ВАРШАВА, Польша – Украинанинг вайронага айланган Мариупол шаҳридан қочишга муваффақ бўлганлардан айримлари Россияга боришдан бошқа чоралари қолмаганини айтмоқда. Киев ҳукумати буни «депортация» деб атаган.
Ракета ҳужумида ҳалок бўлган отасининг ўлими ортидан бир неча ҳафта Мариуполдаги ертўлада жон сақлаган Татьяна тўққиз ёшли қизалоғи ҳаётини сақлаб қолиш умидида шаҳарни тарк этишга қарор қилган.
У уяли ёки бошқа турдаги алоқага имкони бўлмагани ҳолда ўққа тутишлар орасида танаффусдан фойдаланиб, чиқиш йўллари ҳақида маълумот олиш учун россияпараст ҳукумат томонидан ташкил этилган йиғин пунктига борган.
У ерда унга Россияга боришдан бошқа чора йўқлигини айтишган.
«Биз карахт аҳволда қолдик. Россияга боришни истамас эдик», дейди Латвиянинг Рига шаҳрида оиласи билан бошпана излаётган 38 ёшли бухгалтер.
«Сени ўлдирмоқчи бўлган давлатга қандай борасан?»
Мажбурий кўчириш жараёнлари совет диктатори Иосиф Сталиннинг параноидал ва жазоловчи сиёсатини эслатади.
«Шафқатсиз сўроқлар»
Украинанинг инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсмани Людмила Денисованинг 9 май куни маълум қилишича, Россия 1,18 миллиондан ортиқ украиналикни, жумладан, камида 200 минг болани Россияга ёки унинг назоратидаги ҳудудларга мажбуран депортация қилган.
Гувоҳларнинг кўрсатмалари лагерлардаги «шафқатсиз сўроқлардан» далолат бермоқда, деди АҚШнинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотидаги (ЕХҲТ) элчиси Майкл Карпентер.
«Бундай шафқатсизлик ва мажбурий кўчиришлар ҳозир, биз гапириб турганимизда содир бўлмоқда ва бу ҳаракатларни уруш жиноятларига тенглаштириш мумкин», деб айтган у Венадаги ташкилотда қилган чиқишида.
Россиянинг «филтрлаш марказлари» ишғол қилинган Донецк ва Луганск вилоятларидаги мактаблар, ўрта махсус билиб юртларида, ахлоқ тузатиш муассасаларида ва бошқа объектларда жойлашган, деган эди 19 яшар рақс ўқитувчиси, мариуполлик Валерия Черниш май ойида Карвонсарой билан суҳбатда.
Черниш, унинг укаси ва ота-онаси Украина назоратидаги ҳудудга қочиб ўтгунига қадар, уларни «филтрлаш» жараёнидан ўтказиш учун Донецк вилоятидаги Никольск қишлоғига олиб кетишган эди.
«Филтрлаш жараёни Россиянинг ФСБ (Федерал хавфсизлик хизмати) ходимлари томонидан олиб борилади. Улар Путин ҳақидаги фикрингизни сўрашади. Кўз тўрпардасини суратга олишади ва бармоқ изларини олишади... Филтрлаш жараёни олти соатгача давом этиши мумкин», деб эслайди у.
«Филтрлашдан» кейин россияликлар украиналикларни уч гуруҳга: Россия режимини қўллаб-қувватловчилар, ҳеч қандай позиция эга бўлмаганлар ва Россия режимини қўллаб-қувватламайдиганларга бўлишади, дейди Черниш.
«Улар олиб кетилади ва сўроққа тутилади, сўнг уларга нима бўлиши номаълум», деб айтган у. «Филтрлаш жараёнидан ўтганларга эса Россияга кетиш ёки Мариуполда ҳаракатланиш учун ҳужжат ёки гувоҳнома берилади.»
«Йўқ деб айта олмайсиз»
AFP билан суҳбатда бўлган Россия мудофаа вазирлиги расмийси Михаил Мизинцев Россияга бир миллион украиналик тинч аҳоли кўчирилганини тасдиқлади.
Украина ҳукуматига кўра, умумий ҳисобда 20 минг нафар аҳолиси ўлдирилган Мариупол шаҳрилик бошқа икки оила ҳам Россияга кетишга мажбур бўлганини айтган.
Йирик саноат корхонасининг ходими Светлана ҳам қандайдир рус аскарлари уларга шаҳарнинг бир қисмини тўлиқ россияликлар назоратига топширишни буюргунига қадар эри ва қайнота-қайнотаси билан Мариуполда ертўлада жон сақлаган.
«Қуролли одам сизга буйруқ берадиган бўлса, ҳеч қанақасига йўқ деёлмайсиз», деди ўшандан бери Украина ғарбидаги Лвовга боришга муваффақ бўлган 46 яшар эркак.
Унинг оиласи дастлаб Мариупол яқинидаги Новоазовскка – Россия қўлловидаги айирмачилар назоратида бўлган ҳудудга олиб кетилган.
У ерда улар тўрт кун мактаб биносида бўлишган.
Кейин улар Старобешевога олиб келиниб, одамлар билан лиқ тўла жамоат марказига жойлаштирилганлар. У ерда одамлар полда ухлар эди.
«Энг ёмони – ифлос оёқлар, ювуқсиз тана ҳидлари эди. Кийимларимизни қанча ювсак ҳам, улар кетгани йўқ», дейди Светлана.
Орадан 3 кун ўтгач, оилани айирмачи ҳукумат полицияси томонидан эгаллаб олинган бинода сўроқ қилишган.
Улар Украина армиясида қариндошлари бор-йўқлиги ҳақидаги ёзма саволларга жавоб беришлари, бармоқ излари олиниб, телефонларини текшириш учун топширишлари керак эди.
Бошқа бир хонада эркаклар Украинага оид ватанпарварлик татуировкалари ёки жанговар жароҳатлари йўқлигини кўрсатиш учун ечинишга мажбур бўлишган – уларнинг ҳарбий эмасликларини шу йўл билан текширишган.
«Турмуш ўртоғим ич кийими ва пайпоғидан бошқа ҳамма нарсани ечишга мажбур бўлди», деди Светлана.
«Биз телефонларимиздаги ҳамма суратлар ва ижтимоий тармоқларни ўчириб ташладик», деди у «Украинага мойил позицияси» туфайли юзага келиши мумкин бўлган оқибатлардан қўрқиб.
«Нацистлар»
Апрел ойида ўгай акаси билан Мариуполни тарк этган 23 ёшли Иван Друз ҳам Старобешевода худди шундай муносабатга дуч келган.
Ўшанда у Украина назорати остидаги ҳудудларга боришни умид қилганди, бироқ Россия ишғол қилган жойларда узоқ муддат кўчиб юриб, ҳозирда Ригада бўлган Друзга бунинг иложи йўқлигини айтишган.
«Аввалига сени роса ҳолдан тойдиришади, кейин эса фақат битта йўналишда кетишинг мумкинлигини айтишади», дейди у.
Россия чегарасига етиб келганидан кейин у ечинишга ва холаси билан украин тилида суҳбатлашгани ҳақидаги саволларига жавоб беришга мажбур бўлган.
«Нима учун у менга украин тилида ёзаётганини сўрашди» ва «нацист эмаслигимни текширмоқчи бўлишди», деди у.
Россияга етиб келишгач, Татьяна ва Друзнинг оиласи Мариуполдан 100 км узоқликда жойлашган Таганрогга жўнатилган.
Бу ерга етиб келишлари билан уларга поездда шимол тарафга тахминан 1000 км – Владимир шаҳрига боришлари кераклигини айтишган.
Улар келиб, бутунлай тинч шаҳарларни ва сиёсатдан мутлақо холи одамларни хонавайрон қилгани етмагандек, бу одамларни уларни ўлдириш учун келган мамлакатга мажбуран олиб кетишди. Уларни қандай тақдир кутаётганини тасаввур қилиш даҳшатли.
Жавоб беришФикрлар 6
Биргина «Филтрлаш» сўзининг ўзи одамни даҳшатга солади; дарҳол 2-Жаҳон уруши ҳақидаги барча қўрқинчли китоблар ва филмлар эсга тушади. Тарих такрорланаётган даврда яшаётгандекмизми? Ва унинг энг даҳшатли саҳифалари такрорланаётганга ўхшайди.
Жавоб беришФикрлар 6
Таганрогга кўчирилган танишларим ҳақидаги ҳикояни ўқидим. Уларга ё ўша ерга боришлари ёки сўроқ қилинишлари айтилган. Сўроқ билан уларнинг ўлдирилиши назарда тутилган. Бахтга кўра, улар машиналари юришга яроқли бўлгани учун чиқиб кетишга, Таганрогдан қочиб, Абхазия орқали Украинага қайтишга муваффақ бўлишган. Аммо бундай, ҳолатга тушиш у ёқда турсин, уларнинг бошдан кечирганларини ўқишнинг ўзи жуда қўрқинчли.
Жавоб беришФикрлар 6
Энг қўрқинчлиси, «буюк қутқарувчилар» томонидан яратилган даҳшатли шароитда омон қолишга муваффақ бўлганлар энди умрларининг охиригача шу жароҳат билан яшайдилар. Мариуполликлар шаҳарни Совет давридан кейин жуда яхши қурган эдилар; у ерда жуда кўп ишлар қилинди. Корхоналар, марказий майдон реконструкцияси, янги фестиваллар... Биз у ерда таътилда бўлгандик – ажойиб шаҳар эди. Тахминан бир йил олдин биз ташриф буюрган шаҳарни вайроналар фотосуратларида таниш жуда даҳшатли!
Жавоб беришФикрлар 6
Бу Россиянинг навбатдаги ҳарбий жинояти бўлиб, унинг эскилик муддати йўқ.
Жавоб беришЭнг даҳшатлиси шундаки, уларнинг кўплари ҳақидаги барча маълумотларни яшириб, ўчириб ташладилар ва бу ҳақда гапира оладиганларни ўлдиришди.
Жавоб беришФикрлар 6