ОЛМАОТА – Ўтган ой охирида ўтказилган саммитда Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотини кескин танқид қилгани ҳарбий блок парчаланиб бораётганидан дарак беради, дейди таҳлилчилар.
Москва раҳбарлигидаги КХШТ олти собиқ Совет республикаси: Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистондан таркиб топган.
Ушбу иттифоқ 1990-йилларнинг бошида Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг, гўёки ташқи тажовузлар, жумладан, террорчилик ҳужумларидан жамоавий мудофаа мақсадида тузилган эди.
Шундай бўлса-да, КХШТ ташкил этилганидан бери унинг аъзоси бўлган Арманистон икки марта: 1990 ва 2020-йилларда Тоғли Қорабоғ анклави учун Озарбайжон билан урушган.
Сентябр ойида Арманистон Озарбайжонни ўша ойда босиб олинган ҳудудларининг бир қисмини ишғол қилганликда айблаб, шартнома бўйича Арманистонни хорижий босқинига учраган тақдирда ҳимоя қилиши керак бўлган Москвадан ҳарбий ёрдам сўради.
Бунга жавобан КХШТ ўз бош котибини можаро ҳудудига жўнатиш билан кифояланиб, вазиятни таҳлил қилиш учун ишчи гуруҳ тузишни таклиф этди.
«Қайғули» воқелик
23 ноябр куни Ереванда бўлиб ўтган КХШТ саммитида Пашинян ташкилот аъзоларининг хавфсизлик борасидаги яқин ҳамкорлиги баён қилинган якуний декларациясини имзолашдан бош тортди.
«Арманистоннинг КХШТга аъзолиги Озарбайжон тажовузини тўхтата олмагани қайғули», деди Пашинян.
«Сўнгги икки йил ичида КХШТга аъзо Арманистон камида уч марта Озарбайжон ҳужумига учради», деди у.
«Арманистоннинг КХШТ аъзоси эканлиги Озарбайжонни тажовузкор ҳаракатлардан тўхтата олмагани, қолаверса, шу кунгача КХШТда Озарбайжоннинг Арманистонга нисбатан тажовузига муносабати бўйича қарор қабул қила олмаганимиз ачинарли», деди Пашинян.
«Бу фактлар мамлакатимиз ичида ҳам, унинг ташқарисида ҳам КХШТ обрўсига катта путур етказади ва мен буни Арманистоннинг КХШТга раислигидаги асосий муваффақиятсизлик деб биламан», деб қўшимча қилди у.
Блок шунингдек, «иттифоқчиларимиз Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги вазиятнинг кескинлашувига нисбатан ҳам пассив муносабатда бўлди», деди Пашинян.
Расмий манбаларга кўра, сентябр ойи ўрталарида КХШТга аъзо Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги тўқнашувларида камида 100 киши, жумладан, тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган, 200 дан ортиқ одам яраланган. Низо 2021 йилда ҳам юз берган эди.
КХШТнинг вазиятга аралашувдан бош тортгани Қирғизистонда ҳам, Тожикистонда ҳам кескин танқидларга учраган.
Саммитда Россия президенти Владимир Путин КХШТда «муаммолар» борлигини тан олса-да, иттифоқ «аъзо мамлакатларнинг миллий манфаатлари, суверенитети ва мустақиллиги ҳимоясини таъминлашга ёрдам беришини» таъкидлаган.
Путин ҳамкасбларини КХШТ муаммоларини ёпиқ эшиклар ортида батафсилроқ муҳокама қилишга чақирди.
«У ёпилади»
Кузатувчилар бу воқеаларни КХШТ тугатилишининг белгиси сифатида баҳоламоқда.
ОДКБнинг Еревандаги саммити шунчаки бошқа давлатлар Россияни қўллаб-қувватлаётгандек қилиб кўрсатиш учун ўтказилди, деди Украина президенти маъмурияти раҳбари маслаҳатчиси Олексий Арестович 24 ноябр куни «Фейгин Live» YouTube-каналига берган интервьюсида.
Бу қарор ҳатто Россиянинг энг ишончли иттифоқчилари – Ҳиндистон ва Хитой, яқиндан эса Эрон ҳам ундан юз ўгиргани сабабли қабул қилинди, дейди у.
Бунга Россиянинг ўзи айбдор, деб қўшимча қилди у.
Асосий «жўрабоши» Путин Арманистонни ўз ҳолига ташлаб, уни энг ашаддий душмани Озарбайжон билан яккама-якка қолдирди, деди Арестович.
«Бундан кейин қайси аҳмоқ бу ташкилотга ишониши мумкин? ОДКБнинг истиқболи йўқ, у эртами-кечми ёпилади».
2021 йил ёзда Россияни тарк этган ва ҳозирда Литванинг Вилнюс шаҳрида истиқомат қилувчи россиялик сиёсатшунос ва журналист Федор Крашенинниковнинг айтишича, Россиянинг Украинага босқини КХШТ муаммоларини янада оғирлаштирган.
КХШТ маълум режимлар таъсирига қаршилик қилиш учун яратилгани, Россия эса айнан шу режимлар билан ҳамкорлик қилишга мажбур бўлгани инобатга олинса, бу босқин моҳиятан КХШТни маънисиз иттифоққа айлантирди, деб ёзган у 25 ноябр куни Deutsche Welle нашрида.
«Марказий Осиё давлатлари учун Россия билан иттифоқ Хитойдан узоқлашиш учун муҳим эди, аммо ҳозир Путин Россияни Хитойнинг кичик ҳамкори қилиб қўйди», деб айтган Крашенинников.
Путин КХШТ сиёсатини буткул ўзгартириб, ҳатто 2021 йилдан кейинги Афғонистонни Россиянинг иттифоқчисига айлантирди, деб айтди у.
Марказий Осиёга қарши таҳдидлар
Сиёсатчи ва экспертлар ташкилот аъзолари бўлмиш Қозоғистон ва Қирғизистонга қарши ҳарбий чоралар кўриш билан таҳдид қилар экан, КХШТнинг Россияда ҳам деярли обрўси қолмаган.
Россиялик сиёсий таҳлилчи Дмитрий Дробницкийнинг Қозоғистон Украинадан кейин Россиянинг «кейинги муаммосига» айланиши ҳақидаги сўзлари мамлакатда норозилик келтириб чиқарган.
«Украинада содир бўлаётган нацизм жараёнлари у ерда ҳам бошланиши мумкин», деб айтган у 21 ноябр куни «Россия-1» давлат телеканалида эфирга узатилган сиёсий ток-шоуда Россиянинг Украинада нацистлар ҳукмрон экани ҳақидаги ёлғон иддаоларига ишора қилиб.
Бу воқеадан бир неча кун ўтиб, Россия давлат Думаси аъзоси Светлана Журова Қирғизистонга ҳам Украинанинг куни келиши мумкинлигини айтиб таҳдид қилган.
У Қирғизистон парламенти спикери Нурлан Шакиев Бишкекнинг рус тилидаги туманларини қирғиз тилида номлашни таклиф қилганидан кейин шундай фикр билдирган.
Бундай қарор мамлакатдаги кўп сонли русийзабон аҳолининг ҳуқуқларини бузади, деб айтган Журова.
Россия гўёки Марказий Осиёда рўй бераётган «русийзабонларга нисбатан нохолис қарашлар»,«нацизм жараёнлари» ва бошқа «аксилроссия кайфиятлари» ҳақидаги нарративни яратиб келмоқда, деб айтган хафсизлик соҳаси бўйича таҳлилчи, бишкеклик Касибек Жолчуев.
Шундай баҳоналар Россиянинг Украинага тажовузини ва 2008 йилда Россиянинг Грузияга ҳужумини оқлаш учун қўлланилган эди.
Бу Россиянинг ўзи Марказий Осиё хавфсизлигига энг асосий таҳдид эканлигини билдиради, деб айтган у.
«Россия мавжуд бўлмаган душмандан ҳимоялашни ваъда қилиб, бизни ўз таъсир доирасида ушлаб қолмоқчи», деб айтган Жолчуев.
«Аммо бизга Россиянинг ўзидан ҳимоя керак.»