Карвонсарой
Дипломатия

АҚШнинг Афғонистондаги махсус элчиси юқори лавозимли тожик расмийлари билан музокара ўтказди

Карвонсарой

АҚШнинг Афғонистондаги яраштирув жараёни бўйича махсус вакили Залмай Халилзод 3-5 май кунлари Тожикистонга ташриф буюрди. Суратда: Халилзод ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Душанбеда Афғонистон билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишмоқда. [Тожикистон президентининг матбуот хизмати]

АҚШнинг Афғонистондаги яраштирув жараёни бўйича махсус вакили Залмай Халилзод 3-5 май кунлари Тожикистонга ташриф буюрди. Суратда: Халилзод ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Душанбеда Афғонистон билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишмоқда. [Тожикистон президентининг матбуот хизмати]

ДУШАНБЕ – Шу ҳафтада АҚШнинг юқори лавозимли музокарачиси Тожикистонга ташриф буюрар экан, Афғонистондаги тинчлик жараёнини минтақавий қўллаб-қувватлаш масаласи музокаралар кун тартибидан ўрин олган.

Афғонистондаги яраштирув жараёни бўйича махсус вакил Залмай Халилзод душанба-чоршанба (3-5 май) кунлари турли масалалар юзасидан музокара ўтказиш учун АҚШ делегацияси билан Душанбега келди.

Халилзод Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси Саймумин Ятимов ва бошқа расмийлар билан учрашди.

Халилзод Афғонистондаги тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлагани учун Тожикистон расмийларига миннатдорчилик билдирган.

«Биз тинчлик жараёни учун дипломатик дастагимизни давом эттириб, минтақа ва халқаро майдондаги барча манфаатдор томонларни сиёсий музокаралар ҳамда доимий ва кенг қамровли сулҳга эришиш учун афғонларга ёрдам беришда давом этишга чақирамиз», деди Халилзод.

Афғонистонда тинчликка эришиш унга қўшни мамлакатларнинг иқтисодий тараққиётини жадаллаштиради, деди Халилзод. Унинг таъкидлашича, «Афғонистонда мустаҳкам тинчлик ўрнатилиши Марказий Осиёда иқтисодий ўсишга кўмаклашади, чунки савдо ва иқтисодий интеграция имкониятлари кенгаяди. Қўшма Штатлар Афғонистон ва Тожикистонга бу натижага эришиш учун хавфсизлик ва тараққиёт соҳасида муҳим кўмак бериб келмоқда. Бизнинг мақсадимиз бир.»

Афғонистон учун минтақавий кўмак тасдиқланди

Шунингдек, сешанба куни АҚШ Давлат департаменти 23 апрел куни «C5+1» вазирлари иштирокидаги онлайн мажлис сарҳисоби акс этган баёнотни эълон қилган.

«C5+1 – бу умумий муаммоларни муҳокама қилиш ва улар устида ишлаш учун Марказий Осиёнинг беш давлати ва АҚШни бирлаштирувчи платформадир», дейилади АҚШ Давлат департаменти баёнотида.

23 апрел кунги онлайн мажлисда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Марказий Осиёнинг беш мамлакати ташқи ишлар вазирлари иштирок этди. Улар турли минтақавий масалаларни муҳокама қилдилар ва Афғонистонга асосий эътиборни қаратдилар.

Олти дипломат «Афғонистондаги вазиятни ҳамда минтақадаги барча давлатлар ва кенг халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистон бошчилигидаги ва афғонистонистонликларга оид бўлган, терроризмдан холи ва ўзи ва қўшнилари билан тинч-тотувликда яшовчи Афғонистонни барпо қилиш йўлидаги тинчлик музокараларини қўллаб-қувватлаши зарурлигини таъкидладилар», дейилади баёнотда.

Улар «толибларни янада кўпроқ қурбонларга йўл қўймаслик учун баҳорги ҳужумларни давом эттирмасликка ва музокаралар йўли билан сиёсий келишувга эришиш учун қулай муҳит яратишга» чақирдилар, «Марказий Осиё давлатларининг Афғонистон ва минтақавий барқарорликка қўшган муҳим ҳиссаларини олқишладилар».

Бундан ташқари, улар «инсон ҳуқуқлари, айниқса аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» ҳамда «Афғонистондан келиб чиқувчи трансчегаравий таҳдидларга қарши кураш воситаси сифатида АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни давом эттиришга» чақирдилар.

Томонлар, шунингдек, «Марказий Осиёни Афғонистон орқали Жанубий Осиё билан боғлайдиган транспорт тармоқларини кенгайтиришни» қўллаб-қувватладилар.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500