Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

«Спутник Лайт» мигрантлардан тажриба қуёнчаси сифатида фойдаланувчи пул ишлаш режаси деб кўрилмоқда

Канат Алтинбаев

image

Москвадаги вакцинация марказида Россиянинг «Спутник-лайт» вакцинаси флаконини ушлаб турган тиббиёт ходими. [Димитар Дилкофф/AFP]

ОЛМАОТА – Бир дозали «Спутник-лайт» вакцинаси учун тавсия этилган нархдан бир неча баробар кўпроқ пул тўлашга мажбур бўлаётган Россиядаги Марказий Осиёлик мигрантлар пул ундириш режаси қурбонига айланганликларини айтмоқдалар.

Россия фуқаролари бепул олаётган вакцинани ўз нархидан анча қимматроққа сотиб олиши кераклиги етмагандек, мигрантларга Россия ҳукумати тарафидан дунёдаги энг самарали вакциналардан бири деб иддао қилинган «Спутник V» вакцинаси эмас, балки унинг самарасиз версияси таклиф қилинмоқда.

26 июн куни Россия президенти Владимир Путин гўёки меҳнат мигрантларини COVID-19дан ҳимоялаш учун ҳукуматга мигрантларни вакцинация қилишни буюрган.

Иш берувчилар ҳар бир мигрантнинг эмланиши учун 1300 рубл (17,50 АҚШ доллари) тўлаши керак, дейилади Москва мэрияси баёнотида.

image

14 июл куни Москвадаги йўлсозлик лойиҳасида меҳнат қилаётган тожик мигрантлари. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

Бу «Спутник-лайт» учун Россиянинг Монополияга қарши кураш бўйича федерал хизмати томонидан май ойида эълон қилинган 343 рублга тенг (4,63 доллар) максимал нархдан уч баравар юқори.

Россия ҳукумати ҳар бир Россия фуқаросининг тўлиқ эмланиши учун «Спутник V» ишлаб чиқарувчиларига 900 рублдан (12,10 доллар) камроқ пул тўлайди.

Бунинг устига, мигрантлар битта компонентли, кучсизроқ «Спутник-лайт» вакцинасини олишади.

Бир дозали «Спутник-лайт» вакцинаси Гамалея миллий эпидемиология ва микробиология маркази томонидан аллақачон COVID-19 билан оғриб, тузалиб чиққан одамларнинг иммунитетини ушлаб туриш учун чиқарилгани айтилади.

Буни амалдорлар ҳам, таҳлилчилар ҳам тасдиқлаган.

«Спутник-лайт» вакцинаси «Спутник V» вакцинасининг муқобили эмас, чунки у бошқа мақсадлар учун ишлаб чиқилган, деган эди Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко май ойида журналистларга.

Россияда 6 май куни рўйхатдан ўтган «Спутник-лайт» вакцинаси «Спутник V»нинг биринчи дозасидир.

У илгари коронавирус билан касалланмаган ва вакцина олмаган эмланувчиларни тўлиқ ҳимоя қилолмайди, дейди Новосибирскдаги фундаментал ва трансляцион тиббиёт федерал илмий-тадқиқот марказининг ўта юқумли касалликлар лабораторияси директори, вирусолог Александр Чепурнов.

«Вакцинациядан сўнг йигирма бир кун ўтгач, аденовирусга қарши антитаначалар миқдори кескин пасайишни бошлайди», деб айтган Чепурнов 9 июл куни URA.RU сайтига берган интервюсида.

«Делта штамми тарқалишда давом этар экан, бу жуда муҳим», деб қўшимча қилди у коронавируснинг юқумлироқ турини назарда тутиб.

Вакцинация бошланганидан бери 68 минг нафар хорижий фуқаро Москвада «Спутник-лайт» билан эмланди, деб хабар беради «Интерфакс» 11 июл куни Москвадаги коронавирусни назорат ва мониторинг қилиш бўйича шошилинч ёрдам марказига асосланиб.

Россиянинг аралашуви

«Биз учун мўлжалланган вакцина заиф экани етмагандек, унга пул тўлашимиз ҳам керак», дейди Москвадаги кафелардан бирида официант бўлиб ишлайдиган ўзбекистонлик Баҳром Исломов.

Аслида вакцина харажатларини иш берувчилар ўз зиммасига олиши керак, лекин улар бу пулни иш ҳақидан ушлаб қоладилар, дейди Исломов.

«Бошлиғимиз эмланиш харажатларини иш ҳақимдан ушлаб қолишини айтди, маошим эса шундоқ ҳам кам», дейди у.

«Эмланишдан бош торта олмайман – ишдан бўшатиб юборишади», дейди у.

Бу орада вакцинация кампаниясининг бошланиши бошқа тарафлардан ҳам зиддиятли эканлиги кўриниб қолган.

Бутун Россия бўйлаб мигрантлар фақат иккита жойда эмланмоқда: Москва вилояти Сахарово қишлоғидаги миграция маркази ва Москвадаги «Садовод» бозорида.

Бу икки манзилда жами бешта шифокор ишлаяпти.

Сахарово маркази вакциналаш кампанияси бошланишидан аввал, май ва июн ойларида ҳам минглаб мигрантлар билан тўлиб тошган, улар Россияда қолиш учун рўйхатдан ўтиш ёки ишлаш рухсатномаларини олиш учун COVID талабларига мос, охири кўринмайдиган навбатларда туришга мажбур эдилар.

Ҳукуматнинг эмлаш жараёнини қандай ташкиллаштиргани – унинг хорижий ишчилар саломатлиги ва ҳаётига нисбатан қай даражада бефарқ эканлигини кўрсатади, дейди Исломов.

Мигрантлар буларнинг бари сабабли ўзларини тажриба қуёнчасидек ҳис қилаётганликларини айтишган.

«Кўриниб турибдики, Россия ҳукумати мигрантларни қуйи табақага ажратиб, жараённи кенг қамровда олиб бориш олдидан вакциналарни ва эмлаш кампаниялари механизмларини уларда синаб кўрмоқда», дейди бишкеклик юрист Мурат Ашимов.

«Агар Россиядаги ҳуқуқбон ташкилотлар фаолияти эркин бўлганида, уларда Россия вакциналаш кампаниясининг ижтимоий-синфий жиҳатларига оид саволлар келиб чиққан бўлар эди», дейди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500