Карвонсарой
Сиёсат

КХШТ саммити аъзолар орасидаги ихтилоф ва келишмовчиликларни кўрсатиб қўйди

Ксения Бондал

(Чапдан ўнгга) Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Беларус президенти Александр Лукашенко, Россия президенти Владимир Путин, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Коллектив Хавфсизлик хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашуви олдидан Кремл залига киришмоқда, 16 май, Москва. [Александр Неменов/Pool/AFP]

(Чапдан ўнгга) Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Беларус президенти Александр Лукашенко, Россия президенти Владимир Путин, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Коллектив Хавфсизлик хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашуви олдидан Кремл залига киришмоқда, 16 май, Москва. [Александр Неменов/Pool/AFP]

ОЛМАОТА – Ўтган ҳафта Москвада бўлиб ўтган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) саммитида Россия ҳукмронлик қиладиган ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги ихтилофлар юзага чиққан.

16 май кунги тадбир КХШТга аъзо барча давлатлар раҳбарларининг сўнгги икки ярим йил ичидаги илк юзма-юз учрашуви бўлди ва Россиянинг Украинага босқини давом этаётган паллага тўғри келди.

Учрашувда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Беларус президенти Александр Лукашенко, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Россия президенти Владимир Путин ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян иштирок этган.

Хабар қилинишича, учрашувдаги муҳит дўстона эмас эди.

13 январ куни Олмаотада КХШТ миссияси якунига бағишланган маросимда иштирок этаётган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг россиялик аскарлари. Россия бошчилигидаги кучлар мисли кўрилмаган тартибсизликлар фонида амалдаги ҳукуматни қўллаб-қувватлаш учун Қозоғистонга жўнатилган. [Александр Богданов/AFP]

13 январ куни Олмаотада КХШТ миссияси якунига бағишланган маросимда иштирок этаётган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг россиялик аскарлари. Россия бошчилигидаги кучлар мисли кўрилмаган тартибсизликлар фонида амалдаги ҳукуматни қўллаб-қувватлаш учун Қозоғистонга жўнатилган. [Александр Богданов/AFP]

Россия президенти Владимир Путин Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашувида иштирок этмоқда, 16 май, Москвада. [Александр Неменов/Pool/AFP]

Россия президенти Владимир Путин Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашувида иштирок этмоқда, 16 май, Москвада. [Александр Неменов/Pool/AFP]

«Учрашув силлиқ ўтди, деб бўлмайди. Саммит давомида иштирокчилар бир-бирларига айрим таъналар билан юзланишди», деб ёзади Россиянинг «Ведомости» бизнес нашри.

Иттифоқ аъзолари унинг ичида бирдамлик ёки ҳамжиҳатлик йўқлигини ҳам таъкидладилар.

«Бугунги кунда ташкилотимиз сафи бирдам, барчамиз ҳамжиҳатликда ва ўзаро қўллаб-қувватловдамиз, деб айта оламизми? Сўнгги воқеалардан маълум бўлишича... ундай эмасга ўхшайди», деди Лукашенко.

2 март куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош ассамблеясида Россиянинг Украинага босқинини қоралаш учун ўтказилган овоз беришда бетараф қолган КХШТ аъзоларининг аксарияти Россияни қўллаб-қувватламаган.

КХШТ давлатлари орасида резолюцияга фақат Беларус ва Россия қарши чиққан.

Ўз навбатида, Путин Қозоғистонга блокнинг тинчликпарвар кучлари томонидан январ ойида кўрсатилган ёрдамниэслатиб, БМТ ичида ва КХШТ доирасида ташқи сиёсат бўйича яқин ҳамкорликка умид қилаётганини билдирди.

Бу орада Пашинян ўтган йили Озарбайжон қўшинлари Арманистон ҳудудига бостириб кирганида вазиятга аралашмагани учун КХШТни танқид қилар экан, блокдаги айрим ҳамкорлар Озарбайжонга қурол сотишда давом этаётганидан шикоят қилган.

Путин ва Лукашенко яккаланиб қолмоқда

КХШТ ичидаги норозилик яққол намоён бўлмоқда, дейди Нур-султонлик сиёсий шарҳловчи Газиз Абишев.

Иттифоқдаги етакчилар турли «тўлқинларда», чунки уларнинг манфаатлари ҳар хил, дейди у.

«Путин ўзининг «муқаддас» урушини бошлади, унда ҳамма нарса аралашиб кетган: «ерларни жамлаш» ғояси [кўҳна Московияни кенгайтириш учун ишлатилган ибора], НАТО билан уруш, ўзининг тасаввуридаги Россия миллий манфаатларини ҳимоя қилиш ва ҳокимиятни сақлаб қолиш», дейди у.

«Лукашенконинг кун тартиби ҳам шунга ўхшаш – у тартибсизликлар туфайли Беларусдаги ҳукмронлигини йўқотаёзди... ва у ҳам санкцияларга дучор бўлди.»

Лукашенкони Путиндан бошқа ҳеч ким қўлламаётгани учун у иттифоқчилар излаяпти, Пашинян эса Лукашенконинг Арманистон билан уруш вақтида Озарбайжонни қурол-яроғ билан таъминлаганини билади ва ундан хафа, деди Абишев.

Бу орада Раҳмон ҳокимиятни ўғлига топшириш ҳаракатида, Жапаров эса ҳокимиятни ўз қўлида бирлаштиришга уринмоқда, дейди у.

Қозоғистонда эса демократлаштириш, ислоҳотлар ва олигархларни мағлуб этиш асосий масала бўлиб турибди, деб қўшимча қилди у.

Украинага босқин, унинг иқтисодий оқибатлари билан бир қаторда, «КХШТдаги барчанинг қовурғасига арматура бўлаги каби зарба берди», деди Абишев.

Албатта, Лукашенко Қозоғистон ва КХШТнинг бошқа аъзолари унга ва Путинга ёрдамга шошилишини истайди, деди у.

«Аммо Қозоғистон бундан манфаатдор эмас, чунки, назаримда, мамлакатимиз раҳбарияти Россиянинг Украинада қўллаётган сабаблари ва усулларини маъқулламайди», деди Абишев.

КХШТга аъзолик масаласи сўроқ остида

Лукашенконинг нутқи Путин билан бирга мутлоқ яккаланиб қолганини тушуниб турган нодон одамнинг сўзларидан бошқа нарса эмас, дейди олмаоталик журналист ва тадбиркор Арман Шораев.

«Аслида Қозоғистон КХШТни НАТОга муқобил тузилма деб билмайди, чунки Қозоғистон ҳарбий доктринасида иккала блок билан ҳам ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган», дейди у.

«КХШТ саммитидан икки кун аввал Тўқаев НАТОга аъзо мамлакатлардан бири – Туркияда бўлиб, қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказишга келишиб олган».

Қолаверса, Туркия ўзининг Қозоғистондаги дрон заводи учун барча технологияларни етказиб бериш мажбуриятини олди. Бу корхонада икки мамлакат Украинадаги Россия қўшинларини тор-мор қилаётган туркларнинг «Байроқдор»идан ҳам ўтадиган жанговар дронларни ишлаб чиқариши мумкин», деди Шораев.

КХШТ келишувига кўра, агар ташкилот аъзоларидан бири учинчи давлатга ҳужум қилишни режалаштирган бўлса, бу ҳақда блокнинг бошқа аъзоларини хабардор қилиши шарт, деди у.

«Путин ташкилот тарафидан белгиланган бу талабларни қўпол равишда бузди – у ҳеч кимни огоҳлантирмай Украинага ҳужум қилди», деди Шораев. Буни «махсус операция» деб атаса ҳам, лекин аслида бу уруш эълон қилмасдан амалга оширилган босқиндир», дейди у.

Демак, Қозоғистон ҳам КХШТга аъзо бошқа ҳар қандай давлат каби ўз аъзолигини тўхтатиб туриш ёки иттифоқдан бутунлай чиқиб кетишга маънан ҳақли, деди у.

КХШТ 1992 йилда ташкил этилганидан бери уни ҳафсаласи пир бўлган бир қанча аъзолар тарк этган. 1993 йилда аъзо бўлган Озарбайжон ва Грузия 1999 йилда, Ўзбекистон эса 2012 йилда ташкилот сафидан чиққан.

«Демак, прецедентлар бор ва менимча, КХШТдан чиқадиган кейинги давлат Қозоғистон бўлади», деди Шораев.

«Заҳарли иттифоқ»

КХШТ ичидаги танглик яққол сезилмоқда, ҳар бир давлат ўз манфаатини кўзлаяпти, дейди олмаоталик ҳуқуқшунос Асқар Қалдибаев.

Унинг айтишича, Россия раҳбарияти Беларус иштирокида Украинага зарба бериш орқали НАТОдан ҳимояланишни истамоқда.

Халқаро ҳуқуқ нуқтайи назаридан, бу ҳаракатлар хорижий давлатга тажовуз сифатида тавсифланиши керак. Жаҳон ҳамжамияти уларни шундай таърифламоқда, деди у.

«КХШТнинг Қозоғистон ва Қирғизистон каби бошқа аъзолари эса дунё ҳамжамияти Россия ва Беларуснинг ҳаракатларига қарши эканини кўриб, бу икки давлат билан ҳарбий-сиёсий иттифоқда бўлиш уларнинг манфаатларига салбий таъсир қилишини англамоқда», деди Калдибаев.

Ҳеч бир мамлакат Россия ва Беларус билан ҳамкорлик учун санкцияларга учрашни истамайди, деди у.

«Шу тариқа КХШТ бу икки давлат билан иттифоқ сифатида бошқа давлатлар учун зарарли бўлиб бормоқда», деди Қалдибаев.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Украинада уруш қилишга вақти етарли эканлиги, Сурияга аскарлар юбораётгани ва айрим ташкилотларда ўз ҳурматини сақлаб қолаётгани ғалати. Буларнинг биттасини ҳам уддалай олмаяпти.

Жавоб бериш

Бу ташкилот сақлаб қолишга арзийдиган бўлганида эди, ундан фойда бўларди. Акс ҳолда, унга қўшилиш ва қўллаб-қувватлашдан маъно йўқ.

Жавоб бериш

Ҳеч қандай келишувларга риоя қилмайдиган, асоссиз равишда имтиёзлар талаб қиладиган тажовузкор давлат билан бир ташкилотга аъзо бўлиш ва битимлар тузиш – қандай ҳам «ажойиб» режа.

Жавоб бериш

Бир тийинлик фойдаси йўқ КХШТ Қозоғистонда бир ҳафтагина бўлиб, пиво заводини қўриқлади, энди шу иши учун ҳурмат истаяпти. Бошқа нарса керакмасми мабодо?

Жавоб бериш