Карвонсарой
Саломатлик

Хитой ўзининг COVID-19 қурбони бўлганига ишонтиришга уринмоқда

Карвонсарой ва AFP

Ухань шаҳрида COVID-19 вирусини юқтирган беморларни даволашга мўлжалланган энг йирик муваққат шифохона жиҳозлари бузилаётган вақт ётоқлар олдидан ўтиб кетаётган ишчи, ўтган йилнинг 29 июли. [STR/AFP]

Ухань шаҳрида COVID-19 вирусини юқтирган беморларни даволашга мўлжалланган энг йирик муваққат шифохона жиҳозлари бузилаётган вақт ётоқлар олдидан ўтиб кетаётган ишчи, ўтган йилнинг 29 июли. [STR/AFP]

УХАНЬ – Коронавирус келиб чиқишини инкор этиш, ёлғонга чиқариш, адаштириш ва чалкаштиришлардан сўнг бир неча ой ўтиб, Пекин энди ўзининг дезинформация хатти-ҳаракатларини янги босқичга олиб чиқмоқда: ХХР ўзининг COVID-19 пандемияси қурбони бўлганига бутун дунёни ишонтиришга уринмоқда.

Тарихни қайта ёзиш ва кейинроқ Пекиннинг ҳалокат касаллик тарқалишидаги ёлғонларини оқлашга уриниш ҳаракатлари, энг аввало, пандемия маркази бўлган Ухан шаҳрида содир бўлмоқда.

Хитой давлат оммавий ахборот воситалари зўр бериб ишлашга ўтар экан, воқеликка қарши туриш мақсадида режимнинг COVID-19 устидан қозонилган кетма-кет ғалабалар ҳақида сўзлай бошлаган.

Ҳукуматнинг мақсади «аҳоли орасида коронавирус пандемиясининг давлат томонидан тасдиқланган жамоатчилик фикрини шакллантириш», деган эди Торонто университетининг фуқаролик лабораторияси тадқиқотчиси Лотус Руан шу ой бошида The New York Times нашрига.

Ўтган йилнинг 19 март куни Хитойнинг Ухан шаҳридаги касалхонада COVID-19 беморларини даволаш жараёнидан сўнг кийим алмаштириш хонасининг деразасидан ташқарига қараб турган тиббий ходим. [STR/AFP]

Ўтган йилнинг 19 март куни Хитойнинг Ухан шаҳридаги касалхонада COVID-19 беморларини даволаш жараёнидан сўнг кийим алмаштириш хонасининг деразасидан ташқарига қараб турган тиббий ходим. [STR/AFP]

Хитойнинг Ухан шаҳридаги Хуанань денгиз маҳсулотлари улгуржи бозори ёнидан ўтиб кетаётган пиёдалар, 23 январ. Бир йил аввал COVID-19 тарқалишини тўхтатиш мақсадида шаҳарга кириш-чиқиш йўллари ёпилган эди. [Hector Retamal/AFP]

Хитойнинг Ухан шаҳридаги Хуанань денгиз маҳсулотлари улгуржи бозори ёнидан ўтиб кетаётган пиёдалар, 23 январ. Бир йил аввал COVID-19 тарқалишини тўхтатиш мақсадида шаҳарга кириш-чиқиш йўллари ёпилган эди. [Hector Retamal/AFP]

Ухандаги бозорда жойлашган товуқ гўшти таомлари дўкони олдида турган аёл Пекиннинг бу уринишлари самара берганидан даракдир.

«Бу касаллик бизга бошқа юртлардан кириб келди, Хитой – жабрдийда», дейди у BBC Newshour билан суҳбатда.

Балиқ сотиладиган дўкондаги қўшни аёл ҳам унинг сўзларини тасдиқлайди.

«Вирус Ухандан чиқмаган. Америкадан келган», деди у мужмалгина қилиб.

Дунё пандемияга қарши курашишда давом этар экан, Пекин COVID-19 пандемиясини «бир вақтлар вирус маркази бўлган Ухан шаҳрида ҳаёт ўз изига қайтмоқда ва иқтисодиёт тикланмоқда» дея Хитойнинг улкан ғалабаси ўлароқ кўрсатишга уринди.

Бугун тунги клублари ва савдо марказлари гавжум бўлган, жамоат транспорти ва хиёбонлари одамлар билан тўлган Ухан бир йил аввал ёпиқ бўлган арвоҳ шаҳарга ўхшамайди.

«Ҳаёт аввалгидек кўринишга қайтди», дейди 20 ёшли, ниқоб тақмаган югурувчи Ванг AFPга.

76 яшар Хуанг Генбен ўтган йили касалхонада 67 кун давомида қон тупуриб, COVID-19 билан курашган ва ўлимини кутиб ётган.

«Тунда кўзларимни юмар эканман, уларни қайта очаманми-йўқми билмасдим», дейди у AFP билан суҳбатда.

У кўплаб ватандошлар сингари, Ухан мисолида пандемиянинг олдини олиш учун Хитой ҳукумати ва фуқаролари томонидан амалга оширилган «улкан саъй-ҳаракатлардан» фахрланишини айтади.

«Натижалардан айтиш мумкинки, ҳукуматнинг сиёсати тўғри бўлган; Уханда яшовчиларнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги тўғри иш бўлди», дейди Хуанг. «Бутун дунёдаги эпидемияни кўриш мен учун оғир.»

Цензурачилар армияси

COVID-19 вируси тез суръатда Хитойнинг бошқа ҳудудларига тарқалиб, бутун дунёни қамраб олишда давом этаётган бир вақтда, Ухандаги карантинни «муваффақият» деб аташ ҳақиқатдан йироқ.

Аммо, Хитой етакчилари ўз хатоларини тан олиш ва улар устида фикр юритишга қизиқиб кўрмайдилар.

Аксинча, ҳукумат Ухан иштирокидаги ташвиқотини – Хитойнинг «мардонавор» чоралари ва тикланиши ҳақидаги расмий талқинни илгари сурди.

«Хитойнинг касалликка қарши кураш чоралари Коммунистик партиянинг улкан ютуғи қилиб кўрсатилди», дейди Гонконг университети билан ҳамкорликда яратилган «China Media Project» тадқиқот дастури ҳамраиси Дэвид Бандурски.

«Хитой етакчилари учун тарих ёзилиб бўлган», деди у New York Times нашрига.

Нашрга кўра, саволлар берилмаслигини таъминлаш учун ҳукумат сўнгги ҳафталарда интернетда Ухан эпидемиясига оид танқидий хабарларни тўхтатиш учун бир талай кузатувчилар ёллаган. Айрим ҳолларда «бир йиллик», «фош этувчи» каби атамалар Хитой веб-сайтларидан ўчириб ташланган.

«Давлат оммавий ахборот воситаларига берилган йўриқномага кўра, сўнгги ташвиқот буйруғида эпидемия тарқаганининг бир йиллигини ёритиш очиқдан-очиқ тақиқланган», деб хабар беради New York Times нашри.

23 январ куни Ухандаги 76 кунлик карантиннинг бир йиллиги Хитойда деярли тилга олинмади, ҳукумат расмий баёнот эълон қилмади ва бу мавзу давлат оммавий ахборот воситаларида ҳам номигагина зикр қилинди.

Beijing News нашри қатъий карантин чоралари бутун дунёга намуна бўлиши кераклигини айтар экан, Ухандаги қурбонлар ва вируснинг доимий хавфини таъкидлаш билан «аралаш ҳиссиётларни» изҳор этган.

«Бепарволик сабабли қийинчилик билан эришган пандемия натижаларини қўлдан бой бермаслигимиз ва эпидемия қайта бошланишига йўл қўймаслигимиз керак», дейилади баёнотда.

«Уханга қойил қолиш керак», дейилади унда. «Қўрқмас ва кучли Хитой халқига ҳурмат бажо келтириш керак!»

Хитой расмийлари «жуда асабий»

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) мутахассислари коронавирус келиб чиқишини ўрганиш учун шаҳарга ташриф буюрганларидан кейин Пекиннинг сўнгги ҳафталардаги фаолияти янада шошилинч тус олди.

Хитой ҳукумати жорий ой бошидаги ташрифига тўсқинлик қилганидан кейин 13 нафар олимдан иборат халқаро жамоа 14 январ куни Уханга етиб келган ва пайшанба (28 январ) куни 14 кунлик карантиндан чиқиши кутилмоқда.

ЖССТ Уханда ўз ишини олиб борар экан, шаҳарда коронавирусдан вафот этганларнинг яқинлари Хитой ҳукумати уларнинг ижтимоий тармоқдаги гуруҳларини ўчириб юборгани ва сукут сақлашлари учун босим ўтказаётганини айтганлар.

Ўтган йили WeChat ижтимоий тармоғи платформасида 80 дан 100 га қадар оилалар вакиллари томонидан фойдаланиб келинган гуруҳ 10 кун аввал тўсатдан ўчириб юборилган. Бу ҳақда чоршанба куни гуруҳ аъзоси ва пандемия назоратининг қатъий танқидчиси Чжан Хай маълум қилган.

«Бу Хитой расмийларининг жуда асабий экани, мазкур оилаларнинг ЖССТ мутахассислари билан алоқага чиқишидан қўрқишини кўрсатади», деб айтган 51 яшар Чжан. Унинг COVID-19га чалинишда гумон қилинган отаси пандемиянинг бошида вафот этган.

«ЖССТ Уханга етиб келганда ҳукумат учта гуруҳни мажбуран ўчириб ташлаган. Натижада кўп аъзолар билан алоқани йўқотдик», деб қўшимча қилган у.

Қолган қариндошлар ҳам гуруҳнинг ўчирилганини тасдиқлаганлар.

Яна бир оила аъзоси, нафақахўр ўтган йил январ ойида қизи вирусдан ўлгани ҳақида, ўтган ҳафта ҳукуматдан чақириб «ОАВлар билан гаплашмаслик ва маълумотлардан бошқалар фойдаланмаслиги» ҳақида огоҳлантирилганини AFP нашрига сўзлаб берган.

Сешанба куни унинг уйига келган расмийлар «ўша эски ашулани айтиб, менга «ҳамдардлик тўлови» сифатида 5000 юан (775 доллар) бериб кетишди», деб қўшимча қилди у ўз исмини ошкор этмасликни сўраб.

Расмий тўсқинлик

Қурбонларнинг қариндошлари Ухань ва Хубей маҳаллий ҳокимиятларини 2019 йил декабрида COVID-19 вируси илк бор тарқаганида касалликни яшириш билан уни назоратдан чиқариб юборганликда, жамоатчиликни огоҳлантирмаганлик ва жавоб чоралари кўрмаганликда айбламоқдалар.

Хитой расмийларига кўра, COVID-19 вируси Уханда 3900 киши ҳаётига зомин бўлган, бу мазкур ҳудудда вафот этган 4636 нафар беморнинг аксарият қисмини ташкил қилади.

Қурбонларнинг аксар қариндошлари бу рақамларга ишонмайди, уларга кўра, вирус тарқаган илк кунларда тестлар етишмагани сабаб кўпчилик касаллиги тасдиқланмай вафот этган бўлиши мумкин.

Ҳозирга келиб, касалликдан дунё бўйлаб икки миллиондан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Хитой ҳукумати бутун дунёда гуманитар ва иқтисодий ҳалокатга сабаб бўлган вирусни ҳеч қандай исботсиз бошқа жойда пайдо бўлганини даъво қилиш билан даҳшатли айбни ўз зиммасига олмаслик йўлини изламоқда.

Хитой Компартияси унинг ҳокимиятини ёмон қилиб кўрсатувчи ҳар қандай ахборотни бостиради. Эпидемия тарқалишининг илк кунлари ҳали ҳам Хитой учун нозик мавзу бўлиб қолмоқда.

Вирус кўршапалаклардан келиб чиққан ва Ухандаги ёввойи ҳайвонлар гўшти сотиладиган денгиз маҳсулотлари бозоридан тарқаган, деб ишонилади.

Пекиннинг махфийлик, дезинформация ва кечиктириш тарихини ҳисобга олган ҳолда ЖССТ жамоаси қанча нарсани очиқлаши номаълум ва ноаниқлигича қолмоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500