Саломатлик

Коронавирусга қарши Хитой вакцинасининг ноодатий синовлари мутахассислар орасида тушунмовчилик келтириб чиқармоқда

Карвонсарой

image

Yisheng Biopharma лабораториясида коронавирусга қарши вакцина устида ишлаётган тадқиқотчилар, 9 июн, Хитойнинг Шеньян шаҳри. Yisheng Biopharma – вакцина яратиш мусобақасида иштирок этаётган Хитой лабораторияларидан бири бўлиб, бу ерда тадқиқотчилар дам олиш кунлари ҳам ишлайдилар. Тажриба учун маймунлар етишмаяпти, вакцинани хориждаги одамларда синаб кўриш режалаштирилмоқда. [NOEL CELIS/AFP]

ПЕКИН – Жаҳон аренасидаги мавқеини тиклашга интилаётган Хитой режими анъанавий синов жараёнини четлаб ўтиб, ўн минглаб хитойликларга самараси исботланмаган препаратлар бериш билан коронавирусга қарши эмлаш кампаниясини олиб бормоқда.

COVID-19га қарши текширувдан ўтган вакцина ишлаб чиқарган илк мамлакат бўлиш учун пойгалашаётган Пекин ўз фуқароларини эмлашга жалб қилган ёки мажбурлаган.

Давлат компаниялари ходимлари, ҳукумат лозим топган ишчилар ва фармацевтика компаниялари ходимларининг ўзи учта синов вакцинаси билан эмланмоқда, деб ёзади The New York Times 26 сентябрь куни.

Шунингдек, тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар, супермаркетлар ишчилари, чегара инспекторлари, авиация соҳаси ходимлари ва «ўрта ва юқори хавф ҳудудларига» саёҳат қилаётган шахсларни ҳам эмлаш тавсия қилинган.

image

Тиббий ходим ва волонтёр Пауло Роберто Оливейра 8 август куни Бразилиянинг Порту-Алегри шаҳрида COVID-19 потенциал вакциналарининг клиник синовларини ўтказиш учун тасдиқланган Хитойнинг 11 компаниясидан бири – Sinovac Biotech томонидан ишлаб чиқарилган COVID-19 вакцинаси билан эмланмоқда. Вакцина Бразилияда Бутантан институти билан ҳамкорликда синовдан ўтказилмоқда. [SILVIO AVILA/AFP]

image

6 сентябр куни Пекинда «China National Biotec Group» компаниясининг коронавирусга қарши синов вакцинаси тақдим этилди. [NOEL CELIS/AFP]

Июл ойида Пекин вирус юқтириш хавфи юқори бўлган муайян гуруҳлар учун синовдан ўтказилаётган вакциналарни фавқулодда қўллашни маъқуллаган эди.

The New York Times нашрининг хабар беришича, PetroChina давлат нефт гигантининг ишчилари қатъий таклиф олганлар: улар хорижий мамлакатда ишлаб, ўзларини ҳимоя қилиш учун икки вакцинадан бирини танлашлари керак.

Ҳукуматнинг таъкидлашича, клиник синовлар дастлабки босқичда вакцина хавфсиз эканлигини кўрсатган. Уларда эҳтимолий ножўя таъсирлар тилга олинмаган ва вакцинанинг тартибга солувчи органлар тасдиғидан ўтмаган бошқа хавфлари ҳақида огоҳлантиришлар йўқ.

Ходимлар «самараси исботланмаган вакциналарнинг норасмий клиник синовлари учун тажриба қуёнчалари» вазифасини ўтайдилар, деб ёзади нашр.

Хитойнинг «вакцинадан мамлакат ичида фавқулодда фойдаланишга оид рухсати» Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан маъқулланмаган, деди 26 сентябрь куни халқаро ташкилот вакили.

Вакцинанинг ноодатий синовлари

Хитой ҳукумати потенциал вакцинанинг клиник синовларига параллел равишда асосан Хитойдан ташқарида ўтказилаётган норасмий синовларда янада кўпроқ одамни эмлашни режалаштирмоқда.

3-босқич клиник синовларининг иштирокчилари диққат билан кузатилиб, назорат қилиб борилмоқда, аммо Хитой расмийлари мамлакат ичида енг шимарган ҳар бир кишига нисбатан шундай чоралар кўраётгани аниқ эмас.

Кузатувчиларга кўра, хитойлик вакцина ишлаб чиқарувчилар ва давлат компаниялари ходимлари вакцина қабул қилишда босимга дуч келмоқда.

«Компаниялар ходимлари учун хавотирлиси шуки, улар учун бу таклифни рад этиш қийин бўлиши мумкин», дейди Австралиянинг Мелбурн шаҳридаги Мердок номидаги болалар илмий-тадқиқот институтининг педиатри, доктор Ким Малхолланд. У кўплаб вакциналар, жумладан, COVID-19 вакцинаси синовини назорат қилишда иштирок этган, деб ёзади The New York Times.

Бундай ғайриоддий синовларда қанча хитойлик иштирок этгани аниқ эмас.

Эмланувчиларнинг ОАВда гапиришига йўл қўймаслик учун улардан махфий маълумотларни ошкор қилмасликка оид келишув имзолаш сўралган.

PetroChina ходимларига таклиф қилинган синов вакциналарини ишлаб чиқарган Хитойнинг Sinopharm давлат компанияси юз минглаб одам эмланганини маълум қилди.

Пекинда жойлашган Sinovac Biotech компаниясининг таъкидлашича, мамлакат ичида вакцинадан фавқулодда фойдаланиш дастури асосида шаҳарда 10 мингдан зиёд одам эмланган. Бундан ташқари, 6 сентябр куни компаниянинг деярли барча (жами 3000 га яқин) ходимлари ва уларнинг оила аъзолари вакцина олишгани хабар қилинган.

China National Biotec Group (CNBG) компаниясининг маркетинг бўйича бош директори ўринбосари Чжан Инан ҳам ўзи ишлайдиган компаниянинг вакцинаси билан эмланганини айтган, деб ёзади South China Morning Post нашри 6 сентябр куни.

«Мен сингари яна 150 нафар ходим эмланди», деди у Пекинда хизматлар билан савдо қилиш бўйича Хитой халқаро ярмаркасида.

«Сувни лойқалатиш»

Sinovac ҳам, CNBG ҳам хорижда кенг кўламли клиник синовлар олиб бормоқда.

Компания вице-президенти Чжан Юнтаонинг сўзларига кўра, CNBGнинг 3-босқич синовларига 10 га яқин мамлакатда 50 минг кўнгилли жалб этилиши кутилмоқда.

Синов жараёнлари Аргентина, Баҳрайн, Иордания, Марокаш, Перу ва Бирлашган Араб Амирликларида (БАА) давом этмоқда, деб хабар қилди Reuters 5 сентябр куни.

Покистон ва Сербия ҳам CNBG номзод вакцинасининг 3-босқич синовларида иштирок этишга розилик берган.

35 мингдан ортиқ одам эмланган БААда 3-босқич клиник синовлари ноябр ойида тугаши кутилмоқда, деб ёзади South China Morning Post.

Бу орада Sinovac Туркия, Бангладеш, Бразилия ва Индонезияда 3-босқич синовларини ўтказмоқда.

Австралиянинг Сидней шаҳридаги Янги Жанубий Уэлс университети Кирби институтининг биохавфсизлик дастури раҳбари Райна Макинтайр 3-босқич синовлари тугамагунича вакциналарни фавқулодда қўллашдан қайтарган.

«3-босқич синови натижаларини олишимиз учун 3 ойдан 6 ойгача вақт кетиши мумкин – бу унчалик катта муддат эмас», деди у The New York Times нашрига.

«Энг яхши потенциал вакцина учун 3-босқич синовлари бўйича маълумотларга эга бўлиб турган пайтимизда сувни лойқалатмоқдасиз».

Сеул шаҳридаги Халқаро вакцина институти раҳбари Жером Кимнинг айтишича, у ўзини самараси номаълум вакцина билан ҳимояланган деб ҳисоблайдиганларнинг хатти-ҳаракатларни хавфли бўлиши мумкинлигидан хавотирда.

«Бу турли салбий оқибатларга олиб келиши мумкин», деди у Times билан суҳбатда. «Улар вирус юқтирган бўлиши ва бундан бехабар бўлиши мумкин ёки вакцина қисман таъсир қилган бўлса, нисбатан симптомсиз бўлгани учун инфекция тарқатиши мумкин.»

Тарихни қайта ёзишга уриниш

Пекин COVID-19 эпидемиясига бепарво муносабатда бўлгани ва айбни ўзидан соқит қилиб, ёлғон маълумотлар ёйинлашга қаратилган дезинформация кампаниялари учун маломат қилинган эди.

Агар режим COVID-19нинг қай даражада хавфли эканлиги борасида аввалданоқ шаффоф бўлганида, бутун дунёда унга қарши чора кўриш, минглаб одамлар ҳаётини сақлаб қолиш ва кейинги тартибсизликларнинг олдини олиш учун етарли вақт бўлар эди, дейди таҳлилчи ва кузатувчилар.

Хитой расмийлари ҳалокатли касаллик авж олаётганини била туриб, деярли бир ҳафта сукут сақладилар (14-19 январ) ва Ухандаги вируснинг дунё бўйлаб тарқалиб кетишига йўл қўйдилар, деб хабар берган эди Associated Press апрел ойида.

AP ихтиёрига келиб тушган ички ҳужжатлар ва мутахассислар тахминларига кўра, ўша ҳалокатли олти кунлик сукунат чоғида камида 3000 киши касалланган.

Касалланишлар сонини кузатиб бораётган Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, душанба (5 октябр) куни ҳолатига дунё бўйлаб жами 35238623 та касалланиш ҳолати рўйхатга олинган.

Умумий ҳисобда 1037914 та ўлим қайд этилган.

Халқаро ҳамжамиятнинг эътирозига дуч келган Пекин COVID-19 пандемиясига қарши курашда ўзининг «мардонавор хатти-ҳаракатлари» ҳақида бонг уришда давом этди.

«Ниқобли дипломатия»

Бу орада Хитой компаниялари пандемияни даромад манбаига айлантирганлар.

Хитой режими касаллик авж олиши ортидан юзага келган талабни қондириш учун шахсий ҳимоя воситалари ишлаб чиқаришга зўр берди.

Биринчи ярим йилликда 73 мингдан ортиқ, жумладан, нарх ва талабнинг кескин ортиши туфайли апрел ойининг ўзида 36 мингдан ортиқ янги компания ниқоб ишлаб чиқарувчи сифатида рўйхатдан ўтган.

Март-май оралиғида Хитой 50 миллиард донадан ортиқ ниқоб экспорт қилган, бу ўтган йилги ҳажмдан 10 марта кўп, дейди таҳлилчилар.

Бу каби чоралар доирасида Хитой расмийлари Шинжон ҳудудидаги мусулмон озчиликни шахсий ҳимоя воситалари ишлаб чиқарувчи заводларда ишлашга мажбурламоқдалар. The New York Times газетасининг юзлаб видео, фотосуратлар ва расмий ҳужжатларга асосланган ҳисоботи шундан далолат беради.

Бу Пекин томонидан олиб борилаётган дастурнинг бир қисми бўлиб, унинг доирасида охирги бир неча йил ичида миллиондан ортиқ мусулмонлар, жумладан этник қозоқлар ва қирғизлар мафкуравий лагерларга жойлаштирилган.

Ниқоблар бутун дунё бўйлаб сотилмоқда ёки ташвиқот қуроли ўлароқ ҳадя қилинмоқда. Таҳлилчилар буни вирус билан боғлиқ айбни соқит қилиш йўлидаги «ниқоблар дипломатияси», деб атаганлар. Шунга бўлса-да, айрим ҳолларда паст сифат сабабли бундай чора ҳам кўнгилсиз оқибатларга олиб келган.

Шундай ҳолатларнинг бирида Хитой компанияларидан бири шифокорларни ҳимоялашга мўлжалланган ярим миллион дона қалбаки COVID-19 ниқобларни сотган. Компания ниқобларнинг коронавирус беморлари билан ишловчи тиббий ходимлар учун N95 стандартларига жавоб беришини ва расман сертификат олганини ёлғондан даъво қилган.

Покистондаги тиббиёт ходимлари Хитойда ишлаб чиқарилган носоз нафас олдириш қурилмалари COVID-19га чалинган кўплаб беморлар ўлимига сабаб бўлганини айтганлар. Мамлакат соғлиқни сақлаш ходимлари сифатсиз нафас олдириш аппаратларидан ташқари, ноаниқ ишлайдиган ҳарорат ўлчагичлар, сифатсиз юз ниқоблари ва бахилалардан ҳам кўп шикоят қилишган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2
Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Мен бу вабони ўйлаб чиқариб, тарқатганларни очиқлаган AP агентлиги ва Трампни қўллаб-қувватлайман. Менинг фикрим уларники билан бир хил.

Жавоб бериш

Сўкиш мусобақасида ким ютса ҳам

Жавоб бериш