ОЛМАОТА – Евроосиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ) Озарбайжонни блок сафига қўшиш бўйича сўнгги ҳаракатлари Кремл дунё бўйлаб зарарли фаолияти учун қаттиқ назорат ва санкциялар остида бўлиб турган бир пайтда, Москва ўз геосиёсий таъсирини бошқа мамлакатлар ҳисобига кенгайтиришга уринаётганидан дарак бермоқда.
ЕОИИга аъзо давлатлар Озарбайжоннинг апрел ойи охирида Қозон шаҳрида (Россия) бўлиб ўтадиган Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳукуматлараро кенгашидаги эҳтимолий иштирокини муҳокама қилмоқдалар, деб хабар беради RBC.ru 14 апрел куни аноним дипломатик манбаларга асосланиб.
Озарбайжон ва ЕОИИ аъзоси бўлмиш Арманистон ўтган йил сентябрда олти ҳафталик урушда тўқнаш келган эдилар.
«Россия «буюк Евроосиё шериклигини» яратиш устида ишламоқда», дейди Россия Фанлар академиясининг постсовет тадқиқотлари маркази ходими Елена Кузмина. «Бунда Озарбайжон асосий бўғиндир.»
«Бу Россиянинг стратегик манфаатлари нуқтаи назаридан жуда муҳим масала», деди у.
Бу масала иттифоқ қоидалари ҳамма учун бир хил эмаслиги ва Россия бозори кўпинча экспорт қилувчилар, жумладан, ЕОИИга аъзо давлатлар учун ҳам ёпиқ эканлигини кўрсатган сўнгги воқеалар фонида муҳокама қилинмоқда.
Россия назорат органларининг мамлакат ички бозорини ҳимоя қилишга қаратилган қатъий чоралари эркин савдога асосланган ЕОИИ мамлакатлари ишлаб чиқарувчиларига жиддий зарар келтирмоқда.
Март ойида ЕОИИ ижрочи органининг ўзи Россия ҳукумати томонидан помидор ва қалампир импортини чеклаш бўйича ҳаракатлари ноқонуний эканлигини тан олган эди.
Қозоғистон Савдо ва интеграция вазирлиги маълумотларига кўра, мазкур орган - Евроосиё иқтисодий комиссиясининг идораси ўтган йили Қозоғистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорти учун жорий қилинган Россия тақиқини кўриб чиқиб, Россия назорат органларининг чораси «ноқонуний экани ва тўсиқ деб ҳисобланиши» ҳақида қарор чиқарган.
16 декабр куни Россиянинг «Росселхознадзор» номи билан машҳур Ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмати Қозоғистоннинг Павлодар вилоятидан помидор ва қалампир импортини тақиқлади, бунга помидор ўсимлигини нобуд қиладиган жигарранг тусдаги буришиқ вирус сабаб бўлгани айтилган.
Январ ойида худди шу чеклов Ақтўбе ва Олмаота вилоятларига ҳам жорий қилинди.
Аммо, Қозоғистонда, жумладан Недерландияда ҳам ўтказилган тест натижаларига кўра, Россия чеклов қўйган помидор ва қалампирлар вирусдан холи бўлган.
«Бу масала бизнинг ташаббусимиз билан жорий йилнинг январ ва феврал ойларида ЕОИИ органлари томонидан бир неча маротаба ўрганиб чиқилди. Россиядан ташқари барча ҳамкорларимиз бизни қўллаб-қувватлашди», дейди Қозоғистоннинг савдо ва интеграция бўйича вазир ўринбосари Жанель Кушукова.
«Шунга қарамай, Россиянинг Қозоғистон маҳсулотларига нисбатан қўйилган чекловлари ҳамон давом этмоқда.»
Кушуковага кўра, чекловлар жорий қилинганидан бери Қозоғистон корхоналари 200 миллион тенгедан (480 минг АҚШ доллари) ортиқ зарар кўрган.
Россиянинг тўсиқлари
Росселхознадзор Қозоғистон экспортчиларига нисбатан чекловлар қўллашда давом этмоқда.
3 март куни Қозоғистон ва Россия чегарасидаги Оренбург вилоятининг Росселхознадзор бўлими ходимлари Қозоғистондан жами 60 тонна картошка олиб келаётган учта юк машинасини тўхтатиб, текширганлар.
Ҳайдовчилар Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан берилган фитосанитария сертификатларини тақдим этганига қарамай, инспекторлар картошкалар Қозоғистондан эмас, Германиядан олиб келинаётганини даъво қилиб, ҳамма юкни йўқ қилишган.
«Аниқланган қоидабузарликлар мунтазам бўлиб, Росселхознадзор санкцияга тушган маҳсулотларнинг Россияга олиб кирилишига йўл қўймаслик учун Қозоғистонда етиштирилган картошкалар импортини вақтинча чеклаш ҳуқуқига эга», дейилган Росселхознадзор сайтида.
Россия ўзининг яна бир қўшниси ва ЕОИИ аъзоларидан бири – Беларусга нисбатан ҳам худди шундай тактикани қўллаган.
9 март куни Росселхознадзор ходимлари Белорусдан олма олиб келаётган юк машинасини тўхтатишган.
Беларус давлат инспекция хизмати томонидан берилган фитосанитария сертификатларига қарамай, белорусларнинг 18 тонна олмаси «аслида» Полшадан дея гумон қилиниб, йўқ қилиб юборилган.
Бу сафарги вазият бўйича баёнот берган Росселхознадзор беларуслик экспортчиларни «қайта-қайта содир этилган қоидабузарликларда айблаб», тақиқ қўйиш билан таҳдид қилди.
Россия таъсирининг сиёсий воситаси
Кузатувчиларга кўра, бундай зиддиятлар Россия томонидан амалга оширилаётган савдо тўсиқлари ва протекционистик сиёсат маҳсулидир.
«Беларус Россияни тез-тез протекционистик фаолиятда ва иттифоқ қоидаларини бузишда айблаб келган», дейди Сатпаев. «Минск Москва билан иқтисодий иттифоққа қўшилишга қарор қилганида газ, нефть ва нефть маҳсулотларининг умумий бозори доирасида энергия манбаларини импорт қилишда преференцияларга эга бўлишга умид қилган эди, аммо ундай бўлмади.»
Москванинг ЕОИИ ичида кўп томонлама манфаатли савдо шароитларини яратиш нияти бўлмаган, чунки бу иттифоқ Россия учун иқтисодий эмас, балки унинг таъсирини кучайтиришга қаратилган геосиёсий лойиҳадир, дейди Сатпаев.
ЕОИИ минтақавий иқтисодий интеграция сифатида кўрилиши керак эмас, чунки унинг қоғоздаги тамойиллари амалда ишламайди, деб айтган Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳридаги Ҳуқуқ, бизнес ва таълим академиясида иқтисодий назария ўқитувчиси Мирлан Кудайбергенов.
Россияга қарши санкциялар кучайиб бормоқда ва у ўзининг иқтисодий муаммоларини импорт ўрнини босиш орқали ҳал қилмоқда, дейди Кудайбергенов. Россия ўз бозорини нафақат бошқа мамлакатлар, балки ЕОИИ ҳамкорларидан ҳам ҳимоя қилади, деб қўшимча қилди у.
«Россиянинг кузатув органлари бизнинг, аксар ҳолларда озиқ-овқат маҳсулотларимизни ўтказмаслик учун турли воситалардан фойдаланмоқда», дейди Кудайбергенов. «Одатда улар сертификатларда қандайдир камчиликларни топиб, юкни Қирғизистонга қайтариб юборишади. Экспортчиларимиз бундан катта зарар кўради.»
Кудайбергеновга кўра, ЕОИИга қўшилиш аввал-бошданоқ Қирғизистон учун манфаатсиз бўлган. Ташкилотга қўшилишдан аввал Қирғизистон Хитой билан савдо қилган, бу Қирғизистон иқтисодиётини анча мустаҳкамлаган.
«Россия таҳлилчилари Қирғизистон ЕОИИга қўшилганидан кейин Қозоғистон ва Россия билан манфаатли савдони йўлга қўйишини прогноз қилган эдилар, аммо бундай бўлиб чиқмади», дейди у.
ЕОИИга аъзо давлатларнинг шикояти асосан Москвага қаратилган, дейди Хавфларни баҳолаш гуруҳи раҳбари, олмаоталик Досим Сатпаев.
Қозоғистон бу иттифоқни тарк этмаслиги ва унда аъзоликни тўхтатмаслиги керак. Қозоғистон Қирғизистон ва Тожикистонни тўплаб, ЕОИИ ва Божхона иттифоқи йиғилишини ўтказиши ва Украинага бостириб киргани учун Россияни, Озарбайжон ҳудудини босиб олгани учун Арманистонни Божхона иттифоқи ва ЕОИИдан чиқариб юбориши керак. Ва шу сабабларга кўра КХШТни тарк этиши ёки дастлаб унга аъзоликни тўхтатиб туриши керак.
Жавоб беришФикрлар 4
Марказий Осиё республикалари учун, бизнинг ривожланишимизни ҳеч қачон хоҳламайдиган ва ҳатто бу ҳақда ўйлашни ҳам истамайдиган Россияга ёпишиш ўрнига, ўз иттифоқини тузиш вақти келди.
Жавоб беришФикрлар 4
Россиядан қанча узоқ бўлсак, шунча яхши.
Жавоб беришФикрлар 4
Агар Озарбайжон, Туркия ва Ўзбекистон Божхона иттифоқига қўшилса, у автоматик равишда Туронга айланади)))
Жавоб беришФикрлар 4