Карвонсарой
Хавфсизлик

АҚШ ҳисоб-китобларига кўра, 5 ой ичида Украинада 100 минг россиялик ҳалок бўлган ва яраланган

AFP ва Карвонсарой

27 апрел куни Москва марказида Ғалаба куни муносабати билан ўтказилажак ҳарбий парад репетицияси олдидан Кремлнинг Спасская минораси ва Авлиё Василий собори ёнида турган россиялик ҳарбий хизматчилар. Оқ уйнинг 1 май кунги ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги беш ой ичида Россиянинг Украинадаги талафотлари 100 минг кишини ташкил қилган, улардан 20 минги ҳалок бўлган. [Кирилл Кудрявцев/AFP]

27 апрел куни Москва марказида Ғалаба куни муносабати билан ўтказилажак ҳарбий парад репетицияси олдидан Кремлнинг Спасская минораси ва Авлиё Василий собори ёнида турган россиялик ҳарбий хизматчилар. Оқ уйнинг 1 май кунги ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги беш ой ичида Россиянинг Украинадаги талафотлари 100 минг кишини ташкил қилган, улардан 20 минги ҳалок бўлган. [Кирилл Кудрявцев/AFP]

Душанба (1 май) куни Оқ уй расмийсининг маълум қилишича, 5 ой ичида Украина шарқида, хусусан Бахмутдаги жангларда 20 мингдан ортиқ россиялик аскар ҳалок бўлган, 80 минг нафари яраланган.

«Ҳисоб-китобларимизга кўра, Россиянинг инсоний талафотлари 100 мингдан ортиқ одамни ташкил қилган, жумладан 20 мингдан ортиқ одам жангларда ҳалок бўлган», деди АҚШ миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби журналистларга.

«Россиянинг Донбассда асосан Бахмут орқали ҳужум уюштиришга уриниши барбод бўлди... Россия стратегик аҳамиятга эга бирор ҳудудни қўлга кирита олмади», деди Кирби.

Кирби яқинда ошкор қилинган АҚШ разведкаси маълумотларига таяниб, ҳалок бўлганларнинг қарийб ярми ўз сафини Россиядаги қамоқхоналар маҳбуслари ҳисобига тўлдирадиган «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясига ёлланган аскарлар эканини айтган.

23 апрел куни олинган ушбу суратда Россиянинг Украинага босқини вақтида Донецк вилоятининг Бахмут шаҳрида ўққа тутилган тураржой биноси акс этган. [Анатолий Степанов/AFP]

23 апрел куни олинган ушбу суратда Россиянинг Украинага босқини вақтида Донецк вилоятининг Бахмут шаҳрида ўққа тутилган тураржой биноси акс этган. [Анатолий Степанов/AFP]

АҚШ маълумотларига кўра, жанглар туфайли берилган қурбонлар декабр ойи бошидан бери қайд этилган йўқотишлар бўлиб, энг шиддатли жанглар Бахмутда кечган – у ерда Украина қўшинлари шаҳарнинг бир қисмидан ташқари ҳамма жойидан сиқиб чиқарилган.

«Бу уриниш, айниқса Бахмутдагиси, жуда, жуда қимматга тушди. Россия ўзининг ҳарбий захиралари ва қуролли кучларини ишлатиб бўлди», деди Кирби.

Кирбининг айтишича, Украинанинг талафотлари ҳақидаги маълумотлар келтирилмаган, чунки «бу ҳолатда улар жабрдийда, Россия эса босқинчи».

Оқ уй «армияси АҚШ бошчилигидаги давлатлар коалицияси томонидан қуроллантирилаётган ва ўқитилаётган Ғарбдаги яқин иттифоқдошининг ишини қийинлаштирадиган маълумотни ошкор қилмайди», деди у.

Демографик оқибатлар

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Россиянинг йўқотишлари жанг майдонидан ташқарида вазиятга ҳам таъсир қилади.

Туғилиш даражасининг доимий пастлиги сабаб ишчи кучи етишмовчилигидан азият чекаётган мамлакат учун бу можаро узоқ йиллар давом этиши мумкин бўлган янада кўпроқ қийинчиликларни келтириб чиқаради.

Мудофаа вазирлиги 5937 киши ҳалок бўлганини маълум қилган 2022 йил сентябр ойидан бери Россия расмийлари Украинадаги аскарларга оид йўқотишлар ҳақида янгиланган ҳисоб-китобларни маълум қилмаган.

«Ҳарбий операция давомидаги аниқ талафотлар маълум эмас, лекин 300 минг киши урушга сафарбар қилинди, бу эса ишлаётган ёшларнинг янада камайишига олиб келди», дейди Москва давлат университети эксперти Наталья Зубаревич.

Жанг майдонидаги йўқотишлар Россияга «қаттиқ зарба берган» ҳалокатли коронавирус пандемияси ортидан келди, дейди демография бўйича эксперт Игор Ефремов AFPга.

Расмий маълумотларга кўра, COVID-19дан 400 мингга яқин ўлим ҳолатлари қайд этилган бўлса-да, ҳақиқий қурбонлар сони анча юқори эканлиги тахмин қилинади.

Юз минглаб эркакларнинг ҳарбий хизматга сафарбар этилиши уларни меҳнат бозоридан чиқариб ташлади, аҳолининг кўплаб ўқимишли қатламлари эса мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.

«Россияга ишчи кучи етишмаяпти», дейди илгари «Росстат» статистика агентлигида ишлаган демограф Алексей Ракша.

«Бу эски муаммо, лекин сафарбарлик ва оммавий чиқиб кетишлар туфайли у янада оғирлашди», деди у.

1990-йилларда иқтисодий қийинчиликлар ва мамлакат келажагига ишончсизлик туфайли туғилиш икки баробарга камаяр экан, Совет Иттифоқининг парчаланишидан сўнг Россияда паст туғилиш кўрсаткичлари сақланиб қолган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Даҳшат. 100 мингта оила ўғилларсиз, оталарсиз, эрларсиз ва ака-укаларсиз қолди...

Жавоб бериш