Карвонсарой
Дипломатия

Россия Афғонистонга қўйилмаларни ҳимоялашга уринмоқда

Карвонсарой ва AFP

Кобул йўлларидаги Толибон жангарилари, 18 август. [Вакил Кохсар/AFP]

Кобул йўлларидаги Толибон жангарилари, 18 август. [Вакил Кохсар/AFP]

МОСКВА – Аксар давлатлар Афғонистондаги элчихоналарини бўшатишга ҳаракат қилаётган бир вақтда Россия ўз жойида қолишини айтмоқда.

Толибон Кобулни эгаллаганидан бир кун ўтиб, Россия ташқи ишлар вазирлиги 16 август кунги баёнотида Афғонистон пойтахтидаги вазият «барқарорлашаётгани» ва Толибон «жамоат тартибини тиклаётгани» ҳақида хабар берган.

Толибон Россия элчихонасини аллақачон ҳимоя қилмоқда ва Москвага унинг биноси хавфсизлигини сақлашга кафолат берди, деб айтган элчи Дмитрий Жирнов.

Жангарилар россияликларга дипломатларнинг «бир дона сочи ҳам тўкилмаслигига» ваъда берганлар, деган у.

Толибон жангарилари Россияда ишлаб чиқарилган қуроллар билан ўқ отиш амалиётини ўтмоқдалар, 2020 йилги сурат. [Файл]

Толибон жангарилари Россияда ишлаб чиқарилган қуроллар билан ўқ отиш амалиётини ўтмоқдалар, 2020 йилги сурат. [Файл]

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Толибоннинг тинчлик музокарачиси Шермуҳаммад Аббос Станакзай (ўртада) ва ўша вақтдаги Эроннинг Афғонистондаги элчиси Муҳаммад Ризо Баҳрамий (ўнгда) Москвада суратга тушмоқдалар, 2018 йил, ноябр. [Юрий Кадобнов/AFP]

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Толибоннинг тинчлик музокарачиси Шермуҳаммад Аббос Станакзай (ўртада) ва ўша вақтдаги Эроннинг Афғонистондаги элчиси Муҳаммад Ризо Баҳрамий (ўнгда) Москвада суратга тушмоқдалар, 2018 йил, ноябр. [Юрий Кадобнов/AFP]

Аммо, кунлар ўтиши билан россияликларнинг Толибонга ишончи камайиб бораётган кўринади. Чоршанба (25 август) куни Россия президенти Владимир Путиннинг буйруғи билан Россиянинг тўрт ҳарбий учоғи 500 дан ортиқ россиялик ва Марказий Осиёлик фуқароларни Афғонистондан эвакуация қилган.

Бу қарор мамлакатнинг Афғонистонга нисбатан позицияси ўзгарганини кўрсатади.

15 минг нафар Совет аскарининг ҳаётига зомин бўлган, 1980 йилларда Советларга қарши олиб борилган уруш натижасида шаклланган исломий гуруҳга нисбатан Россия ҳозирда прагматик қарашларга эга.

Ўттиз йилдан кейин, оғриқли ўтмишни ҳисобга олмасдан бу ҳаракат Россияда террорчилик ташкилоти деб топилган бўлса-да, Кремл Москвада бир неча марта музокаралар ўтказиб, Толибонларнинг халқаро ҳамжамият кўз ўнгидаги обрўсинининг ошишига сабабчи бўлди.

Бундай мақом Кремлнинг 2015 йилдан бери Толибонларни қуроллантириши ва молиялаштиришига тўсиқ бўлмади, аксинча шу муносабатлар сабаб Москва элчихонани ёпмасликка қарор қилган бўлиши ҳам мумкин.

17 август куни Жирновнинг Толибон билан Кобулда бўлиб ўтган учрашуви давлат телекомпанияси томонидан «ижобий ва конструктив» дея олқишланган.

Марказий Осиёда Кремл манфаатларини ҳимоя қилиш

Таҳлилчиларга кўра, бу музокарадан мақсад низонинг Россия ўз ҳарбий базаларига эга қўшни Марказий Осиё мамлакатларига ўтиб кетишининг олдини олишдир.

«Марказий Осиёда тинчлик бўлишини истар эканмиз, Толибонлар билан мулоқот қилишимиз лозим», деб айтган Москва етакчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг (КХШТ) собиқ бош котиби Николай Бордюжа.

Бир неча Марказий Осиё мамлакатлари НАТО кучларига моддий-техник ёрдам берганига қарамай, Толибонлар шимолий қўшниларига нисбатан ҳеч қандай режалари йўқлигига ишонтиришга ҳаракат қилганлар.

Жирновга кўра, Толибон Москвага ҳам кафолатлар берган.

Россия Афғонистоннинг «бутун дунёдаги давлатлар билан» тинч муносабатларда бўлишини хоҳлайди, Толибонлар эса аллақачон бунга «ваъда беришди», деб айтган у.

Аммо пайшанба куни Кремл Афғонистондаги Толибон ҳукуматини расман тан олишга шошилгани йўқ. У бир қарорга келишдан аввал гуруҳнинг хатти-ҳаракатларини кузатишини айтган.

Шу йил ёз ойларида Толибон Афғонистонда кучга тўлиб бораётган бир пайтда, ўтмишда Толибонларни молиялаштиргани ва қуроллантирганига қарамай Россия ўз иттифоқчилари – Ўзбекистон ва Тожикистон билан ҳарбий машқлар ўтказиб, ўзини Марказий Осиё ҳимоячиси сифатида кўрсатишга уринган эди.

Марказий Осиё масалалари бўйича мутахассис Аркадий Дубновга кўра, Москва минтақада ўз ҳарбий ҳозирлигини кучайтиришга ҳаракат қилади.

«Бу мамлакатлар турли даражада Москванинг ёрдамини қабул қилишга мажбур бўладилар, аммо уларнинг ҳеч бири ўз суверенитетини хавфсизликка алмашишни истамайди», дейди у.

Афғонистоннинг Марказий Осиёдаги уч қўшниси: Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг низога нисбатан ёндашуви турлича, деб таъкидлади у.

Ўзбекистон ва Туркманистон Толибон билан олий даражада учрашувлар ўтказган ва катта эҳтимол билан Толибон ҳокимиятини тан олади, аммо Тожикистон гуруҳ билан ҳеч қандай муносабатга киришмаган.

«Дўстона ва ҳамкорликка мойил» иттифоқчилар

Россиянинг Толибон билан мулоқоти бир неча йиллар давомида олиб борилган чора-тадбирлар натижасидир.

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков июл ойида Толибонга «қудратли куч» деб таъриф берган эди. Бир вақтнинг ўзида ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Афғонистон ҳукуматини музокаралар жараёнини секинлаштираётганликда айблаган.

«Ўтган етти йил давомида Толибон ҳаракати билан алоқа ўрнатаётганимиз бежиз эмас», деб айтган Кремлнинг Афғонистондаги махсус вакили Замир Кабулов 16 август куни «Эхо Москвы» радиосига.

Икки томон ҳам унутишни истаган Совет-Афғон урушини инобатга олган ҳолда бу муносабатлар кўпчиликни ҳайратга солмоқда.

Карнеги Москва маркази вакили Александр Бауновнинг айтишича, Россия Толибонни «Ал-Қоида»га бошпана берган 1990 йилларга нисбатан ўзгарган деб ҳисоблайди.

AFP нашрига берган интервюсига кўра, «Москва мужоҳидларнинг бу турини ўзига душман деб билмайди».

Кобулда ноаниқлик ҳукм сураётган бир вақтда Пекин ҳам Толибонни табриклашга ошиққан.

Хитой Толибон билан «дўстона ва ҳамкорлик» алоқаларни кучайтиришга тайёр, деб айтган Пекин ҳукумати вакили 16 август куни.

«Толибон Хитой билан яхши муносабатларни ривожлантиришга ҳамда Афғонистонни қайта тиклаш ва ривожлантиришда Хитойнинг иштирокига бир неча бор умид бирдирган», деб айтган ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Хуа Чунин.

Пекиннинг Толибонни тан олишида ҳам стратегик манфаат бор.

Кобулдаги ҳамкорлик маъмурияти Хитойнинг «Бир камар, бир йўл» (BRI) ташаббуси Афғонистон ва Марказий Осиё республикалари бўйлаб кенгайишига имкон беради, дейди таҳлилчилар.

BRI бошқа мақсадлар қатори Хитой манфаатлари йўлида ночор мамлакатларнинг табиий бойликларини қазиб олиш ва ташиб кетишга ҳам хизмат қилади.

Айни вақтда Толибон Хитойни тўғридан-тўғри ёки Пекиннинг яқин иттифоқдоши бўлган Покистон орқали инвестиция ва иқтисодий қўллаб-қувватлаш манбаи деб ҳисоблайди.

Бу ўзаро ҳисоб-китобли иттифоқда Толибон Хитойнинг Шинжондаги миллионлаб мусулмонларга нисбатан тазйиқларига кўз юмишга тайёр, Пекин эса Толибоннинг жанговар мафкураси ва Афғонистон ҳукуматини ағдариш ҳаракатлари борасида сукут сақламоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500