Карвонсарой
Саломатлик

Россия ва хорижда «Спутник V» вакцинасига нисбатан ишончсизлик сақланиб қолмоқда

Карвонсарой ва AFP

image

20 октябр кунги сурат: COVID-19 беморлари учун мўлжалланган Москва касалхонасининг интенсив даволаш бўлимидаги шифокорлар. [Димитар Дилкофф/AFP]

МОСКВА – Баъзилар уни «тажрибавий» деб атаса, айримлар ҳукуматга ишонмаяпти, ҳатто эмланганлик ҳақида сохта сертификатлар сотиб олаётганлар ҳам бор – мамлакатда коронавируснинг рекорд даражада авж олиши кузатилар экан, россияликлар «Спутник V» билан эмланишга қатъий қаршилик қилиб келмоқдалар.

COVID-19 пандемиясидан энг кўп зарар кўрган давлатлар сафидан жой олган Россияда бу йил куздаги ҳалокатли тўлқин оқибатида касалланишлар ва ўлимлар сони янги рекордни қайд этган – кунига 1000 дан ортиқ ўлим.

Аммо мамлакатда маҳаллий ишлаб чиқарилган бир нечта вакцина, жумладан «Спутник V» мавжуд бўла туриб, у билан аҳолининг учдан бир қисмигина эмланган.

Душанба (1 ноябр) куни бутун дунёдаги коронавирус қурбонлари сони беш миллиондан ошар экан, россияликларнинг шубҳалари жаҳонда COVIDга қарши курашда ҳали ҳам қийинчиликлар мавжуд эканлигини кўрсатган.

image

21 октябр куни Москвадаги вакцинация марказида беморни Россиянинг COVID-19га қарши «Спутник V» вакцинаси билан эмлаётган тиббиёт ходими. [Димитар Дилкофф/AFP]

Ўтган йили рўйхатга олинган коронавирусга қарши илк вакцина сифатида президент Владимир Путин томонидан катта шов-шув билан эълон қилинган «Спутник V» билан мамлакатдаги клиникалар ва вакцина марказларида бепул эмланиш мумкин.

Россия режими Ғарбда ишлаб чиқарилган вакциналарни ёмонлаш билан бир қаторда, «Спутник V»ни оммалаштириш бўйича кенг қамровли тарғибот кампаниясини бошлаган эди.

Аммо, соғлиқни сақлаш соҳасидаги халқаро экспертларга кўра, «биринчи» бўлишга шошилиш сифат назоратининг пасайишига олиб келган.

Бу орада Кремлнинг Ғарб мамлакатларида ишлаб чиқарилган COVID-19 вакциналарини қоралаш ва одамларни чалғитишга қаратилган «давлат қўлловидаги дезинформация» кампанияларини кучайтиришга тайёрлиги тескари натижа берган кўринади.

«Ишонч йўқ»

Пандемия соҳасида бурилиш ясайди деган иддао билан Россия илм-фанининг намойиши ўлароқ тақдим этилган «Спутник V» жамоатчилик ишончини қозона олмади – сўровларга кўра, Россиядаги респондентларнинг ярмидан кўпи у билан эмланмоқчи эмас.

Фамилиясини очиқлашни истамаган 52 ёшли тадбиркор Вячеслав каби россияликларнинг вакцинага ишонч билдириши учун ҳукумат ҳеч қандай асос бермаган.

«Ҳукумат турли масалаларда бизга ёлғон гапиради. Нега энди вакцинация борасида уларга ишонишимиз керак?» дея савол беради у тиззасига спорт сумкасини қўйган ҳолда Москвадаги бассейнлардан бирида сузишга ҳозирлик кўраётиб.

«Менда ишонч йўқ», деди у.

Ҳатто Светлана Жетлухина каби коронавирус билан оғриган айрим одамлар ҳамон вакцина олишдан бош тортмоқда.

«Бу тажрибавий вакцина», дейди 54 яшар молиявий таҳлилчи ҳали «Спутник V» ҳақида етарлича «илмий маълумотлар» йўқлигини таъкидлаб.

« Мен маймун эмасман», деди у.

Ҳамма жойда бўлгани каби, Россияда ҳам антиваксерлар (эмлашга қаршилар) бор. Аммо барча вакциналарга қарши бўлган одамлардан ташқари, «бу вакцинани ишлаб чиққанларга ва Россия ҳукуматига ишонмайдиган россияликлар ҳам талайгина», дейди антрополог Александра Архипова.

Улар «ҳукуматдан яхшилик кутиш хато, биздаги лабораториялар яхши вакцина у ёқда турсин, аспирин ишлаб чиқаришга ҳам қодир эмас», деган фикрдалар, деди у.

67 ёшли пенсионер Тамара Алексееванинг айтишича, «Спутник» Ғарб вакциналаридан устун эканлиги ҳақидаги Кремлнинг даъволари унда шубҳалар пайдо қилган.

«Улар бизда СССР вақтидаги каби дунёнинг энг зўр олимлари борлигига ишонишимизни истайдилар», деди у метро бекатига қараб ошиқар экан.

«Аммо мен бу вакцинани ҳеч қачон қабул қилмайман.»

«Спутник V» билан миллионлаб одамлар эмланган бўлиб, унинг самарадорлиги ва хавфсизлиги Британиянинг нуфузли тиббиёт нашри The Lancet томонидан тасдиқланган.

Аммо у ҳали Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ёки Европа дори воситалари агентлиги томонидан тасдиқланмаган – бу россияликларни ташвишга солаётган яна бир фактдир.

«Бу шубҳали», дейди Вячеслав қошларини чимирганча.

«Ишончни қайтариш»

Кремл бу вакциналарга катта умид боғлаб, кўплаб мамлакатларда жорий этилган қатъий чекловлардан қочишга уринди.

Аммо амалдаги сиёсат касалланиш ҳолатларни камайтира олмаганлиги сабабли, расмийлар 30 октябрдан 7 ноябргача бутун мамлакат бўйлаб ишланмайдиган ҳафтани жорий қилдилар.

Хизмат кўрсатиш соҳасидаги айрим ходимлар учун ҳам мажбурий вакцинация кўзда тутилган бўлиб, жамоат жойларида ишлаш учун эмланганлик сертификатини талаб қилиш чоралари кўрилмоқда.

Аммо, сохта сертификатлар бозорининг гуллаб-яшнаётгани туфайли ишончсизлик руҳидаги россияликлар буни ҳам айланиб ўтиш йўлини топмоқдалар.

45 ёшли тадбиркор Александр бепул вакцина олиш ўрнига ёлғон сертификат сотиб олиш учун 5500 рубл (80 доллар) сарфлашни маъқул кўрганини ва шундай қилган «кўп одамларни» билишини айтди.

Кремл чорасизликдан россияликларни вакцина олишга чақирмоқда, октябр ойи ўрталарида Путин халқдан «масъулиятни ўз зиммасига олишни» сўраган.

Бу борада ҳукуматни кескин кураш кутиб турибди.

«Левада» мустақил маркази социологи Степан Гончаровга кўра, сўровда қатнашганларнинг «чамаси 50-55 фоизи» вакцинацияга қарши эканлигини айтган ва бу кўрсаткич бир неча ой давомида сақланиб қолган.

Вакцинация учун курашда муваффақиятга эришмоқчи экан, Кремл бир неча ойга чўзилган ҳаракатсизлик ва огоҳлантиришлар ортидан «янада изчилроқ сиёсат» жорий қилиш билан «одамлар ишончини қайта қозониши керак», дейди у.

Шифохоналарнинг беморлар билан тўлиб, соғлиқни сақлаш тизимига юклама ортар экан, шифокорларга кўра, COVID-19 билан жиддий оғриган шахслар вакцинация йўлида энг яхши ишончли вакил бўла олади.

«Омон қолганлар бизнинг иттифоқчиларимизга айланадилар», дейди Москвадаги Склифосовский институтининг тез тиббий ёрдам шифохонаси доктори Евгений Рябов.

«Шифохонадан чиққач, улар яқинларига вакцина олиш кераклигини айтадилар.»

Марказий Осиёдаги хавотирлари

Кремл режими ва Россияда ишлаб чиқарилагн вакцинага нисбатан ишончсизлик чегаралар оша Марказий Осиёга ҳам етиб борган.

Россиядаги Марказий Осиёлик мигрантлар «Спутник V» вакцинасидан самарасизроқ бўлган ва тасдиқланмаган «Спутник Лайт» билан мажбуран эмланган ҳамда бунинг учун одатдагидан уч баробар кўпроқ ҳақ тўлашган.

«Кучсиз вакцина биз учун нафақат қимматроққа, балки мажбуран сотилмоқда», деб айтган эди Москвадаги кафеда официант бўлиб ишлайдиган ўзбекистонлик Баҳром Исломов июл ойида.

Иш берувчилар вакцина ҳақини ўз зиммасига олиши керак бўлса-да, кўп ҳолларда бундай бўлмайди.

«Вакцина олганимдан кейин менежерим шундоқ ҳам оз маошимдан унинг ҳақини ушлаб қолишини айтган», дейди Исломов.

«Вакцина олишдан бош торта олмайман, акс ҳолда ишдан бўшатишади», дейди у.

Қозоғистонда кўпчилик шифокорлар, соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари «Спутник V» вакцинасига қарамликни камайтиришга умид қилишмоқда.

Россиянинг коронавирусга қарши вакцинаси «COVID-19 вирусини юқтириш хавфи остида бўлган гуруҳдагиларга тўғри келмайди», деган эди Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Марат Шоранов 2020 йил сентябрда бўлиб ўтган онлайн брифинг чоғида.

«Спутник V самарадорлиги шубҳали махфийлик пардаси билан ўралган», деб айтган Олмаотадаги бирламчи тиббий ёрдам шифокори Айгерим Жакашева.

«Россия аниқ қандай қилиб «Спутник V» вакцинасини синовдан ўтказганини яширмоқда», деди Жакашева. «Улар клиник протоколни очиқламаяптилар. Намуна кичик ҳажмда ва кўнгиллиларда синов ўтказиш учун етарли эмас. Бизга фақат лойиҳани молиялаштирган ташкилотнинг пресс релизи топширилган холос.»

«Россия ўз вакцинаси самарадорлигини қай тарзда баҳолагани тушунарсиз», деб қўшимча қилган у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500