ОЛМАОТА – Президент Владимир Путин бошчилигидаги Россия режими шу ой бошида зиддиятли референдумда сайловчилар фаоллигини ошириш учун гомофобик ташвиқот ва нафратни қурол ўлароқ ишга солди.
Узоқ йиллар давомида хорижда дезинформация, тарқоқлик ва ишончсизликни тарғиб қилган, шу билан бирга, Россияда ичида ҳам фаоллашиб бораётган Кремль ташвиқотчилари руслар орасида кенг тарқалган гомофобиядан фойдаланган ҳолда, Россия фуқаролик жамиятининг парчаланишига оид асоссиз қўрқувларга таяниб, ўз қарорларини сайлов билан боғлашга уриндилар.
Кремлнинг сайловолди ташвиқотида бир жинсли никоҳлар марказий масала бўлиб, референдумдан бир неча ҳафта олдин барча ижтимоий тармоқларда Конституцияга тузатишлар киритишни қўллаб-қувватловчи видеолавҳалар тарқатилди.
Видеоларнинг бирида меҳрибонлик уйидаги маъюс болалардан бирининг асраб олиниши билан боғлиқ воқеа акс эттирилган. У янги отасини кўриб хурсанд бўлади, аммо онаси қаердалигини сўраганида, камера машина олдида кутиб турган бошқа эркак тарафига бурилади.
Бола ўзининг бесоқолбоз эркаклар томонидан асраб олинаётганини англаб, йиғлай бошлайди. Эсанкираб қолган меҳрибонлик уйи ходимларидан бири ерга тупуриб, жаҳл билан кетиб қолади.
«Сен шундай Россияни танлайсанми? Россиянинг келажагини ҳал қил. Конституцияга киритилажак ўзгартишлар учун овоз бер», дейди кадр ортидаги эркак овози.
«Ўзгартишлар» орасида гомофобия катта аҳамиятга эга, чунки бир жинсли никоҳлар тақиқи оддий россияликларнинг сайлов участкасига бориши ва ислоҳотларни қўллаб-қувватлаши учун моҳирлик билан танланган масала», деб ёзади Россияда ЛГБТ-муаммоларини ёритувчи «Парни» канали. Гуруҳ ЛГБТга қарши кампания моҳиятини кўрсатиб бериш учун видеороликни ўз каналида жойлаштирган.
«Биз «РИА ФАН» деб номланган ОАВнинг бундай ташвиқотини номақбул деб ҳисоблаймиз!» дейилади видеонинг таърифида.
Душанба, 13 июль ҳолатига кўра, видеога 3100 та одам «лайк» қўйган, 37000 та одам эса «ёқмади» тугмасини босган.
РИА ФАН ёки Федерал янгиликлар агентлиги «Путиннинг ошпази» сифатида танилган, «Вагнер» гуруҳига раҳбарлик қилувчи бизнесмен Евгений Пригожинга қарашли, деб хабар берган BBC ўтган йил октябрь ойида. Хусусий ёлланма армия Россиядан ташқарида Кремлнинг мақсадларини амалга ошириш билан шуғулланади.
Путин пухта ҳисоб-китоб билан ҳар йилги Ғалаба парадини 24 июнга – референдумдан тахминан бир ҳафта олдинга кўчирди, бундан мақсад – «русларни эндорфинлар ва бирдамлик ҳисси билан тўйинтириш» эди.
Россиялик сайловчилар 25 июнь – 1 июль кунлари бўлиб ўтган референдум чоғида конституцияга киритилажак ўзгартишларни ёқлаб овоз беришди. Бу ҳақда 2 июль куни мамлакат Марказий сайлов комиссияси маълум қилди.
Натижада, конституцияда никоҳ фақат эркак ва аёл ўртасида қайд этилиши белгилаб қўйилди.
Референдумнинг асосий мақсади – 2024 йилда тугайдиган олти йиллик муддатдан сўнг Путинга яна икки марта президентликка сайланишга имкон бериб, муддат чекловларини олиб ташлаш масаласи ҳам қабул қилинди.
Янги ислоҳотлар 1999 йилдан бери президент ёки бош вазир бўлиб келган Путинга Россияни 2036 йилгача бошқариш имконини беради, айрим кузатувчилар эса буни «умрбод президентлик» деб таърифламоқдалар.
Марказий Осиёликлар ташвиқот ортида нимани кўрмоқда?
43 ёшли тошкентлик адвокат Шуҳрат Йўлдошевнинг фикрича, Кремлнинг ташвиқоти жамоатчилик эътиборини конституциявий ислоҳотларнинг асосий мақсади – Путиннинг президентлик ваколатлари муддатини узайтиришдан чалғитишга қаратилган.
«Москвадаги ҳукуматнинг ўз халқига нисбатан қанчалик «ҳурмат» билан муносабатда бўлиши ойдинлашмоқда», деди Йўлдошев.
Россия ҳукумати ўзининг сиёсий манфаатларини кўзлаб, жамиятни манипуляция қилиш учун қўрқувдан фойдаланмоқда. Унинг ўзи ЛГБТга нисбатан шундай қўрқувни шакллантирди, дейди ЛГБТ-ҳамжамиятига мансуб Kok.team янгиликлар сайти таъсисчиларидан бири, олмаоталик Амир Шайкежанов.
Сўнгги йилларда Кремль чор мустабид яккаҳокимлиги ғояларини тарғиб қилмоқда ва жамиятнинг айрим аъзолари «рус қадриятларига» мос эмаслиги ҳақидаги муждани ёйинламоқда, деди у.
«Одамларни бир-бирига қарши қўядиган ҳар қандай ташвиқот носоғломдир», дейди Шайкежанов. «Курашда тақиқланган усулларнинг ишга солиниши унинг нақадар кескин эканлигини кўрсатади – буюртмачилар бу каби рекламага жуда катта нарса тикишган».
Унинг сўзларига кўра, Россия ҳукумати узоқ йиллардан бери тарғиб қилиб келаётган русча-славянча ва православ насронийлик мафкураси «ёвуз Ғарб» ва «таҳдидли Осиё» – Япония ва Хитойга қарши қўйилади, деди у.
«Шундай бўлса-да, Россия гўёки оққа туриб, душманларга қарши курашмоқда. Бу каби ташвиқот тўлалигича сермаҳсул пойдевор асосига қурилган бўлиб, ЛГБТ байроғи билан боғлиқ найранг бунинг яққол намунасидир», деди Шайкежанов АҚШнинг Москвадаги элчихонаси олдида рангли байроққа оёқларини артган намойишчиларни назарда тутиб.
Аксинча, Қозоғистон ҳукумати ЛГБТ-ҳамжамиятига қарши уруш олиб бормаяпти, чунки Қозоғистон Россиядаги каби мафкурага эга эмас, деб қўшимча қилди у.
Россияда гомофобия авж олган, чунки аҳоли орасида анъанавийлик тарафдорлари кўп, улар янги ва нотаниш нарсадан хавфсирайдилар, дейди бишкеклик психолог Андрей Демченко.
«Улар фақат ЛГБТ эмас, балки... турли ирққа мансублар ўртасидаги никоҳларни ҳам танқид қилишади ва Марказий Осиёлик меҳнат мигрантларига ҳам дўстона муносабатда эмаслар», деди у.
Россияда жинсий озчиликларнинг рад этилишига ижтимоий-иқтисодий омиллар таъсир қилади, деб қўшимча қилди у.
«Кўп ҳолларда таълим даражаси ва маошлар қанчалик паст бўлса, агрессия эҳтимоли шунчалик юқори бўлади. Шундоқ ҳам мингта муаммоси бор одам қўл ушлашиб юрган иккита йигитни кўрса нима қилади? Бу ҳолатда у қандай қилиб ўзини тийиб туриши мумкин? дейди Демченко.
«Бундай ахборот кампанияси ортида нима яширинганини тушуниш учун тажрибали пиар-мутахассиси бўлиш шарт эмас», деб қўшимча қилди у.