Карвонсарой
Хавфсизлик

Путиннинг ёлланма армияси аскар ёллашда «Ислом давлати» тактикасини қўлламоқда

Карвонсарой

«Ислом давлати» раҳбарларидан бири Ливияда янги ёлланган жангариларга мурожаат қилмоқда, ўтган йилнинг июл ойида чиққан сурат. Россиянинг «Вагнер» гуруҳи Москванинг бутун дунёдаги, шу жумладан Ливиядаги можароларида иштирок этиш учун жангчилар ёллашда ИД фойдаланган кўплаб тактикаларни қўлламоқда. [Файл]

«Ислом давлати» раҳбарларидан бири Ливияда янги ёлланган жангариларга мурожаат қилмоқда, ўтган йилнинг июл ойида чиққан сурат. Россиянинг «Вагнер» гуруҳи Москванинг бутун дунёдаги, шу жумладан Ливиядаги можароларида иштирок этиш учун жангчилар ёллашда ИД фойдаланган кўплаб тактикаларни қўлламоқда. [Файл]

ОЛМАОТА – Россия президенти Владимир Путиннинг режаларига хизмат қилувчи «Вагнер гуруҳи» хусусий армияси бутун дунё бўйлаб аскарлар ёллаш учун «Ислом давлати»га (ИД) хос усуллардан фойдаланмоқда, дейди кузатувчилар.

«Вагнер гуруҳи» илк марта 2014 йилда Украина шарқида пайдо бўлган, у ерда Москва «кўнгиллилар» деб атаган россиялик собиқ ҳарбий хизматчилар россияпараст айирмачи кучлар сафига қўшилган ва бу охир-оқибат Қримнинг ноқонуний аннексиясига олиб келганди.

Аввалига бу «махфий армия» ўз сафларини қувғин қилинган собиқ ҳарбийлар, каллакесарлар ва пул ва саргузашт қидириб юрадиган собиқ маҳбуслар билан тўлдирган бўлса, йиллар ўтиб, гуруҳ тактикаси ўзгарди.

Энди эса Путиннинг хоҳиш-истаги билан Вагнер гуруҳи Кремлнинг ғаразли мақсадлари бўлган турли қайноқ нуқталарда жанг қилиш учун маҳаллий ёшларни жалб қила бошлаган.

Эвакуация қилинган суриялик аёллар ва болалар Туркия чегараси яқинидаги Идлиб вилоятида жойлашган Кафр-Лусин жамлоғи ташқарисида чиқиндилар орасидан озиқ-овқат қолдиқларини изламоқда, 2019 йил. Бу каби шарт-шароитлар Россиянинг «Вагнер гуруҳи» ва «Ислом давлати» каби гуруҳларга ўз сафига янги жангарилар ёллашга имкон беради. [Ориф Ватад/AFP]

Эвакуация қилинган суриялик аёллар ва болалар Туркия чегараси яқинидаги Идлиб вилоятида жойлашган Кафр-Лусин жамлоғи ташқарисида чиқиндилар орасидан озиқ-овқат қолдиқларини изламоқда, 2019 йил. Бу каби шарт-шароитлар Россиянинг «Вагнер гуруҳи» ва «Ислом давлати» каби гуруҳларга ўз сафига янги жангарилар ёллашга имкон беради. [Ориф Ватад/AFP]

Ливиянинг БМТ томонидан тан олинган Миллий келишув ҳукумати аскари 9 май куни Триполида Россиянинг «Вагнер гуруҳи» қўлловидаги Халифа Ҳафтар кучлари ҳужумига учраб вайрон бўлган машина ёнида турибди. [Маҳмуд Туркия/AFP]

Ливиянинг БМТ томонидан тан олинган Миллий келишув ҳукумати аскари 9 май куни Триполида Россиянинг «Вагнер гуруҳи» қўлловидаги Халифа Ҳафтар кучлари ҳужумига учраб вайрон бўлган машина ёнида турибди. [Маҳмуд Туркия/AFP]

Москва яқинда «Вагнер гуруҳи» етакчилигида Сурияда кенг қамровли ёллаш кампанияси ташкиллаштирган.

Янги фронт учун янги тактика

Бу кампания доирасида бир неча йиллардан бери давом этиб келаётганидек, Сурия президенти Башар Асад режими учун жанг қилувчилар сафига эмас, балки Москванинг бошқа бир уруш майдони – Ливия учун кўнгилли аскарлар ёлланган.

Ёлланма жангчиларга айланган Сурия ёшлари Москва қўлловида Триполида халқаро миқёсда тан олинган ҳукуматга қарши кураш олиб бораётган ливиялик фельдмаршал Халифа Ҳафтар кучларини мустаҳкамлаш учун юборилмоқда.

Сурияда 2011 йилда бошланган фуқаролар уруши оқибатида мамлакатнинг катта қисми вайрон бўлди, 500 мингдан ортиқ одам ҳаётдан кўз юмди ва 7 миллиондан ортиқ фуқаро қочқинга айланди.

Бу умидсизликка тушган ёшларни жангариликка ёллашда Москва ёлловчиларига жуда қўл келадиган идеал вазиятдир.

«Улар яхши ҳақ тўлайдилар, шу сабабли бу – пулдан қийналган ва ўз ҳаётини тартибга сола олмаётган аксар ишсиз эркаклар учун жуда яхши имконият», дейди Олмаотада яшовчи собиқ қозоқ армияси зобити, майор Даурен Оспанов.

«Вагнер гуруҳи» Ливияда «турли объектларни қўриқловчи кўнгилли аскарларга 1000 доллар ва кўнгилли равишда жанговар гуруҳларда иштирок этаётганларга 1500 доллар» ойлик маош таклиф қилади, деб хабар берган «Ал-Сувайда» араб янгиликлар нашри 24 март куни.

Бу, одатда Сурияда топиладиган пулга нисбатан анча катта.

Оддий суриялик аскарнинг ойлик маоши тахминан 30 долларга тенг, айни вақтда Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси томонидан қўллаб-қувватланадиган айрим қуролли тузилмалар эса 50 дан 100 долларгача маош таклиф қилади.

«Ислом давлати» тактикаси

Вагнер гуруҳининг ёллаш усуллари кўп жиҳатдан ИД террорчилик гуруҳиникига ўхшаш. Ночор одамларни пул билан жалб қилиш ва Интернет орқали ҳимоясиз ёшларни топиш шулар жумласидандир, деди Оспанов.

Дастлаб саргузаштларга чанқоқлик ва сароб орзу-хаёллар ИД сафига ёллашнинг асосий икки омили эди. Аммо 2019 йил март ойида ИД «халифалиги» қулаганидан сўнг, гуруҳ «Вагнер» сингари, ёлланма аъзоларни жалб қилиш учун уларнинг оғир молиявий шароитидан фойдаланмоқда.

Бу тактика яқинда Туркияда ҳам кузатилган бўлиб,ИД ёлловчилари коронавирус пандемияси туфайли келиб чиққан иқтисодий тангликдан фойданган ҳолда туркманистонлик меҳнат мигрантларини нишонга олган эди.

ИД ёлловчилари тушкунликдаги ишсиз мигрантларга жойида 1000 АҚШ доллари тўлаш билан бирга, ойига 1000 доллар маошли «ишларни» таклиф қилишади.

Ёлловчи шахслар «тинчлик шароитидаги имкониятларни» очиқламай, улар урушга алоқадор эмаслигини таъкидлайдилар.

ИД Ироқ ва Сурияда катта ҳудудларга эгалик қилган пайтларда такрор-такрор юз бергани каби, бу омадсиз ёлланма аскарлар зудлик билан фронтга жўнатилиб, ҳалокатга рўбарў қилинган.

«Вагнер гуруҳи» ва унинг иттифоқчилари ҳам бу жабҳада худди шу сценарийдан фойдаланган.

«Аl-Suwayda 24» хабарига кўра, йил бошида «Вагнер гуруҳи» ва Асад режими учун хизмат қилувчи расмий ташкилот Сурия миллий ёшлар партияси билан биргаликда 35 та суриялик йигитни кўнгилли аскарлар сафига ёллаган.

Бу ёлланма аскарлар ҳеч қандай тайёргарликсиз аксилҳукумат жангариларига қарши курашиш учун фронтга юборилган.

35 нафар аскардан камида 10 нафари ҳалок бўлган, кўпчилик жангнинг илк кунларидаёқ жароҳатланган ёки бедарак йўқолган, бу ёлланма аскарларнинг тўп еми бўлганини тасдиқлайди, дейилади хабарда.

«Вагнер гуруҳи» ҳеч қандай расмий ташкилот билан боғлиқ бўлмагани сабабли, ҳалок бўлган ёлланма аскарларнинг оила аъзолари гуруҳ берган ваъдаларга қарамай, ҳеч қандай компенсация олишмаган.

Нолга тенг масъулиятсизлик

«Вагнер гуруҳи» Москва қила олмайдиган разведка ва ҳарбий фаолиятни амалга ошириши мумкин, деди халқаро муносабатлар бўйича мутахассис, бишкеклик сиёсий таҳлилчи Эдил Осмонбетов.

Вагнер каби хусусий ҳарбий компаниялар «халқаро ҳуқуқ талаблари остига тушадиган мунтазам қуролли кучлар» эмас, деди у. «Бундай гуруҳларни мувофиқлаштирувчи давлатлар уларнинг фаолияти учун жавобгар эмас.»

Халқаро ҳуқуқ ҳам, Россия қонунчилиги ҳам ёлланма аскарларни тақиқлайди, аммо Дума ва Россия ташқи ишлар вазирлиги хусусий ҳарбий компанияларни қонунийлаштиришни таклиф қилишган. Бу ҳақда 2018 йилда DW хабар берган эди.

Бу ғоя бир неча сабаблар туфайли қонунга айланмаган. Ҳукумат Кремль ва жангарилар ўртасида аниқ боғлиқлик кўринишини хоҳламайди, шу билан бирга норасмий қуролли гуруҳ қонуний жамоатчилик ҳаракатига айланишини ҳам истамайди.

Россия расмийлари «Вагнер гуруҳи» мавжудлигини рад этсалар-да, россияликлар низоларда якка тартибда иштирок этишини тан оладилар.

Умумий овқатланиш соҳасида Россия армияси ва ҳукумат билан манфаатли шартномаларни имзолаш билан бойиган Санкт-Петербурглик тадбиркор ва Путиннинг иттифоқдоши Евгений Пригожин «Вагнер гуруҳи» молиялаштирувчиси ўлароқ танилган.

Бу хусусий маблағлар Кремльга рад этиш ҳимояси остида ўз манфаатларини илгари суриш ва гибрид урушларни амалга оширишга имкон беради.

Вагнер Кремль стратегик, геосиёсий манфаатларини кўзлаган давлатларда ҳарбий операциялар олиб боради, дейди истеъфодаги қозоғистонлик ҳарбий зобит Оспанов. Шу билан бирга Москва энергетик соҳага оид лойиҳаларини амалга ошириши мумкин бўлган ҳудудлар, масалан Африкада ҳам аскарлар қўллайди.

«Агар Россия қизиқиш билдирган ва ҳамроҳ деб атаган давлат Москва геосиёсати манфаатларига зид ҳаракат қилишни бошласа, у ерда «кутилмаган меҳмонлар» пайдо бўлиши мумкин», деди у.

Ливияга Вагнер гуруҳи шафелигида олиб келинган суриялик ёлланма аскарлар оқими, айниқса уларнинг кўпчилиги COVID-19 вируси билан касалланган бўлиши эҳтимоли маҳаллий аҳолининг хавотирига сабаб бўлган.

Бунга ўхшаш ҳолатлар Москва таъсир ўтказишни истаган кўплаб қайноқ нуқталар, жумладан Марказий Африка республикаси, Судан, Венесуэла ва бошқа мамлакатларда юз бермоқда.

COVID-19 пандемияси шусиз ҳам иқтисодий заиф мамлакатларга айниқса кучли зарба берди. Натижада ишсизлик даражасининг кескин ошгани «Вагнер гуруҳига» қўл келиши мумкин.

[Мақолани тайёрлашга Олмаотадан Канат Алтинбаев ўз ҳиссасини қўшди.]

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Халқлар учун қамоқ бўлган Россияни йўқотиш керак. Хитойни ҳам.

Жавоб бериш

Путиннинг ёлланма одамларини яксон қилинглар

Жавоб бериш