Карвонсарой
Бизнес

Хитойнинг глобал тараққиётга оид лойиҳаларида катта ёриқлар пайдо бўла бошлади

Карвонсарой

Эквадорнинг CELEC давлат электр энергетика компаниясининг бош менежери Гонсало Укиляс (ўнгда) мамлакатнинг бошқа расмийлари билан Напо шаҳридаги матбуот анжумани олдидан Coca Codo Sinclair ГЭСини кўздан кечирмоқда, 2018 йил, 20 ноябр. [Кристина Вега/AFP]

Эквадорнинг CELEC давлат электр энергетика компаниясининг бош менежери Гонсало Укиляс (ўнгда) мамлакатнинг бошқа расмийлари билан Напо шаҳридаги матбуот анжумани олдидан Coca Codo Sinclair ГЭСини кўздан кечирмоқда, 2018 йил, 20 ноябр. [Кристина Вега/AFP]

Қарийб 150 мамлакатни қамраб олган ўнлаб инфратузилма лойиҳалари билан Хитойнинг «Бир камар, бир йўл» номи билан ҳам танилган «Камар ва йўл» ташаббуси дунёдаги энг йирик тараққиёт лойиҳаларидан бирига айланган.

Аммо Хитой етакчиси Си Цзинпин бу лойиҳани ишга туширганидан қарийб ўн йил ўтиб, унинг ғояси ва реал амалиёти ўртасидаги номутаносиблик яққол кўзга ташланиб бормоқда.

Бундан ташқари, Хитой томонидан молиялаштирилувчи инфратузилмага қарам бўлган ҳукуматлар ва аҳоли лойиҳаларнинг ўзида жиддий тузилмавий ва муҳандислик камчиликларини аниқлай бошлаган.

«Камар ва йўл» лойиҳаси мезбон мамлакатларда «тинчлик, ҳамкорлик, тараққиёт ва ўзаро манфаат»ни тарғиб қилиш ўрнига, Хитойнинг «қарз тузоғи дипломатияси» ва бутун дунё бўйлаб ҳарбий иштирокини кенгайтириш учун ниқоб бўлиб хизмат қилмоқда, дейилади Коломбо (Шри-Ланка) шаҳридаги Жануб-Жануб тадқиқот ташаббусининг (SSRI) 26 январ куни чоп этилган ҳисоботида.

2017 йилнинг 1 ноябрида олинган ушбу суратда Покистон бошқарувидаги Кашмир пойтахти Музаффаробод чеккасида жойлашган Нилум-Желум гидроэлектростанциясининг қувват тақсимлаш пунктида ишлаётган хитойлик муҳандис акс этган. [Сажод Қаюм/AFP]

2017 йилнинг 1 ноябрида олинган ушбу суратда Покистон бошқарувидаги Кашмир пойтахти Музаффаробод чеккасида жойлашган Нилум-Желум гидроэлектростанциясининг қувват тақсимлаш пунктида ишлаётган хитойлик муҳандис акс этган. [Сажод Қаюм/AFP]

SSRI Хитойнинг Замбия, Ангола, Лаос, Шри-Ланка ва Покистон билан ўзаро алоқаларини таҳлил қилган.

Умуман олганда, «Камар ва йўл» билан боғлиқ бир қанча асосий муаммолар аниқланган: давлат қарзининг кескин ўсиши ва иқтисодий инқироз; шаффофликнинг йўқлиги ва коррупция; ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий ва хавфсизлик соҳасидаги тартибсизликлар ва экологик муаммолар.

Ҳисоботга кўра, Замбияда ҳукумат хитойлик инвесторларнинг саноат секторини вайрон қилувчи зарарли амалиётларига кўз юммоқда, Анголада Хитойнинг кўчмас мулк секторига киритган сармояси маҳаллий аҳолига фойда келтирмаяпти, Лаоснинг Хитой олдидаги қарзи эса уни Пекиннинг таъсирига заифлаштирмоқда.

Айниқса, Шри-Ланка Хитой кредитлари ва инфратузилма лойиҳалари муваффақиятсизликка учрагани сабабли ҳам улкан сиёсий-иқтисодий инқирозни бошдан кечирмоқда.

«BRI инвестицияларининг асосий қисми Хитой давлат ташкилотларидан келиб тушгани сабабли, Шри-Ланканинг ўсиб бораётган қарз юки ва ўз суверенитетини йўқотиши билан боғлиқ хавотирлар мавжуд», дейилади SSRI ҳисоботида. «Шри-Ланкадаги BRI лойиҳалари шаффофликнинг етишмаслиги ва коррупция мавжудлигини кўрсатган, шунингдек улар экологияга ҳам таъсир қилмоқда.»

«Қўрқувлар воқеликка айланмоқда»

Айни пайтда Покистонда аҳолининг «қўрқуви воқеликка айланган», дейилади хабарда.

Араб денгизидаги Гвадар соҳилларида турган Хитойнинг балиқ овловчи траулерлари кўплаб покистонлик балиқчиларни тирикчилик манбаидан маҳрум қилаёзган.

«Шунга кўра, Хитойнинг BRI лойиҳаси Покистонда ижтимоий тартибсизликларни келтириб чиқаргани ва иқтисодий беқарорликка олиб келгани аниқ», дейилади SSRI хабарида.

Намойишчилар 27 декабр куни уларнинг тирикчилиги ва кундалик ҳаётига Хитойнинг таъсири, яъни ерларни тортиб олиш ва бошқа муаммолар, жумладан электр энергияси ва буғдой тақчиллиги ҳамда парламентда вакилликсиз солиққа тортиш борасидаги хавотирларини изҳор этиш учун Покистоннинг Гилгит-Балтистон минтақасида ҳар куни намойиш ўтказа бошладилар.

Ҳаво ҳарорати нолдан паст эканига қарамай, намойишлар бир неча ҳафта давом этди.

Гилгит-Балтистондаги намойишчилар билан бирдамлик белгиси ўлароқ, бошқа шаҳарлар, жумладан Карачида ҳам норозилик намойишлари ўтказилган.

Гилгит-Балтистон Хитойнинг мусулмонлар кўп бўлган Шинжон минтақаси билан чегарадош ва BRIнинг Покистондаги таркибий қисми бўлган Хитой-Покистон иқтисодий коридорига (CPEC) кириш эшиги ҳисобланади.

Хитойнинг Гилгит-Балтистонга киритган сармояси фақат Пекиннинг ўзига фойда келтиради ва хитойликларга қарши қуролли қаршиликка сабаб бўлиши мумкин, дейди фаоллар, бу каби муаммолар Балужистон ва Синд вилоятларида ҳам мавжуд.

Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, Покистон ҳукумати Пекиннинг талабига биноан 25 декабрдан бир вақтлар CPECнинг «марварид» лойиҳаси ҳисобланган Балужистоннинг Ҳинд океанидаги Гвадар портида бир неча ойдан бери давом этаётган норозилик намойишларини бостириб келмоқда.

«Хитойликлар ўз тараққиёт лойиҳаларини атроф-муҳит, маҳаллий маданият ёки дин ҳақида ўйламасдан амалга ошириши билан машҳур», деган эди Буюк Британиянинг Хунза шаҳридаги сиёсатшунослик профессори Муҳаммад Шафиқ Хунзай январ ойида.

2021-2022 йилларга мўлжалланган Покистон иқтисодий тадқиқотига кўра, мамлакат Хитойдан 87 миллиард доллар қарздор..

SSRI маълумотларига кўра, Покистонга ўта юқори фоиз ставкаларида Хитой кредитларини қайтариш оғир келмоқда. Масалан, 2021-2022 йилларда Покистон Хитойга 4,5 миллиард долларлик кредит бўйича 150 миллион доллар фоиз тўлаган.

Покистон қарзни реструктризация қилишни сўраганда, Хитой яна битта кредит таклиф қилган. Натижада, «Покистон... ҳозирда ҳеч қачон тугамайдиган қарз халқасига тушиб қолган», деб ёзади SSRI.

Вайрон бўлаётган инфратузилма

Покистоннинг Жамму ва Кашмир вилоятидаги Нилум-Желум гидроэлектростанцияси Хитой томонидан қурилган муваффақиятсиз лойиҳаларга яна бир мисолдир.

The Wall Street Journal нашрининг 20 январ кунги хабарига кўра, Покистон расмийлари ўтган йили тоғ орқали сув ўтказувчи туннелда ёриқлар аниқланганидан кейин ушбу иншоотни ёпган.

Лойиҳа қурилиши 2008 йилда, бир йил аввалроқ контрактни қўлга киритган Хитой консорциуми томонидан бошланган. Кўплаб кечикишлардан сўнг, 2018 йил апрел ойида биринчи генератор ишга туширилди, 2018 йил августида эса лойиҳа тўлиқ якунланди.

969 мегаватт қувватга эга станция ишга тушганидан сўнг туннел атиги тўрт йил ўтиб қулаши мумкин, деган эди Покистон электр энергиясини тартибга солиш миллий бошқармаси (NEPRA) раиси Таусиф Фаруқий ноябр ойида парламент аъзоларига.

NEPRA маълумотларига кўра, станция ёпилганидан сўнг, июлдан бери Покистоннинг электр энергияси сарф-харажатларига ойига 44 миллион долларга ошган.

АҚШ энергетика вазирлиги ва Жаҳон банки маълумотларига кўра, пухта қурилган ва яхши техник хизмат кўрсатиладиган ГЭСлар камида 100 йил хизмат қилиши мумкин.

Бутун дунёда, Лотин Америкаси ва Африкада ҳам шунга ўхшаш муаммолар пайдо бўлмоқда.

Ҳукумат муҳандислари маълумотларига кўра, Эквадорда Хитой томонидан қурилган қудратли ГЭСда минглаб ёриқлар пайдо бўлган.

The Wall Street Journal маълумотларига кўра, мамлакатдаги энг йирик инфратузилма лойиҳаси – қиймати 2,7 миллиард долларлик Coca Codo Sinclair ГЭСи Пекин учун шунчалик муҳимки, президент Си 2016 йили унинг очилиш маросимида нутқ сўзлаган.

Эндиликда, бетон конструкциядаги ёриқлар ва Кока дарёси тоғ ёнбағирларининг эрозияси тўғонга зарар етказиш хавфини келтириб чиқармоқда, бу эса Эквадорнинг энг йирик энергия манбаи ишдан чиқиши мумкин.

«Биз ҳаммасидан маҳрум бўлишимиз мумкин», дейди Китодаги (Эквадор) Сан-Франсиско университети муҳандиси, лойиҳа муаммоларини диққат билан кузатиб борган Фабрисио Епес. «Биз бунинг қачон, эртагами ёки олти ойдами, рўй бериши мумкинлигини билмаймиз.»

Эквадордаги ГЭС бутун дунё бўйлаб Хитой томонидан молиялаштирилган кўплаб қурилиш лойиҳаларидан биридир, деб ёзади газета.

Сифатсиз қурилишлар асосий инфратузилма лойиҳаларига путур етказиб, мезбон давлатларни камчиликларни тузатиш учун қўшимча қарз олишга мажбур қилиши мумкин, дейилади хабарда.

Кредит устига кредит

Угандада мамлакатнинг электр энергияси ишлаб чиқарувчи компанияси Нил дарёсида Хитой томонидан қурилган 183 мегаватт қувватга эга Исимба ГЭСида 500 дан ортиқ қурилиш нуқсонларини аниқлади.

Натижада, станция 2019 йилда ишга тушганидан бери тез-тез бузилган.

Uganda Electricity Generation Company Limited (UEGCL) маълумотларига кўра, China International Water & Electric Corp компанияси тўғонни сув ўтлари ва бошқа қолдиқлардан ҳимоя қилиш учун сузувчи девор қура олмаган, бу эса турбиналарнинг тиқилиб қолиши ва электр энергияси узилишларига олиб келган.

UEGCLга кўра, электр станцияси биносининг томидан ҳам сув оқиши кузатилган.

567,7 миллион долларлик завод асосан Хитой экспорт-импорт банкининг 480 миллион долларлик кредити ҳисобидан молиялаштирилган.

Нил дарёсининг қуйироғида, Хитой томонидан қурилаётган яна бир ГЭС – 600 мегаваттлик Карума гидроэлектростанцияси ҳам жадвалдан уч йил ортда қолмоқда.

Уганда расмийлари бу кечикишга қурилишдаги турли нуқсонлар, жумладан, деворларнинг ёрилгани сабаб бўлганини айтмоқда. Шунингдек, UEGCL хабарига кўра, пудратчи Sinohydro Corp. томонидан носоз кабеллар, включател ва ёнғинни ўчириш тизими ўрнатилган бўлиб, уларни алмаштириш талаб этилади.

Завод ишга яроқсиз бўлиб турган эса-да, ҳукумат Хитой экспорт-импорт банкидан олинган 1,44 миллиард долларлик кредитни қайтара бошлаган.

Угандадаги лойиҳаларда иштирок этган Хитой компаниялари ва расмийлари бу борадаги сўровларга жавоб бермаган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500