Карвонсарой
Терроризм

Афғонистондан Ўзбекистонга қарата учирилган ракеталар учун жавобгарликни «Ислом давлати» ўз зиммасига олди

Карвонсарой

Ўзбекистонга қилинган ИД ҳужумига оид баёнот доирасида жангари гуруҳ аъзоси снарядлар билан суратга тушган, 18 апрел. [Файл]

Ўзбекистонга қилинган ИД ҳужумига оид баёнот доирасида жангари гуруҳ аъзоси снарядлар билан суратга тушган, 18 апрел. [Файл]

«Ислом давлатининг» Хуросон бўлинмаси душанба (18 апрел) куни Ўзбекистонга қўшни Афғонистондан қилинган ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Бу гуруҳ томонидан Марказий Осиё мамлакатига бундай ҳужумнинг биринчи марта олиб борилиши.

Гуруҳ Ўзбекистон жануби чегарасидаги Термиз шаҳридаги кучларга қарата 10 та Катюша ракетасини учирган. Ҳужум ИД матбуот вакили томонидан юборилган аудиохабар ортидан амалга оширилгани айтилмоқда.

17 апрел куни ИД дунёдаги барча жангариларни расмийлар ва аскарларга қарши «улкан ва оғриқли» ҳужумлар содир этишга чақирган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг матбуот котиби Шерзод Асадов бундай воқеа содир бўлганини инкор этаркан, Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида ҳеч қандай фаоллик қайд этилмагани ҳақида хабар берган.

ИД видеосидан олинган скриншотда биринчи Катюша ракетаси учирилган вақт акс эттирилган. [Файл]

ИД видеосидан олинган скриншотда биринчи Катюша ракетаси учирилган вақт акс эттирилган. [Файл]

Ўзбекистон мудофаа вазирлиги ҳам худди шундай раддия билдирган.

Аммо, ИД содир этилган ҳужум далили сифатида суратлар ва видеоларни тақдим этган. Афғонистондаги расмийлар эса Ҳайратонда «муваффақиятсиз ҳужумга» алоқадор уч киши қўлга олингани ҳақида хабар берганлар.

Кучайиб бораётган хавф

Афғонистондаги сиёсий ва иқтисодий мавҳумлик фонида ИДнинг Хуросон бўлинмаси томонидан амалга оширилган сўнгги ҳужум мамлакатда гуруҳ ўзининг ёллаш кампанияси кўламини кенгайтираётгани ва минтақага жиддий хавф туғдираётгани борасидаги ташвишларни кучайтирмоқда.

Ўтган йилнинг август ойида асосан ИД томонидан амалга оширилган ҳужумларда қарийб 400 та фуқаро ҳалок бўлган, дейилади Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг сўнгги ҳисоботида.

«Айни вақтда ИД Афғонистон учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ хавф туғдиради», деб айтган Парван ва Фараҳ вилоятларининг собиқ ҳокими ва айни вақт Туркияда яшаётган ҳарбий таҳлилчи Абдул Басир Саланги шу ой бошида.

«Агар минтақадаги қўшни ва бошқа давлатлар ИДни қўллаб-қувватлашда давом этса, гуруҳ оқибатда янада каттароқ хавфга айланади ва уни енгиш жуда мушкул бўлади», деб айтган у.

ИД Афғонистоннинг жорий ҳукуматидаги бўшлиқни мамлакат бўйлаб жангарилар сонини тезлик билан ошириш имконияти сифатида қўлламоқда, деб айтган Ҳиротдаги ҳарбий таҳлилчи Муҳаммад Наим Ғаюр.

«Сўнгги ойларда ИД томонидан содир этилган ҳужумларнинг кўпайиши террорчи гуруҳнинг нафақат кучайгани, балки Афғонистоннинг хавфсизлигига таҳдид солиш учун ўз салоҳиятини оширганидан ҳам далолат беради», деб қўшимча қилган эди у.

Россия яқинлашмоқда

Бу вазият фонида бундай террорчилик ҳужумлари Марказий Осиё учун нимани англатиши борасидаги хавотирлар кучайган.

Афғонистонликқатор таҳлилчиларга кўра, Россия минтақада ўз яккаҳокимлигини кучайтириш учун ИД таҳдидини атайин бўрттириб кўрсатмоқда.

Афғонистоннинг уч қўшниси – Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон сингари постсовет республикалар ҳали ҳам Москванинг таъсири остида, аммо сўнгги йилларда Кремлнинг қамровидан чиқишга ҳаракат қилмоқда.

Мустақиллик томон бундай ҳаракат Россия президенти Владимир Путин ва унинг иттифоқчиларини ташвишга солар экан, кузатувчиларга кўра, сўнгги воқеалар россияликлар қандай қилиб давлатларни ўз сафига қайтаришга ҳаракат қилаётганликларини кўрсатмоқда.

Россия разведкасига кўра, Афғонистон шимолида 2000 га яқин жангларда чиниққан жангарилар тўпланган ва «бевосита экспансия» орқали яқин атрофдаги давлатларни беқарорлаштиришга ҳаракат қилиши мумкин, деб айтган Путин ўтган йил октябр ойидаги Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) саммитида.

Бошқа ҳеч қайси давлатнинг разведка хизмати кучларнинг бундай тўпланиши ҳақида хабар бермаган. ИДнинг Афғонистон шимолий чегараларига яқинлашувини бўрттириш орқали Россия уларни ўз назорати остида сақлаш учун минтақадаги давлатларга сиёсий ва хавфсизлик соҳасидаги таъсирини кучайтиришга уринмоқда, деди Путиннинг гапларига жавобан халқаро алоқалар бўйича таҳлилчи, кобуллик Латиф Назарий.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров март ойида ўз раҳбарининг позициясини такрорлаган.

«ИД ва уни қўллаб-қувватловчиларнинг Марказий Осиё мамлакатлари ва Россияга беқарорлик олиб кириш режалари биз учун алоҳида хавотирли», деб айтган Лавров Reuters агентлигига кўра.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500