Карвонсарой
Таҳлил

Хитойнинг глобал пандемия стратегиясидаги тўсиқ: унинг вакцинаси бефойда бўлиши мумкин

Карвонсарой ва AFP

Фаластинлик тиббиёт ходимлари истилодаги Ғарбий соҳилнинг Хеврон шаҳри шимолида жойлашган Ҳалхул мактабларининг бирида Хитой ҳукумати хайрия сифатида тақдим этган «Sinopharm» вакцинасини эмлашга ҳозирламоқда, 6 апрел. [Ҳазем Бадер/AFP]

Фаластинлик тиббиёт ходимлари истилодаги Ғарбий соҳилнинг Хеврон шаҳри шимолида жойлашган Ҳалхул мактабларининг бирида Хитой ҳукумати хайрия сифатида тақдим этган «Sinopharm» вакцинасини эмлашга ҳозирламоқда, 6 апрел. [Ҳазем Бадер/AFP]

ПЕКИН – Ўтган ҳафтада Хитой расмийларидан бири мамлакатнинг коронавирусга қарши вакцинаси самарадорлигини ошириш бўйича эҳтимолий режалар фонида Хитой вакциналарининг самарадорлиги борасидаги хавотирини очиқчасига эълон қилгани эътиборли воқеа бўлди.

Оммавий эмлаш кампаниясини тарғиб қилаётган Хитой ўз вакцинасини дунё бўйлаб экспортга чиқарар экан, унинг самарадорлигига оид муаммонинг тан олиниши режимнинг «вакцина дипломатияси» стратегиясига халақит бериши мумкин, дейди кузатувчилар.

Хитойнинг касалликларни назорат ва профилактика қилиш маркази раҳбари Гао Фу 10 апрел куни Ченгдуда бўлиб ўтган анжуманда агентлик «қандай қилиб амалдаги вакциналарнинг юқори самарадор эмаслиги билан боғлиқ муаммони ҳал қилиш йўлларини излаётганини» айтди, деб хабар беради маҳаллий ОАВ.

Унинг айтишича, ҳозирги вакциналар, жумладан Sinovac ва Sinopharm вакциналарининг «ҳимоя даражаси унча юқори эмас», деб хабар берган BBC.

Хитойнинг Sinovac вакциналарини самолётдан тушираётган салвадорлик ишчилар, 28 март, 2021 йил. [МАРВИН РЕСИНОС/AFP]

Хитойнинг Sinovac вакциналарини самолётдан тушираётган салвадорлик ишчилар, 28 март, 2021 йил. [МАРВИН РЕСИНОС/AFP]

Хитойда ишлаб чиқарилган Sinopharm вакцинасини қабул қилаётган кекса аёл, Лаҳор, 16 март. [Ориф Али/AFP]

Хитойда ишлаб чиқарилган Sinopharm вакцинасини қабул қилаётган кекса аёл, Лаҳор, 16 март. [Ориф Али/AFP]

Хитойда шартли равишда тасдиқланган тўртта вакцина мавжуд, уларнинг расман эълон қилинган самарадорлик даражаси Pfizer-BioNTech (95 фоиз) ва Moderna (94) вакциналариникидан ортда қолмоқда.

Гао турли вакциналарни аралаштириш, шунингдек уларнинг дозалари сони ва ҳажмини ёки эмлаш орасидаги интервални ўзгартиришни таклиф қилган.

Гаонинг фикр-мулоҳазалари шу заҳоти Хитой ичидаги ижтимоий тармоқларда цензурага учраган, дейди халқаро алоқалар кенгашининг глобал соғлиқни сақлаш масалалари бўйича катта ходими Янчжун Хуанг.

«Бу вакцинацияни амалга оширишда ҳимоя даражаси хавотирли эканлиги ҳукумат расмийси тарафидан тан олингани билан боғлиқ илк ҳолатдир», дейди у Financial Times нашрига.

Нарративни ўзгартириш

Хитой вакциналарини қўллашдаги ҳар қандай ўзгаришлар расмийлар тарафидан «глобал жамият манфаати учун» деб номланган саъй-ҳаракатлар доирасида Пекин вакцинасини олган ўнлаб мамлакат учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Хитой ўзининг COVID-19га қарши вакцинасини 27 мамлакатга экспорт қилмоқда, 53 та эҳтиёжманд давлатга эса бепул «вакцина ёрдамини» етказмоқда, деб хабар берган ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ван Вэнбин.

«Вакцинанинг бир қисми беғараз тақдим этилган, бир қисми сотилган ва яна бир қисми эса унга боғлиқ қарзни молиялаштириш ҳисобига сотилган», деган эди март ойида Хитойнинг «вакцина дипломатияси» ҳақида гапирган Дюк университетининг Duke Global Health Innovation маркази асосчи раҳбари Кришна Удаякумар Associated Press нашрига.

Хитой режими бирор таъминот схемаси орқали Хитойда ишлаб чиқарилган вакциналарни олаётган мамлакатларнинг тўлиқ рўйхатини тақдим этмаган.

Танқидчилар бундай «ёрдамни» Пекиннинг Ухандаги эпидемиянинг илк босқичи ҳамда муваффақиятга эришиш ва вирусни тўхтатиш йўлидаги «мардонавор» саъй-ҳаракатлар олдидан инқирозни кечикиб тан олиши билан боғлиқ нарративни ўзгартиришга қаратилган кампанияси деб биладилар.

Март ойи ҳолатига кўра, Хитой дунё бўйлаб ўзининг коронавирусга қарши вакциналаридан 40 миллион дозасини, асосан ривожланаётган мамлакатларга экспорт қилган, деб ёзади Financial Times.

Қимматроқ ёки талабгирроқ вакциналарга қурби етмайдиган мамлакатларга вакцина етказиб бериш – Пекиннинг тарихни қайта ёзишга уринишида муҳим рол ўйнайди.

Аммо Хитойнинг вакцина дипломатиясига оид саъй-ҳаракатлари у таклиф қилаётган маҳсулот сифати каби самарасиз бўлиб чиқмоқда.

Тиббиёт соҳасидаги халқаро мутахассисларга кўра, тегишли баҳо бериш учун Хитойда ишлаб чиқарилган эмдорининг самарадорлиги ҳақида етарли маълумот йўқ.

«Бу вакциналар қанчалик самарали экани ҳақида бизда маълумот кам», дейди Англия аҳоли саломатлиги идорасининг нафақадаги юқумли касалликларга қарши кураш бўйича маслаҳатчиси Питер Инглиш Financial Times нашри билан суҳбатда.

Бошқа вакцина ишлаб чиқарувчилардан фарқли ўлароқ, Хитой компанияси 3-босқич синовларига оид маълумотларни эълон қилмаган, бу эса самарадорлик кўрсаткичларининг шаффофлиги ва аниқлиги борасида шубҳа уйғотмоқда.

Фойда – ҳаммасидан устун

«Хитой коронавирус тарқалишини тўхтатиш учун илк босқичда ҳеч қандай чора кўрмади, сифатсиз сунъий нафас олдириш ускуналари, тест тўпламлари ва шахсий ҳимоя воситаларини сотиб, пул қилиш билан банд бўлди», деган эди Исломободдаги Покистон тиббиёт фанлари институти олими, доктор Муҳаммад Салим ўтган йил август ойида.

«Энди пандемия тугаётганида, Хитой вакцина сотиб пул ишламоқчи», деди у.

Хитой ўтган йили 220 миллиард донадан зиёд юз ниқоблари, 2,3 миллиард дона шахсий ҳимоя воситаси ва бир миллиард дона тест тўпламини экспорт қилди, деб хабар берган мамлакат савдо вазирлиги январ ойида.

Экспорт «эпидемияга қарши глобал курашда муҳим ёрдам бўлди», деган эди ўшанда Хитой савдо вазирининг ўринбосари Цян Кемин.

Пекин ўз иқтисодиётини тиклаш учун пандемиядан фойдаланди, дейдиган танқидчилар бу фикрга қўшилмайдилар.

Биргина ниқоблар экспорти ҳажми 2020 йилда 52,6 миллиард долларни ташкил қилди, деб хабар берган январ ойи бошида божхона расмийларидан бири.

Дунёнинг аксар иқтисодиётлари бир йилдан бери корхоналарнинг ёпилиши ва иш ўринларининг қисқариши каби коронавирус пандемиясининг оқибатлари билан курашишда давом этар экан, Хитой 2020 йилда иқтисодиётдаги мисли кўрилмаган ўсиш ҳақида хабар берган ягона мамлакат бўлди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500