КИЕВ – Россия назорати остидаги ҳудудларда бўлиб турган украиналиклар, жумладан, мажбуран кўчирилганларга «ёрдам» таклиф қилишга оид сўнгги қарорлар Кремлнинг навбатдаги ташвиқот чораларидир, дейди таҳлилчилар.
Август ойи ўрталарида Россия ОАВнинг Human Rights Watch (HRW) маълумотларига таяниб хабар беришича, Россияга Украинадан 3,4 миллиондан ортиқ украиналик келган, улардан 555 минг нафари – болалар.
Бироқ, феврал ойи охирида Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан юртини тарк этган кўп украиналиклар Россияга ўз ихтиёри билан бормаган.
Аксинча, улар «ноқонуний тарзда мажбуран кўчирилган ва олиб ўтилган», дейилади HRWнинг ўтган пайшанба (1 сентябр) куни эълон қилган ҳисоботида.
Мажбурий кўчиришлар «уруш қонунларининг жиддий бузилиши бўлиб, уларни ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши потенциал жиноятларга тенглаштириш мумкин», дейилади унда.
Жамоатчиликни бунинг аксига ишонтиришга уриниш ўлароқ, Россия президенти Владимир Путин 27 август куни Кремл сайтида эълон қилинган фармонида уруш туфайли Украина ёки унинг бўлгинчи ҳудудларини тарк этган пенсионерлар, ногиронлар, ҳомиладор аёллар ва бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга ойлик ва бир марталик ижтимоий нафақалар тўлашга буйруқ берган.
Фармонга кўра, Россиядаги украиналиклар ҳар ой 10 минг рубл (тахминан 165 доллар) миқдоридаги нафақа пулини олиши мумкин бўлади.
Шунингдек, ногиронлар, ёлғиз ота-оналар, 80 ёшдан ошган пенсионерлар ва Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига ҳам нафақа бериш кўзда тутилган.
Путиннинг 27 август куни чиқарилган бошқа бир фармони эса 24 февралдан кейин Россияга келган Украина паспорти эгаларига мамлакатда чекланмаган муддат яшаш ва ишлаш имконини беради.
Аввалроқ, қонунда украиналиклар бу мамлакатда 90 кундан ортиқ қола олмаслиги белгиланган эди.
Ўлим ва вайронагарчилик
Бу фармонлар шунчаки қуруқ гап ва ташвиқот схемасидир, дейди кузатувчилар.
«Улар [мансабдорлар] ваъда қилаётган гўзал ҳаёт ва ажойиб шароитлар – шунчаки уйдирма. Аслида, Москва фақат ўлим, талафотлар ва вайронагарчиликлар келтиради», дейди Киев иқтисодиёт мактаби таҳлилчиси Юлия Павицка.
«[Фармоннинг] энг қизиқ тарафи шундаки, Путин «тўлансин» деган, аммо ҳукуматга бу маблағларни топиб, уларни тўлашнинг аниқ тартибларини белгилашни буюрган», дейди у.
«Қолаверса, Россия бюджетида ҳозир «Украиналик қочқинлар учун ижтимоий имтиёзлар» деган банд йўқ. Улар бу пулни қаердан олишмоқчи? Бу катта муаммо», дейди Павицка.
Россия иқтисодиёти бўйича мутахассис Павицканинг айтишича, Россия бюджетида «туйнуклар» пайдо бўлган, чунки бор маблағ мудофаа саноатига йўналтирилмоқда.
«Улар санкциялар иш бермаётганини ва ишлар жойида эканини кўрсатишга уринмоқда», деди у жаҳон ҳамжамиятининг Украинага босқин ортидан Россияга нисбатан жорий қилган санкцияларига ишора қилиб. «Аммо аслида уларнинг таъсири сезилмоқда. Россияликлар қашшоқлашиб боряпти.»
«2023 йилдан Россия нефтига эмбарго бошланади ва бу бюджетга тушадиган даромадларни янада камайтиради. Ҳукумат аллақачон соғлиқни сақлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш харажатларини 30 фоизга қисқартирди», деб қўшимча қилди Павицка.
«Россияда яшовчи ҳар етти кишидан бири ночорлик ёқасида. Россия ўз аҳолисига ёрдам бера олмаётган бир пайтда Украинадан олиб чиқилганларга пул тўламоқчи.»
«Бу ташвиқотдан бошқа нарса эмас. Россиянинг ўз мақсадларига эришиш учун ўйлаб топган ёлғонига ўхшайди», деди у.
Сиёсий таълим институтининг амалий сиёсат дастури раҳбари, киевлик Александр Солонтайнинг фикрича, Кремлнинг асосий мақсади – қандай йўл билан бўлмасин, украиналикларни Россияда ушлаб қолиш.
«Украинадаги Россия қўшинлари олдинга силжимаяпти, шу сабаб олиб чиқиладиган ҳеч ким қолмаган», деди у. «Шу кунгача мажбуран олиб келинганлар эса Болтиқбўйи, Финляндия ва Грузия орқали Россиядан қочиб кетишмоқда. Улар [украиналиклар] Европа Иттифоқидаги шарт-шароитлар бошқача эканини, у ерда нормал, эркин ҳаёт борлигини билишади».
Уруш ва унинг натижасида юзага келган иқтисодий таназзул Россиядаги бутун минтақаларини депрессив ҳолатга олиб келди ва уларда аҳоли сонининг ўсиши пасаймоқда, деди Солонтай.
Шу тариқа мамлакатда демографик инқироз бошланмоқда.
«Путин ўзини империянинг буюк подшоси деб билади, аммо унинг бутун мафкураси барбод бўлмоқда», деди Солонтай.
«Шу сабабли у демографик инқирозни тўхтатиш учун нимадир қилишга уринмоқда. У бир қўли билан Украина фуқароларига паспортлар бериб, иккинчи қўли билан украиналикларнинг Россияда қолишлари учун уларни пул ёрдамида ушлаб туришга ҳаракат қилмоқда.»
«Аммо бу жуда беўхшов стратегия», деди у.
«Умидсизлик чораси»
Кузатувчиларга кўра, украиналикларнинг Россияда чекланмаган муддатга қолишига имкон берувчи сўнгги фармон ўз талаблари туфайли хавотир пайдо қилмоқда.
«Бу рўйхат шубҳа уйғотади. Одамлар бармоқ излари топшириши, суратга тушиши ва юқумли касалликларга анализ топшириш керак», дейди ZMINA инсон ҳуқуқлари маркази менежери, киевлик Алёна Лунева. «Бу жуда хавфли шартлар. Улар ишғол қилинган ҳудудларда Кремл тарафидан ташкил этилаётган фильтрлаш лагерларидаги ҳолатларни ёдга солади.»
«Бу аслида Россиянинг уларни рўйхатга олиши ва улар ҳақида маълумотга эга бўлиши учун қилинмоқда. Якуний мақсадни ҳеч ким билмайди», деб айтган у.
«Россияда тиббий кўрикдан ўтиш ва бармоқ изларини топшириш жуда хавфли. Ҳукумат одамлари қачон сизни олиб кетиш учун келишини билмаганингиз учун ҳам Россияда қолишнинг ўзи хавфли», деб айтган у.
«Одамлар бу паспортларни олиш учун навбатда туради деб ўйламайман», деб айтган ўз ихтиёрига зид равишда Россияга олиб келинган украиналикларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи Лунева.
Украинани тарк этишга мажбур бўлиб, куч билан Россияга олиб келинган украиналикларнинг аксарияти аллақачон Европага қочиб ўтган ёки уйига қайтган. Улар Россиядан фақат жон сақлаш учун макон сифатида фойдаланишган, деди у.
Украиналиклар «шаҳарлари ишғол қилинган ҳудудларда эканига қарамай, аллақачон уйларига қайтишни бошлаган», деб қўшимча қилди у. «Ёзнинг ўрталарига қадар Мариуполга 20 мингга яқин одам қайтиб келган.»
«Депортация қилинган украиналикларнинг қолгани Эстония, Грузия ва Финляндия орқали мамлакатни тарк этган... Москва ҳеч қандай ёрдам бермаган», дейди Лунева.
«Аниқ маълумотни билмаймиз, бизда рақамларни аниқлаш воситалари йўқ, аммо вақтинчалик бошпаналар сони камаймоқда, бу келаётган украиналиклар сони ҳам камайиб бораётганидан далолат беради», деди у.
«Путиннинг бу фармонлари умидсизлик чорасидир. Бундан украиналиклар Россияни тарк этаётган маълум бўлмоқда», дейди у. «Афтидан, Россиядан шунча кўп одам кетганки, улар охирги қолганларга пул тўлашга тайёр.»