Карвонсарой
Таълим

Россия таълим тизимининг милитаризация қилиниши болалар руҳиятига шикаст етказмоқда

Ольга Чепил

Иркутскдаги 44-сонли гимназия ўқувчилари Украинага босқин пайтида ҳалок бўлган россиялик аскар шарафига ташкил қилинган партада ўтиришибди, 23 март. [Иркутск 44-сонли гимназияси]

Иркутскдаги 44-сонли гимназия ўқувчилари Украинага босқин пайтида ҳалок бўлган россиялик аскар шарафига ташкил қилинган партада ўтиришибди, 23 март. [Иркутск 44-сонли гимназияси]

КИЕВ – Таҳлилчиларнинг фикрича, Россия режими болаларни содиқ издош қилиб шакллантиришга қаратилган мақсадли дарслар ва мажбурий тадбирлар билан уларни ҳарбийлаштирмоқда.

Россия мактабларида жорий қилинаётган «қаҳрамонлар парталари» бунга мисол бўла олади.

Бу парталар Украинага қарши урушда ҳалок бўлган россиялик аскарларининг биографик маълумотлари ва фотосуратлари билан қопланган бўлиб, психологлар бу амалиёт болалар руҳиятини жиддий шикастлаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.

Ўтган йил июн ойидан бери Россия махсус хизматларининг нуфузли бошлиқлари, етакчи ташвиқотчилар ва парламентдаги қаттиққўл сиёсат тарафдорлари таълим тизимида радикал ўзгаришларни илгари сурмоқда, таълим вазирлиги эса орқароққа чекинган, деб ёзган эди ўшанда Washington Post.

Иркутскдаги 44-сонли гимназиядаги икки ўқувчи қиз Украинага босқинда ҳалок бўлган россиялик аскар хотирасига тайёрланган партада ўтирибди, 23 март. Бундай парталарда ўтириш кўп ўқувчи болаларни қўрқитади ва чалғитади, дейди психиатрлар. [Иркутск 44-сонли гимназияси]

Иркутскдаги 44-сонли гимназиядаги икки ўқувчи қиз Украинага босқинда ҳалок бўлган россиялик аскар хотирасига тайёрланган партада ўтирибди, 23 март. Бундай парталарда ўтириш кўп ўқувчи болаларни қўрқитади ва чалғитади, дейди психиатрлар. [Иркутск 44-сонли гимназияси]

23 март куни Иркутскдаги 44-сонли гимназияда Украинага босқинда ҳалок бўлган россиялик аскарнинг яқинлари «қаҳрамонлар партасига» ўтириб, уни хотирлашмоқда. Уларнинг ортида ҳарбий кийимдаги ўқувчилар туришибди. [Иркутск 44-сонли гимназияси]

23 март куни Иркутскдаги 44-сонли гимназияда Украинага босқинда ҳалок бўлган россиялик аскарнинг яқинлари «қаҳрамонлар партасига» ўтириб, уни хотирлашмоқда. Уларнинг ортида ҳарбий кийимдаги ўқувчилар туришибди. [Иркутск 44-сонли гимназияси]

Ўқитувчилардан болаларни «ҳарбийлашган содиқ миллатчилар» қилиб тарбиялаш талаб қилинмоқда,бундан бош тортганлар эса ишдан бўшатилмоқда, дейилади хабарда.

Уруш давом этар экан, Россия бўйлаб мактабларда «Муҳим мавзудаги суҳбатлар» номли туркум дарслар жорий қилинган – ўқитувчилар махсус дарсларда болаларга Россия президенти Владимир Путиннинг Украинага бостириб кириш сабабларини айтиб беришади.

Бундан ташқари, Россия прокуратураси ҳозирда мактабларда Таълим вазирлигининг автомат ва гранаталар макетларини сотиб олишга оид қарори ижроси қандай амалга оширилаётганини фаол текширмоқда.

Ушбу намунавий қуроллар Россия мактабларининг ўқув дастурларига қайтадан киритилган мажбурий ҳарбий тайёргарлик дарслари учун зарур.

Болалик милитаризацияси

«Биз ҳақиқатан ҳам болаликни милитаризация қилиш – Россия режими сиёсатининг бир қисми эканлигини кўряпмиз», дейди Киевда жойлашган «Украина призмаси» ташқи сиёсат кенгаши таҳлилчиси Александр Краев.

«Бу маҳаллий ҳокимият органлари ёки муайян губернаторларнинг тасодифий ҳаракатлари эмас.»

«Бу федерал даражадаги кенг кўламли дастур бўлиб, россияликларнинг кейинги авлодини ҳақиқатан ҳам ҳарбийлашган, армияда хизмат қилишга доим тайёр, виждон азобисиз ёки ҳарбий можароларнинг сабаблари ва келиб чиқиши ҳақида танқидий фикрлашсиз қилиб тарбиялашга қаратилган», деди у.

«Ҳозир у ерда [Россияда] қандайдир бемаънилик юз бера бошлади, чунки мактабларни ҳарбийлар бевосита оталиққа олишмоқда», дейди Россиядаги вазият ҳақида мунтазам равишда янгиликлар бериб борадиган «Байкал одамлари» онлайн журнали муаллифи ва муҳаррири Елена Трифонова.

Трифонова ўтган йили Россияни тарк этишга мажбур бўлган, ҳозирда Латвиянинг Рига шаҳридан Россияни кузатиб, ўз ишини давом эттирмоқда.

«Масалан, Бурятияда ҳукумат ватанпарварлик тарбиясига 300 миллион рубл [3,7 миллион доллар] ажратди, Бурятиянинг бюджети кичик экани ҳисобга олинса, бу жуда катта маблағ», деди у Россиянинг Сибирдаги ички республикасини назарда тутиб.

«Ҳар бир мактабга ҳарбий қисм бириктирилган. Бу ҳарбий қисм мактабни оталиққа олади ва аскарлар у ерга бориб, ватанпарварлик тарбиясига оид суҳбатлар ўтказадилар», дейди у. «Шунчаки мактабга келиб, дарс ўтишяпти.»

Мактаб ўқувчилари ва уруш фахрийлари ўртасидаги мулоқот кўплаб мамлакатларда нормал амалиёт, бироқ Россияда бу жараён соғлом фикрга мутлақо зид ва болалар онгига зарар етказадиган тарзда олиб борилмоқда, дейди таҳлилчилар.

Масалан, жангдан эндигина уч-тўрт кунлик таътилга қайтган аскарлар болалар олдида нутқ сўзлаш учун мактабларга юборилади. Трифанованинг таъкидлашича, бундай эмоционал ҳолатда аскарлар болалар билан самарали мулоқот қила олмаслиги мумкин.

«Мен, албатта, фарзандимнинг синфига эндигина фронтдан қайтган эркак келишини истамасдим, чунки у руҳий жиҳатдан беқарор бўлади», деди у.

«Улар руҳан шикастланган. Болаларга нимани гапириб бериши мумкин? Буни тасаввур ҳам қила олмайман! Бундай вазиятда эркаклар болалар олдига қўйилмаслиги керак.»

«Қабртош парталар»

Трифонованинг айтишича, «қаҳрамонлар парталари» руҳий жароҳат манбаларидан биридир.

«Ўқитувчиларнинг ўзи даҳшатда эканини айтмоқда, улар буни истамаяпти, лекин ҳеч ким уларнинг фикрини сўраётгани йўқ», деди у. «Болалар эса бу парталарда ўтиришни хоҳламайдилар. Айтишларича, худди қабртош устида ўтиргандек. Улар қўрқишяпти, ўзларини ноқулай ҳис қилишяпти. Бу қабртошнинг бир тури».

Трифонова яқин вақтгача Сибир шаҳрининг энг илғор мактабларидан бири бўлган 44-сонли Иркутск гимназиясини мисол қилиб келтирган.

Аммо энди, унинг айтишича, мактабда ватанпарварлик тарбияси учун масъул бўлган жуда фаол ҳарбий инструктор бор, у дарҳол бешта «қабртошли партага» буюртма берган ва кейинчалик уларнинг ҳар бир синфда бўлишини хоҳлаяпти.

«Ҳалок бўлган аскарларнинг исмлари ва фотосуратлари туширилган бу парталарнинг тантанали очилиш маросимига уларнинг қариндошлари ҳам келишди... гарчи ўлганларнинг ҳеч бири бу мактабда ўқимаган бўлса ҳам.»

«Йиғлаётганлар кўп эди, буларнинг барчаси ўқувчиларга шунчалик қаттиқ таъсир қилдики, уларнинг иккитаси ҳушидан кетди», деди Трифонова. «Улар кескинликка дош бера олмадилар.»

Ватанпарварлик ниқоби остидаги манипуляция

Бундай «ватанпарварлик тарбияси» болаларни руҳан жароҳатлаб, уларда бир умрлик чандиқ қолдирмоқда, дейди киевлик психолог ва психотерапевт Елена Рихалская.

«Бу ватанпарварлик билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаган қўпол хато. Бу боланинг руҳиятига таъсир қилади. Уни чалғитади, бола эса мактабга ўрганиш, билим олиш учун келади».

«Бундай сурат ва портретлар ёпиштирилган парталар ҳиссий ноқулайлик туғдириши сабаб ўқувчиларнинг ақлий салоҳиятини заифлаштириб, ўзлаштириш қобилиятини пасайтиради», деди у.

«Бундан ҳам ёмони, қўрқув, нафрат ва тажовуз болаларга таъсир қилади, кимдадир чуқур хавотир бўлса, бу элементларнинг барчаси бола руҳиятига сингади», деб қўшимча қилди у.

Рихалская Россиянинг ушбу узоқ муддатли режасига кескин баҳо берди.

«У ерда [ҳокимиятда] ўтирганлар ҳам аҳмоқ эмас. Улар ҳар хил табиатли болалар борлигини билишади», деди у.

Расмийлар «мулоҳазасиз тажовузкор» болаларни «кейинчалик жангчи ва аскарга айлантириш учун» танлайдилар. Агрессияни армияга йўналтириш мумкин, дейди у.

«Руҳияти заифроқлар эса ўз иродасига эга бўлмаган заиф пода, уларни осонгина бошқариш ва манипуляция қилиш мумкин».

«Бу ҳақиқатан ҳам бошқа кўплаб авторитар режимларни эслатади», дейди «Украина призмаси» мутахассиси Краев. «Биринчилардан бўлиб, Учинчи Рейх эсга келади.»

«Уруш доимий ҳолатга айланиб бораётганини, тезда ғалаба қозониш имкони йўқлиги ва барча мақсадларига эришиб бўлмаслигини англаган авторитар давлатлардаги амалдорлар бир қанча авлодларни давомли урушга тайёрлашни бошлайди», деди у.

«Асосий мақсад шу. Лекин бу жуда хавфли тенденция, энг аввало россияликларнинг ўзлари учун», деди Краев.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Қудратни қўлда қолдириш йўлида ўз халқини нобуд қилаётган автортар ҳукуматга яна бир мисол. Уларнинг ягона мақсади кудрат ва пул учун давлатларни эксплуатация қилиш, болаларнинг саломатлигини ўйлашмайди, қудратни суистеъмол қилиш, бу одамлар пул ва қудрат учун ҳаммасини қилади.

Жавоб бериш

Айтишим мумкинки ... КЎРИНИШИДАН БОЛАЛАР ХУРСАНД ЭМАС!!!! Нимага хўмрайиб олишган??? Улар ёш, таъсирчан, фақат улар ҳақоратли фаталист хатоликларингиз билан чекланиб қолишган. Биз ёшлар омон қолишини, тинч, ҳукмронлик ва зўравонликдан эркин яшашини хоҳлайдиган халқмиз. Бизнинг давлат ва сизнинг давлатингиз ишончимизни оқламади, аммо бу биз ҳаммамиз учун тўғри ва фойдали келишувга кела олмаймиз дегани эмас...

Жавоб бериш