Карвонсарой
Саломатлик

COVID-19 келиб чиқишини текшириш давом этар экан, вируснинг Ухан лабораториясидан сизиб чиққанига оид назария кучайиб бормоқда

Карвонсарой ва AFP

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) гуруҳи аъзолари COVID-19 пандемияси келиб чиқишини текшириш учун 3 феврал куни институтга ташриф буюрган. Суратда: Ухан вирусология институти ташқарисида турган қўриқчилар.[Гектор Ретамал/AFP]

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) гуруҳи аъзолари COVID-19 пандемияси келиб чиқишини текшириш учун 3 феврал куни институтга ташриф буюрган. Суратда: Ухан вирусология институти ташқарисида турган қўриқчилар.[Гектор Ретамал/AFP]

ПЕКИН – Жаҳондаги етакчи вирусологлар ва бир қатор етакчилар терговни давом эттиришга чақирар экан, COVID-19 коронавируси Ухан лабораториясида пайдо бўлгани ҳақидаги назария яна кучаймоқда.

Аммо, бу назарияни яна бир бор йўққа чиқариш учун Пекиннинг ташвиқот машинаси ишга тушган.

2019 йил ноябр ойида, пандемиянинг илк касалланиш ҳолати қайд қилинишидан бир ой аввал Ухан вирусология институтининг уч нафар ходими коронавирусга ўхшаш аломатлар билан шифохонага ётқизилган, деб хабар беради Wall Street Journal (WSJ) якшанба (23 май) куни аввал очиқланмаган АҚШ разведкаси ҳисоботига таяниб.

Етти йил аввал хитойлик тадқиқотчилар мамлакат жануби-ғарбидаги кондан намуналар олишган, у ерда кончилар кўршапалаклардан тарқаган янги коронавирусга ўхшаш сирли касалликни юқтирганлар, дея хабар берган WSJ душанба (24 май) куни Хитойнинг иккита илмий диссертациясига асосланиб.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) гуруҳи COVID-19 пандемиясининг келиб чиқишини текшириш мақсадида Ухан Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказига ташриф буюрди. Суратда: Госпитал остонасидан марказ тарафга қараб турган ходим. [Гектор Ретамал/AFP]

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) гуруҳи COVID-19 пандемиясининг келиб чиқишини текшириш мақсадида Ухан Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказига ташриф буюрди. Суратда: Госпитал остонасидан марказ тарафга қараб турган ходим. [Гектор Ретамал/AFP]

Разведка ҳисоботига кўра, ўшанда нечта тадқиқотчи касаллангани ва уларнинг шифохонага ётқизилганига оид бир қатор янги далиллар келтирилган.

Бу натижалар COVID-19 вируси ҳақиқатан ҳам лабораториядан тарқаган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги назарияга қўшимча далил бўлиб хизмат қилади.

Пандемия сирини фош этиш

Шу йил бошида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) пандемия келиб чиқишини ўрганиш учун Уханга халқаро мутахассислар гуруҳини юборган, аммо Пекиннинг етарлича шаффоф эмаслиги ва ҳамма маълумотларни ҳам ўртоқлашмагани уларнинг ишини оғирлаштирган.

Коронавирус касаллигининг келиб чиқишини бир неча ой давомида инкор қилган, ёлғонга чиқарган, яширган ва ўзидан соқит қилишга уринган Хитойнинг шаффоф эмаслиги ажабланарли ҳолат эмас.

ЖССТ ва унинг хитойлик ҳамкасбларига тегишли узоқ кутилган ҳисоботда ҳеч қандай аниқ хулоса келтирилмаган бўлса-да, вирус кўршапалаклардан одамга учинчи ҳайвон орқали ўтган бўлиши мумкинлиги айтилади.

Дастлаб, мутахассисларнинг ҳисоботига кўра, вирус лабораториядан тарқаган бўлиши «эҳтимоли жуда кам» дейилган эди.

Ҳисобот эълон қилинганидан кейин ЖССТ раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус барча назариялар ўз кучида қолганини таъкидлаган.

Хитойнинг «мардонавор» чоралари ва касалликдан тикланиши ҳамда режимнинг кечикишларини оқлаш ва касаллик тарқаб кетганини рад этишларини алоҳида таъкидлаш орқали пандемия нарративини ўзгартиришга уринаётган Пекин расмийлари вирус чиқиб кетгани ҳақидаги назарияга қатъиян қарши чиқмоқдалар.

Касалликнинг лабораториядан чиққани ҳақидаги назарияни қайта тиклаш ЖССТ терговига нисбатан «ҳурматсизлик» бўлиб, у «вирусга қарши глобал кураш бирдамлигига путур етказади», деб айтган Хитой ташқи ишлар вакили Чжао Лицзян 26 май куни аввалги раддияларни такрорлаб.

Сешанба куни ЖССТга аъзо давлатларининг асосий йиллик учрашувида чиқиш қилган бир қатор мамлакатлар вакиллари қандай қилиб COVID-19 вируси одамлар орасида тарқаганига аниқлик киритиш кераклигини таъкидлаганлар.

Ўлимга олиб келиш эҳтимоли бўлган COVID-19 вирусининг қандай тарқаганини ўрганиш келгуси пандемияларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этиши мумкин.

«Биз COVID-19 вирусининг келиб чиқиши мутахассислар томонидан тергов қилиниши муҳимлигини таъкидлаймиз», деб айтган АҚШ вакили Жереми Кониндик Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясида (ЖССА).

Европа Иттифоқи, Австралия ва Япония терговни давом эттиришга чақирганлар қаторида бўлишган, Британия вакили эса «тергов ўз вақтида, мутахассислар бошқарувида ва мустаҳкам илмий асосланган ҳолда» ўтказилиши кераклигини таъкидлаган.

Раддиялар ва дезинформация

Терговга ҳар томонлама мазмунли ёрдам бериш ўрнига, Хитой режими айбни ўзидан соқит қилиш ва дезинформация тарқатиш йўлига қайтди.

АҚШнинг юқумли касалликлар бўйича мутахассиси Энтони Фаучи ва WSJ нашри ҳисоботи унинг сўнгги нишонига айланди.

Давлатга қарашли Global Times нашрининг бош муҳаррири Ху Сицзиннинг «АҚШ элитаси ахлоқий жиҳатдан тобора таназзулга учрамоқда, Фаучи эса улардан бири» деб номланган мақоласи сешанба куни чоп этилган.

Ху WSJ нашрининг хабарини «Хитойни обрўсизлантирувчи фитна» деб атаган. Фаучи «Хитойга қарши улкан ёлғон тарқатмоқда», деб даъво қилган у.

Ухан миллий биохавфсизлик лабораторияси раҳбари Юан Чжимин WSJ мақоласини «мутлақо ёлғон» деб атаган.

«Уларнинг даъволари асоссиз», деб айтган у Global Times нашрига.

Хитойнинг ғазаби ҳамда унинг америкалик олимларни ёмонотлиқ қилишга уринишлари шу ой бошида Фаучининг COVID-19 пандемияси табиий равишда тарқамаган, деган даъволаридан кейин келиб чиққан.

«Менимча биз қўлимиздан келганича Хитойда нима юз берганини аниқламагунимизча терговни давом эттиришимиз керак», деб айтган у 11 май куни.

Келажакдаги глобал фалокатларнинг олдини олиш

АҚШ президенти Жо Байден чоршанба куни АҚШ разведка идораларидан COVID-19 вируси Хитойда илк марта ҳайвондан ёки лабораториядаги фавқулодда вазият натижасида пайдо бўлганини аниқлаб, уч ой ичида унга ҳисобот беришни буюрган.

Баёнотга кўра, разведка идоралари «иккита эҳтимолий сценарийга асосланмоқда», аммо Хитойда вирус қандай тарқагани борасида ҳамон аниқ бир ечимга келишмаган, деб айтган Байден.

Идоралар «бизни якуний хулосага олиб келадиган маълумотни тўплаш ва таҳлил қилиш учун ўз саъй-ҳаракатларини икки баробар кучайтиришлари керак», деб таъкидлаган у.

2020 йил аввалида пандемия бошланган пайт Байден вирусга қарши самарали кураш мақсадида уни яхшироқ ўрганиш учун терговчиларни Хитойга киритиш имкониятини топишга чақирган.

«Касаллик тарқаган илк ойларда мутахассисларимизни керакли жойга юбора олмаганимиз бундан буён COVID-19 вирусининг келиб чиқишини ўрганишга оид терговга тўсқинлик қилади», деган эди Байден.

Улар касалликнинг лабораториядан тарқаб кетгани ҳақидаги тахминлардан қочишга ҳаракат қилган бўлсалар-да, халқаро миқёсдаги бир қанча олимлар бу назарияни чуқурроқ, янада илмийроқ ёндашув билан ўрганиш кераклигини айтганлар.

Ўтган йили ЖССАда Пекин билан дастлаб муҳокама қилинган ва тасдиқланган ЖССТнинг илк терговида касалликнинг «зооноз» ёки ҳайвондан келиб чиқишини аниқлаш вазифа қилиб белгилангани ҳақида шикоятлар бўлган.

Сешанба (1 июн) куни якунланадиган ЖССАда терговнинг кейинги босқичларини ҳал қилиш ва мақсадни қайта белгилаш чақириқлари янграган.

АҚШ соғқиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазири Ксавье Бесерра янги шартларни қўллаб-қувватлади.

«COVID касаллигининг келиб чиқишини ўрганиш бўйича янги тергов шаффоф, илмий асосланган бўлиши, шунингдек, халқаро мутахассисларга вирус манбаи ва у тарқаган илк кунлар ҳақида маълумотларни баҳолашда эркинлик берилиши керак», деб мурожаат қилган у ЖССАга.

«Терговнинг мақсади айблаш эмас, балки илмий асосга эга бўлиш, вирус ва касалланишнинг келиб чиқишини аниқлаш, келажакда глобал фалокатлар юз беришининг олдини олишда бизга ёрдам беришдир», деб айтган Кониндик.

Пайшанба куни Чжао пандемия бўйича янги тергов ўтказиш заруриятини рад этган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Махфийлик ва дезинформация – бу иккала ҳаракат ҳам уларни оқламайди; аксинча, уларга нисбатан муносабатни ёмонлаштиради. Улар очилиб, тергов ўтказишга рухсат беришганида, муаммонинг тезроқ ҳал этилиши ва келажакда бундай пандемиянинг такрорланмаслигини истаётганларига ҳамма ишонар эди. Лекин, қаралсаки, кўршапалаклардан юққани айтилаётган, одамларда топилган бу вирус ҳақиқатан ҳам ўша лабораториядан топилганга ўхшайди. Бошқа вариант кўрмаяпман.

Жавоб бериш

Бу вирус Россияда, «Вектор» давлат вирусология ва биотехнология илмий-тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган. Россия туфайли хитойликлар емаган сомсасига пул тўламаслиги керак.

Жавоб бериш