Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

ГУЛАГга қайтиш: Россия Украинада асирга олинган фуқаролар учун янги қамоқхоналар очмоқда

Ольга Чепил

Херсондаги вақтинчалик ҳибсхонада руслар томонидан ташкил этилган қийноқ камераси, 24 ноябр кунги сурат. [Украина бош прокуратураси]

Херсондаги вақтинчалик ҳибсхонада руслар томонидан ташкил этилган қийноқ камераси, 24 ноябр кунги сурат. [Украина бош прокуратураси]

КИЕВ – Ҳуқуқ фаолларининг қайд этишича, Россия режими Украина фуқароларини ноқонуний ушлаб турган қамоқхоналар сони кўпайиб бормоқда.

Уруш жиноятларини кузатиб борувчи ва тергов қилувчи Киевдаги «Media Initiative for Human Rights» нодавлат ташкилотига кўра, Россияда 100 дан ортиқ шундай муассасалар фаолият юритмоқда.

«Ушбу қамоқхоналар сони ортиб бормоқда», дейди ташкилот директори Ольга Решетилова Карвонсарой билан суҳбатда.

«Буни озод этилган асирлар орасида ўтказилган сўровлардан ҳам билиш мумкин», деди у. Уларнинг айтишича, одамлар тобора мамлакат ичкарисига олиб кетилмоқда», деди у.

2022 йилнинг 5 февралида Москвадаги ГУЛАГ тарихи музейига ташрифи чоғида электрон йўлкўрсаткичга қараб турган эркак. ГУЛАГ Совет Иттифоқидаги сиёсий қатағоннинг асосий қуроли бўлмиш мажбурий меҳнат лагерларига масъул ҳукумат агентлиги эди. [Александр Неменов/AFP]

2022 йилнинг 5 февралида Москвадаги ГУЛАГ тарихи музейига ташрифи чоғида электрон йўлкўрсаткичга қараб турган эркак. ГУЛАГ Совет Иттифоқидаги сиёсий қатағоннинг асосий қуроли бўлмиш мажбурий меҳнат лагерларига масъул ҳукумат агентлиги эди. [Александр Неменов/AFP]

Россия асирлигидан озод бўлган Олена Ягупова эри билан, Харков, июн ойи. [Олена Ягупованинг шахсий архиви]

Россия асирлигидан озод бўлган Олена Ягупова эри билан, Харков, июн ойи. [Олена Ягупованинг шахсий архиви]

Уч йил давомида Россия асирлигида бўлган донецклик ҳуқуқ фаоли Людмила Хусейнованинг март ойида Франция элчисининг Берн (Швейцария) шаҳридаги қароргоҳида тушган сурати. [Людмила Хусейнованинг шахсий архиви]

Уч йил давомида Россия асирлигида бўлган донецклик ҳуқуқ фаоли Людмила Хусейнованинг март ойида Франция элчисининг Берн (Швейцария) шаҳридаги қароргоҳида тушган сурати. [Людмила Хусейнованинг шахсий архиви]

Яқинда Associated Press ихтиёрига Россия ҳукуматига оид ҳужжати келиб тушган бўлиб, унда айтилишича, Россия 2026 йилгача Украинанинг босиб олинган ҳудудларида олтита ҳибсхона билан бирга 25 та янги қамоқхона очишни режалаштирмоқда.

Хабар қилинишича, Украинанинг босиб олинган шаҳар ва қишлоқларидаги Россия кучлари украиналикларни ВСУни қўллаб-қувватлашда гумон қилгани, ҳатто Украина тарафдори бўлгани ёки украинча гапиргани учун ҳибсга олишмоқда.

Украина парламентининг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Дмитрий Лубинецнинг сўзларига кўра, руслар ҳозирда 25 мингдан ортиқ фуқарони «гаровда» ушлаб турибди.

«Улар турли жойларда ҳибсда сақланмоқда», деди Решетилова.

Ҳибсга олинганлар даставвал ишғол қилинган ҳудуддаги маҳаллий полиция бўлимига ёки ҳибсхонага олиб кетилиши, у ердан эса узоқ муддатли қамоқхоналар, масалан, Россиядаги ахлоқ тузатиш муассасаларига ўтказилиши мумкин.

«Улар ҳар бир босқичда қийноқларга ёки ғайриинсоний муносабатга дучор бўлишади», деди Решетилова асирларнинг «қабул қилинишини» синовнинг энг даҳшатли қисми деб таърифлаб.

Ҳар сафар янги жойга олиб келинган вақтда улар бир неча соатлар давом этадиган дўппослаш ва қийноқларга дучор бўлишади», деди Решетилова.

Ойлаб давом этадиган қийноқлар

Запорожье вилоятида яшовчи Олена Ягупова олти ой россияликлар қўлида асирликда бўлиб, мўъжизавий тарзда озодликка чиқа олди.

У бошдан кечирган қийноқлари ҳақида сўзлаб берди.

Руслар Ягуповани ўз уйида ҳибсга олишган, унинг эри Украина армиясида хизмат қилган.

«Россияда одамларнинг бир-бирини «чақиши» нормал ҳолат ҳисобланади», деди у. «Улар буни зимдан хабар бериш деб атайдилар. Чақимчилик учун ҳақ тўлашади – бир киши учун 10000 рубл [111 доллар]».

«Улар тинтув ўтказиб, устимдан шикоят ёзилганини айтишди. Лекин уйимдан ҳеч нарса топа олишмади ва мени маҳаллий полиция идорасига олиб кетишди», дейди Ягупова. «У ерда мени бир неча кун қийноққа солишди».

Унинг айтишича, кейинги бир неча ой ҳаётидаги энг қўрқинчли ойлар бўлган.

«Улар менинг бошимни синдириб, бош қисмига ёпиқ жароҳат етказишди», деди у. «Бошимга икки литрли бутилка билан уришди. Буни қодировчилар (Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг қўшинлари) қилди».

«Сўнг «Донецк халқ республикаси» ва ФСБ (Россия федерал хавфсизлик хизмати) [агентлари] қўлларим ва оёқларимни столга скотч билан боғлаб қўйишди. Мен ярим эгик ҳолатда эдим».

«Улардан бири бошимга урди, бошқа бири «Эринг қаерда? Қаердалигини айт!» деб қайта-қайта сўроққа тутди», деб эслайди Ягупова.

Гарчи Ягупова эрининг қаердалигини билмаса-да (чунки аскарлар қариндошларига қаерда эканликларини айта олмайдилар), Россия агентлари уни қийноққа солишда давом этган.

«Улар менга: «Балки эсингга солиб қўярмиз?» деб, бошимга шиша билан уришди, кейин бошимга пакет кийгизиб, бўйнимга скотч ўрашди», деди Ягупова.

«Улар стулдан йиқилиб, шайтонлаб қолгунингизга қадар ҳаво бермай туришади.»

Ягупованинг сўзларига кўра, руслар уни ва бошқа «гаровга олинган фуқароларни» аскарлар учун хандақ қазишга мажбурлашган.

«Улар бизни ишга ҳайдагандек қўриқлаб, эрталаб соат 6 да ўша ерга олиб боришар, сўнг қоронғи тушганда олиб келишарди. Тонгги 4 га қадар чуқур ковлаган пайтларимиз бўлди. Автомат ушлаган аскарлар бизга фонар тутиб туришарди», дейди Ягупова.

Озод этилган бошқа маҳбуслар ҳам Ягупованинг қийноқлар ва ишчиларни эксплуатация қилиш ҳақидаги таърифларини тасдиқловчи ҳикоялар билан ўртоқлашган.

Донецк вилоятилик ҳуқуқ фаоли Людмила Хусейнова 2019 йилда Киев назорати остида бўлмаган ҳудудга украинча китобларни олиб келгани учун ҳибсга олинганини айтди. У ўтган йил октябр ойида озодликка чиққан.

«2022 йилдан бери менга ўхшаган ўн минглаб тинч аҳоли вакиллари ҳибсга олинган», дейди Ҳусейнова.

«Ахлоқ тузатиш муассасасига ўтказилган ва аллақачон ҳукм қилинганлар ишчи кучи сифатида ишлатилмоқда», деди у.

«Масалан, Донецк вилоятидаги «Снежное» ахлоқ тузатиш муассасасидаги аёллар россиялик ҳарбийлар учун форма ёки ички кийим тикишга мажбурланган», деди у.

«Дам олиш кунлари эса бу аёллар 50 килоли кўмир солинган қоплар ёки челакда сув ташишади, чунки у ерда сув йўқ.»

Кремл ГУЛАГ тизимига қайтмоқда

Ҳуқуқ фаолларига кўра, Кремл ГУЛАГ тизимига – Совет Иттифоқида кенг тарқалган ва минглаб диссидентларни ҳибсда сақлаган совет давридаги лагерлар тизимига қайтмоқда.

Босқинчи ҳукуматнинг мақсади – «ҳукумат жорий қилган янги қоидалар ва қонунларга қарши чиқмасликлари учун»маҳаллий аҳолини қўрқитишдир, дейди киевлик ҳуқуқбон Эдуард Багиров.

Украина фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро лигаси раҳбари Багировнинг фикрича, тинч аҳолига мўлжалланган бу қамоқхоналар жамоатчилик қаршилигини синдириш учун психологик босим усули ҳисобланади.

«Бу Женева конвенциялари ва инсон ҳуқуқларининг яққол ва қўпол равишда бузилишидир», деди у Карвонсаройга.

Кремл гаровга олинган фуқаролардан Украинага босим ўтказиш учун қўшимча элемент сифатида фойдаланмоқда, дейди ҳуқуқ фаоллари.

«Россия уларни ҳам Украина расмийларидан, ҳам халқаро ҳамжамиятдан тамаъ қилиш учун ҳибсга олмоқда», деди Решетилова. «Украина гаровга олинган тинч фуқаролар ҳеч қандай шартларсиз озод қилинишини талаб қилади».

«Эҳтимол, Россия уларни музокаралар учун таъсир воситаси сифатида ушлаб турган бўлиши мумкин», деди у 2014 йилда имзолаган Минск келишувлари бўйича музокаралар чоғида Россия худди шундай товламачилик билан шуғулланганини таъкидлаб.

Решетилова ва унинг ҳамкасблари гаровга олинган Украина фуқароларининг озод қилиниши йўлида самарали кураш олиб бориш бўйича режа ишлаб чиққан бўлиб, бу жараён учун масъул бўладиган махсус агентлик ташкил қилиш шулар жумласидандир.

«Буни албатта амалга оширишимиз керак, чунки ҳозирда украиналик маҳбуслар бамисоли дўзах азобини бошдан кечирмоқда», деди Решетилова.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Хурсанд бўляпсизларми? Россия ўзидан аввалги зўравон СССР йўлидан кетишга қарор қилган шекилли. Худди янги бренд каби қамоқхоналарни очмоқчи шекилли. Путин Гулагсиз зериккан шекилли. Зерикиб нима қилади! Ҳаётни бир чимдим қатлиом ва ноқонуний ҳибсга олишлар билан яхшилаш ўзгармас қиролчаммз учун энг мос иш бўлади!

Жавоб бериш