Ислом уламолари Шинжондаги мусулмонларга нисбатан шафқатсиз муносабати учун Хитойга қарши жорий қилинган АҚШ санкцияларини қўллаб-қувватлашини ва мусулмон давлатлари Вашингтондан ўрнак олиши кераклигини айтмоқда.
16 декабр куни Қўшма Штатлар Хитойга қарши бир қатор чоралар кўрди: қонун чиқарувчилар савдони чеклаш учун овоз бериб, маиший дронлар ишлаб чиқарувчи дунёдаги энг йирик компанияга қарши янги санкциялар жорий қилдилар.
АҚШ Сенати мамлакатни мажбурий меҳнат билан боғлиқ хавотирлар туфайли Хитойнинг Шинжон минтақасидан деярли барча маҳсулотлар импортини тақиқлаган илк давлат бўлишини бир овоздан маъқуллади ва АҚШ президенти Жо Байден 23 декабр куни қонунни имзолади.
Ҳисоб-китобларга кўра, ҳар йили Америка Қўшма Штатларига импорт қилинадиган кийим-кечакларнинг тахминан 20 фоизида Шинжон пахтасидан фойдаланилади.
Хитой ғарбида жойлашган Шинжон минтақасидаги лагерларда камида бир миллион уйғур ва асосан мусулмонлардан иборат бошқа туркийзабон озчиликлар вакиллари ҳибсда сақланади.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва хорижий давлатлар ҳукуматлар оммавий ҳибслар, мажбурий меҳнат, сиёсий-мафкуравий тарбия, қийноқлар, мажбурий стерилизация ва жинсий зўравонлик ҳолатлари ҳақидаги далилларни келтирган.
Вашингтон бу кампанияни геноцид деб атаган, Пекин эса бу объектларни касбий таълим марказлари деб таърифлайди.
Байден маъмурияти, шунингдек, Хитой уйғурларни кузатиб бориш учун сунъий интеллект ва ДНК кузатуви бўйича янги технологияларни такомиллаштираётган Шинжондаги кузатувлар учун бир қатор санкциялар жорий қилган.
АҚШ молия вазирлигининг санкцияларига учраган компаниялар орасида дунёдаги энг йирик маиший дронлар ишлаб чиқарувчи SZ DJI Technology ҳам бор.
Шунингдек, телефонлардаги файлларни кузатувчи мобил иловани ишлаб чиққан Xiamen Meiya Pico Information, уйғурлар ва тибетликлар юзларини аниқлаш тизимини ишлаб чиқиб, такомиллаштириш мақсадида уни Зимбабве ишга туширган Cloudwalk Technology компаниялари ҳам санкциялар остига тушган.
«Бу саккиз компания ХХРдаги этник ва диний озчиликлар, асосан Шинжондаги мусулмон уйғурларни кузатиш ва назорат қилишни фаол қўллаб-қувватлайди», деб айтган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Хитой халқ республикасини назарда тутиб.
17 декабр куни Пекин бунга «қатъиян қарши» эканлиги ва Хитой компанияларини ҳимоя қилиш учун «барча зарур чораларни» кўришини айтди.
Жамоавий позиция
«Ал-Азҳар» университетининг шариат ва фиқҳ профессори, шайх Наиф Абд Раббунинг айтишича, Хитойдаги мусулмонлар ҳуқуқларини поймол қилгани учун АҚШнинг Хитой ҳукуматига нисбатан санкциялари «муносиб инсонпарварлик позицияси» ҳисобланади.
Санкциялар «бошқа мамлакатлар ҳам шундай чора кўриши ва Хитой ҳукуматининг ушбу қатламга нисбатан ирқий зўравонлигини тўхтатиш учун унга босим ўтказишда самарали восита бўлади».
Хитой расмийларининг санкциялар сиёсий сабабларга эга эканлиги ҳақидаги даъволари «ёлғон ва ўринсиз», дейди у. «Чунки фактлар бу ҳуқуқбузарликларни тасдиқлайди ва уларнинг кўпчилиги ҳужжатлаштирилган.»
АҚШнинг Хитойни мусулмонлар ҳуқуқларини поймол қилгани учун жазолаш қарори АҚШнинг диний эркинликни тан олишидан келиб чиқади, деб айтган Саудия Арабистони ал-Аҳса вилоятидаги шиа уламоси шайх Ҳошим ал-Мужҳид.
Қўшма Штатлар этник, ирқий ёки диний мансубликдан қатъи назар, исломий мамлакатлар билан ўзаро ҳурматга асосланган яқин алоқаларга эга ва улар билан хавфсизликдан тортиб, иқтисодий соҳаларгача стратегик ҳамкорлик олиб боради, деб айтган у.
Мусулмонлар ҳуқуқлари топталишини тўхтатишда дунё бўйлаб имомлар самарали ва муҳим восита сифатида хизмат қилишлари мумкин, деб айтган ал-Мужҳид.
«Бу нафақат араб, Яқин Шарқ ва Форс кўрфази мамлакатларига, балки эътиқод ва дин эркинлигини таъминловчи ва қўллаб-қувватловчи Европа давлатларига ҳам тааллуқли.»
«Жамоавий позиция Хитой мусулмонларининг камситилиши, ҳибсга олиниши ва мажбурий стерилизация қилинишини тўхтатилишида Хитойга нисбатан муҳим ва самарали таъсир кўрсатади.»
Халқаро катализатор
«Ал-Азҳар» университети битирувчиси, Баҳрайн пойтахти Манамадаги Ҳудайбия масжиди имоми шайх Абдуллоҳ ал-Ҳусайний санкциялар «араб, ислом ва ҳатто Европа мамлакатлари ҳам шундай чора кўриши учун туртки бўлишига» умид қилишини айтган.
«Дунёдаги ҳеч қайси диний озчилик уларга нисбатан олиб борилаётган адолатсизликка халқаро аралашувсиз барҳам бера олмайди», дейди у.
«Мусулмонлар кўп мамлакатлар ва жамиятларга интеграциялашиб, айниқса Европа мамлакатларида нуфузли етакчи ўринларни эгаллаган», дейди у.
«Шу тариқа Хитой мусулмонлари ҳуқуқларини ҳимоялаш уларнинг ҳуқуқлари поймол бўлишини тўхтатишда заруратга, улар чекаётган азиятни енгиллатиш, уларга Хитойнинг бошқа фуқаролари каби барқарор ҳаётни таъминлашда асосий омилга айланди», дейди у.
«Ислом мамлакатлари ва аҳолисининг аксари мусулмонлардан иборат юртлар Хитойдаги мусулмонлар учун қилиниши керак бўлган ишни қилмаганлар», дейди ал-Ҳусайний.
«Эҳтимол, бу сиёсий-иқтисодий ҳисоб-китоблар ва икки томонлама келишувлар билан боғлиқдир, аммо жамоавий позиция доирасида озчилик ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, бу мамлакатлар манфаатларини хавф остига қўймаган ҳолда ушбу тўсиқларни бартараф этиш мумкин.»
Араб ва ислом ташкилотлари ҳаммани қониқтирадиган ва хитойлик мусулмонларга нормал яшаш шароитини таъминлайдиган ечимларни таклиф қилиши мумкин, дейди у.
XXI асрда Хитой инсоният учун асосий таҳдиддир. Бу сариқ вабони бирлашибгина тўхтата оламиз.
Жавоб беришФикрлар 2
Хитой фашизмини бирлашибгина тўхтата оламиз
Жавоб беришФикрлар 2