КИЕВ – Россиянинг Украинага бостириб кирганига бир йил тўлар экан, ҳарбий таҳлилчилар машаққатли жанглар охир-оқибат Украинанинг ғалабаси билан якунланишини башорат қилмоқдалар.
Ҳарбийларнинг айтишича, бу йил баҳор ва ёз ойларида жанглар шиддатли тус олиши кутиляпти.
Ресурсларнинг кескин тақчиллигига қарамай, ҳозирда Россия тезкор ҳужумдан тинкани қуритадиган урушга ўтмоқда.
«Кремл стратегик муваффақиятсизликка учрамоқда. Шунинг учун [Россия мудофаа вазири Сергей] Шойгу ва [Бош штаб бошлиғи Валерий] Герасимов Путинга глобал уруш деб аталган концепцияни тақдим этишди», дейди Украина ташқи разведка хизматининг 2005-2010 йиллардаги раҳбари, хавфсизлик бўйича таҳлилчи Николай Маломуж Карвонсаройга.
Маломужнинг айтишича, Россия бутун Ғарб, шу жумладан НАТОга қарши урушмоқда, деган ёлғон даъвога асосланган бу концепция фронтга янги кучлар ва техника жалб қилишни кўзда тутади.
«Гап 500 минг кишини аскарликка сафарбар қилиш ва танкларнинг янги зарбдор гуруҳларини тузиш ҳақида бормоқда... шунингдек, эски бронетранспортёрларни, «Град», «Ураган» ва «Смерч» ўзиюрар реактив тизимларни таъмирлаш режалаштирилмоқда», деди у.
«Улар янги ракета тизимларини ишга туширишни ҳам режалаган. Улар кўп бўлмаса-да, ҳали ҳам Россияда ишлаб чиқарилади», деб қўшимча қилган Маломуж.
Маломужга кўра, Путин аскарлар ва техникадан иккита босқичда фойдаланишни режалаштирмоқда.
Биринчиси – Кремл ўзининг асосий мақсади деб билган стратегик вилоятларни эгаллаб олиш. Жумладан Донбасс, Донецк ва Луганск бу рўйхатнинг энг аввалида туради.
«Биз ҳозир биринчи босқичнинг ўртасидамиз. Биринчи вазифамиз, Донбасс, Бахмут, Сватово, Кременная ва албатта Украина жанубидаги Запорожьеда ўз позициялармизни сақлаб қолиш», деб айтган Маломуж.
Донецк, Луганск ва Запорожье вилоятлари – «душман бизни чиқариб юбориб, янги ерларни эгаллашга ҳаракат қилаётган учта асосий ҳудуд», деб айтган у.
Иккинчи босқич жануб ва шарқда ғалаба қозониш учун кенгроқ қамровдаги ҳужум операцияси бўлади.
«Менимча улар уч-тўрт ойда иккинчи босқични бошлашмоқчи. Путин Россиянинг чекка ҳудудларидан келган ёлланма аскарларга ишонмоқда, уларга эски, таъмирланган техника ва танклар топширилади. Бу билан у жануб ва шарқда янада катта миқёсдаги ҳужум операциясини режаламоқда», деб айтган Маломуж.
Навбатдаги сафарбарлик
Буни амалга ошириш учун Россия афтидан яна битта сафарбарликни амалга ошириш керак.
Путин сентябрда 300 минг киши тўплаш учун қисман сафарбарлик эълон қилган эди.
«Россия сафарбарликсиз урушни давом эттира олмайди. Кремл халқни сафарбар қилиши, сафарбарлик 2.0 эълон қилиши ёки тўлиқ оммавий сафарбарлик бошлаётганини очиқдан-очиқ тан олиши керак», дейди InfoResist сайтининг ҳарбий таҳлилчиси, киевлик Александр Коваленко.
Ҳозирги вақта Россия қўмондонлари куч тўплашга эмас, балки ўз йўқотишлари ўрнини қоплашгагина қодир, деб айтган Коваленко.
«Ҳужум операцияси учун зарбдор гуруҳни шакллантириш, ҳар қандай ҳужум операцияси ёки маневрларини кенгайтириш ҳақида гап кетар экан, бунинг учун кўпроқ ресурс керак бўлади», деди Коваленко.
«Уруш 2023 йилда ҳам тугамаслигига кўникишимиз керак. Катта эҳтимол билан 2024 йилда ҳам давом этиши мумкин. Бунга ҳамма руҳан тайёр туриши керак», деб қўшимча қилган Коваленко.
«Шунингдек, узоққа чўзиладиган ҳар қандай низо ахборот ресурсларидан моҳирона фойдалана оладиган россияликларга қўл келишини тушунишимиз керак.»
«Душман узоқ муддатли урушдан Украина халқини тушкунликка тушириш ва ўз қуролли кучлари салоҳиятидан шубҳаланиши учун ташвиқот сифатида фойдаланмоқда», дейди Коваленко.
Украинанинг қарши ҳужуми
Украина қўмондонлари бу таҳдидларни яхши тушунади, дейди ҳарбий кузатувчилар.
Украина қуролли кучлари урушнинг иккинчи йилидаги асосий воқеа бўлиши кутилаётган шиддатли қарши ҳужумга тайёрланмоқда, дейди Коваленко.
«Барчаси босқичма-босқич ва пухта ўйланган тарзда амалга оширилади. Ҳеч қандай кутилмаган операциялар бўлмайди, Украина бош штаби барчасига мувозанатли ёндашмоқда.»
«Буни ҳамма, жумладан аҳоли тушуниши керак, чунки одамлар кўпинча тезкор ғалаба кутишади. Бу ерда вазият бошқача», деб айтган Коваленко.
«Албатта, бу ҳолатда кўп нарса иттифоқчиларимизга ҳам боғлиқ» дейди хавфсизлик бўйича таҳлилчи Маломуж.
Агар Украина икки-уч ой ичида ўз ҳамкорларидан энг сўнгги техника ва қуролларни қабул қилиб олса, ҳужум операциясини режалаштириб, келаётган уч-олти ой давомида шарқ ва жанубдаги ҳудудларини озод қила олади, деди у.
Бу унинг ҳудудида ва Беларусда тайёргарлик ўтказилаётган заҳирадаги аскарларни тўплаш учун Россияга кам вақт қолдиради. Аскарларини ҳарбий тайёргарликдан ўтказиши учун Кремлга тўрт ой керак, деб айтган у.
«Умуман олганда, Украина учун истиқболлар ижобий, чунки мамлакатимизни бутун дунё қўллаб-қувватламоқда», дейди Маломуж.
Бандерачилар жуда моҳирона жанг қилишяпти, шундай экан, Украинанинг қарши ҳужуми муваффақиятли бўлиши мумкин.
Жавоб беришФикрлар 1