Карвонсарой
Дипломатия

Хитойнинг баҳсли ҳудудлардаги бир томонлама хатти-ҳаракатлари тажовузга оид хавотирларни келтириб чиқармоқда

Карвонсарой ва AFP

Аруначал-Прадеш штати Таванг округидаги Панканг Тенг Цо кўли яқинида жойлашган лагерда қуролларини намойиш қилаётган ҳинд аскарлари кўрсатилган, 3 апрел куни олинган сурат. Хитой ҳудудга даъво қилиш мақсадида Ҳиндистоннинг Аруначал-Прадеш штатидаги Земитанг қишлоғи номини ўзгартирган. [Арун Санкар/AFP]

Аруначал-Прадеш штати Таванг округидаги Панканг Тенг Цо кўли яқинида жойлашган лагерда қуролларини намойиш қилаётган ҳинд аскарлари кўрсатилган, 3 апрел куни олинган сурат. Хитой ҳудудга даъво қилиш мақсадида Ҳиндистоннинг Аруначал-Прадеш штатидаги Земитанг қишлоғи номини ўзгартирган. [Арун Санкар/AFP]

ЗЕМИТАНГ, Ҳиндистон – Таҳлилчилар фикрича, Хитой баҳсли ҳудудлар номини ўзбошимчалик билан ўзгартириб, қўшниларига қарама-қаршилик келтириб чиқармоқда. Таҳлилчиларга кўра, жой номларини ўзгартириш Пекиннинг бутун дунё бўйлаб геосиёсий ва ҳарбий таъсирини кенгайтириш режаларининг бир қисмидир.

Аммо хитойлаштириш жараёнининг навбатдаги босқичи қаршиликка дуч келмоқда.

Ҳиндистон чегарасидаги Земитанг қишлоғига олиб борувчи Ҳимолай бўйлаб ўтадиган тоғли йўлда янги қурилган йўллар, кўприклар, замонавийлаштирилган ҳарбий лагерлар ва янги фуқаролик инфратузилмаси пайдо бўлар экан, апрел ойида Хитой бу ҳудудга даъво қилиш учун уни «Бангцин» деб номлаган.

У Ҳиндистоннинг олис шимоли-шарқидаги Аруначал-Прадеш штатида жойлашган бўлиб, Пекиннинг иддаосича, унинг қарийб бутун ҳудуди «Жанубий Тибет» сифатида унинг суверенитети остига киради.

Toutiao.com сайтида чоп этилган «Нега Қирғизистон мустақилликка эришганидан сўнг ўз ватанига қайтмади?» сарлавҳали мақоласида Қирғизистонни Хитой ҳудуди сифатида кўрсатувчи харита акс этган. [Toutiao.com]

Toutiao.com сайтида чоп этилган «Нега Қирғизистон мустақилликка эришганидан сўнг ўз ватанига қайтмади?» сарлавҳали мақоласида Қирғизистонни Хитой ҳудуди сифатида кўрсатувчи харита акс этган. [Toutiao.com]

1962 йилда Осиё гигантлари ҳозирда «Ҳақиқий назорат чизиғи» деб номланувчи 3500 км узунликдаги чегара ҳудуди учун уруш олиб боришган ва у вақти-вақти билан юз берадиган тўқнашувлар ва мунтазам дипломатик чоралар билан бугунги кунга қадар баҳсли бўлиб қолмоқда.

Маданий жиҳатдан кўпроқ Тибетга яқин бўлган Аруначал-Прадеш жанг учун ёввойи ҳудуд бўлиб, 4750 метр баландликдаги тоғ довонлари май ойининг охирларида ҳам қор кўчкилари билан қопланган, қуйи ён-бағирлари эса қалин ўрмонлардан иборат.

Мувозанатлаш чораси

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ҳукумати чегаранинг нариги тарафида Хитойнинг кучайиб бораётганидан хавотирга тушиб, аҳоли ҳозирлигини ошириш ва янги ҳарбийлаштирилган баталонларни ташкил этиш учун йирик алоқа лойиҳаларига миллиардлаб доллар сарфлади.

Ҳиндистон ушбу ҳудудда мудофаа салоҳиятини кенгайтириб, қанотли ракеталар, гаубицалар, АҚШда ишлаб чиқарилган Chinook вертолётлари ва дронларни жойлаштирди.

Айни вақтда, доимий геосиёсий мувозанатлаш чораларининг белгиси ўлароқ, Ҳиндистон Хитой ва Россияни ўз ичига олувчи Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг (ШҲТ) аъзоси ҳисобланади.

Аммо Си Цзинпин раҳбарлигида Хитойнинг шиддати кучайиб борар экан, Ҳиндистон Пекинга қарши туриш учун тузилган Қўшма Штатлар, Австралия ва Япониядан иборат «Тўртлик»ка ҳам аъзо бўлган.

Пекин жой номини ўзгартиргани ҳақида эълон қилганидан бир неча кун ўтгач, Ҳиндистон ички ишлар вазири Амит Шоҳ чегара атрофида яшовчи аҳоли учун мўлжалланган 585 миллион долларлик «жонли қишлоқлар» дастурини ишга туширди.

«Ҳиндистон барча билан тинчликни хоҳлайди», деб айтган Шоҳ 1962 йилда эгалланган Аруначал-Прадешнинг илк қишлоқларидан бири Кибитуда.

«Лекин ҳеч ким юртимизнинг бир қарич ерига ҳам тажовуз қила олмайди.»

Номнинг ўзгариши «воқеликни ўзгартирмайди»

Бу Хитойнинг Аруначал-Прадешдаги жойлар номини бир томонлама тартибда ўзгартириши билан боғлиқ учинчи ҳолатдир. Бу каби ҳолат 2017 йилнинг апрел ва 2021 йилнинг декабр ойларида ҳам юз берган, деб хабар беради The Hindustan Times.

Бу сафар у тоғ чўққилари, дарёлар ва аҳоли турар жойларидан иборат 11 та жой номини ўзгартирди, бу «Нью Деҳли ва Пекин ўртасидаги ишончсизликни янада чуқурлаштиради», деб ёзади нашр.

Пекиннинг баёноти Нью Деҳлини ғазаблантирган.

«Аруначал-Прадеш Ҳиндистоннинг ажралмас қисми бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади», деди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ариндам Багчи 4 апрел кунги баёнотида.

«Тўқиб чиқарилган номлар бу ҳақиқатни ўзгартирмайди», деб қўшимча қилди у.

Нью-Деҳли ўтмишда ҳам бу каби қайта номлашларни рад этар экан, шимоли-шарқий штат доим Ҳиндистоннинг «ажралмас» қисми бўлиб қолишини яна бир бор таъкидлаган, деб ёзади The Hindustan Times.

Қўшма Штатлар Аруначал-Прадеш ҳудудини «анча олдин» тан олганини билдирган.

«Биз жойлар номини ўзгартириш орқали ҳудудий даъволарни илгари суришга оид ҳар қандай бир томонлама уринишларга қатъиян қаршимиз», деди Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пер 4 апрел куни.

Пекин илгари ҳам фактларни куч билан ўзгартиришга ҳаракат қилган.

Чегарадан бир неча километр узоқликда жойлашган Земитанг ва Лхаса ташқарисидаги энг йирик ва қадимги Тибет буддистлари монастири жойлашган туманнинг асосий шаҳри бўлган Таванг шаҳарчаси 1962 йилда Хитой кучлари томонидан босиб олинган, улар чекиниш олдидан ҳинд қўшинларини қақшатқич тарзда тор-мор қилган эди.

Ҳиндистон армияси офицери, Тавангда минглаб қўшинларга қўмондонлик қилувчи Н.М. Бендигери ушбу ҳодисалар такрорланишининг олдини олишга масъул қилинган.

Декабр ойида унинг юзлаб аскарлари Хитой кучлари билан тўқнашди.

Уч йил аввал эса чегаранинг ғарбий чеккасидаги Ладахда юз берган тўқнашувда 20 та ҳинд ва тўрт хитойлик ҳалок бўлган эди.

Пекиннинг бу баёнотлари «бу ерда ҳеч нарсани ўзгартирмайди», дейди Бендигери.

Аслида эса Хитойнинг хатти-ҳаракатлари бир вақтлар эътибордан четда қолган олис минтақани тубдан ўзгартирмоқда.

«Қўш мақсадли арвоҳ қишлоқлар»

Нью-Деҳли ўз қўшнисининг Ҳақиқий назорат чизиғида жойлашган «сяокан» (мандарин тилида) – фаровон қишлоқларни ривожлантиришга интилишидан хавотир билдирган.

Бендигери уларнинг жойлардаги воқеликни ўзгартиришга мўлжалланган «қўш мақсадли арвоҳ қишлоқлар»га айланишидан хавотирда.

У, шунингдек, Халқ озодлик армияси улардан можаро вақтида фойдаланиши мумкинлигидан хавотир билдирган. Бу Пекиннинг баҳсли Жанубий Хитой денгизида ҳарбийлаштирилган сунъий ороллар қурганига ўхшаш ҳолат бўлиши мумкин.

Пекин «ноқонуний тарзда» Жанубий Хитой денгизининг катта қисми устидан суверенитет ёки айрим эксклюзив ҳуқуқларни даъво қилар экан, бу даъволарни ҳуқуқий жиҳатдан асослаш учун Осиёдаги жойларга хитойча номлар бермоқда.

Бироқ, ҳар йили бир неча триллион долларга тенг юклар ўтадиган Жанубий Хитой денгизидаги оролларга Хитой билан бирга, Бруней, Малайзия, Филиппин, Тайван ва Вьетнам ҳам даъвогардир.

Хитойнинг Тайвандаги давомли ҳарбий машғулотлари Пекиннинг ҳарбий экспансионизм таҳдидига яна бир мисолдир.

Ўтган ой Пекин улар қамал симуляцияси ва йўналтирилган зарбаларни ўз ичига олган уч кунлик ҳарбий машғулотларни ўтказган.

Тайван 1949 йилдан бери ўз ҳукуматига эга, аммо Хитойнинг доимий босқинчилик таҳдиди остида яшайди. Пекин оролни ўз ҳудуди деб билади ва бир кун келиб, керак бўлса, уни куч билан тортиб олишга ваъда берган.

Таҳлилчиларнинг огоҳлантиришича, бундай машғулотларнинг тез-тез ўтказилиши ва Пекиннинг ўз қўшнилари билан кучайиб бораётган ҳудудий баҳслари глобал тинчликка таҳдид солади ва дунёдаги энг гавжум транспорт йўлларини тўсиб қўйиши мумкин, бу эса глобал иқтисодий оқибатларга олиб келади.

Марказий Осиёдаги хавотирлар

Марказий Осиё Пекиннинг номларни ўзгартириш ўйинида яна бир нишонга айланди.

2020 йил баҳорда Хитой сайтларида Қозоғистон ва Қирғизистон борасида шов-шувли провокацион баёнотлар эълон қилинди.

Ўша йилнинг апрел ойида Хитойнинг Sohu.com хусусий онлайн нашрида «Нима учун Қозоғистон Хитойга интилмоқда» сарлавҳали мақола чоп этилган эди.

Мақола муаллифи Қозоғистоннинг ўз ҳудудига нисбатан суверенитетини шубҳа остига олиб, бу ерлар тарихда Хитойга қарашли бўлгани ва «Қозоғистон Цин сулоласининг вассали бўлганини» таъкидлаган.

Ўша ойнинг ўзида Toutiao.com сайтида «Нима учун Қирғизистон мустақилликка эришганидан кейин ўз ватанига қайтмади?» сарлавҳали мақола чоп этилган.

Мақолада Қирғизистон минг йилликлар давомида Хитой ҳудудининг бир қисми бўлгани, 1846 йилда Чор Россияси Хитойдан 510 минг кв. км ҳудудни, жумладан ҳозирги Қирғизистон ерларини тортиб олгани ҳақида ёзилган.

Мақолада бу даъвони мустаҳкамлаш учун ўша вақтда Хитойники деб ҳисобланган ҳудудлар харитаси келтирилган. «Ватанидан ажралган минтақа ва давлатлар охир-оқибат ортга қайтишга интилса-да», 1991 йилда мустақилликка эришган Қирғизистон асосан Россиянинг давомли таъсири туфайли Хитойга «қайтмади», деб ёзади муаллиф.

Хитойнинг ахборот сиёсатидан хабардор кузатувчиларнинг айтишича, бу веб-сайтлар Пекин раҳбариятининг дастлабки розилигисиз ёлғон маълумот тарқатмайди.

Пекин сохта ҳудудий даъволар билан Тожикистонни ҳам нишонга олган.

2020 йил июлда Хитой оммавий ахборот воситалари 2011 йилда Тожикистоннинг 1158 кв. км ҳудуди Хитой ихтиёрига ўтказилиши ҳақидаги мақолани чоп этган ва у кўплаб тожикистонликларни ғазаблантирган эди. Тожикистон бу ерларни ўз қарзларининг бир қисмидан қутулиш учун Хитойга топширган.

Можаро Тожикистоннинг Хитой олдидаги қарзи ўсишда давом этаётгани сабабли юзага келди, бу эса мамлакат қарздан халос бўлиш эвазига янада кўпроқ ҳудудидан маҳрум бўлиши мумкинлигини англатади.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500