Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Ҳуқуқбон ташкилотлар сурияликни ўлдиришда гумонланаётган россиялик ёлланма жангариларни судга берди

Ал-Машариқ ва AFP

2017 йилда суриялик эркакни қийнаб ўлдирган ва бошини танасидан жудо қилган икки нафар Вагнерчининг интернетда тарқаган видеосидан олинган сурат. [Файл]

2017 йилда суриялик эркакни қийнаб ўлдирган ва бошини танасидан жудо қилган икки нафар Вагнерчининг интернетда тарқаган видеосидан олинган сурат. [Файл]

МОСКВА – Учта ҳуқуқбон ташкилот суриялик маҳбуснинг қийноқлари юзасидан Россия президенти Владимир Путиннинг буйруғи билан фаолият олиб борувчи Вагнер гуруҳи ёлланма жангариларига қарши судга шикоят қилди.

Хусусий ҳарбий пудратчига нисбатан ҳуқуқий босим чораси Европада Сурия расмийларига қарши қийноқлар билан боғлиқ бир қатор жиноий ишларнинг очилиши ортидан юз берган, у ердаги ўн йиллик уруш 2015 йилда Москванинг ҳарбий аралашувидан кейин ўзгача йўналиш олган.

Душанба (15 март) куни Париждаги Халқаро инсон ҳуқуқлари федерацияси, Россиянинг «Мемориал» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти ва Суриядаги ОАВ ва фикр эркинлиги маркази 2017 йилда Сурия армиясидан қочганликда гумон қилинган эркакнинг бошини танасидан жудо қилиш ҳолати бўйича вагнерчиларга қарши судга шикоят қилди.

Баёнотга кўра, ҳуқуқбон гуруҳлар камида бир айбланувчининг Вагнерга алоқадорлигини исботловчи далилларни тақдим этганлар.

Суриядаги россиялик ёлланма жангарилар, ижтимоий тармоқларда тарқаган сурат. [Файл]

Суриядаги россиялик ёлланма жангарилар, ижтимоий тармоқларда тарқаган сурат. [Файл]

Даҳшатли қотиллик акс этган видеолавҳада Сурияда «Вагнер» таркибида фаолият олиб борган тўрт нафар россиялик ёлланма жангчи ёш суриялик йигитни ўлдираётганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Лавҳада эркаклар қурбоннинг оёқларини босқон билан синдираётгани, кўкрак қафасини эзаётгани, боши ва қўлларини чопиб ташлагани ва жонсиз танани оёқларидан осиб қўйиб, ёқиб юборгани акс этган.

Суриялик журналист Муҳаммад ал-Абдуллоҳнинг сўзларига кўра, қурбон Дайр Аз-Зорнинг ал-Харита шаҳридан бўлган.

У Сурия армиясида мажбурий хизматни ўтаган ва кунбай ишлаш учун Ливанга кетган. Сурияга қайтиб келганидан кейин уни Хомс вилоятидаги Тияс ҳаво базасида (Т-4) захира хизматини ўташ учун олиб кетишган.

У қочиб кетган, аммо ал-Шаер нефт кони ҳудудида россиялик ёлланма жангарилар томонидан қўлга олиниб, ўлдирилган, дейди ал-Абдуллоҳ.

«Жазосизлик тўлқини»

Санкт-петербурглик бизнесмен ва Путиннинг иттифоқчиси Евгений Пригожин кейтеринг соҳасида Россия армияси ва ҳукумати билан сердаромад шартномалар тузиш ортидан бойиган бизнесмен бўлиб, «Вагнер» гуруҳининг молиявий таъминотчиси саналади.

Хусусий турдаги бундай молиялаштириш Кремлга ўз манфаатларини илгари суриш ва ҳақиқатнамо инкор ниқоби остида гибрид урушларини амалга оширишга имкон яратади.

2016 йили АҚШдаги президент сайловларига аралашуви сабаб АҚШ санкциялари остига тушган Пригожин «Вагнер»га алоқадорлигини рад этиб келади. «Уруш жиноятлари»га оид тергов иши билан ҳам унга ҳеч қандай жавобгарлик белгиланмаслиги мумкин.

Аммо суд жараёни «Вагнер»нингЯқин Шарқ ва Африка бўйлаб низолардаги иштирокига оид хабарлар пайдо бўлганидан бир неча йил ўтгач, гуруҳни фош этиш имконини яратиб беради.

«Бу шикоят муҳим, чунки иш ягона жиноят билан кўрилмаяпти. Бу жазосиз қолган жиноятларнинг тўлқинидир», дейди «Мемориал» гуруҳининг катта ходими Александр Черкасов.

«Бундай жиноятларнинг жазосиз қолиши уларнинг Чеченистон, шарқий Украина ва Сурияда такрорланишига имкон яратиб беради», дейди у. «Охир-оқибат, улар Россияга қайтиб келишади ва кўчаларда, бизнинг орамизда юришади.»

«Ҳуқуқий ва маънавий жавобгарлик»

Россияда хусусий ҳарбий компаниялар фаолияти тақиқланган бўлса-да, сўнгги йилларда Кремлнинг хориждаги амбицияларини қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишда Вагнер гуруҳининг роли кучайиб бормоқда, дейди кузатувчилар.

2015 йил сентябр ойида расмий Москва Сурия президенти Башар Асад армиясини қўллаб-қувватлаган, ўшанда Россия ҳарбий самолётлари ва қуруқликдаги қўшинлари билан биргаликда Сурияга вагнерчилар ҳам юборилган эди.

«Вагнер» ёлланма аскарлари ҳақидаги хабарларни бирор марта ҳам тасдиқламаган Москва душанба куни Сурияда операция бошланганидан бери 112 нафар россиялик аскар жанговар ҳаракатларда ҳалок бўлганини маълум қилди.

У ерда вагнерчиларнинг борлиги 2018 йилда юзага чиққан, ўшанда «Новая Газета» мустақил нашри 2017 йилги қийноқлар ва қотиллик ҳақида хабар берган, нодавлат ташкилотлар ушбу ҳолат юзасидан судга шикоят қилган.

Душанба куни жабрланувчининг оиласи номидан келиб тушган аризанинг мақсади – Москвани хусусий пудратчи гуруҳнинг эҳтимолий аъзоларига қарши жиноий иш қўзғашга ундаш, зеро нодавлат нотижорат ташкилотларга кўра, бу каби ҳолат илк бор кузатилмоқда.

Душанба куни «Новая газета» унинг Москвадаги офислари ўша куни эрталаб «кимёвий ҳужумга» учрагани ва бу ҳибсга олинган шахс ҳақидаги хабар билан боғлиқлигини айтган.

Шикоятчилар ҳуқуқий ва маънавий жавобгарликнинг тан олинишини талаб қилмоқдалар.

«Россия ҳукумати ўз армияси томонидан содир этилган қонунбузарликлар, жумладан, «Вагнер гуруҳи» каби хориждаги ҳарбий операцияларда қатнашаётган хусусий тузилмалар учун ҳуқуқий ва маънавий жавобгарликни ўз зиммасига олиши керак», деди Сурия оммавий ахборот воситалари ва фикр эркинлиги маркази асосчиси ва бош директори Мазен Дарвиш.

Суриялик оиланинг адвокатларидан бири Иля Новиковнинг таъкидлашича, қонунга кўра Россия ўз фуқароларининг хорижда содир этган жиноятларини тергов қилишга мажбур.

Аммо «Тергов қўмитаси шу кунгача қотиллик бўйича ҳеч қандай жиноий иш қўзғамаган», деди Новиков.

Душанба куни Кремл шикоятдан хабардорлигини, аммо бу «президент маъмурияти эмас, балки тергов қўмитасининг иши» эканлигини айтди.

Бундан аввал ҳам Берлинда жойлашган Европа конституциявий ва инсон ҳуқуқлари маркази кўмагида Германия, Австрия, Швеция ва Норвегияда 100 га яқин қочқин томонидан Сурия режими расмийларига қарши судга ўнлаб даъво аризалари топширилган.

Европадаги жамоатчилик фаоллари полиция ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) терговчилари билан уюшган ҳолда, тарихдаги энг яхши ҳужжатлаштирилган можаролардан бирининг ўн минглаб фотосуратлари, видеолавҳа ва ҳужжатларини сараламоқдалар.

Европа расмийлари вагнерчиларнинг Суриядан ташқаридаги ролини ҳам эътиборга олишган ва ўтган йили гуруҳнинг Ливиядаги вазиятни беқарорлаштиришдаги роли сабабли Пригожинга санкциялар жорий қилишган.

Бундан ташқари, душанба куни Британия Сурия ҳукуматининг олти аъзоси, жумладан «сурияликларга босим ўтказган ёки уларнинг азоб-уқубатларидан фойда кўрган» ташқи ишлар вазири Файзал Миқдодга қаратилган санкцияларни эълон қилган.

Бу чоралар Асаднинг маслаҳатчиси, икки нафар юқори лавозимли ҳарбий ва иккита тадбиркорни ҳам нишонга олган.

Лондон БМТ Хавфсизлик кенгаши орқали Сурияни БМТ етакчилигидаги тинчлик жараёнида ва Женевадаги конституциявий қўмита муҳокамасида «муносиб иштирок» этишга ундаш устида иш олиб бормоқда.

У Дамашқни ҳибсдагиларни озод қилишга ва мамлакат бўйлаб чекловларсиз ёрдам бериш имкониятини яратишга чақирмоқда, деб хабар беради Британия ташқи ишлар вазирлиги.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500