УХАНЬ, Хитой – Узоққа чўзилган кечикиш ва сиёсий тортишувлардан сўнг, коронавирус илк бор пайдо бўлганидан бир йил ўтиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) таҳлилчилари гуруҳи ниҳоят, унинг келиб чиқишини ўрганиш учун Хитойнинг Ухан шаҳрига етиб келди.
13 нафар олимдан иборат халқаро жамоа ўз миссиясини бажариш учун пайшанба (14 январ) куни Хитойга келган. Улар ҳимоя кийимларидаги хитойлик мутасаддилар томонидан кутиб олинди, томоқларидан намуналар олиниб, иш бошлашдан аввал икки ҳафталик карантинни ўтказиш учун меҳмонхонага жойлашдилар.
Бутун дунёни тиз чўктирган вирус 2019 йил Уханнинг денгиз маҳсулотлари, жумладан кўршапалаклар сотиладиган бозоридан чиққанига деярли ҳеч ким шубҳа қилмайди.
Шундан кейин пандемия бутун дунё бўйлаб тарқалиб, икки миллион кишининг ҳаётига зомин бўлди, бир неча ўн миллион одамга юқиб, жаҳон иқтисодиётини ларзага келтирди.
ЖССТга кўра, келажакдаги эпидемияларнинг олдини олиш учун вируснинг ҳайвонлардан одамларга юқиш йўлини аниқлаш лозим.
Гуруҳнинг ваколати юзасидан бир неча ой давом этган музокараларга қарамай, Хитой режими шу ой бошида унинг мамлакатга киришига изн бермаганди. Бу ўзаро айбловлар, гумонлар ва инкорлар билан чалкашиб кетган вируснинг келиб чиқиши ҳақидаги талқинга нисбатан сиёсий сезгирлик белгиси бўлди.
2020 йил бошида Хитой расмийлари ҳалокатли касаллик авж олаётганини била туриб, деярли бир ҳафта сукут сақладилар ва Ухандаги вируснинг бутун дунё бўйлаб тарқалиб кетишига йўл қўйдилар, шунингдек, эпидемияга оид далилларни қасддан яшириш ёки йўқотишга уриндилар.
Ухан ҳокимияти эпидемияни яширишга ҳаракат қилган, кейинчалик эса қимматли вақтини вируснинг одамдан-одамга юқишини рад этишга сарфлаган.
Хитой расмийлари аввал-бошдан касалликнинг Ухандаги Хуанан денгиз маҳсулотлари бозоридан чиққанини рад этганлар. Аммо, Хитойнинг 2020 йил январдаги маълумотлари илк касалланиш ҳолатлари ҳозирда ёпилган бозорга алоқадор эмаслигини кўрсатганидан манбанинг бошқа ерда эканлигини тахмин қилиш мумкин.
Хитойнинг юқумли касалликлар назорати бўйича мутасаддиси Гао Фу бозор касаллик манбаи эмас, балки уни кучайтирган жой бўлганини айтгач, март ойида Хитойнинг даъволари яна ўзгарган.
Бироқ, шундан сўнг Хитой текширувга ёрдам бериши мумкин бўлган бозордаги ҳайвонлар ва атроф-муҳитдан олинган намуналар ҳақида жуда кам маълумотларни ошкор қилиш билан ҳеч қандай нуқталарни боғламаган.
У хорижий мутахассисларни ҳам яқинлаштирмади.
Нарративни ўзгартиришга уриниш
Инқироз бошланганидан бери, фитна назарияларини илгари суриш орқали Пекин коронавирус пандемиясидаги айбини жон-жаҳди бидан рад этишга ва ижтимоий тармоқлар ҳамда ахборот маконини вирус ҳақидаги очиқдан-очиқ дезинформация билан тўлдиришга уринмоқда.
Бу чоралар доирасида Хитой режими COVID-19 пандемиясига қарши курашда ўзининг «мардонавор хатти-ҳаракатлари» ҳақида бонг уриб келмоқда.
Пекин пандемия даврида юмшоқ куч сиёсатини кенгайтиришга уринди – «вакцина дипломатиясини» қўллаб, ривожланаётган давлатлар билан ўз вакцинасини бўлишишга ваъда берди.
Давлат оммавий ахборот воситалари бутун дунёга Хитойнинг пандемияни енгганини кўрсатишга ҳаракат қилди, аммо ЖССТ мутахассисларининг ташрифи Хитой режими вирус тўпланган янги жойларни яширишга уринаётган вақтга тўғри келган.
14 январ куни саккиз ойдан бери илк марта COVID-19 билан боғлиқ ўлим ҳолати эълон қилинар экан, Хитой шимолида 20 миллиондан ортиқ одам карантинда қолган, провинцияларнинг бирида фавқулодда ҳолат жорий қилинган.
Шу куннинг ўзида Хитой миллий соғлиқни сақлаш комиссияси қўшимча 138 та касалланиш ҳолатини қайд этган, бу ўтган йил март ойидан бери энг юқори кўрсаткичдир.
Хитой мамлакат бўйлаб миллионлаб сайёҳлар ташриф буюрадиган ой тақвими бўйича янги йил байрами нишонланишидан бир ой аввал одамлар тўпланишининг олдини олмоқда.
ЖССТ жавоблар изламоқда
ЖССТ Хитойнинг вирус ҳақидаги талқинига киритиши мумкин бўлган ўзгартиришларини яқиндан кузатади.
Хитой пандемия мамлакатдан ташқарида бошланган деган ғояни оз-оздан илгари суриб, соғлиқни сақлаш инқирозини дарҳол назоратга олганига асосий эътиборни қаратган.
Масалан, «People's Daily» ҳукумат нашри ноябр ойи бошларида Facebook тармоғида «барча мавжуд далиллар коронавирус Хитой марказидаги Ухан шаҳридан чиқмаганини кўрсатмоқда», деб ёзган.
Шунингдек, ноябр ойида ҳам Пекин COVID-19 коронавируси Италияда 2019 йил сентябрдаёқ мавжуд бўлгани ҳақида Италия журналида чиққан тадқиқотни чоп этишга шошилган ва тадқиқот хулосасидаги муҳим далилларни олиб ташлаб, эпидемия пайдо бўлган жойни гумон остига қўювчи юзаки илмий манбаларни қўллаган эди.
Аслида эса барча далиллар Хитойнинг Ухан шаҳри халқаро инқироз манбаи эканлигини кўрсатмоқда, шу сабабдан ЖССТ жамоаси у ерда текширув олиб боришни кўзлаётган эди.
ЖССТ ўз миссиясига алоқадор сиёсий юкни имкон қадар камайтиришга ҳаракат қилди.
«Юз берган воқеаларни тўлиқ англаб етишимиз учун анча вақт керак бўлади», деб огоҳлантирди ЖССТ жамоаси етакчиси Питер Бен Эмбарек.
Меҳмонхонадаги мажбурий икки ҳафталик карантиндан кейин жамоа «ишга тушади ва Хитойдаги ҳамкасблар билан юзма-юз учрашиб, ўзини қизиқтирган турли манзилларга бора олади», деди у.
«Бу дастлабки миссиядан кейин аниқ жавоблар олишимизга ишончим комил эмас, шундай бўлса-да, ишни давом эттирамиз», деди Эмбарек.
«Асосий ғоя нима юз берганини яхшироқ англашимиз учун бир неча ой аввал ишлаб чиқилган ва қабул қилинган қатор тадқиқотларни амалга ошириш.»
Сирлар ва шубҳалар
Олимларнинг кўришига изн бериладиган нарсалар ва орадан бир йил ўтиб уларнинг нимадир топа олиши ҳам шубҳа остида қолмоқда. Мутасаддилар ваҳимага тушиб муҳим далилларни йўқ қилиб юборган бўлишлари мумкин, дейди таҳлилчилар.
«Ҳар қандай эпидемия бир хил тарзда кечади. У тартибсиз ва дисфункционал бўлади», дейди инфекцион касалликларнинг олдини олиш билан шуғулланувчи «EcoHealth Alliance» глобал нодавлат ташкилоти президенти Питер Дашак.
«Энг аввало, улар ҳайвонларни ўрганиш бўйича деярли ҳеч қандай иш олиб боришмаган», деди у.
«Улар қайсидир масалаларда очиқ, айрим нарсаларда эса анча ёпиқ бўлишган.»
Хитойнинг махфийлик сабаблари аниқ эмас, аммо ҳукмрон компартия ўтмишда сиёсий нуқтаи назардан зарарли ахборотни бўғиб келган.
Вирус тарқаган илк ҳафталарда интернет орқали хабар берган мухбирлар ва фуқароларнинг овози ўчирилган ёки қамоққа олинган.
Пекин мамлакат ичида шарманда бўлиш ёки халқаро миқёсдаги «жавобгарликдан» қўрқиб, норматив ҳужжатлар ёки терговдаги камчиликларни яширишга ҳаракат қилиши мумкин, дейди глобал эпидимияларни яқиндан кузатувчи Жорджтаун университети эпидемиологи Дэниел Люси.
Ухань бозорининг ўзи муаммо бўлмаслиги мумкин, деди у. Вирус 2019 йил декабрдаёқ тез суръатларда авж олаётган эди, бу эса унинг анча аввал тарқалганидан дарак беради, деб қўшимча қилди у.
Бунга сабаб, вирус одамлар орасида ўта юқумли ҳолатга келиши учун зарурий мутация жараёнидан ўтишига бир неча ой ёки йиллар керак бўлади.
Декабр ойида Хитой Уханда қайд этилган коронавирус ҳолатлари эпидемиянинг бошида ўша вақтдаги расмий рақамларга қараганда 10 марта кўпроқ бўлган бўлиши мумкин деб, шубҳаларни янада кучайтирган.