Дунё мамлакатларида Хитой таъсирининг кучайишига қарши норозилик намойишлари сонининг ортиб бораётгани Пекин иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий таъсирни оширишга уринаётган Марказий Осиёга учун жиддий огоҳлантиришдир.
Ироқ ва Покистондаги сўнгги воқеалар бунга ёрқин мисол бўла олади – кўпчилик Хитойнинг бу мамлакатлардаги таъсирини эксплуатациявий ва ғаразли деб ҳисоблайди.
Ироқдаги норозиликлар
Ўтган ой охирида жангарилар Ироқнинг Зиқор вилоятидаги Хитой нефт ширкатига ҳужум қилишган. Мазкур воқеа вилоятда бир неча ҳафта давом этган норозилик намойишларидан сўнг юз берган, бу ерда маҳаллий аҳоли иш ўринлари ва асосий хизматларни, шунингдек кенг қулоч ёйган коррупцияга чек қўйишни талаб қилган.
Сиёсий таҳлилчи Аъло ан-Нашовнинг айтишича, 10 миллиондан ортиқ ироқликлар қашшоқликда кун кечирмоқда, коррупция, уқувсиз бошқарув ва сиёсий можаролар натижасида ишсизлик даражаси ортмоқда.
«Бугунги кунда [Ироққа] инвестиция киритаётган, бироқ бу лойиҳаларда мамлакат фуқароларини иш билан таъминламайдиган хорижий компаниялардан аҳолининг ҳафсаласи пир бўлган», деди у.
Маҳаллий аҳоли орасидан ишчилар ёлламаслик аксарият шартномаларга зид – уларда 40% ишчилар маҳаллий ходимлардан иборат бўлиши шарт қилинган, дейди ал-Нашов.
«Хитой энг аввало ўз иқтисодий мақсадларига хизмат қилувчи сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш орқали Ироқдаги мавқеини мустаҳкамлашга интилмоқда», деди у ва Хитой ўзининг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш мақсадида хорижий инвестициялар жалб қилаётганини таъкидлади.
Пекин бошқа халқлар манфаатларини инобатга олмай, ўз стратегик манфаатларини ҳимоялаш учун ҳамма нарсага тайёр, деди ал-Нашов.
Ироқликлар 16 декабр куни ҳукумат Пекин билан мамлакатда 1000 та мактаб қуришга оид шартнома имзолаганини ҳам хавотир билан қарши олганлар. Бу битимнинг харажати нефт сотишдан тушган даромаддан қопланиши назарда тутилган.
Улар Хитойнинг вазиятдан фойдаланиб, бу каби лойиҳалар орқали Ироқ иқтисодиётида мустаҳкам ўрин эгаллаши ва яқин йиллар давомида ўз инвестицияларидан фойда олишга интилишидан чўчимоқда.
Покистондаги намойишлар
Хитой ўз манфаати йўлидаги иқтисодий лойиҳалари билан ерларни эгаллаб олар экан, Покистонда ҳам худди шундай норозилик намойишлари авж олган.
Пекин сўнгги бир неча йил ичида Покистон билан инфратузилмавий лойиҳалар бўйича бир неча миллиард долларлик шартномалар имзолади, бу Хитой таъсирига оид хавотирларни кучайтириб, Хитойнинг ўз фуқароларига покистонлик ишчиларга қараганда кўпроқ маош тўлаш амалиётидан норозилик келтириб чиқарди.
Покистоннинг Гвадар порт шаҳри Хитойнинг «Бир камар, бир йўл» ташаббусининг муҳим қисмларидан бири бўлиши кутилмоқда.
15 ноябрдан буён «Гвадарга ўз ҳуқуқларини беринг» кампаниясида иштирок этаётган минглаб аҳоли маҳаллий ва хитой овчилик кемалари томонидан денгиз тубида ноқонуний балиқ овлашни ва Хитой-Покистон иқтисодий йўлаги (CPEC) таркибига кирувчи лойиҳаларга олиб борадиган назорат-ўтказиш пунктларида маҳаллий фуқароларни таъқиб қилишни тўхтатиш талабини илгари сурмоқда.
Намойишчилар, шунингдек, сув ва электр танқислигига барҳам беришни талаб қилиб, Гвадарда Хитой томонидан молиялаштирилаётган лойиҳаларни CPEC ташаббусига қарши бўлган Балуж айирмачиларидан ҳимоя қилишни кўзловчи тўсиқ ўрнатилишига қарши чиққанлар.
2021 йил январ ойида вилоят суди Покистон расмийларига Гвадар порти атрофида тикан симли панжара ўрнатишни тақиқлади. Маҳаллий аҳолига кўра, у туманнинг 300 мингдан ортиқ аҳолиси ҳаракатини қийинлаштириб, балиқчиларнинг денгизга чиқиш нуқталарига етиб боришига тўсқинлик қилади.
Намойишчиларнинг айтишича, CPEC билан боғлиқ лойиҳалар Гвадар аҳолисининг ҳаётини яхшилагани йўқ. Улар узоқ вақтдан бери давом этаётган сув ва электр тақчиллиги муаммосини ҳал қилишга ҳам ёрдам бермаган.
«Хитойнинг Гвадардаги ҳозирлиги маҳаллий аҳолини ўз ерида бегонага айлантирди», дейди 15 ноябрдан бери ҳар куни намойишларда қатнашиб келаётган балиқчилар вакили Башир Хоут.
Ўтган ҳафтада Балужистоннинг Бўстон шаҳарчасидаги маҳаллий пуштун қабилалари муҳим магистрални тўсиб қўйиши ортидан CPEC билан боғлиқ қурилиш ишлари тўхтаб қолган.
«Ерларимизда CPEC лойиҳаси доирасидаги ривожлантириш ишлари баҳонасида миллиардлаб рупийлик қишлоқ хўжалиги экинлари вайрон қилинди», дейди маҳаллий қабила бошлиғи Фармон Хон.
Балужистоннинг Чағай туманидаги Сайиндак шаҳарчасида Хитой компаниялари ҳеч қандай маҳаллий, миллий ва халқаро назоратсиз мис ва олтин қазиб олган.
Маҳаллий аҳоли ва сиёсий лидерларнинг таъкидлашича, Хитой компаниялари миллий ва халқаро қонунларга зид равишда Чағай туманидаги таълим, соғлиқни сақлаш ёки инфратузилма объектларига инвестиция киритмаган.
Дастур доирасидаги кўмир қазиб олиш лойиҳалари Жанубий Осиёда ҳавони ифлослантирувчи асосий омил бўлиб, маҳаллий аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдириши тадқиқотлардан маълум бўлгач, Синд вилоятидаги «Бир камар, бир йўл» билан боғлиқ лойиҳалар ҳам Тар чўли минтақаси аҳолисининг норозилигига сабаб бўлган.
Хитойнинг қатъий ҳозирлиги Покистонда зўравонликлар келтириб чиқарган – исёнчи гуруҳлар Пекинга қарши бирлашганлар.
Покистоннинг «Таҳрики Толибон» (TTP) гуруҳи Хитойда мусулмонларга нисбатан муносабатни қораловчи баёнотлар чиқариб, Покистоннинг турли ҳудудларида Хитой манфаатларини нишонга олди.
Исломобод ва Пекин 14 июл куни Ҳайбар-Пахтунхванинг Кўҳистон туманидаги гидроэлектростанция лойиҳасида ишлаётган тўққиз хитойлик муҳандиснинг ўлимига сабаб бўлган худкушлик ҳужуми учун жавобгарликни «Таҳрики Толибон» зиммасига юклади.
Апрел ойида «Таҳрики Толибон» Балужистон вилоятидаги Кветта шаҳрида Хитой элчиси жойлашган ҳашаматли меҳмонхонада содир этилган ҳалокатли портлаш учун жавобгарликни ўз зиммасига олган эди.
Икки алоҳида вилоят – Балужистон ва Синдда ҳаракат қилувчи Балужи Ражи Аажои Саангар (BRAS) ва Синдхудеш инқилобий армияси ҳозирда минтақадаги жорий вазият шароитида биргаликда иш олиб бормоқда, чунки Балуж ва Синд халқлари Хитой таъсирининг кучайишидан норози», дейилади BRASнинг 2020 йил июл ойидаги баёнотида.
Ҳар ерда Хитойнинг вайронкор кредитлари
Хитойнинг улкан, қарамлик пайдо қилувчи ва қайтариш деярли имконсиз бўлган кредитлари тобора кўпроқ мамлакатларни ўз домига тортмоқда.
Жаҳон банкидан кейин Хитойдан энг кўп қарз олган Кенияда ҳам Хитойнинг бир қатор қиммат инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиргани Найроби тўлай олмайдиган қарзлар олаётгани юзасидан хавотир келтириб чиқарган.
Мамлакат жанубидаги порт қурилиши учун олинган 1,4 миллиард АҚШ долларига тенг қарз туфайли 2017 йилда Шри-Ланка бу иншоотни 99 йил муддатга Хитой компаниясига ижарага топширишга мажбур бўлган.
Ҳатто Сурия ҳам 12 январ куни шартнома имзолаб, «Бир камар, бир йўл»га қўшилди. Уруш туфайли инқирозга учраган бу давлат қарзни тўлаш муддати келганида Хитой талаблари олдида заифлик қиладиган кўринади.
«Сурия келажакда инфратузилма учун олинган улкан кредитларни тўлаш имкониятига эга бўлиши даргумон», деган эди Ташқи алоқалар кенгашининг тадқиқотчиси Девид Сакс январ ойи бошида «Америка овози» билан суҳбатда.