Карвонсарой
Саломатлик

Халқаро тергов гуруҳи Хитойни COVID-19 вирусининг келиб чиқишига оид маълумотларни яширишда айблади

Карвонсарой ва AFP

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислар гуруҳининг Уханга ташрифи якунлари юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида сўзга чиққан Питер Бен Эмбарек, 9 феврал. [Гектор Ретамал/AFP]

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислар гуруҳининг Уханга ташрифи якунлари юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида сўзга чиққан Питер Бен Эмбарек, 9 феврал. [Гектор Ретамал/AFP]

ПЕКИН – Хитой ҳукуматининг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) мутахассисларига дастлабки COVID-19 ҳолатлари бўйича қайта ишланмаган маълумотларни топширишдан бош тортгани пандемия келиб чиқишини ўрганаётган мутахассисларни ранжитган.

Коронавирус келиб чиқишини инкор этиш, ёлғонга чиқариш, адаштириш ва чалкаштиришлардан бир неча ой ўтганидан сўнг, Пекиннинг шаффоф эмаслигидан ажабланмаса ҳам бўлади.

Хитой режимининг воқеликни бузиб кўрсатиши ва кейинроқ касаллик тарқалиши билан боғлиқ ёлғонларни оқлашга уринишлари энг аввало пандемия маркази бўлган Уханнинг ўзида юз бермоқда.

ЖССТ гуруҳи якуний хулосага келмасдан, Уханда бир ой давом этган миссиясини якунлаган.

Хитойнинг марказий Хубей вилояти, Ухан шаҳридаги шифохонада COVID-19 коронавирус тестини топшираётган эркак, 2021 йил, 7 феврал. [Гектор Ретамал / AFP]

Хитойнинг марказий Хубей вилояти, Ухан шаҳридаги шифохонада COVID-19 коронавирус тестини топшираётган эркак, 2021 йил, 7 феврал. [Гектор Ретамал / AFP]

Рождество арафасида Шанхайдаги савдо мажмуаси мажмуаси яқинида байрамга атаб ўрнатилган инсталляция олдида ниқобсиз селфига тушаётган одамлар, 2020 йилнинг 24 декабр куни олинган сурат. [STR / AFP]

Рождество арафасида Шанхайдаги савдо мажмуаси мажмуаси яқинида байрамга атаб ўрнатилган инсталляция олдида ниқобсиз селфига тушаётган одамлар, 2020 йилнинг 24 декабр куни олинган сурат. [STR / AFP]

«Бизга қўшимча маълумотлар керак. Биз қўшимча маълумотлар тақдим этишни сўрадик», деди ЖССТнинг Ухандаги миссиясига бошчилик қилган Питер Бен Эмбарек AFP нашрига.

«Маълум муддат ичида бажарилиши керак бўлган вазифаларга оид реалистик умидлар ва умидсизликдан иборат аралаш ҳиссиёт мавжуд», деди у.

Жамоамиз COVID эҳтимолидан дарак берувчи дастлабки касалланишлар, жумладан пневмония, грипп ва иситма ҳолатларига оид қайта ишланмаган маълумотларга эга бўлишни истаган эди, деди Бен Эмбарек.

Миссия иш бошлагунига қадар хитойлик олимлар ўз тизимларини текшириб чиқиб, октябр-декабр ойлари оралиғида 72 мингта шундай ҳолатларни аниқлаганлар.

Улар COVID эҳтимолидан дарак берувчи бу ҳолатларни аниқлаштириш учун қатор мезонларни қўллаб, рўйхатни ўрганилишга лойиқ бўлган 92 та ҳолатгача қисқартирганлар.

Бен Эмбарекка кўра, гуруҳ қандай мезонлар қўлланганини билишга уринган, аммо бу фойда бермаган.

«Рўйхатнинг нима учун 72 мингдан 92 тагача қисқартирилганини тушунишга ҳаракат қиляпмиз», деди у. Сўраган маълумотларимиз «каттароқ ҳажмдаги ҳолатлар билан ишлашимиз учун унча қатъий бўлмаган мезонларни» қўллаш имконини берган бўларди, деб қўшимча қилди у.

Беморларнинг деярли учдан бир қисми ё вафот этган ё тадқиқотда иштирок этишдан бош тортган, Хитой ҳукумати эса сўнгги ойлар ичида 67 кишида антитаначалар бор-йўқлигини аниқлаш бўйича серологик тест ўтказган. Уларнинг ҳаммаси COVID-19 вирусига манфий натижа кўрсатган.

ЖССТнинг айрим мутахассислари эҳтимолий касалланишдан шунча вақт ўтганидан сўнг олинган тест синовларининг ишончли эканига шубҳа билдирганлар. Уларнинг айтишича, бу вақт ичида антитаначалар аниқлаб бўлмайдиган даражада камайиб кетган бўлиши мумкин.

Дипломатик дор

Гуруҳ аъзолари «дипломатик дор» устидан юришга мажбур бўлганлар.

Қўшма Штатлар, Бирлашган Қироллик ва бошқа давлатлар ЖССТ гуруҳининг Уханга бориши кечиккани ва миссиянинг илк касалланиш ҳолати қайд этилганига бир йилдан ошган пайтда ўтказилаётганини жиддий танқид қилдилар.

Шанба (13 феврал) куни АҚШнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Хитой режимининг COVID-19 бўйича тергови юзасидан «чуқур хавотир» билдирар экан, уни «эпидемиянинг дастлабки кунларига оид маълумотларни тақдим этишга» чақирди.

ЖССТ инспекторлари миссия билан боғлиқ кутилмаларни пасайтиришга уриниб, дастлабки текширувни «ишнинг бошланиши» деб атаганлар.

Аммо бир йиллик кутиш ва айримлар томонидан мустаҳкам назорат остидаги «пиар» сафари деб кўрилган тўрт ҳафталик жараён янада кўпроқ саволларни келтириб чиқарди ва Хитойнинг бутун дунё билан зиддиятларини янада кучайтирди.

Хитой ҳукумати ҳақиқатни топишга ёрдамлашиш ўрнига айбни ўзидан соқит қилиш орқали Хитойнинг «мардонавор» ҳаракатлари ва иқтисодий тикланишига эътиборни жалб қилди.

Пекин вирус Хитойга музлатилган денгиз маҳсулотлари каби қадоқланган товарлари орқали келиб қолгани ҳақидаги назарияларни (буни ЖССТ ҳам истисно этмаган) ёки Италия ёки Қўшма Штаталарда келиб чиққани ҳақида далилсиз тахминларни қайта-қайта илгари сурди.

Касаллик кўршапалакларда бошланиб, кейинчалик одамларга бошқа сут эмизувчи орқали юққан бўлиши мумкин, дейди мутахассислар.

12 феврал куни Женевада бўлиб ўтган матбуот анжуманида Бен Эмбарек қатори сўзга чиққан ЖССТ раиси Тедрос Адханом Гебрейесус «жуда оғир шароитларда ғоят муҳим илмий иш олиб боргани» учун гуруҳни олқишлади.

«Баъзи фаразлар бекор қилинган ёки қилинмагани ҳақида айрим саволлар пайдо бўлди», деди у. «Барча фаразлар очиқлигича қолмоқда.»

«Айрим ишлар миссия қамровидан ташқарида бўлиши мумкин», деб айтган Тедрос. «Бу миссия ҳамма саволларга жавоб топа олмаслигини доим таъкидлаб келганмиз, аммо у вирус келиб чиқишини бир қадар тушунишимиз учун муҳим маълумотларни тақдим этди.»

«Ҳеч кимга ишонманг»

Аммо Хитой ҳукумати ЖССТнинг Уханда касаллик тарқаган дастлабки кунларда аниқланган 174 та COVID-19 ҳолатига оид маълумотларни топшириш талабини рад этиш билан терговга тўсқинлик қилмоқда, деб хабар берган 12 феврал куни Wall Street Journal нашри.

Хитой расмийлари ва олимлари кенгайтирилган хулосалар ва таҳлилларни, шунингдек Уханда эпидемия аниқланишидан бир неча ой аввалги тиббий қайдларга асосланган ретроспектив қидирувлар бўйича маълумот ва таҳлилларни тақдим этганлар.

Аммо ЖССТ гуруҳига мустақил таҳлил ўтказишга имкон берувчи қайта ишланмаган маълумотларни кўришга изн берилмаган, деб айтган гуруҳ аъзоларидан бири.

«Улар бизга бир нечта намуналарни кўрсатишди, аммо стандарт эпидемиологик тадқиқот ҳисобланган барча жараёнларни ўзимиз ўтказишимиздек эмас», деб айтган ЖССТ гуруҳи аъзоси, австралиялик микробиолог Доминик Дуайер.

Анонимлаштирилган, аммо ажратилган бундай маълумотларни топшириш ЖССТ терговининг бир қисми бўлган стандарт амалиётдир, деб айтган гуруҳ аъзоларидан бири.

Айрим ЖССТ инспекторлари далилларнинг етишмаслиги туфайли келиб чиққан қизғин муҳокамаларни тасвирлаб берган.

«Баъзида ҳиссиётлар жунбушга келар эди», деб айтган 9 феврал куни ЖССТ гуруҳи аъзоси, даниялик эпидемиолог Тея Фишер. «Мен олимман ва маълумотларга ишонаман. Маълумотларга асосланган ҳужжатлаштирилган далилларга ишонаман. Ким нима деса ишониб кетавермайман.»

«Вирус илк жиддий клиник ҳолатлар маълум бўлгунига қадар аҳоли орасида тарқалгани аниқ», деди у.

«Бутун дунёда қайд этилган тасодифий ҳолатлар туфайли, бу ҳолатнинг Уханда бошлангани ҳақидаги тахминларга босим кучли. Аммо ҳозирча дунёнинг бошқа жойларида мен гувоҳ бўлган илмий далил-исботларни бир-бири билан таққослаб бўлмайди, деган фикрдаман», деди Фишер.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Англо-саксонлар Хитойни айблаш учун қандай уйдирмаларни ўйлаб топишмайди-я

Жавоб бериш