Карвонсарой
Сиёсат

Россия ОАВ Қозоғистоннинг Москвага нисбатан Ғарб санкцияларини қўллаш режасидан ғазабга келди

Ксения Бондал

5 июл куни Олмаотада юрган Россия давлат рақамига эга автомобиллар. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

5 июл куни Олмаотада юрган Россия давлат рақамига эга автомобиллар. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

ОЛМАОТА – Россияга Қозоғистон ҳудудидан фойдаланиб, Ғарб санкцияларини четлаб ўтишига имкон бермайдиган қарор лойиҳаси рус оммавий ахборот воситаларининг танқидига учради.

Қозоғистон Молия вазирлиги яқинда Россияга айрим турдаги товарларни етказиб беришга нисбатан санкция чекловларини амалга оширишни тартибга солувчи қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди, деб ёзади «Коммерсант» 6 июл куни.

Муҳокама учун ажратилган икки ҳафталик муддат бир неча кун олдин якунига етган, шу сабаб лойиҳа интернетдан олиб ташланган.

Қарорга кўра, Қозоғистон ҳукумати бундай товарларнинг электрон ҳисоб-фактураларни тасдиқламайди ва бу билан уларнинг чегарадан ўтиши тақиқланади.

5 июл куни Олмаота кўчалари бўйлаб сайр қилаётган россиялик меҳмонлар. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

5 июл куни Олмаота кўчалари бўйлаб сайр қилаётган россиялик меҳмонлар. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

«Россиянинг ЕОИИдаги ҳамкорлари тарафидан санкцияларга риоя қилиш бўйича анча узоқ давом этган ноаниқликдан сўнг вазият ойдинлашмоқда», деб ёзган «Коммерсант» нашри Евроосиё иқтисодий иттифоқини назарда тутиб.

Россия саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи бу ҳужжатни «иттифоқ ичидаги савдо учун потенциал тўсиқ» деб атаган.

«ЭҲФнинг [электрон ҳисоб-фактура] тасдиқланган нусхаси бўлмаса, рўйхатдаги товарлар Қозоғистон Республикасидан Россияга экспорт қилиниши мумкин эмас... Бунда ЭҲФ нусхаларини тасдиқлаш рад этилиши мумкин», деб ёзади Trans.ru.

«Эҳтимолий рад этиш сабаблари рўйхатдаги товарларнинг келиб чиқиши Россияга айрим турдаги маҳсулотларни экспорт қилишни тақиқлаган мамлакатга оид бўлган ҳолатларни ўз ичига олади», дейилади мақолада.

«Орқадан пичоқ санчиш»

Кейинчалик Молия вазирлиги қарор лойиҳасини интернетдан олиб ташлаган бўлса-да, унинг мавжудлиги Россия онлайн нашрларини ғазабга солган.

«Қарор лойиҳасининг эълон қилиниши [Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт] Тўқаевнинг Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида Нур-Султон «ЛХР [Луганск халқ республикаси] ва ДХР [Донецк халқ республикаси] каби квази-давлатларни» ҳеч қачон тан олмаслигиҳақидаги баёнотидан ҳам каттароқ резонансга сабаб бўлди», деб ёзади Россиянинг «Взгляд» онлайн нашри.

Қозоғистон Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган, Россия қўлловидаги республикаларни ҳеч қачон тан олмайди, деган эди Тўқаев 17 июн кунги форумда журналистларга.

«Ғарб олдидаги геосиёсий хушомадлар – бу бошқа, лекин ЕОИИдаги асосий ҳамкорнинг белига очиқчасига пичоқ санчиш тамоман бошқа нарса», деб ёзади Взгляд.

«Қозоғистоннинг Россия ва Беларусга нисбатан Ғарб санкцияларини очиқчасига қўллаб-қувватлаши Нур-Султоннинг ЕОИИдан чиқиш ва Россиядан узоқлашиш йўлини танлаганидан даракдир», дейилади хабарда.

Россия расмийлари қарор лойиҳасига муносабат билдиришмаган, зеро Москва аллақачон Қозоғистонга нисбатан норозилигини ифода этувчи чораларни қўллаган.

«Ҳукуматларимиз доимий алоқада. Ҳозирча ҳеч қандай қарор қабул қилингани йўқ», деди Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков бу ҳақда 6 июл куни РБК хабарига кўра.

«Ҳозирги пайтда, аксинча, ҳамкорлигимизни янада кенгайтириш нияти эълон қилинмоқда», деди у.

Россиядан узоқлашиш

Бу орада Новороссийск шаҳрининг Приморский туман суди Россиянинг транспорт соҳасидаги назорат органи «Ространснадзор» талабига биноан 5 июл куни экологик талабларнинг «бузилиши» сабабли Каспий қувурлари консорциуми (КҚК) фаолиятини 30 кунга тўхтатиб қўйган.

Қозоғистоннинг Атирау вилоятидаги Тенгиз нефт конидан Россиянинг Новороссийск шаҳрига ўтувчи КҚК қувури Қозоғистон нефтини Европага етказиб берувчи асосий йўналиш ҳисобланади.

Бироқ, КҚКнинг Краснодар ўлкаси судига апелляция шикояти йўллаши ортидан 11 июл куни аввалги инстанция қарори бекор қилиниб, унинг ўрнига консорциумга 200 минг рубл (тахминан 3250 доллар) жарима солинган.

5 июл кунги ҳукм Тўқаевнинг Европа Иттифоқига (ЕИ) энергия билан боғлиқ вазиятни барқарорлаштиришга ёрдам бериш ваъдасидан бир кун ўтиб чиқарилди.

«Ёки улар бизнинг ихтиёримизга қарши, Россиянинг қўшниларни ўз орбитасида мажбуран ушлаб туриш ҳуқуқи учун Ғарб билан олиб бораётган курашининг ножўя таъсирларини устимизга юклайдилар ва агар керак бўлса, мустақил давлатлар танасидан бўлакларни узиб оладилар. Ёки яқинда давлат ва ҳукумат раҳбарларининг юзма-юз учрашувларига қарамай, иқтисодий шантаж воситасида биз билан музокаралар олиб борадилар», деб ёзган Нур-Султонлик сиёсий шарҳловчи Газиз Абишев ўз Телеграм каналида.

«Ҳар қандай лойиҳа эртами-кечми, Россиядаги геосиёсий амбицияларнинг ёки назорат қилиб бўлмайдиган ички сиёсий жараёнларнинг қурбонига айланади», деди у.

Қозоғистон «табассум қилишда давом этиши, Россиянинг буюклигини чексиз мақташи, биродарлик муносабатларимизни ва яқин ҳамкорлик учун бошқа муқобил йўқлигини таъкидлаши керак», деб ёзади Абишев.

«Аммо биз муқобил йўналишларни аниқ ва изчил ишлаб чиқишимиз керак, ҳатто улар қимматроққа тушса ҳам.»

«Энг ёмонига тайёр туриш»

Қозоғистон Россия билан алоқаларнинг муқобилини топиши керак, дейди бошқа маҳаллий таҳлилчилар.

«Қардош халқ – Украинага ҳужум қилган давлатдан ҳамма нарса кутиш мумкин. Қозоғистон яхшиликка умид қилиши, лекин энг ёмонига тайёр туриши керак», деб айтган БМТ Халқаро савдо марказининг экспорт бўйича мутахассиси олмаоталик Алихон Канапия.

«Ўйлашимча, Россия ортиқча шовқинсиз иқтисодиётимизга озгина бўлса ҳам путур етказадиган нимадир қилади», дейди у.

Санкцияга тушган маҳсулотларни Қозоғистон орқали Россияга олиб ўтишнинг тақиқланиши кутилган нарса эди, дейди Канапия.

«Ҳаммаси шунга келаётган эди», дейди у. «Менимча, ҳатто ҳукумат бу ташаббусни бироз кечиктиргандек, буни Россия Украинада уруш бошлаганидаёқ қилиш керак эди.»

«Қозоғистон барча даражаларда жорий халқаро талабларга риоя қилишини таъкидлаб келган, санкциялар режимига ҳам риоя қилади ва Россияга санкцияларни бузувчи ҳар қандай маҳсулот етказилишига ёрдам бермайди», деб айтган Канапия.

Санкциялар сабабли кўп маҳсулотларни тўғридан-тўғри импорт қилишдан чекланиб қолган Россия кон саноати ва ишлаб чиқариш учун кабеллардан тортиб то мураккаб қурилмаларгача бўлган машинасозлик эҳтиёт қисмларини Қозоғистон орқали импорт қилишга қарор қилди, дейди Амалий иқтисодиёт тадқиқотлари маркази бош директори Нур-Султонлик Жанибек Айгазин.

«Аммо уларнинг айримларидан ҳалокатли қуроллар ишлаб чиқариш мумкин бўлгани учун буларнинг ҳаммаси қўш мақсадли маҳсулотлар», деб айтган у. «Вақт ўтиши билан санкциялар Россиянинг нафақат машинасозлик, балки бошқа соҳаларига ҳам жуда оғриқли таъсир қилиши мумкин.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бу Шимолий Қозоғистон ҳақида бақираётган Россия сиёсатчиларининг бемаъни қилиқларига бизнинг жавобимиз!

Жавоб бериш