Карвонсарой
Хавфсизлик

Россиянинг Жанубий Кавказдаги узоқ муддатли ҳарбий ҳозирлиги ноаниқликни кучайтирмоқда

Канат Алтинбаев

Горис-Степанакерт йўналиши бўйлаб Шуша яқинидаги назорат-ўтказиш пунктида ҳужжат текшираётган Россия аскарлари, 2020 йил, 17 ноябр. [Андрей БОРОДУЛИН / AFP]

Горис-Степанакерт йўналиши бўйлаб Шуша яқинидаги назорат-ўтказиш пунктида ҳужжат текшираётган Россия аскарлари, 2020 йил, 17 ноябр. [Андрей БОРОДУЛИН / AFP]

ОЛМАТА – Жанубий Кавказдаги «тинчлик» Марказий Осиёда узоқ йилларга чўзиладиган хавфсизлик муаммоларини келтириб чиқариши мумкин – кузатувчиларга кўра, Тоғли Қорабоғдаги Россия ҳарбий ҳозирлигининг қайта тикланиши фойдадан кўра, кўпроқ зарар келтиради.

Шу йил кузда Озарбайжонни Арманистон ва бўлгинчи Тоғли Қорабоғ билан тўқнаштирган олти ҳафталик уруш Бокунинг баҳсли ҳудуд атрофидаги еттита вилоятни қайтариб олиши билан ўз ниҳоясига етди.

Озарбайжонга тегишли бўлган Тоғли Қорабоғ ва унинг атрофидаги еттита туман 90-йиллардаги жангларда этник арманлар томонидан эгаллаб олинганидан бери баҳсли ҳудуд бўлиб қолаётган эди. Озарбайжон 2020 йилги урушда бу ҳудудларни қайтариб олди.

9 ноябр куни Арманистон, Озарбайжон ва Россия раҳбарлари томонидан имзоланган сулҳ битими Озарбайжонни ўзи қайтариб олган ҳудудлар назоратида қолдирган бўлса-да, Озарбайжонда қайта тикланадиган беш йиллик мандат асосида Россиянинг 2000 кишилик тинчликпарвар кучлари хизмат қилиши белгиланди.

Россия аскарлари Тоғли Қорабоғнинг марказий шаҳри – Степанакерт шаҳри яқинидаги Лачинга кетаётган автомашинани текширмоқда, 2020 йил, 29 ноябр. [Карен Минасян / AFP]

Россия аскарлари Тоғли Қорабоғнинг марказий шаҳри – Степанакерт шаҳри яқинидаги Лачинга кетаётган автомашинани текширмоқда, 2020 йил, 29 ноябр. [Карен Минасян / AFP]

Қозоғистон ҳарбий делегацияси 25 ноябр куни Туркиянинг Батман шаҳрига ташриф буюрди. Ташрифдан мақсад – жорий йилда учта мамлакатда Россиянинг зенит-ракета мажмуаларини йўқ қилган Bayraktar TB2 жанговар дронларини ўрганиш ва сотиб олиш. [Туркия мудофаа вазирлиги]

Қозоғистон ҳарбий делегацияси 25 ноябр куни Туркиянинг Батман шаҳрига ташриф буюрди. Ташрифдан мақсад – жорий йилда учта мамлакатда Россиянинг зенит-ракета мажмуаларини йўқ қилган Bayraktar TB2 жанговар дронларини ўрганиш ва сотиб олиш. [Туркия мудофаа вазирлиги]

Россия тинчликпарвар кучлари 1994 йилдан бери илк марта Озарбайжонга қайта жойлаштирилган бўлиб, бу ўтган асрда русларнинг кетишини олқишлаган озарбайжонликларни ташвишга солмоқда.

Гарчи Москва минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш истагини билдирган бўлса-да, кузатувчиларнинг таъкидлашича, Кремл бу урушда ўзининг геосиёсий манфаатларини кўзлади ва ниҳоят, мақсадига эришди – Жанубий Кавказдаги ҳарбий ҳозирлигини мустаҳкамлаб олди.

Россия режими расмий Анқара ва Боку билан музокаралар олиб бориш ва Ереванга норасмий ҳарбий кўмак бериш билан аввал-бошдан Тоғли Қорабоғ урушига кирди, дейди «Россия жаҳон сиёсатида» нашрининг бош муҳаррири Фёдор Лукьянов.

«Якунда Россия вазиятдан усталик билан чиқиб кетди: у иккала томон билан ҳам муносабатларни сақлаб қолди», деди у BBC билан суҳбатда. «Россиянинг ҳарбий ҳозирлиги кучайди. Арманистоннинг Россияга қарамлиги ҳам ошди.»

Тоғли Қорабоғдаги Россия қўшинлари Марказий Осиёни хавотирга солмоқда

Марказий Осиё мамлакатлари урушнинг тугагани ва Кавказга тинчлик қайтганини расман олқишладилар, аммо кўплаб кузатувчилар, минтақага яна Россия қўшинлари киритилгани юзасидан жиддий хавотирлар билдиришган.

Жанубий Кавказда Россия қўшинларидан холи бўлиб келган сўнгги мамлакатда ўз байроғини ўрнатар экан, Россия Озарбайжонга ҳам, Арманистонга ҳам ўз таъсирини кучайтириши маълум бўлди. У ўзини икки мамлакат ўртасида воситачи ва бу ҳудуддаги барқарорлик ва тинчлик кафолати қилиб кўрсатди, дейди Қирғизистон давлат чегара хизматининг собиқ катта офицери Улан Кожобеков.

Россия кучлари 2008 йилда Грузиянинг бешдан бирини эгаллаб олган. Улар Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин ҳам Арманистонни тарк этмаган.

Кожобековнинг айтишича, Россия Жанубий Кавказга вазиятни тартибга солиш учун эмас, узоқ муддатга – ўзи учун қанча керак бўлса, шунча муддатга келган. Унинг фикрича, Россия тинчликпарвар кучлари Тоғли Қорабоғда илк йиллардагина, «можаролар тиниб, жароҳатлар битгунича» фойдали бўлиши мумкин.

«Аммо кейинчалик бу жараён табиий равишда, ташқи кучлар таъсирисиз давом этиши керак», деди у. «Озарбайжонлар ва арманлар янги воқелик шароитида мустақил яшашни ўрганишлари керак. Россия ҳарбий контингенти уларни ажратиб турар экан, бу имконсиз.»

Москва Жанубий Кавказда бўлиш ва ҳудудни назорат қилиш муддатини узайтириш учун яширинча вазиятни беқарорлаштиришнинг синалган усулларини қўллаши мумкин, деди Кожобеков.

Бишкекдаги Қирғизистон миллий аграр университети маърузачиси Айгерим Еспаева Россия режимининг Марказий Осиё яқинида ўз ҳарбий ҳозирлигини кучайтираётганидан хавотир билдирди.

«Амалда Грузия ва Украинанинг ҳудудий яхлитлигини вайрон қилган Россия, энди арманлар Озарбайжондан тортиб олган ҳудудни (Тоғли Қорабоғ) қўриқламоқда». «Нима бўлганда ҳам, бу барқарорлик омили эмас.»

Россиянинг Озарбайжон ҳудудидаги ҳарбий ҳозирлиги сўнгги йилларда Озарбайжон ва Туркия билан ҳамкорликни фаоллаштирган Марказий Осиёдаги туркийзабон мамлакатларнинг геосиёсий манфаатларига зид, деди Еспаева.

«Мамлакатларимиз бу алоқаларни нафақат маданий ўзликни англаш, балки ташқи сиёсатни мувозанатлаштириш ва Россияга қарамликни камайтириш учун ҳам мустаҳкамламоқда», деди у.

Қозоғистон хавфсизлик чораларини кучайтирмоқда

Сўнгги йилларда Қозоғистон ўз чегаралари бўйлаб Россия ҳарбий таъсирининг кенгайишига қарши курашмоқда. У Марказий Осиёнинг энг кўп этник руслар истиқомат қиладиган ресурсларга бой мамлакати ҳисобланади.

2017 йилнинг кузида Қозоғистон илк марта гибрид уруш хавфи тилга олинган бешинчи ҳарбий доктринасини қабул қилди.

Қозоғистоннинг янги доктринаси «Украина билан боғлиқ эканлиги эҳтимоли катта», аммо мамлакат расмийлари буни очиқдан-очиқ айтмаганлар, дейди Халқаро инқироз гуруҳининг Марказий Осиё бўйича собиқ лойиҳа раҳбари Дейдре Тайнан.

Бу йил Қозоғистон янада мустақилроқ ҳарбий стратегияни намойиш қилаётган кўринади.

Қозоғистон зобитларидан иборат делегация ҳарбий дронлар ишлаб чиқариш жараёни билан танишиш мақсадида Туркиянинг Батман шаҳрига ташриф буюрди, деб хабар берган 26 ноябр куни Туркия мудофаа вазирлиги.

Қозоғистонликлар Озарбайжон тарафидан Арманистон ва Тоғли Қорабоғда Россиянинг зенит-ракета мажмуаларини йўқ қилишда фойдаланилган Bayraktar TB2 дронларини харид қилиш истагини билдирмоқда.

Айрим ОАВга кўра, Қозоғистон коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) аъзоларига нисбатан жорий этилган чекловларга қарамай, Туркия қуролларини сотиб олишни режалаштирмоқда. КХШТ – Россияда бошчилигидаги ҳарбий блок ҳисобланади.

Қозоғистон расмийлари «қурол сотиб олиш бўйича КХШТ стандартларини четлаб ўтиш» йўлини топдилар, деб ёзади олмаоталик сиёсий таҳлилчи Ислом Кураев 27 ноябр куни Facebook саҳифасида.

«Биз Туркиядан сотиб оладиган ҳар қандай маҳсулот Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ), Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлиги балансида бўлади», деди Кураев. «Аммо уларни исталган ҳарбий можарода Мудофаа вазирлиги ҳам ишлатиши мумкин».

Нур-Султон ва Анқара турли қурол-яроғ, жумладан ўқотар қуроллар, Cobra-2 БТРлари ва бошқа ускуналарни етказиб беришга келишиб олдилар, деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 6

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Қўлингиздан келса, бу ерга келиб [ерларни] тортиб олинг; сўнгги минг йил ичида ерларимизни эгаллаб олиш учун бу ерга кўпчилик келган... Қани улар? Бизнинг ҳудудларимиз эса қуруқликдан олтидан бир қисми мислича катталашди. Шундай экан, хуш келибсиз. Ортиқча ерларни эса сотамиз (Аляска, Калифорния каби). Мана, Хитойга ер керак; келсин ва олсин... Самовий империя билан нархни келишиб оламиз.

Жавоб бериш

Қўшиқ: «Мен Россия спецназиман» https://www.youtube.com/watch?v=SOK_GfI7DcY

Жавоб бериш

Ё нотугри фикр.

Жавоб бериш

Руслардан уларга тегишли бўлмаган барча ерларни қайтариб олиш ва уларни озод қилиш вақти келди.

Жавоб бериш

Россия Жанубий Кавказда, умуман бу минтақада нима қилаётганини унча тушунмаяпман. Россияда Кострома, Сызрань, Урюпинск деган жойлар бор, ўша ерларда сайр қилаверсин.

Жавоб бериш

Россия империалистик утмишини кумсаяпти . Вакти келиб очикдан очик тажовуз килиши турган гап .

Жавоб бериш