Карвонсарой
Терроризм

Марказий осиёликларнинг Сурия ва Ироқдан қайтарилиши йўлидаги муаммолар сақланиб қолмоқда

Канат Алтинбаев

Суриядаги «Ислом давлати» (ИД) жангариларининг яқинлари сақланадиган курдлар назоратидаги «Ал-Ҳол» жамлоғидан яна бир қанча оилалар қўйиб юборилди: 18 март куни ватанига қайтишни кутаётган аёллар ва болалар. [Делил Сулаймон/AFP]

Суриядаги «Ислом давлати» (ИД) жангариларининг яқинлари сақланадиган курдлар назоратидаги «Ал-Ҳол» жамлоғидан яна бир қанча оилалар қўйиб юборилди: 18 март куни ватанига қайтишни кутаётган аёллар ва болалар. [Делил Сулаймон/AFP]

БИШКЕК – Аида (исми ўзгартирилган) – яқинлари Сурия шимоли-шарқида, Ироқ билан чегарадаги «Ал-Ҳол» қочқинлар жамлоғида қолиб кетган қирғиз фуқароларидан бири.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, «Ал-Ҳол»да 62 мингга яқин одам бўлиб, уларнинг 80 фоидан ортиғи 60 га яқин турли мамлакатлардан келган аёллар ва болалардир.

Улар орасида Аиданинг синглиси ва олти ёшли жияни ҳам бор.

Октябр ойи охирида Аида Сурияда қолиб кетган бошқа қирғиз аёллари ва болаларнинг қариндошлари қаторида Қирғизистон президенти Садир Жапаровга мурожаат қилиб, уларни ватанига олиб келишни сўраган.

16 март куни ватанига қайтарилган қирғизистонлик болани кўтариб турган Қирғизистон Қизил ярим ой жамиятининг Бишкекдаги ходими. [Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги]

16 март куни ватанига қайтарилган қирғизистонлик болани кўтариб турган Қирғизистон Қизил ярим ой жамиятининг Бишкекдаги ходими. [Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги]

30 май куни Суриядан Тошкент аэропортига етиб келган ўзбекистонлик аёллар ва болалар. [Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати]

30 май куни Суриядан Тошкент аэропортига етиб келган ўзбекистонлик аёллар ва болалар. [Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати]

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси видеолавҳасининг кадрларида Манғистов вилоятидаги реабилитация марказида Суриядан Қозоғистонга қайтган аёллар ва болалар акс этган.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси видеолавҳасининг кадрларида Манғистов вилоятидаги реабилитация марказида Суриядан Қозоғистонга қайтган аёллар ва болалар акс этган.

«Бу лагерда ҳали ҳам юзлаб қирғизистонлик аёллар ва болалар қолмоқда», деди Аида душанба (15 ноябр) куни Карвонсарой билан суҳбатда.

«Ҳозир у ердаги вазият мудҳиш тус олган – кўп қочқинларнинг ётар жойи йўқ, чодирлар етишмаяпти, ҳатто чодирлар ҳам уларни яқинлашиб келаётган совуқдан қутқара олмайди», деди у.

Жапаров маъмурияти бу борада қандайдир қарор қабул қилганми-йўқми, бу ҳозирча номаълум.

«Ҳукуматимиз Сурия ва Ироқдаги кўплаб болаларни қутқарди, биз умидимизни узганимиз йўқ», деди Аида.

Бишкеклик сиёсатшунос, ЕХҲТ академиясининг доценти Эмил Жўраевнинг қайд этишича, ўз фуқароларини репатриация қилиш сиёсатини нолдан бошлаётган Марказий Осиё давлатлари бу борада тажрибага эга бўлмагани учун чекланган ижтимоий-иқтисодий ресурслар ва инфратузилмага оид муаммоларга дуч келишган.

Қозоғистон ва Ўзбекистон бу борада катта муваффақият қозонган бўлиб, уларнинг ҳар бири ўз фуқаролари, асосан, аёллар ва болаларни ватанига олиб келиш учун бир нечта рейслар ташкил қилган, Қирғизистон ва Тожикистон эса биттадан рейс уюштирди, деди у.

Марказий Осиё мамлакатлари ичида биринчи бўлиб ўз фуқароларини қайтаришни бошлаган Қозоғистон ҳукумати 2019-2021 йиллар давомида «Жусан» (Аччиқ шувоқ) операцияси доирасида Сурия ва Ироқдан 700 дан ортиқ қозоғистонликни ватанига олиб келган.

Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳукумати Сурия ва Ироқдан 318 нафар ўзбекистонлик аёл ва болани уч босқичда ватанига қайтарди.

Тожикистон ва Қирғизистон ҳам худди шундай амалиётлар ўтказди.

«Бирор муаммони ажратиб кўрсатиш қийин. Кўп қийинчиликлар бўлди ва уларнинг ҳаммаси кўп қиррали», деди Жўраев Карвонсарой билан суҳбатда. «Оғир ижтимоий-иқтисодий вазият уларнинг энг асосийси эмас».

Биринчи босқичда Ироқ ҳукумати билан қийин музокаралар жараёни кечди, Сурия расмийлари билан эса умуман ҳеч қандай музокара олиб бориш имкони йўқлиги ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Мезбон давлатнинг розилиги ва ҳамкорлигисиз Марказий Осиё фуқароларини ватанига қайтариш учун авиарейслар ташкил этиш имконсиз, деди у.

Аммо репатриантлар ватанига қайтганида ҳам ҳуқуқий муаммолар юзага келади. Уларнинг кўпчилиги, айниқса, болаларнинг ҳужжатлари йўқ, дейди Жўраев.

Ҳеч қачон ҳужжати бўлмаганлар учун уларни қайта расмийлаштириш – мушкул масала. Кўпинча репатриантларнинг фарзандлари уруш ҳудудида туғилгани, уларнинг ота-онасини аниқлашнинг иложи бўлмагани ёки урушда вафот этгани сабабли етимнинг мақомини аниқлаш имкони бўлмайди.

«Шу тариқа бу миссия кўплаб муассасалар, ҳам давлат идоралари, ҳам халқаро ва ваколатли нодавлат нотижорат ташкилотларининг яхши мувофиқлаштирилган ҳамкорлигини тақозо этади», деди Жўраев.

Марказий Осиё давлатлари саъй-ҳаракатларни кучайтириши лозим, чунки «Сурияда яшаш жойидан маҳрум бўлган минглаб одамлар, турли мамлакатлар, жумладан, Марказий Осиё давлатларининг фуқаролари қочқинлар учун жамлоқлар деб аталувчи жойларда қолиб кетмоқда», деди у.

«Сурияда ҳалокатли гуманитар вазият юзага келган – биз у ердан одамларни ўз юртларига олиб келиб, реабилитация қилишнинг ишончли, самарали механизмларини ишлаб чиқишимиз керак, бу эса янада кўпроқ воситалар талаб қилади», деди Жўраев.

Реабилитация

Жўраев айрим одамларнинг репатриантларни тамғалашини қоралади.

Жамиятнинг рад этиши ҳаётда руҳий жароҳатга сабаб бўлиши мумкин, айниқса болалар бу борада ҳимоясиз, деди у.

«Сурия ва Ироқдан қайтганларнинг тўлақонли фуқарога айланишини таъминлаш энг қийин вазифадир.»

Бишкекдаги Диншунослик тадқиқотлари маркази раҳбари Индира Аслановага кўра, можаро ҳудудларига борганлар ОАВ тарафидан диний ақидапарастлар деб тамғаланган бўлса-да, уларнинг мақсадлари турлича бўлган.

«Диний омил ҳақиқатан ҳам мавжуд, лекин айрим ҳолларда бу фақат зоҳиран шундай, асл мақсадлар эса бошқача бўлиши мумкин», дейди Асланова.

Унинг ташкилоти Сурия ва Ироқдаги жангларда иштирок этишда айбланган қирғизистонлик маҳкумларни ўрганган.

Аниқланишича, сўралганларнинг ярми учун асосий омил бошқа мусулмонлар, қийин аҳволда қолган аёллар ва болаларга ёрдам бериш бўлган.

«Бу одамларнинг халифалик барпо этиш нияти бўлмаган. Аксинча, улар инсонпарварлик ғояларига таянганлар», дейди Асланова.

Реабилитация, жумладан, жангарилик мафкурасини «фош қилиш» акс таъсир кўрсатиши – аксинча, мавзуга қизиқиш уйғотиши мумкин, деди у.

«Реабилитация жараёнини бошлашдан аввал репатриантларнинг мотивлари, нима сабабдан тақиқланган гуруҳларга қўшилгани ва мафкурасини аниқлаш бўйича жиддий иш олиб борилиши лозим», деди у.

Минтақавий анжуманда репатриантларни жамиятга қайта мослаш муҳокама қилинди

Ўтган ой охирида Марказий Осиё давлатлари расмийлари ва таҳлилчилари Сурия ва Ироқдаги можаро ҳудудларидан қайтган фуқароларни реабилитация ва реинтеграция қилиш муаммоларини муҳокама этиш мақсадида Бишкекка тўпландилар.

Тадбир «Search for Common Ground» (SCG) халқаро нодавлат ташкилоти тарафидан «C5+1» гуруҳи – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва АҚШнинг хавфсизлик ташаббуси доирасида ташкил этилди.

Ҳукумат расмийлари, экспертлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтган минтақавий анжуман можароли ҳудудлардан келган репатриантларни жиноий жавобгарликка тортиш, реабилитация ва реинтеграция қилиш бўйича билим ва тажриба алмашиш майдонига айланди.

Иштирокчилар орасида Европа Комиссияси, АҚШ Тинчлик институти ва Марказий Осиё мамлакатлари университетларининг вакиллари, шунингдек, Сурия ва Ироқдан қайтганлар билан ишловчи амалиётчи мутахассислар бор эди.

Сурия ва Ироқдаги қуролли можаро ва унинг оқибатлари Марказий Осиё ҳукуматлари ва аҳолиси учун жиддий хавфсизлик таҳдидига айланди, дейилади SCG баёнотида.

Ташкилот маълумотларига кўра, минтақанинг 4000 дан ортиқ аҳолиси хорижий жангари сифатида Яқин Шарқдаги уруш ҳудудларига йўл олган.

Марказий Осиёдан келган жангариларнинг аксарияти ўлдирилган, уларнинг аёллари ва болалари эса қочқинлар лагерлари ёки қамоқхоналарда қолиб кетган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500