Карвонсарой
Терроризм

Автобусга ҳужум Покистонда Хитойга нисбатан норозилик кучайиб бораётганидан дарак бермоқда

Карвонсарой ва AFP

Бомба портлаши туфайли дарёга қулаган автобус атрофида тўпланган покистонлик қутқарувчилар ва оддий фуқаролар. Ҳодисада 12 киши, жумладан 9 хитойлик ҳалок бўлган, Юқори Кўҳистон, Ҳайбар-Пахтунхва шаҳри. [Stringer/AFP]

Бомба портлаши туфайли дарёга қулаган автобус атрофида тўпланган покистонлик қутқарувчилар ва оддий фуқаролар. Ҳодисада 12 киши, жумладан 9 хитойлик ҳалок бўлган, Юқори Кўҳистон, Ҳайбар-Пахтунхва шаҳри. [Stringer/AFP]

Чоршанба (14 июл) куни Ҳайбар-Пахтунхва шаҳрида хитойлик муҳандисларга қарши уюштирилган ҳужум покистонликлар Хитойнинг мамлакатда кучайиб бораётган ҳозирлиги ва Пекин олиб бораётган сиёсатдан нафратда эканини кўрсатган.

Чоршанба куни Юқори Кўҳистондаги Дасу гидроэлектростанцияси яқинида юз берган ҳодисада камида 12 киши, жумладан 9 хитойлик муҳандис ва икки нафар чегара корпуси ходими ҳалок бўлган, бир нечта одам жароҳат олган.

Портлаш туфайли жарликка қулаган автобус ичида 40 тача хитойлик муҳандис, нозирлар ва ходимлар Ҳайбар-Пахтунхвадаги гидроэлектростанция қурилиш майдони томон кетаётган эди.

Dawn нашрининг пайшанба кунги хабарига кўра, дастлабки тергов давомида портловчи модда қолдиқлари топилган.

Ушбу электростанция Пекиннинг кенг қамровли «Бир камар – бир йўл» лойиҳасининг бир қисми ҳисобланади.

Хитойнинг рад этилиши

Покистонда Хитойга нисбатан норозилик тобора ортиб бормоқда.

Ўтган бир неча йил давомида Хитой режими Покистон билан кўп миллиард долларлик бир қатор лойиҳалар имзолаган бўлиб, бу Хитойнинг мамлакатга таъсири юзасидан хавотирлар уйғотган.

«Бир камар – бир йўл» ташаббусининг Синдх вилоятидаги лойиҳалари Тар саҳроси ҳудудида яшовчи маҳаллий аҳоли норозилигига сабаб бўлган. Тадқиқотларга кўра, дастур доирасидаги кўмир қазиб олиш лойиҳалари Жанубий Осиёдаги ҳавони ифлослантирувчи энг асосий манба бўлиб, маҳаллий аҳолининг саломатлигига жиддий хавф солади.

Қонун чиқарувчилар ва кузатувчиларга кўра, Хитойнинг Гвадардаги байроқдор лойиҳаларидан бири – Балужистондаги сув портини ривожлантириш ишлари вилоятда жиддий норозилик келтириб чиқарган, сабаби Пекин маҳаллий ресурслардан уларнинг аҳолига нисбатан таъсирини инобатга олмай фойдаланмоқда.

Шунингдек, Хитой ҳарбийларининг Гвадар портидаги режалари ҳам сўроқ остига олинган. Бу ҳудудда махфийлик пардаси ортида бир қатор шубҳали бинолар қад кўтармоқда.

Ўтган ойда Гвадарда балужистонлик балиқчилар хитойликларнинг ноқонуний балиқ овига ва кемаларига берилган рухсатлар туфайли намойишга чиққанлар.

Апрел ойида Покистоннинг «Таҳрики Толибон» гуруҳи Кветта шаҳрида жойлашган меҳмонхонадаги портлаш билан боғлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олган эди. Гуруҳнинг айтишича, улар Покистон хавфсизлик ходимларини нишонга олишган, аммо кузатувчиларга кўра ўша вақтда Хитой элчиси меҳмонхонада истиқомат қилаётган бўлган. Унга шикаст етмаган.

2020 йилнинг июнида балужистонлик исёнчилар Синдҳ вилоятидаги Карачи шаҳрида қисман Хитой компанияларига тегишли Покистон биржасига ҳужум уюштирганлар.

2019 йил май ойида Балужистон озодлик армияси (BLA) айирмачилари Гвадардаги муҳташам меҳмонхонага ҳужум қилиб, уни қамалга олган. Хавфсизлик ходимлари уларни йўқ қилишидан аввал уч нафар ҳужумчи камида беш кишини ўлдирган. BBCга кўра, BLA хитойлик ва бошқа инвесторларни нишонга олганини айтган.

Покистонда Хитойга нисбатан норозилик Пекиннинг уйғурлар ва бошқа этник мусулмонларга муносабати ҳамда Хитой компанияларининг исломни менсимаслиги сабабли тобора кучайиб бораётгани айтилади.

Пекин Шинжон вилоятидаги мусулмон озчиликка нисбатан олиб бораётган «даҳшатли ва тизимли зўравонлиги» сабаб босим остида қолмоқда.

COVID-19 таъсири

COVID-19 вирусига қарши кураш масаласида ҳам танглик кучайган.

Пандемиянинг келиб чиқиши ҳақидаги ёлғонларидан ташқари, Хитой дунё мамлакатлари, жумладан Покистонга ҳам сифатсиз вакциналар ва шахсий ҳимоя воситаларини юборган.

Хитой ҳадя қилган вакциналарнинг самарадорлиги ва хавфсизлиги эътирозларга сабаб бўлди. Покистондаги намойишчилар Ғарбда ишлаб чиқарилган вакциналарни талаб қилганлар.

Покистон феврал ойидан бошлаб ҳукумат бошчилигидаги иммунизация кампанияси доирасида асосан Хитойда ишлаб чиқарилган Sinopharm, Sinovac ва CanSinoBio вакциналари билан фуқароларини эмлаган.

Аммо Хитойнинг касалликларни назорат қилиш бўйича мутасаддиси коронавирусга қарши маҳаллий вакциналар самарадорлигини ошириш бўйича эҳтимолий режа фонида Хитойда ишлаб чиқарилган вакциналарнинг самарадорлиги юзасидан хавотир билдирган эди.

Маҳаллий ОАВга кўра, 10 апрел куни Хитой касалликларни назорат қилиш ва уларнинг олдини олиш маркази директори Гао Фу «муассаса мавжуд вакциналар самарадорлигининг паст экани билан боғлиқ муаммони ҳал қилиш устида ишлаётгани» ҳақида хабар берган эди.

Пекиннинг яроқсиз COVID-19 тест тўпламлари, сифатсиз сунъий нафас олдириш мосламалари, сохта ниқоблар ва бошқа шахсий ҳимоя воситаларини экспорт қилиши яна бир огоҳлантириш бўлиб хизмат қилади.

Ўтган йили пандемия авжига чиққан пайтда COVID-19 беморларини даволаш билан шуғулланган тиббиёт ходимлари орасида касалланиш ва ўлим ҳолатлари кузатилиши ортидан Покистон касалхоналари Хитойда ишлаб чиқарилган шахсий ҳимоя воситаларини қўллашдан воз кечган.

«COVID-19 беморларини даволаш билан машғул бўлган 1000 дан ортиқ шифокорлар, парамедик ва ҳамшираларда Хитойдан олиб келинган сифатсиз шахсий ҳимоя воситалари туфайли вирус аниқланган», деган эди Покистон тиббиёт бирлашмаси котиби, доктор Умар Жавод ўтган йил апрел ойида.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500