Карвонсарой
Намойишлар

Ўзбекистонликлар кремлпараст мусиқачилар иштирокидаги «Жара» фестивалининг ўтказилишига қарши чиқди

Рустам Темиров

Ўзбекистонлик блогер Мирзаёр Эркинов #StopKremlinPropaganda ва #StopZArtistsConcerts хештегларини ўз ичига олган 29 март кунги постида ўзбекистонликларни Тошкентда ўтадиган «Жара-2023» фестивалини бойкот қилишга чақирган.

Ўзбекистонлик блогер Мирзаёр Эркинов #StopKremlinPropaganda ва #StopZArtistsConcerts хештегларини ўз ичига олган 29 март кунги постида ўзбекистонликларни Тошкентда ўтадиган «Жара-2023» фестивалини бойкот қилишга чақирган.

ТОШКЕНТ – Дастлаб Озарбайжондан Қозоғистонга, сўнг Ўзбекистонга кўчирилган «Жара» халқаро мусиқа фестивали «дунёдаги мавжуд вазият» билан боғлиқ расмий сабаб билан «номаълум муддатга қолдирилган».

Аммо Марказий Осиёдаги кўпчилик учун тадбирнинг бекор қилиниш сабаби аниқ: у ҳам бўлса, Кремлнинг Украинага босқинини очиқ қўллаб-қувватлаган «Z-артистлар»нинг иштирокидан жамоатчиликнинг нафратидир.

Бир нечта шаҳар рад этган тадбир

Бир жойдан бошқасига кўчирилган фестивал унинг рўйхатидаги Кремлпараст машшоқларни кутиб оладиган шаҳарни беҳуда қидириш билан овора бўлди.

Ўтган йили мусиқа фестивали дастлаб Озарбайжоннинг Боку шаҳрида 25-29 июл кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган эди, бироқ якунда ташкилотчилар бу режадан воз кечишган.

10 апрел куни Тошкентдаги «Янги Ўзбекистон» боғида ўтказилиши режаланган россиялик хонандалар иштирокидаги «Жара-2023» халқаро мусиқа фестивали номаълум муддатга қолдирилган. [Аҳрор Юсупов]

10 апрел куни Тошкентдаги «Янги Ўзбекистон» боғида ўтказилиши режаланган россиялик хонандалар иштирокидаги «Жара-2023» халқаро мусиқа фестивали номаълум муддатга қолдирилган. [Аҳрор Юсупов]

Шундан сўнг Олмаота март ойида «Жара-2023»ни ўтказишга рози бўлди, бироқ фестивал жамоатчилик қарши чиққани учун Қозоғистонда ҳам ўтказилмади. 17 феврал куни ташкилотчилар фестивални 20-21 май кунлари Тошкентда ўтказиш режаларини эълон қилишди.

Энди Тошкент ҳам мезбонликдан бош тортди ва фестивал номаълум муддатга қолдирилди.

Ташкилотчилар фестивалнинг Боку, Олмаота, сўнг Тошкентдаги бекор қилинганини барча баёнотларда бир хил изоҳлаганлар.

«Афсуски, айни вақтда дунёдаги вазиятни ҳисобга олиб, катта мусиқий тадбирларни ўтказиб бўлмайди», деб ёзган Ўзбекистондаги iTicket.uz онлайн чипталар хизмати 3 апрел куни ўз Телеграм каналида.

«Нацизм карнавали»нинг бойкоти

Фестивалда Ани Лорак, Олга Бузова, Дискотека Авария, Жасмин, Нюша, Сергей Лазарев ва Иванушки Интернешнл каби 30 та гуруҳ ва санъаткорларнинг чиқиши режалаштирилган эди.

Тошкентга келиши кутилаётган ижрочилар орасида Россиянинг Украинадаги урушини очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлайдиган ва Кремлнинг «махсус ҳарбий операцияси» бўйича ташвиқот ташаббуслари ва концертларида қатнашаётганлар ҳам бор эди. Жасмин Молдовадаги Кремлпараст намойишларга ҳомийлик қиладиган қувғиндаги молдовалик олигарх Илан Шорнинг рафиқасидир.

Бундай ижрочилар одатда Россиянинг Украинага бостириб кириш рамзи сифатида танланган Z ҳарфига ишоратан «Z-санъаткорлар» деб аталади.

29 март куни ўзбек блогери Мирзаёр Эркинов ўзбекистонликларни Тошкентдаги фестивални бойкот қилишга чақирди.

«Мен Z-артистларнинг мустақил Ўзбекистонимиз тупроғида бўлиши, куйлашини очиқчасига хоҳламайман ва маъқулламайман, чунки улар жиноятчи Кремл томонидан қўллаб-қувватланади ва уни қўллаб-қувватлайди», деб ёзади Эркинов.

Эркиновнинг ўзбек ва инглиз тилларидаги пости #StopKremlinPropaganda ва #StopZArtistsConcerts хештеглари билан жойланган.

Унинг чақириғига бошқалар ҳам қўшилишди, жумладан ўзбекистонлик журналист ва тадбирлар ташкилотчиси Никита Макаренко ҳам «Current Time» телеканалида «Жара» фестивалини «нацистлар карнавали» дея таърифлаган.

«Бойкот ҳуқуқи»

«Жара-2023» таркибидаги айрим санъаткорларнинг урушпарастлик позицияси кўплаб ўзбекистонликларнинг норозилигига сабаб бўлди ва улар фестивалнинг бекор қилинишини қўллаб-қувватладилар.

«Бойкот қилиб тўғри қилишибди!» деб ёзади Gazeta.uz муштарийси Нина Валеева фестивалнинг бошқа муддатга қолдирилгани ҳақидаги мақола остида. «Улар Украинадаги урушни қўллаб-қувватлаяпти! Бу ерга бурун тиқиб нима қилишади?»

Албатта, гап «бекор қилиш маданияти»ни бутун Россияга нисбатан қўллаш ҳақида эмас, дейди ўзбекистонликлар.

«Мен, хусусан, рус мусиқасига ёки умуман рус маданиятига қарши эмасман, лекин урушни қўллаб-қувватловчи ва ташвиқотда иштирок этаётган одамлар келиб, мустақил Ўзбекистон аҳолисининг «вақтини чоғ қилишини» мутлақо истамайман», деб ёзади Ш. номли яна бир фойдаланувчи.

Зеро, апрел ойида келиб чиқиши грузиялик бўлган қўшиқчи, Россия Федерациясида хизмат кўрсатган артист Валерий Меладзенинг гастрол сафари режалаштирилган, июн ойида эса Украинадаги босқин ортидан урушга қарши қўшиқ чиқарган Би-2 гуруҳи мамлакатда концерт беради.

Тошкентдаги «Жара» фестивалининг эҳтимолий иштирокчилари рўйхатида Украинадаги урушга қарши чиққан санъаткорлар ҳам йўқ эмас, улар орасида сентябр ойида Ўзбекистон пойтахтида концерт беришни режалаштираётган Егор Крид ҳам бор.

Аммо ўзбек матбуотида россиялик юлдузлар иштирокидаги концерт гастролларининг бекор қилинишига оид хабарлар кўпаймоқда.

Жумладан, россиялик эстрада хонандаси Валериянинг 19 мартга белгиланган концерти, таниқли киноактриса Елена Яковлева иштирокида 22 апрел куни ўтказилиши керак бўлган ижодий кеча номаълум сабабларга кўра бекор қилинган.

Самарқандда туғилган россиялик қўшиқчи Алексей Чумаковнинг концерти икки ҳафтага кечиктирилган.

Кремлпараст ОАВ «Жара-2023» билан боғлиқ ҳодисани бошқача талқин қилган.

Жумладан, 3 апрел куни Eurasia Daily нашри «Ўзбек миллатчилари Тошкентдаги «Жара» рус фестивалини бекор қилишга муваффақ бўлдилар» деган сарлавҳали хабар тарқатган.

«Ор-номус масаласи»

Россия Украинага бостириб кирган илк кунларда Ўзбекистонда Путинни ёқловчилар кўп эди, дейди андижонлик журналист Сабоҳат Раҳмонова.

Аммо уруш давом этар экан, кўпчилик унинг фожиали оқибатларига гувоҳ бўлиб, жаҳон иқтисодиётига, жумладан, Ўзбекистонга ҳам зарба берганини кўрди ва охир-оқибат ўз позициясини ўзгартирди, дейди у.

«Албатта, гап фақат Жара фестивали ҳақида эмас», деб айтган у.

«Санъатнинг мамлакати ёки муайян миллатга мансублиги бўлмайди», дейди у. «Аммо Россия Европада бошлаган уруш фонида ўзбек халқи ўз норозилигини билдира бошлагани эътиборга молик».

Ўйлайманки, ўзбекистонликлар Европа ёки АҚШ санкцияларидан қўрққани учун бу позицияни танламаган, дейди Раҳмонова.

Энг аввало бу ор-номус масаласи, деб айтган у.

«Жара-2023»да чиқиши режалаштирилган кўплаб россиялик санъаткорлар Кремл мафкурасига хизмат қилади ва Россиянинг агрессив ташвиқот ҳаракатларининг ижрочилари ҳисобланади, деди у.

«Ўзбек жамияти бундай дунёқарашли ижодкорлар томошабинлар олдига чиқа олмаслигини тушуниб етиши керак», деб айтган Раҳмонова.

«Айни дамда кўпчилик Россияни бегуноҳ аёллар, ёш болалар ва қарияларнинг ўлими учун жавобгар агрессор деб билади.»

«Бу урушда ўзбеклар ҳам ҳалок бўлмоқда», деб қўшимча қилди Раҳмонова. «Жарага қарши салбий муносабат жамиятимизнинг ўсиб бораётган ижтимоий онгидан келиб чиққан деб ўйлайман.»

Халққа (кўнгилочар аҳамияти сабабли) «Жара-2023» каби кенг қамровли мусиқий тадбирлар керак, аммо «Z-парастлар» керак эмас, деди ўзбекистонлик блогер Нурбек Алимов.

«Фестивалнинг қолдирилганини қўллаб-қувватлайман, ўзим шахсан унинг бекор қилинишига чақирганман», дейди у. «Бетарафларни ҳам тушунаман, аммо мен урушни қўллаб-қувватлайдиганларга доим қарши бўлганман.»

«Тошкентда россиялик қўшиқчилар иштирокидаги «Жара» фестивалини режалаштириш ташвиқотнинг бир тури ва Россиянинг ўз имижини кучайтиришга уринишидир», дейди сиёсий таҳлилчи Фарҳод Мирзабоев.

«Бу одамлар қалби ва фикрлари учун курашнинг бир қисми. Аммо, Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари бу концертни тақиқлаган кўринади.»

«Менимча, ўзбекистонликлар Украинада нималар рўй бераётганини яхшироқ тушуна бошламоқда», деб қўшимча қилган у. «Аксар ўзбекистонликлар урушга қарши ва ижтимоий тармоқлар ҳамда бошқа йўллар орқали ўз қарашларини ифода қилмоқда.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ўзбеклар - СИЗГА ҚОЙИЛ!!! Шавкат Мирзиёевга - РЕСПЕКТ! С. Жапаровга - ШАРМАНДА! ПУТИННИНГ ЛАГАНБАРДОРИ ВА КЕТ ЯЛОВЧИСИ!!!

Жавоб бериш