Карвонсарой
Саломатлик

400 мингдан зиёд «ортиқча ўлим ҳолатлари» Россияда COVID-19 билан боғлиқ рақамларнинг яширилганига ишора қилмоқда

Карвонсарой

image

Шахсий ҳимоя воситасини кийган тиббиёт ходими COVID-19 пандемияси авж олган маҳал Москва яқинида жойлашган Коммунаркадаги касалхонанинг шошилинч тиббий ёрдам бўлимини тарк этмоқда, , 2020 йил 16 ноябр. [НАТАЛЬЯ КОЛЕСНИКОВА/AFP]

САМАРА, Россия – New York Times текширувидан маълум бўлганидек, ўтган йили Россиядаги ўлим даражаси одатдагидан 28 фоизга юқори бўлгани президент Владимир Путиннинг мамлакат коронавирус билан бошқаларга қараганда яхшироқ курашгани ҳақидаги даъволарига зид келмоқда.

Ҳукуматнинг расмий статистикасига кўра, 2020 йил апрел ва декабр ойлари оралиғида Россияда COVID-19 билан боғлиқ 57002 та ўлим ҳолати қайд этилган.

Бироқ, тарихдаги ўлим статистикасининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ўтган йили пандемия вақтида ўлим ҳолатлари одатдагидан 362302 тага кўпроқ бўлган, деб ёзади New York Times 10 апрел куни.

Россиянинг расмий статистика агентлиги – «Росстат»нинг хабар қилишича, январ ва феврал ойларидаги рақамларга кўра, пандемия бошланганидан бери «ортиқча ўлимлар» сони бугунга келиб 400 мингдан ошиб кетган.

image

Юзига COVID-19дан ҳимояловчи ниқоб таққан эркак Москва кўчаларидан юриб бормоқда, 8 март. [Юрий Кадобнов / АФП]

image

Россиянинг COVID-19га қарши номзод-вакцинаси рекламасида сунъий йўлдош кўринишидаги «Спутник V» коронавирус билан қопланган ер шари атрофида айланиб, касалликни йўқ қилаётгани тасвирланган. [Россиянинг бевосита инвестициялар жамғармаси]

Ушбу «ортиқча ўлимлар» COVID-19 ва бошқа сабаблар туфайли қайд этилган ўлим ҳолатларини ўз ичига олади, аммо бу Кремлнинг пандемияга оид кўп баёнотларига ишониб бўлмаслигини кўрсатмоқда.

Коронавирус билан боғлиқ ўлим даражаси бўйича етакчилик қилаётган «бошқа ривожланган мамлакатни топиш қийин», дейди Москвадаги мустақил демограф Алексей Ракша. «Ҳукумат ушбу фактларнинг ошкор бўлмаслиги учун қўлидан келган барча ишни қилмоқда».

Ташвиқот – инсонлар ҳаётидан муҳимроқ бўлиб чиққан

Кремл ўтган йилнинг кўп қисмини вирусга қарши курашишдан кўра, Россияда ишлаб чиқарилган «Спутник V» вакцинасини кенг миқёсда тарғиб қилиш билан пандемия борасида жамоатчилик фикрини назорат қилишга уриниш билан ўтказди.

Коронавирус қурбонлари сонининг камайтириб кўрсатилиши жамоатчиликни вирус хавфи ва вакцинациянинг аҳамиятидан бехабар ҳолатда ушлаб турди, дейди танқидчилар.

Бу ҳолат, шунингдек жамоатчиликнинг Кремлнинг ҳар қандай маълумоти, жумладан «Спутник V» вакцинасининг самарадорлиги борасидаги ишончига путур етказган.

«Одамлар объектив вазиятни билмас эдилар. Агар сиз объектив вазиятни билмасангиз, қўрқмайсиз», дейди Олга Кагарлицкая. Унинг фелдшер отаси Россия жануби-ғарбидаги нисбатан бой шаҳар бўлган Самарадаги касалхонанинг коронавирус бўлимига ётқизилганидан кейин вафот этган.

Бемор ўлимининг расмий сабаби – «номаълум вирусли пневмония» бўлган.

Ўлим сабабининг яширилишидан ғазабга тушган Кагарлицкаянинг ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган норозилиги ва Самара губернаторининг аралашувидан сўнг, ўлим сабаби COVID-19га ўзгартирилган.

Ўтган йили Самарада коронавирус билан боғлиқ атиги 606 та ўлим ҳолати қайд этилган, аммо 2020 йилда 10596 та ортиқча ўлим қайд этилган – бу ўтган йилги ўлим кўрсаткичидан 25% га юқорироқ.

Расмийлар ҳали ҳам рақамларнинг аниқ эканлигини таъкидламоқда.

«Эълон қилинган рақамлар ишончли», дейди соғлиқни сақлаш вазирлигининг Самара бўлими раҳбари Армен Бенян.

Бироқ, у ҳудуддаги ортиқча ўлим ҳолатларининг кўп қисми ҳар қандай ҳолатда пандемия билан боғлиқлигини тан олган. Масалан, COVID-19 билан оғриган беморнинг юрак хуружи расмий ҳисобга киритилмайди.

«Ҳеч кимга ишониб бўлмайди»

Рақамларнинг бундай сохталаштирилиши ва ҳукуматнинг вирус хавфи тўғрисида қасддан дезинформация тарқатиши ортидан Кремлнинг пандемияга оид хабарларига россияликларнинг ишончи қолмаган.

Ўтган йил октябрда «Левада» мустақил маркази ўтказган сўровномада аксар россияликлар коронавирус билан касалланиш бўйича ҳукумат берган рақамларга ишонмасликларини айтганлар.

Сўровномада иштирок этган 61 фоиз респондент Кремлнинг маълумотларига ишонмаслигини, 28 фоиз одам рақамлар жуда юқори эканлигини, 33 фоиз қатнашчи эса уларнинг жуда паст эканлигини айтган.

Кремлнинг «Sputnik V» вакцинасини сотиш бўйича кенг қамровли ташвиқот кампанияси, вакцинанинг Марказий Осиё, Лотин Америкаси, Африка ва ҳатто айрим Европа мамлакатларига етиб борганини нишонлаётган бир пайтда, яқинда ўтказилган сўровнома вакцинага нисбатан ишончсизлик кучайиб бораётганини кўрсатмоқда.

Пандемия дунё бўйлаб кўп мамлакатлар, айниқса, ҳалокатли коронавирусдан ташқари сезиларли ночорлик билан курашаётган қўшни Марказий Осиёни Россия ташвиқоти олдида заифлаштириб қўйган.

Август ойида клиник синовлар якунига етмай туриб, Путин катта шов-шув билан Россия «биринчи» бўлиб COVID-19 вакцинасини яратганини эълон қилар экан, сўровномада иштирок этган россияликларнинг 38 фоизи вакцинани олишини айтган бўлса, 54 фоиз «йўқ» деб жавоб берган.

Бу воқеадан уч ой ўтиб, «Левада» маркази ўтказган сўровномадан «Спутник V» вакцинасига ишонч ошмагани маълум бўлди – 36 фоиз одам у билан эмланишини, 59 фоизи эмланмаслигини билдирган.

Феврал ойида 62 фоиз респондент эмланишни режалаштирмаётганини айтган.

Яқинда ўтказилган сўровомаларга кўра, россияликларнинг ярмидан кўпи – 58 фоизи – COVID-19 юқтириб олишдан қўрқмайди, бу ўтган йилги энг юқори кўрсаткичдир.

Россиялик шифокорлар ҳам «Спутник V» вакцинасига ишонишмайди, уларнинг 50 фоизидан ортиғи коронавирусга қарши эмланиш ниятида эмаслигини айтган, деб хабар берган 5 декабр куни VTimes нашри Россия федерацияси шифокорлар тармоғи сўровномасига асосланиб.

21 фоиздан ортиқ респондент Россияда ишлаб чиқарилган вакцинадан кўра, хорижникини афзал кўриши маълум бўлди.

«Спутник V» вакцинасига нисбатан ишончсизлик фақат Россияда кузатилаётгани йўқ. Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ва дунёда бўлгани каби, Қозоғистонда ҳам вакцина қўлланилишига нисбатан танқидлар авж олган.

Самаралик Инна Погожева пандемия борасида нимага ишонишни ҳам билмай қолганини айтади.

Акушер-гинеколог бўлган онаси ноябр ойида компьютер томографияси асосида касалхонага ётқизилганидан кейин COVID-19дан фавот этган. Бошқа кўпчиликда бўлгани каби, унинг ўлими ҳақидаги далолатномада коронавирус сабаб ўлароқ келтирилмаган.

Погожева онасининг ўлими сабабини ўзгартиришни сўрамоқда.

Аммо вирус билан боғлиқ йўқотишларига қарамай, Погожеванинг ўзи эмланишни истамайди.

«Улар нима аралаштириб ташлаганини ким билади?», деб айтган у New York Times нашрига. «Ҳеч кимга ишониб бўлмайди, айниқса бундай вазиятда.»

Кремлнинг рейтинги пасаймоқда

Жойдаги фактларга беписанд бўлаётган Россия коронавирус пандемияси туфайли геосиёсий жиҳатдан кучайишга умид қилмоқда, дейилади 17 феврал куни Эстония ташқи разведка хизмати (EFIS) чиқарган ҳисоботда.

«Кремл пандемия Россиянинг ўзи тарғиб қилишга уринаётган иккита трендни кучайтиришига: халқаро муносабатларда кўп қутблиликка ўтиш ва глобал саҳнада Ғарб таъсирини камайтиришига ишонади», дейилади унда.

Путин «глобал эпидемия Ғарбни ички сиёсат ва иқтисодий муаммоларига диққат қаратишга мажбур қилишини, популистик ва экстремистик ҳаракатларни юзага келтиришини ва охир-оқибат қадриятларга асосланган, Ғарб жамиятининг институционал бирлигига путур етказишини» кутмоқда.

«Россия бу тенденцияни кучайтириш учун оловга ёқилғи қуйишга тайёр», дея қўшимча қилинган.

Бу алангани янада авж олдириш учун Кремл Ғарбда ишлаб чиқарилган вакциналарни қоралаш билан бир қаторда, ўзининг «Спутник V» вакцинасини реклама қилиш учун кенг миқёсли ташвиқот кампаниясини бошлаб юборди.

Кремлнинг дезинформация кампаниялари асосан Россиядан ташқарида бўлган аудиторияга қаратилган, мамлакат ичкарисида эса кучайиб бораётган қашшоқлик, аёвсиз коррупция, ҳаддан ташқари тенгсизлик ва сиёсий тазйиқлар Путиннинг ҳукмронлигига нисбатан норозиликни кучайтирмоқда.

Россия режими ўз ихтиёридаги сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий воситаларни аксари постсовет давлатлардан иборат кичик қўшниларини беқарорлаштиришда ва уларнинг Евроатлантика ташкилотлари билан интеграциясига тўсқинлик қилишда фойдаланишга уринган, деб хабар беради EFIS.

Бу геосиёсий ўйинларни Беларус, Россия ўз қўшинлари сонини ошираётган Украинанинг Қрим ва Донбасс ҳудудлари, Грузиянинг Абхазия ва Жанубий Осетияси, Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ низоси ва ўтган йил Қирғизистондаги сиёсий тартибсизликларда кўриш мумкин.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россияда пандемия авж олган. Балки вақтинчалик Россиядан четланишимиз керакдир?

Жавоб бериш