Карвонсарой
Иқтисодиёт

Россиядан қочаётган ўзбек мигрантлари Европада янги меҳнат бозорларини изламоқда

Рустам Темиров

9 июл куни Тошкентда олинган сурат: 40 яшар Суннат Тўйчиев беш хил давлатда мигрант бўлиб ишлаган. Россия меҳнат мигрантлари учун жуда хавфли давлатга айланди, дейди у. [Рустам Темиров/Карвонсарой]

9 июл куни Тошкентда олинган сурат: 40 яшар Суннат Тўйчиев беш хил давлатда мигрант бўлиб ишлаган. Россия меҳнат мигрантлари учун жуда хавфли давлатга айланди, дейди у. [Рустам Темиров/Карвонсарой]

ТОШКЕНТ – Беқарорлик ва Украинада жанг қилиш учун мажбуран ёлланиш эҳтимоли сабабли бир вақтлар ўзлари хайрихоҳ бўлган Россияни тарк этаётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари тобора кўпроқ Европа давлатларидан иш изламоқдалар.

Staffing Industry Analysts (SIA) компаниясининг 31 май кунги хабарига кўра, ўтган йили Бирлашган Қиролликдаги мавсумий меҳнат мигрантларининг сезиларли қисмини ўзбекистонликлар ташкил этди. 2022 йилда мавсумий ишчиларнинг деярли чорак қисми Марказий Осиёлик бўлган.

Ўтган йили Британия томонидан Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларига 6000 дан ортиқ меҳнат визаси берилган.

«Биз 2022 йилда Ўзбекистон ва Қирғизистондан Буюк Британияга келаётган мавсумий ишчилар сони кескин ошганига гувоҳ бўлдик», деди бандитизм ва меҳнат суиистеъмолига қарши кураш бошқармаси (GLAA) директори Дэррил Диксон SIA ҳисоботида.

Ўзбекистонлик меҳнат мигранлари энг кўп бораётган мамлакатлар қизил рангда кўрсатилган – чапдан ўнгга Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Қозоғистон, Россия ва Жанубий Корея. [Карвонсарой]

Ўзбекистонлик меҳнат мигранлари энг кўп бораётган мамлакатлар қизил рангда кўрсатилган – чапдан ўнгга Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Қозоғистон, Россия ва Жанубий Корея. [Карвонсарой]

19 феврал куни Москвада қор кураётган ўзбекистонлик меҳнат мигранти. [Даниил Каримов]

19 феврал куни Москвада қор кураётган ўзбекистонлик меҳнат мигранти. [Даниил Каримов]

«Биздаги маълумотлар шуни кўрсатадики, бу рақам кейинги бир неча йил ичида ўсишда давом этади.»

Унинг айтишича, GLAA дастурда иштирок этаётган ҳар бир хорижлик ишчининг «Буюк Британия фермаларида ижобий иш тажрибасига эга бўлишини ва эксплуатацияга учрамаслигини» таъминлашга интилади.

Буюк Британия ва Европа Иттифоқи (ЕИ) давлатлари Ўзбекистондан келган меҳнат мигрантлари учун энг истиқболли йўналишлардан бири бўлиб турибди, деб таъкидлаган Ўзбекистон прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти 2022 йил апрел ойида.

2022 йил февралда Россия Украинага босқин бошлагани ва бу икки мамлакатдан келадиган мавсумий ишчилар тақчиллигини келтириб чиқарганидан бери Британия фермерлари бўшлиқни тўлдириш учун Марказий Осиёдан ишчи ёллай бошлаган, деб ёзган эди London Telegraph 2022 йилнинг май ойида.

2021 йилда украиналиклар ва россияликларга Буюк Британия ички ишлар вазирлиги томонидан 22761 та иш визаси берилган, аммо уруш туфайли бу рақамлар камайди, дейилади хабарда.

Европадаги миграция келишувлари

Ўтган йили Германия компанияларида 300 га яқин Ўзбекистон фуқароси иш билан таъминланди, деб хабар беради Dunyo.info май ойида Германиянинг MiGAZIN нашрига таяниб.

Унга кўра, Германия ва Ўзбекистон бу тартибни сезиларли даражада соддалаштирадиган миграция келишуви устида ишламоқда.

Ушбу келишув, шунингдек, иқтисодий ва маданий алоқаларни кенгайтиришга ёрдам берадиган таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашади. Келишув доирасида ўзбекистонлик талабалар Германияда ишлаш ҳуқуқига эга бўладилар.

Бу орада Ўзбекистон ва Австрия март ойида Ўзбекистонда меҳнат мигрантлари учун тайёрлов маркази очишни режалаштирилаётганини эълон қилганлар. Ўқув дастури Германия ва Австрияда ишлаш бўйича маҳаллий стандартлар асосида ишлаб чиқилади.

Migrant.uz нашри муҳаррири, ҳуқуқшунос ва миграция бўйича мутахассис Ботир Шермуҳаммедовнинг фикрича, Ўзбекистон фуқароларини Европа Иттифоқига ишлашга юбориш жараёни секинлик билан, аммо ишончли тарзда кечмоқда.

«Кўп нарса фуқароларнинг ўзига боғлиқ, чунки чет элда ишлаш истагининг ўзи камлик қилади: хорижий тилларни билиш зарур», деди у Карвонсаройга. «Афсуски, бизнинг фуқароларимиз бу борада жуда кўп муаммоларга дуч келишмоқда.»

Россия меҳнат мигрантлари учун жозибадорлигини йўқотмоқда

Россиядаги вазиятнинг ёмонлашуви ўзбек мигрантларининг Европага юзланишига сабаб бўлмоқда. Узоқ вақт Россияда ксенофобия билан юзма-юз келган мигрантлар энди Украинада жанг қилиш учун мажбуран ёлланиш хавфига дуч келишган.

Россия ўз қўшниси ҳудудига 2022 йилнинг февралида бостириб кирган эди.

Шу кунга қадар тожик ва ўзбек тилларида олиб борилган ёллаш кампаниялари, хусусан, марказий осиёлик мигрантларга қаратилган бўлиб, уларга Россия фуқаролигини олишнинг осон йўлларини ваъда қилган.

Тошкент вилоятилик пайвандчи уста, 40 ёшли Суннат Тўйчиев Карвонсаройга меҳнат мигранти сифатида Қозоғистон, Россия, Украина, Беларус ва Туркияга ишлаганини айтади.

Тўйчиев икки йил аввал Туркиядан қайтган. У ерда парфюмерия компаниясида ишлаб, 1000 АҚШ доллари маош олган.

«Менга энг ёққани Туркия бўлди. У ерда одамга нисбатан ҳурмат бор, ишга жойлашиш учун қоғозбозлик анча кам», деб айтган у. «Россияга ҳеч қачон бормайман. У ерда хорижлик ишчиларга нисбатан ксенофобия ва нафрат бор.»

Тўйчиев ҳозирда акаси ишлаётган Хорватияга йил охиригача жўнаб кетиш учун ҳужжат тўпламоқда.

«Акамнинг айтишича, Хорватияда иш шароитлари жуда яхши, маошлар Россиядан кўра юқорироқ ва келганларга нисабатан нафрат ҳам йўқ», деб айтган у.

Чалкаштирувчи миграция сиёсати

Россиянинг миграция сиёсати чалкаш экани туфайли мигрантлар кўп ҳолларда ўзлари билмай қонунни бузиб қўйишади, дейди Санкт-Петербургдаги Европа университети антропологи Сергей Абашин.

Хориж фуқаролари мажбурий имтиҳонлардан ташқари, жуда кўп ҳужжатлар, жумладан ишлаш учун рухсатнома олиши ва ҳужжатларини ҳар ой янгилаб туриши керак.

«Бу жараёнларда ўтишда ҳар бир фуқаро беихтиёр қайсидир қоидани бузади», деб айтган Абашин. «Россия миграция сиёсати шундай тузилганки, қонунни бузмасдан унга риоя қилишнинг деярли имкони йўқ

«Сиз рўйхатдан ўтмагансиз ёки патентингизда муаммо бор ёки нотўғри патент билан ишлаяпсиз», деб айтган у. «Бундай қоидабузарликларнинг икки ёки учтаси сабабли сиз депортация қилинасиз ёки кириш ҳуқуқингиз чекланади.»

Мигрант ишчиларни Россиядан бошқа давлатларга юбориш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинаётгани – ижобий тенденция, дейди Швециядаги Лунд университетининг ижтимоий ҳуқуқ бўйича профессори Рустам Ўринбоев.

Ўзбекистон узоқ йиллар давомида мигрант ишчиларнинг пул ўтказмаларига таянишда давом этади, деди у аҳоли сони ортиб бораётгани, иқтисоди эса чекланганини қўшимча қилиб.

«Сиёсий институтларни ислоҳот қилиш, кучли фуқаролик жамиятини қуриш, фуқароларнинг сиёсий ва юридик огоҳлигини ошириш керак», деди Ўринбоев Карвонсарой нашрига.

«Шундан кейингина иқтисодий ислоҳотлар самара беради», деб қўшимча қилди у. «Шундан кейин миграцияни камайтириш мумкин.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 5

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ўзбек, тожик ва қирғизлар ёқмаса, африкаликлар ёқар балки.

Жавоб бериш

Алвидо, ювуқсиз Россия.

Жавоб бериш

Албатта, Россияга раҳмат, у ерда озгина пул ишлаб олдим. Лекин барибир бошқа давлатга бораман.

Жавоб бериш

Даромад жиҳатидан Россиядан яхшироқ ва аҳолиси ҳам нацист бўлмаган мамлакатлар бор.

Жавоб бериш

Қачонгача бу Англия россияликларнинг бошига ҳожатини чиқаради )))

Жавоб бериш