Карвонсарой
Хавфсизлик

Россиянинг Суриядаги «тартибсиз» бомба ҳужумлари туфайли 200 мингга яқин тинч фуқаро қочқинга айланди

Карвонсарой ва AFP

18 ноябр куни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳада сурияликлар Кремл эгаллаб олишга уринаётган ҳудудларда патрул назорати олиб бораётган Россия ҳарбий машиналарига тошлар ва Молотов коктейли солинган идишларни улоқтираётгани акс этган.

Якшанба (29 декабр) куни Европа Иттифоқи (ЕИ) Россия ва унинг иттифоқчиси – Сурия режимини тинч аҳолига қарши «тартибсиз» ҳарбий ҳужумларни тўхтатишга чақирди.

Кўрпа-тўшаклар, кийим-кечак ва уй анжомлари ортилган машиналар Сурия жанубидаги Идлиб вилоятидан бутун бошли оилаларни эвакуация қилган, Россия ва Сурия режимининг икки ҳафта давом этган бомба ҳужумлари натижасида бу ҳудудни жами 235 мингдан ортиқ одам тарк этган.

Декабр ойи ўрталаридан бери режим кучлари ва уларнинг Россиялик иттифоқчилари мамлакатда саккиз йилдан бери вайронкор уруш давом этаётган Суриядаги мухолифат назоратида бўлиб турган сўнгги йирик ҳудуднинг жанубий қисмини бомбалашни кучайтирганлар.

«Сурия шимоли-ғарбида Сурия режими ва иттифоқчиларининг зўравонликларига чек қўйилиши лозим», дейилади юқори мартабали ЕИ дипломати Джозепа Бореллнинг баёнотида. Унинг таъкидлашича, ҳаво ҳужумлари ва отишмалар «тинч аҳоли орасида сон-саноқсиз ўлимларга сабаб бўлган».

Россия ва Сурия режимининг бомба ҳужумлари туфайли қочишга мажбур бўлган суриялик бола Дана шаҳри яқинидаги эвакуация қилинганлар учун мўлжалланган жамлоқда очиқ ҳавода ухламоқда. (Аареф Ватад /AFP)

Россия ва Сурия режимининг бомба ҳужумлари туфайли қочишга мажбур бўлган суриялик бола Дана шаҳри яқинидаги эвакуация қилинганлар учун мўлжалланган жамлоқда очиқ ҳавода ухламоқда. (Аареф Ватад /AFP)

28 декабр куни Истанбулдаги Россия консулхонаси олдида суриялик эркаклар норозилик намойиши ўтказмоқдалар. Улар «Россия ва Асад режими томонидан 30 мингдан зиёд ёш бола ўлдирилган» деган сўзлар ёзилган плакатларни ушлаб туришибди. (Ёсин Оқгул /AFP)

28 декабр куни Истанбулдаги Россия консулхонаси олдида суриялик эркаклар норозилик намойиши ўтказмоқдалар. Улар «Россия ва Асад режими томонидан 30 мингдан зиёд ёш бола ўлдирилган» деган сўзлар ёзилган плакатларни ушлаб туришибди. (Ёсин Оқгул /AFP)

«Барча томонлар тинч аҳолини ҳимоя қилиш мажбуриятини олган. Режим ва унинг иттифоқчилари тартибсиз ҳарбий ҳужумларни бас қилиши ва халқаро гуманитар ҳуқуқни ҳурмат қилиши лозим», дейилади баёнотда.

Август ойидаги оташкесим битимига ва халқаро ҳамжамиятнинг зўравонликларни тўхтатишга оид чақириқларига қарамай, Идлиб минтақасида юз берган сўнгги ҳужумлар натижасида кўплаб одамлар ҳаётдан кўз юмган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) гуманитар мувофиқлаштириш агентлиги OCHA маълумотларига кўра, 12-25 декабр кунлари ушбу ҳудуд, айниқса қамалдаги Маарет ал-Нуман шаҳрини 235 мингдан ортиқ одам тарк этган, натижада шаҳар «деярли бўшаб қолган».

Жума (27 декабр) куни OCHA матбуот вакили Дэвид Свонсон бу ойда жанубий Идлибдан қочганларнинг 80 фоиздан ортиғи аёллар ва болалардан иборат эканлигини айтган.

«Мен лагерларда яшай олмайман», дейди яқинда Идлиб вилояти пойтахтидан шимолда жойлашган Данадаги жамлоққа олиб келинган беш фарзанднинг онаси Умму Абдо.

«Жуда кучли ёмғир ёғяпти, биз иссиқ жой, кийим-кечак ва озиқ-овқатга муҳтожмиз», деди у ёпинчиқ ортидан ҳорғин кўзлар билан боқар экан.

Кучайиб бораётган заифликлар

Идлиб вилоятида уч миллионга яқин одам яшайди, жумладан, уларнинг аксари йиллар давом этган зўравонликлар туфайли Суриянинг бошқа ҳудудларидан бу ерга кўчирилган.

Ҳудудда ҳукмронлик қиладиган «Ҳаёт Таҳрир аш-Шом» гуруҳининг раҳбари ўтган ҳафта ўз жангарилари ва иттифоқчи исёнчиларни «рус босқинчиларига» қарши курашга чақирган эди.

Аҳолининг оммавий эвакуацияси ўта ноқулай шароитда амалга оширилди – шиддатли ёмғирлар натижасида эвакуация қилинганлар учун мўлжалланган жамлоқни сув босган.

«Қиш ойларидаги мажбурий кўчиш, айниқса аёллар, болалар, қариялар, ногиронлар ва бошқа заиф қатламларнинг аҳволини оғирлаштирмоқда», дейилади OCHA баёнотида.

Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваториясига кўра, декабр ўрталаридан бери давом этаётган тўқнашувлар натижасида 80 га яқин фуқаро ҳалок бўлган.

Зўравонликларнинг кучайиши оқибатида ёрдам ташкилотлари бу ҳудудда ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлишган, натижада шусиз ҳам оғир бўлган гуманитар вазият янада ёмонлашган.

Идлиб аҳолиси чегара ортидан келадиган ўта зарур ёрдамга муҳтож. Ўтган ҳафта Россия ва Хитой бу каби ёрдамларни етказиб беришни бир йилга узайтира оладиган БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциясига вето қўйган.

Бу воқеа БМТ томонидан молиялаштирилувчи муҳим ёрдамнинг Идлибга етказиб берилиши январ ойидан тўхтаб қолиши мумкин, деган хавотирларни кучайтирган.

Ҳозирда Суриянинг 70 фоизини назорат қилаётган Дамашқ режими бир неча бор бу минтақани ўз назоратига қайтариб олишни ваъда қилган.

Москва қўлловидаги расмий Дамашқ апрел ойида Идлибга жадал юриш бошлаган ва 1000 га яқин тинч аҳолини ўлдирган, бунинг натижасида 400 мингдан ортиқ одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлганди.

Август ойида эълон қилинган оташкесимга қарамай, бомба ҳужумларининг давом этаётгани Туркияни жорий ҳафтада Москвадаги музокаралар чоғида сулҳга оид янги келишувни талаб қилишга ундаган.

24 декабр куни Франция гуманитар вазиятнинг оғирлашгани ҳақида огоҳлантирар экан, зўравонликларни «зудлик билан тўхтатишга» чақирган.

Хавфсизлик кучлари томонидан шафқатсизларча бостирилган ҳукуматга қарши намойишлар ортидан бошланган Суриядаги уруш шу кунгача 370 мингдан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлди, миллионлаб одамлар ўз ўйларини тарк этишга мажбур бўлдилар.

Ҳужум схемалари

Ғарб давлатлари Москва ва Дамашқни тинч аҳолига қарши ҳужумларни тўхтатишга чақириб келмоқда.

8 ноябр куни АҚШ Давлат департаменти сўнгги икки кун ичида мамлакат шимоли-ғарбида мактаб ва туғруқхонага ҳаводан зарба берилгани ва 12 киши ўлдирилганини маълум қилди.

«Юз берган сўнгги ҳодисалар Россия ва Сурия кучлари томонидан тинч аҳоли ва инфратузилмага қарши пухта ўйланган ҳужумлар режаси бўлганидан дарак беради», деган эди ўшанда АҚШ Давлат департаменти вакили Морган Ортагус.

«Биз Россия ва Асад режимини ушбу можарони БМТ кўмагидаги сиёсий жараён орқали ҳал этишга ва тинч ҳудудларда урушни тўхтатишга чақирамиз», деди у.

2015 йилдан бери Россиянинг ҳарбий операциялари натижасида 6686 фуқаро ҳалок бўлган, дейилади Россиянинг Сурия можаросига ҳарбий аралашувига тўрт йил тўлиши муносабати билан эълон қилинган Сурия инсон ҳуқуқлари тармоғининг 30 сентябрь кунги ҳисоботда.

Суриялик фаоллар томонидан жойларда тўпланган далилларга кўра, ҳалок бўлганлар орасида 1928 нафар ёш бола ва 908 та аёл бор.

Ҳисоботда, шунингдек, Россия ҳарбийларининг халқаро миқёсда тақиқланган кассетали бомбалардан фойдаланиши билан боғлиқ 236 та, шунингдек, ёндирувчи қурол қўллаш билан боғлиқ 125 та ҳолат қайд этилган.

Ҳисоботга кўра, ушбу хулосалар Россия ҳукумати ёки унинг номидан берилган ёлғон баёнотлар ва ОАВ хабарларидаги «Россия фақат террорчиларни йўқ қилиш ва Сурия халқига ёрдам бериш билан шуғулланмоқда», деган маълумотларга зид.

Бу орада май ойида Россия ҳарбий самолётлари Сурия мухолифатига зарба бериш мақсадида мамлакатдаги касалхоналарни қасддан бомбалагани ҳақида янги далиллар пайдо бўлган.

Сурияликлар Россия кучларига қарши бош кўтармоқда

Россия қўшинлари Сурия ҳудудини истило қилишда давом этар экан, маҳаллий аҳолининг шиддатли ва ғазабнок қаршилигига дуч келмоқда.

Ноябрь ойи ўрталарида ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоёзув маҳаллий аҳоли орасида норозилик кучайиб бораётганини кўрсатди – сурияликлар Кремль эгаллаб олишга уринаётган ҳудудларни назорат қилаётган Россия ҳарбий машиналарга қарата ёнувчи аралашмалар ва тошларни улоқтирганлар.

Ноябрь бошида Суриядаги бир қатор маҳаллий ОАВ ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари Россия ҳарбийларининг аҳоли томонидан тошбўрон қилинаётгани акс этган видеоёзувларни интернетга жойлаганлар.

Суратлар ва видеоёзувларда Суриядаги Кобане шаҳрининг дарғазаб аҳолиси Россия автомашиналари карвонига қарата катта тошларни улоқтираётгани акс этган.

Anha маҳаллий янгиликлар нашри чоп этган видеоёзувдан маълум бўлишича, айрим одамлар Россия ҳарбий полицияси белгиси туширилган машиналардан бирининг устига чиқиб олганлар.

Худди шундай воқеалар Суриянинг бошқа жойларида ҳам бўлиб ўтган, жумладан 8 ноябрь куни ал-Муабаддада маҳаллий аҳоли россиялик ҳарбий автомобилларга ҳужум қилган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 5

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Уч рангли қотиллар ва Аэрокосмик кучларнинг ўлим отрядлари [Уч рангли – Россия байроғига ишора]

Жавоб бериш

Россиянинг инсониятга қарши жиноятлари давом этмоқда.

Жавоб бериш

Россияга қарши ташвиқот. Баракалла. Яхши ишлаяпсизлар

Жавоб бериш

Россиялик террорчилар Сурия фуқароларига қарши

Жавоб бериш

Афсуслар бўлсинки, Гитлердан ҳам ўтиб кетган Россия ҳарбий ҳаво кучлари Суриянинг оддий халқини қатлиом қилмоқда.

Жавоб бериш