти етмай турувди энди бизга. Уларнинг сайтини ким ҳам ўқирди? Ҳеч ким. Хитойда яшайдиган, ўз мамлакати янгиликларига қизиқувчи одамлардан ташқари», дейди Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон миллий университети талабаси Елнур Имашева.

«Жэньминь Жибао» (Халқ кундалик газетаси) коммунистик партиянинг ютуқлари ҳақида зерикарли, мақтовга тўла мақолалар чиқарадиган совет матбуотини эслатади, дейди Нур-Султонлик уй бекаси Елена Платонова.

«Биз тамоман бошқа одамлармиз, бундай материалларни ўқимаймиз. Раҳмат, кераги йўқ.»

Ўз навбатида, Пекиннинг ўзи оловга мой сепиб, мамлакатдаги аксил-Хитой кайфиятини янада кучайтирмоқда.

Масалан, 2020 йил апрел ойида Хитойнинг Sohu.com мустақил веб-сайтида Қозоғистоннинг ўз ҳудудига нисбатан суверенитети шубҳа остига олиниб, бу ерлар тарихда Хитойга қарагани ва «Қозоғистон Цин сулоласининг вассали бўлгани» таъкидланган «Қозоғистон Нима учун Хитойга интилмоқда» сарлавҳали мақола чоп этилган.

Кузатувчиларнинг айтишича, Хитой расмийлари мақола чоп этилишидан аввал ундан хабардор бўлишган. Мақола эълон қилиниши ортидан Қозоғистон ҳукумати Хитойга расмий норозилик нотаси юборган.

«Жэнмин Жибао» ҳатто маҳаллий тилда нашр қилинса ҳам, қозоғистонлик муштарийлар меҳрини қозона олмайди, деди Искандеров.

«Улар Шинжонда юритилаётган сиёсатни қозоқ тилида оқламоқчи бўлсалар, бу билан қозоғистонликларнинг ғазабига дучор бўладилар, холос», деди у.

Газета таҳририяти ишончли ва кенг қамровли маълумотлар тарқатиш орқали «Хитой орзуси ва Хитой овозини глобаллаштириш» йўлида имкон қадар ҳаракат қилаётганини айтган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500