Карвонсарой
Дипломатия

Россия ва Хитой ҳарбий жиноятлар билан боғлиқ айбловлар фонида Сурияга гуманитар ёрдам чораларига вето қўйди

Карвонсарой ва AFP

Туркия Гуманитар ёрдам фондининг тиббий ходимлари Туркия билан чегарадош Идлиб вилояти, Кафр Лусин қишлоғидаги суриялик қочоқлар масканида янги коронавирус эпидемиясига оид хабардорликни ошириш мақсадида маъруза ўқимоқдалар, 23 март, Сурия. (Ориф Ватад/AFP)

Туркия Гуманитар ёрдам фондининг тиббий ходимлари Туркия билан чегарадош Идлиб вилояти, Кафр Лусин қишлоғидаги суриялик қочоқлар масканида янги коронавирус эпидемиясига оид хабардорликни ошириш мақсадида маъруза ўқимоқдалар, 23 март, Сурия. (Ориф Ватад/AFP)

БИРЛАШГАН МИЛЛАТЛАР ТАШКИЛОТИ – Сешанба (7 июль) куни Россия ва Хитой Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Хавфсизлик кенгашининг Сурияга трансчегаравий инсонпарварлик ёрдамини яна бир йилга узайтиришни кўзда тутувчи резолюцияга вето қўйди.

Шу куннинг ўзида, БМТ тергови ўтган йили Идлиб вилоятини қўлга олишга қаратилган ҳужум чоғида Сурия ва Россия ҳарбий ва эҳтимол, инсониятга қарши жиноятлар содир этганини аниқлаган.

Россия ва Хитойдан фарқли ўлароқ, Хавфсизлик кенгашининг қолган 13 аъзоси Дамашқнинг аралашувисиз Туркия чегарасидаги иккита пунктдан ёрдам ўтказилишини назарда тутувчи резолюцияни ёқлаб овоз берган.

10 январь куни БМТ Россиянинг босими билан Туркиянинг тўрт чегара пункти ўрнига иккита пунктдан ўтадиган инсонпарварлик ёрдамини ярим йилга узайтира олган эди.

Россиянинг Идлибдаги ҳаво ҳужумлари туфайли жароҳатланган суриялик болаларга кўчма шифохонада тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, 11 феврал, Сурия. (Абдулазиз Кетаз/AFP)

Россиянинг Идлибдаги ҳаво ҳужумлари туфайли жароҳатланган суриялик болаларга кўчма шифохонада тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, 11 феврал, Сурия. (Абдулазиз Кетаз/AFP)

Трансчегаравий инсонпарварлик ёрдамини ўтказиш учун рухсат 2014 йилдан бери мавжуд бўлиб, у вақти-вақти билан узайтириб келинган. Унинг сўнгги муддати жума (10 июль) куни ўз ниҳоясига етади.

Ёрдамнинг тўхтатилиши «номақбул»

Россия ва Хитойга кўра, БМТ рухсати Сурия суверенитетини бузади, ёрдамни эса Сурия расмийлари орқали ўтказиш мумкин.

Ғарб давлатлари ва БМТ котибияти эса трансчегаравий ёрдам ягона ишончли вариант эканлигини ва агар ёрдам Дамашқ назорати остида амалга оширилса, турли тўсиқларга учраши мумкинлигини таъкидламоқда.

Вето «ўта негатив ҳодиса», дейди шахсини очиқлашни истамаган европалик дипломат AFP нашрига.

«Улар яна халқни азобламоқчи», деди дипломат. Унга кўра, ёрдам битта чегара пункти орқали «халққа етиб бормайди».

«Ёрдамни фақат битта чегара пунктидан ўтказиш талаби сурбетлик ва бу халқнинг эҳтиёжини қондирмайди», деди манба.

Мухолифат назоратидаги Идлиб вилоятида яшовчи тўрт миллион аҳолига мўлжалланган инсонпарварлик ёрдами Баб ал-Ҳава чегара пункти орқали етказиб берилади.

Халқаро қутқарув қўмитаси (IRC) ветони қоралади.

«Озиқ-овқат, тиббий ёрдам воситалари, вакцина ва сунъий нафас олдириш мосламаларининг киришини тақиқлашни ҳеч қачон оқлаб бўлмайди, аммо COVID-19 тарқаган йилда бу ундан-да номақбул ишдир», деди IRC президенти Девид Милибенд ўз баёнотида.

Ҳарбий жиноятлар ва мислсиз азоб-уқубатлар

Суриянинг мухолифат назоратида бўлган Идлиб вилоятини қўлга киритиш чоғидаги жангларда ҳарбий ва инсониятга қарши жиноятлар содир этилган, дейди БМТ терговчилари.

2019 йилда ҳукумат кучларининг қуролли гуруҳлар назоратида қолаётган ҳудудларни қайтариб олиш мақсадида амалга оширган ҳужумлари чоғида одамлар «мислсиз азият» чекканлар, деб хабар беради Сурия бўйича мустақил халқаро тергов комиссия 7 июль куни.

«Мактабдаги болалар, уларнинг бозорлардаги ота-оналари, шифохонадаги беморлар ўққа тутилган, бутун бошли оилалар қочаётган вақтларда бомба остида қолиб кетган», деди комиссия раиси Пауло Пиньейру.

Россия қўлловидаги Сурия президенти Башар ал-Асад ҳукумати декабрда «Таҳрир аш-Шом» исёнчилар гуруҳи назоратидаги шимоли-ғарбий ҳудудга қайта ҳужум бошлаган.

БМТга кўра, ҳужум натижасида бир миллион киши ўз уйини тарк этди, 500 дан ортиқ тинч фуқаро ҳалок бўлди.

Комиссия ҳисоботи 1 ноябрдан 1 июнгача бўлган даврни қамраб олган.

Унда тинч аҳолининг қурбон бўлиши ёки фуқаролик объектларининг шикастланишига олиб келган 52 та ҳужум қайд этилган. Жумладан, 17 та касалхона ва тиббий муассасалар, 14 та мактаб, 9 та бозор ва 12 та уй ҳужумга учраган.

Бу ҳужумлар «ҳарбий жиноятлар сифатида» малакаланган, дейилади ҳисоботда. «Улар, кутилганидек, аҳолининг оммавий кўчишига сабаб бўлди, чунки тинч аҳолининг қочиб қутулишдан бошқа чораси йўқ эди ва бу инсониятга қарши жиноятлар билан тенглаштирилиши мумкин.»

«Мамлакат тўққиз йилдан бери можаро ичида. Одамлар азият чекмоқда», дейди ҳисоботни тайёрлаган комиссия аъзоларидан бири Ханни Мегалли.

Ҳарбий жиноятлар ҳам Сурия, ҳам Россия ҳаво кучлари томонидан содир этилгани эҳтимолга яқин, деди у.

«Биз айнан Россия самолётлари томонидан амалга оширилган деб ҳисобланаётган иккита ҳужумни ҳужжатлаштирдик», деди у виртуал матбуот анжумани чоғида.

Пинейронинг айтишича, нима учун ҳанузгача бундай зўравонликларга йўл қўйилаётгани тушунарсиз.

«Орадан тўққиз йилдан кўпроқ вақт ўтиб ҳам, тинч фуқаролар кундалик ҳаётда пала-партиш ҳужумлар қурбони бўлаётгани ва ҳатто нишонга айланаётгани жуда ёмон», деди у.

«Ҳукумат аскарлари ва БМТ томонидан террорчи деб топилган кучлар уруш қонунлари ва Сурия фуқароларининг ҳуқуқларини қўпол равишда бузишди».

Суриядаги уруш 380 мингдан ортиқ одамнинг умрига зомин бўлди ва мамлакатнинг урушгача бўлган аҳолисининг қарийб ярмини кўчишга мажбур қилди.

Суриядаги жиноятларни яшириш учун вето қўллаш

2011 йилда Сурия можароси бошланганидан бери, Россия БМТ Хавфсизлик Кенгашида Дамашқни Ғарб босимидан ҳимоя қилиш мақсадида 15 марта вето қўллади. Хитой эса тўққиз марта ўз вето ҳуқуқидан фойдаланган.

2011 йил 4 октябр: Можаро бошланганидан олти ой ўтиб, Россия ва Хитой БМТнинг Суриядаги инсон ҳуқуқлари бузилишини қораловчи ва Асад ҳукуматига қарши таҳдидли чораларни кўзда тутувчи резолюциясига вето қўйишди.

2012 йил 4 феврал: Россия ва Хитой Сурия ҳукуматининг мухолифатга нисбатан тазйиқини қораловчи резолюция лойиҳасига яна вето қўйди, Хавфсизлик Кенгашининг бошқа аъзолари эса уни ёқладилар.

2012 йил 19 июл: Оғир қуроллар ишлатишни тўхтатмаган тақдирда Дамашққа нисбатан санкциялар қўллашни кўзда тутувчи Ғарб мамлакатлари таклиф қилган резолюция яна Пекин ва Москванинг ветосига учради.

2014 йил 22 май: Пекин ва Москва Суриядаги жиноятларни Халқаро жиноий судга юбориш ҳақида Франция томонидан Хавфсизлик Кенгашига киритилган таклифни блоклади.

2016 йил 8 октябрь: Россия Ҳалабдаги бомбалаш амалиётларини тўхтатишни таклиф қилган Франция резолюцияси матнига вето қўйди. Бетараф қолган Хитой эса илк марта Россияга қўшилмади ва Сурияга оид резолюцияга вето қўймади.

2016 йил 5 декабр: Хитой ва Россия Ҳалабда сулҳга чақирувчи резолюцияга вето қўйди.

2017 йил 28 феврал: Россия ва Хитой кимёвий қурол ишлатишда айбланган Сурияга қарши санкциялар жорий қилишни кўзда тутувчи Британия, Франция ва АҚШ томонидан ишлаб чиқилган резолюцияга яна вето қўллади.

2017 йил 12 апрел: Россия исёнчилар назоратидаги Хон-Шайхун шаҳрида 4 апрел куни содир этилган ҳалокатли кимёвий ҳужумни тергов қилишда Асад ҳукуматидан ҳамкорликни талаб қилувчи қарор лойиҳасига вето қўйди. Хитой бетараф қолди.

2017 йилнинг 24 октябри ва 16-17 ноябри: БМТ бошчилигида Сурияда кимёвий қурол қўлланилган ҳужумлар терговини қайтадан бошлаш тўғрисидаги резолюция лойиҳаларини блоклаш учун, Россия бир ой ичида уч марта ўз вето ҳуқуқидан фойдаланган.

2018 йил 10 апрел: Россия Сурияда кимёвий қурол ишга солинганини тергов қилиш ва айбдорларни аниқлашга қаратилган АҚШ резолюциясига вето қўйди.

2019 йил 19 сентябр: Россия ва Хитой Бельгия, Германия ва Кувайт томонидан тайёрланган Суриянинг Идлиб вилоятида ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюцияга вето қўйди.

2019 йил 20 декабр: Россия ва Хитой ўз вето ҳуқуқидан фойдаланиб, Бельгия, Германия ва Қувайт томонидан ишлаб чиқилган, чегара орқали тўрт миллион сурияликни яна бир йил давомида инсонпарварлик ёрдами билан таъминлашни кўзда тутувчи навбатдаги резолюцияни блокладилар.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Суриялик болаларнинг тўкилган қони учун Россия жавобгар

Жавоб бериш