Карвонсарой
Саломатлик

Дунё мамлакатлари Хитойнинг «вакцина дипломатиясидан» хавотирда

Карвонсарой

Пекиндаги Халқлар йиғини катта залида 2020 йилнинг 28 май куни ўтган Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши мажлисидан сўнг қўли билан ишора қилаётган қўриқчи. [Nicolas Asfouri/AFP]

Пекиндаги Халқлар йиғини катта залида 2020 йилнинг 28 май куни ўтган Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши мажлисидан сўнг қўли билан ишора қилаётган қўриқчи. [Nicolas Asfouri/AFP]

Хитой режими ўз манфаатлари учун муҳим саналган минтақаларда «вакцина дипломатияси» билан шуғулланмоқда – самарали COVID-19 вакцинасини тақдим этиш ваъдаси билан дипломатик бартер таклиф қиляпти. Дунёнинг кўплаб давлатлари Пекиннинг асл мақсадларига нисбатан тобора сергакроқ бўлиб бормоқдалар.

Хитойнинг келажаги яхши вакцина ишлаб чиқишдаги муваффақиятига ва айниқса, кўпгина мамлакатларнинг уни қўлга киритиш истагига боғлиқ, дейди, дейди RAND корпорациясининг эпидемиологи ва хитойлик тадқиқотчи Женнифер Хуанг Буэй.

«Бу унинг дипломатияси ва COVID ҳақидаги нарративни ўзгартиришида қўл келади», деди у The New York Times билан суҳбатда.

Хитой режими Ухань шаҳрида коронавирус пайдо бўлганидан бери пандемия билан боғлиқ нарративни мамлакатнинг касаллик тарқалишини тўхтатишга муваффақ бўлгани ҳақидаги афсонага ўзгартиришга уринмоқда.

27 март куни Жакарта халқаро аэропортида тиббий жиҳозлар ва гуманитар ёрдам қутиларини қўриқлаётган индонезиялик икки ҳарбий хизматчи. Суратда COVID-19 пандемиясига қарши курашда Хитойдан Индонезияга ёрдам тариқасида юборилган 40 тонна юкнинг бир қисми акс этган. [FAJRIN RAHARJO / AFP]

27 март куни Жакарта халқаро аэропортида тиббий жиҳозлар ва гуманитар ёрдам қутиларини қўриқлаётган индонезиялик икки ҳарбий хизматчи. Суратда COVID-19 пандемиясига қарши курашда Хитойдан Индонезияга ёрдам тариқасида юборилган 40 тонна юкнинг бир қисми акс этган. [FAJRIN RAHARJO / AFP]

Хитойнинг коронавирус пандемиясига қарши «мардонавор» курашини мадҳ қилувчи расмлардан бири мамлакат миллий музейида кўргазмага қўйилган. [Jiang Dong/China Daily]

Хитойнинг коронавирус пандемиясига қарши «мардонавор» курашини мадҳ қилувчи расмлардан бири мамлакат миллий музейида кўргазмага қўйилган. [Jiang Dong/China Daily]

Аммо ҳали ҳам пандемия ва иқтисодиётга етказилган мислсиз зарардан ўнглана олмаётган дунё давлатлари раҳбарлари Пекиннинг эпидемияга қарши чораларини танқид остига олганлар.

Пекин COVID-19 эпидемиясига бепарво муносабатда бўлгани ва айбни ўзидан соқит қилиб, ёлғон маълумотлар ёйинлашга қаратилган дезинформация кампаниялари учун маломат қилинган эди.

Вирус ўтган йили илк бор пайдо бўлганида Хитой ушбу респиратор касаллик ҳақидаги хабарларни яшириб, унинг юқиш хавфини камайтириб кўрсатишга уринган.

Бутун дунёда COVID-19га қарши самарали вакцина ишлаб чиқиш пойгаси кетаётган бир пайтда, хитойлик хакерлар бир неча мамлакатдаги университетлар, илмий-тадқиқот институтлари ва фармацевтика компанияларидан вакцинага оид ишланмалар маълумотларини ўғирлашга уринди, деб хабар беради Ғарб давлатларининг разведка идоралари.

Анъанавий синов жараёнини четлаб ўтган ҳолда ўн минглаб хитойликларни текширилмаган COVID-19 тест вакциналари билан эмлаётган Хитой одамлар саломатлиги ва потенциал вакцина самарадорлигини хавф остида қолдирмоқда.

Шу каби барча хатти-ҳаракатларга қарамай, Пекин расмийлари тижорий айбловлар «янада каттароқ фалокатга олиб келиши мумкинлиги» айтганлар. Хитой ташқи ишлар вазири Ван И 28 сентябрь куни Пекинда Хитой Халқ дипломатияси уюшмаси биргаликда ўтказилган анжуманда бу ҳақда маълум қилган.

COVID-19 ҳақидаги нарративни ўзгартириш

Пекин ўз иттифоқдошлари ва эски душманларига ҳар қандай муваффақиятли вакцинадан фойдаланиш ҳуқуқини беришни ваъда қилиш орқали ҳам воқеликни ўзгартиришга умид қилмоқда.

Хитой президенти Си Цзинпин сентябрь ойи бошида анчадан бери Хитойнинг минтақадаги иқтисодий тажовузидан шубҳада бўлган Индонезияни тинчитиш учун вакцина бўйича ҳамкорлик олиб боришга ваъда берди, деб хабар қилган New York Times нашри 11 сентябр куни.

Хитой ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, Си икки мамлакат ҳамкорлигини ўзаро муносабатлардаги «янги ёрқин нуқта» деб атаган.

Хитой режимининг минтақада қурғоқчиликка сабаб бўлаётгани ҳақидаги танқидларга муносабат билдириш мақсадида, Хитой бош вазири Ли Кэцян август ойида Тайланд, Лаос, Камбоджа ва Вьетнам расмийлари билан музокара ўтказган.

Пекин улар учун катта миқдорда вакцинани ажратиб қўйиши ёки вакцина формулалари ва таркиби билан бўлишишни ваъда қилган, деб хабар беради Asia Times 26 август куни.

Таклиф умуман олганда яхши қабул қилинган, аммо баъзилар Пекиннинг бу саховати ортидаги шартлар билан қизиққанлар.

Июль ойида депутатларга сўзлаган Филиппин президенти Родриго Дутерте вакцина билан ёрдам беришини сўраб Сига «мурожаат қилганини» айтган, деб ёзади New York Times нашри.

У Жанубий Хитой денгизи масаласида Хитой ҳукуматига қаршилик қилмаслигини билдирган. Пекин бу минтақада бошқа давлатларнинг ҳудудий даъволарини инобатга олмай, табиий бойликлар излаш мақсадида сунъий ороллар қурган ва аскарлар жойлаштирган.

Бу воқеадан бир кун ўтиб, Хитой ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Хитой ҳукумати Филиппинга вакцинадан фойдаланишда устуворлик беришини айтди.

Хитой «ёрдами» атрофидаги шубҳалар

Хитой расмийлари Африка, Лотин Америкаси, Кариб ороллари, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё давлатларига ҳам шунга ўхшаш таклифлар билан чиққан.

«Ваъда берамизки, Хитойда COVID-19 вакцинаси ишлаб чиқилиб, қўллашга тайёр бўлиши билан Африка мамлакатлари биринчилардан бўлиб ундан фойдаланадилар», деб айтган Си Африка етакчиларига июнь ойида.

Июль ойида Ванг Хитойнинг Лотин Америкаси ва Кариб оролларига вакцина сотиб олиш учун 1 млрд. АҚШ доллари миқдорида кредит ажратишини ваъда қилганди. Бу ҳақда Мексика ҳукумати хабар берган.

Август ойида у Марокаш ташқи ишлар вазирига Пекин дунёда COVID-19 вакцинасига бўлган талабдан фойдаланиб қолиш ниятида эмаслигини айтиб ўтган, деб хабар беради Asia Times.

«Хитой вакцинаси глобал оммавий маҳсулотга айланади ва йил охирида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб олганимиздан кейин биз Марокаш каби Африка мамлакатларига устуворлик берамиз», деб айтган Ванг.

Аммо ҳамма ҳам Хитойнинг «ёрдамини» олишга ошиқмаяпти. Кўпчилик бундай ҳамкорлик оқибатларини савол остига олмоқда.

«Шубҳаланиш керакми ёки миннатдор бўлиш?», дея савол беради Хитой ва Индонезия ташқи сиёсий муносабатларини ўрганаётган Индонезия Ислом университети академиги Зулфиқор Раҳмат.

«Менимча иккови ҳам», деб айтган у New York Times нашрига.

Пекинда жойлашган Sinovac Biotech сентябр охирида бошланиши керак бўлган 3-босқич синовлари учун Бангладешни 110 мингдан ортиқ бепул вакцина билан таъминлашга рози бўлган.

Вакцина хавфсиз экани тасдиқланган тақдирда, компания Бангладешнинг «ихтисослашган» фармацевтик компаниясига арзонлаштирилган нархда вакцина ишлаб чиқариш учун рухсат беришини айтган.

Бу таклифлар бангладешликларни Хитойнинг нияти яхши эканига ишонтиришга уриниш ўлароқ баҳоланмоқда, чунки Хитой вакциналари мамлакат фуқароларининг аксарияти учун қимматлик қилади, деган хавотирлар бор.

Аммо 24 сентябр кунги мактубда Sinovac компанияси Бангладеш ҳукумати бу ташаббусни молиялаштиришга ёрдам бермаса, синовлар кечикишини айтган, деб хабар беради Daily Star 3 октябрь куни.

Беқарор муносабатларни тиклаш

Пекин Покистонни камида 40 миллион вакцина билан таъминлаш ҳисобига бу мамлакатдаги имижини тиклашга интилмоқда. Хитойнинг «Бир камар – бир йўл» ташаббуси доирасидаги лойиҳалар Хитой манфаатларининг устуворлиги, экологияга зарарлар, хавфсизлик ва иқтисодий номутаносиблик муаммолари туфайли Покистонда норозиликлар келтилиб чиқарган, деб ёзади Asia Times.

У Афғонистон ва Непалга ҳам худди шундай ваъдалар берган.

Непал сиёсатчилари мамлакатдаги цемент заводида тиббий синовлар ўтказишга уринаётган Хитой ҳукуматининг мақсадларига сергаклик билан қарамоқда, деб хабар беради New York Times.

«Унинг ножўя таъсирларидан хабардор бўлишимиз керак-ку?», дейди Непалнинг собиқ ташқи ишлар вазири ва мамлакатнинг асосий мухолифат партияси – Nepali Congress етакчиси Пракаш Шаран Маҳат.

Афғонистон шифокорларининг айтишича, Хитойдан келтирилган сифатсиз шахсий ҳимоя воситалари афғонистонликлар ҳаётини хавф остида қолдирган.

«Шифокорлар фойдаланаётган сифатсиз воситалар улар учун жиддий хавф туғдиради. Шахсий ҳимоя воситалари эса тиббий ходимлари фойдаланишидан аввал синовдан ўтиши керак», деб огоҳлантирган эди май ойида кобуллик доктор Насим Хошимий Хитойдан келтирилган тиббий воситаларни назарда тутиб.

Покистондаги тиббиёт ходимлари Хитойда ишлаб чиқарилган носоз нафас олдириш қурилмалари COVID-19га чалинган кўплаб беморлар ўлимига сабаб бўлганини айтганлар.

Мамлакат соғлиқни сақлаш ходимлари Хитойда ишлаб чиқарилган сифатсиз нафас олдириш аппаратларидан ташқари, ноаниқ ишлайдиган ҳарорат ўлчагичлар, сифатсиз юз ниқоблари ва бахилаларга ҳам жиддий эътироз билдирган.

Ҳиндистон Хитойнинг Бангладеш ва Непалга таклифига жавобан ўз иттифоқчиларини вакциналар билан таъминлашга ваъда берди.

Жорий йилда АҚШ ҳукумати бутун дунё бўйлаб COVID-19га қарши кураш учун 20 млрд. доллардан ортиқ маблағ ажратган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500