Карвонсарой
Намойишлар

Дунё бўйлаб ўн минглаб одамлар Украина билан бирдамлик намойишига чиқдилар

Давид Цагарели ва AFP

«Бу Грузия – қаҳрамонларга шон-шарафлар!» – жума куни Тбилисида Украина билан бирдамлик белгиси сифатида Россиянинг ушбу постсовет давлатга тажовузининг бир йиллиги муносабати билан ва Грузиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида шу номдаги намойиш бўлиб ўтди. Намойишчилар шунингдек, украиналиклар ва Украина учун курашда ҳалок бўлган 36 грузиялик хотирасини ёдга олдилар. [Давид Цагарели/Карвонсарой]

ТБИЛИСИ, Грузия – Жума (24 феврал) куни Тбилисида Россиянинг постсовет мамлакатга бостириб кирганига бир йил тўлиши муносабати билан Украина билан бирдамлик ва Грузиянинг ЕИга (Европа Иттифоқи) аъзо бўлиш интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида минглаб одамлар намойишга тўпланди.

Кутаиси, Батуми ва Грузиянинг бошқа шаҳарларида ҳам Украинани қўллаб-қувватловчи бошқа митинглар ўтказилди.

Сиёсатчилар, турли нодавлат ташкилотлар аъзолари, коллеж талабалари ва турли касб эгалари бўлган грузинлар Тбилисидаги парламент биноси олдига тўпландилар. Уларнинг сафига Грузияда яшовчи украинлар ва айрим руслар ҳам қўшилди.

AFP мухбирининг ҳисоб-китобларига кўра, парламент биноси олдига Грузия, Украина ва Европа Иттифоқи байроқларини кўтарган 30 мингга яқин намойишчи йиғилган.

«Бу Грузия – қаҳрамонларга шон-шарафлар бўлсин!» – 24 феврал куни Тбилисида шу номдаги намойиш бўлиб ўтди. Минглаб одамлар Россиянинг Украинага босқинига бир йил тўлиши муносабати билан Украинага бирдамлик изҳор қилиш учун пойтахтнинг бош кўчаси – Руставели проспектига йиғилганлар. [Давид Цагарели/Карвонсарой]

«Бу Грузия – қаҳрамонларга шон-шарафлар бўлсин!» – 24 феврал куни Тбилисида шу номдаги намойиш бўлиб ўтди. Минглаб одамлар Россиянинг Украинага босқинига бир йил тўлиши муносабати билан Украинага бирдамлик изҳор қилиш учун пойтахтнинг бош кўчаси – Руставели проспектига йиғилганлар. [Давид Цагарели/Карвонсарой]

24 феврал куни сиёсатчилар, турли нодавлат ташкилотлар аъзолари, коллеж талабалари ва турли касб эгалари бўлган грузинлар Тбилисидаги парламент биноси олдида йиғилишди. Улар орасида Грузияда яшовчи украинлар ва айрим руслар ҳам бор эди. [Давид Цагарели/Карвонсарой]

24 феврал куни сиёсатчилар, турли нодавлат ташкилотлар аъзолари, коллеж талабалари ва турли касб эгалари бўлган грузинлар Тбилисидаги парламент биноси олдида йиғилишди. Улар орасида Грузияда яшовчи украинлар ва айрим руслар ҳам бор эди. [Давид Цагарели/Карвонсарой]

Митинг бир қанча мухолифат партиялари ва Грузиядаги украиналик фаоллар томонидан ташкиллаштирилди.

Намойишда Грузия ва Украина мадҳиялари, «Украинага шон-шарафлар бўлсин!» деган ҳайқириқлар янгради.

Намойишчилар, шунингдек, Украина учун жангларда ҳалок бўлган украиналиклар ва 36 нафар грузияликнинг хотирасини ёдга олдилар.

«Биз, Грузия фуқаролари, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти ва бу ерда яшовчи украиналиклар бугун мардонавор Украина халқи билан бирдамлик белгиси сифатида бирлашамиз», дейилади ташкилотчилар баёнотида.

Митингда Киев мэри Виталий Кличконинг Украина пойтахтидан йўллаган видеомурожаати намойиш этилди. У кўрсатилган ёрдам учун грузинларга миннатдорчилик билдирган.

«Биз бугун Европа ва унинг қадриятларини ҳимоя қиляпмиз», деди у оломон олқишлари остида Украина ҳам, Грузия ҳам «Европа Иттифоқига аъзо» бўлишига ишонишини қўшимча қилиб.

Украинани қўллаб-қувватлаш

Тбилисидаги митинг иштирокчилари Кремлнинг ўз қўшнисини босиб олишга қаратилган муваффақиятсиз, аммо бешафқат уринишига нисбатан нафрат изҳор қилганлар.

«Россия террорчи давлат», дейди 19 яшар коллеж талабаси Георгий Гогитидзе Карвонсаройга берган интервьюсида.

«Украин халқига бирдамлик изҳор қилар эканмиз, ўзимиз ҳам Россия чангалидан озод бўлишимиз кераклигини унутмаслигимиз зарур», деди у.

«Эркинлик истаган ҳар ким шу ерда туриши керак; акс ҳолда, ҳеч қачон бу ботқоқдан чиқа олмаймиз.»

«Бугун биз Украина билан бирга эканлигимизни кўрсатмоқчимиз. Биз эркин мамлакатнинг жасур раҳбари Владимир Зеленский билан биргамиз», дейди Тбилисида истиқомат қилувчи 32 ёшли компютер дастурчиси Лаша Беридзе.

«Шунингдек, биз яна бир бор Европани танлаганимизни кўрсатмоқчи бўлдик. Биз Европа Иттифоқи ва НАТОга қўшилишни истаймиз».

«24 феврал ҳаётимдаги энг қўрқинчли кун бўлган», дейди бир йил аввал Украинанинг Харков шаҳридан келган 24 ёшли қочқин Татьяна Никитченко.

«Бундан бир йил аввал Россия мен ва оиламнинг ҳаётини барбод қилди. У халқимни қатлиом қилди. Бугун мен ўз мамлакатимни ҳам, Россия терроризми нима эканлигини яхши тушунадиган Грузияни ҳам қўллаб-қувватламоқчиман».

Митингда ватанини тарк этган россияликлар ҳам қатнашган.

Арсений Малолетков Грузияга Россияда илк марта сафарбарлик эълон қилинганида келган.

«Мен бу ерга Украина, Грузия, Россия, Белоруссия ва Россиянинг империалистик сиёсатидан азият чекаётган барча мамлакатларни қўллаб-қувватлаш учун келдим. Биринчи навбатда, мени қабул қилган ва бошпана берган грузинларга раҳмат айтмоқчиман; [бу эрда] ўз мамлакатимнинг тажовузкор сиёсати ҳақида қўрқмасдан фикр билдира оламан».

Европа ва АҚШдаги митинглар

Жума ва шанба кунлари Европа Иттифоқининг турли пойтахтлари ва Қўшма Штатларда ўтган намойишларда ҳам Украинада тинчлик ўрнатиш талаблари янгради.

Париж полициясининг маълум қилишича, шанба куни 3000 киши иштирокидаги намойиш миллий либослардаги украиналик болаларнинг юриши билан бошланган бўлиб, унда Украина мадҳияси куйланган.

Бир йил аввал Украинани тарк этган 73 ёшли Володимир Крафченко қўлини кўксига қўйганича, «юртини ва украиналикларнинг ҳуқуқларини поймол қилганларни» қоралади.

Кристина Краснобоканинг айтишича, сўнгги бир йилда унинг Украинада эмаслиги билан боғлиқ «айбдорлик» ҳисси «бу ерда [Францияда] фойдалироқ бўлиш, мамлакатга керакли буюмлар ва пул жўнатиш» туйғусига айланган.

Франциянинг бошқа ҳудудларида, жумладан ўтган йилнинг апрел ойида Ксения Литовка икки яшар қизи билан келган Монпельеда ҳам юзлаб одам намойишга чиққан.

«Уруш яқинда тугайди, деб ўйламаслигимиз керак; биз ҳамма жойда Украина азият чекмоқда ва афсуски, ҳали азият чекишда давом этади, деб ҳайқиришимиз керак», дейди 29 яшар аёл AFPга.

Жума куни Париждаги Эйфел минораси, Римдаги Колизей ва Варшава миллий театри кўк ва сариқ рангларда ёритилди, деб хабар беради Озод Европа/Озодлик радиоси.

Шанба куни Вашингтонда украинапараст намойишчилар Линколн ёдгорлиги зинапояларида тўпланишди.

Украинанинг АҚШдаги элчиси Оксана Маркарова уларга мурожаат қилар экан, «Украинага кўпроқ қурол-яроғ юбориш ва уни янада кўпроқ қўллаб-қувватлашга, Россияга нисбатан санкцияларни кучайтиришга чақирди», деб хабар беради маҳаллий янгиликлар канали.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500