Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

АҚШ Россиянинг «дезинформацион экотизимидан» огоҳ бўлишга чақирмоқда

Карвонсарой

image

Ўтган йили Олмаотада тиббиёт ходимига COVID-19 тестини топшираётган эркак. [Руслан ПРЯНИКОВ/AFP]

БИШКЕК – АҚШ ҳукумати Россиянинг COVID-19 ва бошқа мавзуларга оид «дезинформацион экотизимини» фош этиш мақсадида Марказий Осиёлик журналистлар ва олимлар орасида огоҳликни кучайтирмоқда, дейилади Бишкекдаги АҚШ элчихонасининг чоршанба (23 июн) кунги баёнотида.

Сешанба куни АҚШ Давлат департаментининг Глобал ҳамжиҳатлик маркази (GEC) координатори вазифасини бажарувчиси Даниел Киммеж 20 дан ортиқ қирғиз ҳамда бошқа Марказий Осиёлик журналистлар ва олимлар учун онлайн форум ўтказди.

GEC АҚШ ҳукуматининг хорижий ташвиқот ва дезинформацияларни аниқлаш, англаш, фош этиш ва уларга қарши курашишга оид саъй-ҳаракатларига бошчилик қилади.

Киммеж онлайн форум давомида «Россиянинг дезинформация ва ташвиқот экотизими устунлари» номли GECнинг махсус ҳисоботини муҳокама қилган.

Унда Кремл дезинформациясининг «устунлари» батафсил баён этилган: «расмий ҳукумат алоқалари, давлат томонидан молиялаштириладиган халқаро хабарлар, прокси манбаларни тайёрлаш, ижтимоий тармоқларни қуроллантириш ва киберфаол дезинформация».

Бу устунлар «анъанавий ва электрон оммавий ахборот воситаларида, жумладан ижтимоий тармоқларда дезинформация яратиб, уни тарғиб қилиш билан шуғулланади».

«Тўлиқ инкор этиладиган» ташвиқот

Ҳисоботда айтилишича, дезинформацион кампанияларининг келиб чиқишини яшириш учун Россия режими прокси-сайтлардан фойдаланади.

GECнинг ўтган йил август ойидаги ҳисоботида «экотизим асослари орасидаги оралиқ вазифани бажарадиган ва Россия билан аниқ алоқаларга эга ва бутунлай рад этиладиган» бир нечта прокси-сайтлар ва ташкилотлар ҳақида сўз юритилган.

«Ғарбда унча танилмаган маргинал мутафаккирлар ва фитна назариётчиларини» тарғиб қилувчи ва хорижий шериклик алоқаларини ўрнатадиган Стратегик маданият жамғармаси онлайн нашри бунга мисол бўла олади.

Кўп сонли ёлланма муаллифлар ва фитна назариячиларига эга «Global Research» веб-сайти ҳам шулар жумласидандир.

«Россия фанлар академияси шарқшунослик институтининг «Новое Восточное Обозрение» номли сохта илмий нашри асосан Яқин Шарқ, Осиё ва Африкада дезинформация ва ташвиқот ишларини олиб боради.»

Қримда жойлашган ва Кремлга алоқадор «News Front» дезинформация ва ташвиқот канали ўзининг таъбири билан айтганда, Ғарб аудиторияси учун «муқобил ахборот манбаи» бўлишни мақсад қилган.

Россияда рўйхатдан ўтган SouthFront номи билан ҳам танилган «Analysis and Intelligence» кўп тилли онлайн дезинформация сайти ҳарбий ва хавфсизликка оид масалаларини ёритади.

Katehoz номли Москванинг сохта таҳлилий маркази ўз веб-сайти орқали Ғарбга қарши қаратилган зарарли дезинформация ва ташвиқотни илгари суради, беш тилда фаолият олиб боради ва Россия ҳукумати ҳамда Россия разведкасига аниқ алоқадор шахслар томонидан бошқарилади.

Шунингдек, Россиянинг Geopolitica.ru номли ултра миллатчи платформаси ҳам Ғарб ва бошқа аудиторияга қаратилган дезинформация ва ташвиқотни ёйинлайди.

COVID-19 дезинформациясига қарши кураш

Давлат дезинформация ва ташвиқот кампаниялари, айниқса COVID-19га курашда салбий таъсирга эга, деб айтган Киммеж сешанба куни.

2020 йил феврал ойида GEC Россия, Хитой ва Эроннинг COVID-19 мавзусидаги дезинформацион нарративлари бир-бирига мос келгани ва уччови ҳам бир хил сохта даъволарни илгари сурганини қайд этган эди.

COVID-19 вакциналари Россия дезинформацияси ва ташвиқот кампанияларининг асосий нишонларидан бири, дейди у.

«GEC Россиянинг иккита алоҳида, аммо кучайиб борувчи ёндашувини кузатган: геосиёсий ютуққа эришиш мақсадида Россиянинг «Спутник V» вакцинасига эътиборни қаратиш билан бирга Ғарб вакцинаси ҳақида сохта хабарлар тарқатиш», дейди Киммеж. «Ачинарлиси шундаки, Россия дезинформацияси нафақат Ғарбда ишлаб чиқарилган, балки барча вакциналарга нисбатан ишончга путур етказади.»

Киммейдж цензурага таянмаган ҳолда дезинформацияга қарши самарали чора кўриш зарурлигини таъкидлади.

«Журналистик текширув, факт-чекинг, медиасаводхонлик ва рақамли криминалистика каби йўналишлар бўйича ўқув дастурлари дезинформацияга қарши курашда ёрдам бериши ўз исботини топган», дейди у.

«Фикрларни эркин муҳокама қилиш ва эркин матбуот – булардан ҳам муҳимроқ.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россияга катта жарималар солиш керак

Жавоб бериш

Россия фақат зарар келтиради. Харитадаги кераксиз мамлакат.

Жавоб бериш

Спутник ахборот агентлиги ҳам Россиянинг шундай ташвиқот воситаси

Жавоб бериш