Карвонсарой
Хавфсизлик

Тайван Хитой таҳдиди туфайли мажбурий ҳарбий хизмат муддатини узайтирди

Карвонсарой ва AFP

27 декабр куни Тайпейда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Тайван ҳукуматининг мажбурий ҳарбий хизмат муддатини узайтириш режасини акс эттирувчи плакатга қараб турган журналист. [Сем Йе/AFP]

27 декабр куни Тайпейда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Тайван ҳукуматининг мажбурий ҳарбий хизмат муддатини узайтириш режасини акс эттирувчи плакатга қараб турган журналист. [Сем Йе/AFP]

ТАЙПЕЙ – Cешанба (27 декабр) куни Тайван ҳукумати мажбурий ҳарбий хизмат муддатини тўрт ойдан бир йилга узайтирганини эълон қилди, бунга Хитойнинг тобора кучайиб бораётган таҳдиди сабаб бўлди.

Президент Си Цзинпин бошқаруви остида Хитойнинг ҳарбий қудратини кўз-кўз қилиши янада кучайди, Россиянинг Украинага ҳужуми эса Тайванда Пекин оролни худди шундай аннексия қилиши мумкинлигига оид хавотирларни авж олдирди.

Хитой ўз-ўзини идора қилувчи демократик Тайванни ўзига тегишли ҳудуд деб билади ва уни қачондир (керак бўлса, зўрлик билан) тортиб олишга ваъда берган, орол эса Хитойнинг доимий босқини таҳдиди остида яшайди.

Хитойнинг «Тайванга нисбатан қўрқитиш ва таҳдидлари янада яққол кўзга ташланмоқда», деб айтган президент Цай Инвэн миллий хавфсизлик бўйича юқори даражадаги ҳукумат йиғилишидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида.

6 сентябр куни Тайваннинг жанубий танк бригадасининг жанговар отиш машғулотларида қўли билан ишора қилмоқда, Пиндун округи, Тайван. [Сем Йе/AFP]

6 сентябр куни Тайваннинг жанубий танк бригадасининг жанговар отиш машғулотларида қўли билан ишора қилмоқда, Пиндун округи, Тайван. [Сем Йе/AFP]

«Урушни ҳеч ким истамайди... аммо тинчлик осмондан тушмайди, азиз юртдошлар.»

«Ҳозирги тўрт ойлик ҳарбий хизмат шиддатли ва мунтазам ўзгариб бораётган вазият учун мос эмас», деб айтган у. «Биз 2024 йилдан бошлаб бир йиллик ҳарбий хизматни тиклашга қарор қилдик.»

Муддатни узайтириш талаби 2005 йил 1 январдан кейин туғилган эркакларга нисбатан амалда бўлади, деб қўшимча қилди Цай.

Мажбурий ҳарбий хизмат Тайванда деярли оммалашмаган эди, унинг аввалги ҳукумати асосан кўнгиллилар армиясини шакллантириш мақсадида хизматни бир йилдан тўрт ойга қисқартирган.

Аммо сўнгги сўровлар шуни кўрсатдики, ҳозирда Тайван жамоатчилигининг тўртдан уч қисмидан ортиғи бу муддатни жуда қисқа деб ҳисобламоқда.

Цай муддатнинг узайтирилишини «келажак авлоднинг демократик ҳаётини таъминлаш учун қабул қилинган жуда қийин қарор», деб таърифлаган.

Қўшимча чоралар зарур

Хитой босқинининг истиқболи жаҳон етакчиларини, айниқса, Хитойга қўшни кўп мамлакатларни тобора хавотирга солмоқда.

Хитойнинг сўнгги ўн йилликлардаги энг авторитар раҳбари бўлмиш Си Тайванни «қайта бирлаштириш» масаласини келажак авлодларга қолдириб бўлмаслигини яққол баён қилган.

Тайван ва Хитой 1949 йилда Хитой фуқаролар уруши охирида бўлинган. Цай Хитой таркибига кириш орол аҳолиси учун мақбул эмаслигини айтди.

Пентагоннинг ўтган ойдаги тахминларига кўра, Тайван тоғли орол бўлгани сабаб унга ҳужум қилувчи томон учун қийинчилик туғдиради, аммо 89 минг нафар қуруқликдаги аскар Хитойнинг бир миллион аскарлари билан солиштирганда жуда кам.

Шунингдек, Пекин ҳарбий техника бўйича ҳам ундан устун.

Тайван ўз мудофаасини мустаҳкамлаш учун заҳира қўшинларнинг тайёргарлигини кучайтириб, жанговар самолётлар, кемаларга қарши ракеталарни харид қилишни кўпайтирган. Аммо таҳлилчилар бу етарли эмаслигини айтишмоқда.

Тайпейдаги таҳлилчи Майкл Коулга кўра, орол мажбурий хизмат муддатини узайтиришдан ташқари бошқа чоралар ҳам кўриши керак.

«Таҳдид даражаси ва Россиянинг Украинага ҳужумидан келиб чиқиб, Тайван аҳолиси бундай чоралар зарур эканлигини тушунишига умид қиламан», деб айтган у AFP нашрига.

«Тайван дуч келиши мумкин таҳдид ҳақиқатга яқин.»

Хитойнинг босқинлари

Ҳарбий хизматга оид сешанба кунги эълон Хитой ҳафта охирида ўтказилган ҳарбий машғулотлар доирасида Тайван атрофига 71 та жанговар, жумладан ўнлаб қирувчи самолётларни жойлаштирганидан икки кун ўтиб янграган.

Хитой Халқ озодлик армияси якшанба куни АҚШ ва Тайван ўртасидаги номаълум «провокациялар» ва «тил бириктиришларга» жавобан «зарба машғулотлари» ўтказганини маълум қилди.

Тайван мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, бу – кунлик ҳисоб-китоблар эълон қилина бошлаганидан бери энг йирик машғулотлардан бири бўлди.

Машғулотларда олтмишта жанговар, жумладан Хитойнинг олтита энг замонавий Su-30 самолёти иштирок этган, дейилади Тайван ҳукуматининг Твиттер саҳифасида.

AFP маълумотлар базасига кўра, бундан ташқари, орол ҳаво ҳужумига қарши мудофаа ҳудудига 47 та жанговар парвоз уюштирилган, бу кунлик кузатувлар тарихидаги рекорд кўрсаткич ҳисобланади.

Хитой тобора кўпроқ қўллаётган босим тактикаларидан бири – бу Тайваннинг мудофаа ҳудудини ўз жанговар самолётлари билан текширишдир.

AFP маълумотлар базасига кўра, жорий йилнинг ўтган даврида бундай ҳужумлар сони 1700 дан ортиқ бўлган, 2021 йилда эса бу кўрсаткич 969 тани ташкил этган. Тайван мудофаа вазирлиги 2020 йилда 380 га яқин босқинларни қайд этган.

Хитой якшанба кунги машғулотлар учун сафарбар қилинган самолётлар сони ва маневрлар ўтказилган жойга аниқлик киритмаган.

Якшанба куни Тайван мудофаа вазирлиги Тайпей ва Вашингтон ўртасидаги ҳамкорлик Ҳинд-Тинч океани минтақасида «эркинлик, очиқлик, тинчлик ва барқарорликни сақлашга ёрдам беришини» айтди.

Қўшма Штатлар жумладан, шу ойда 10 миллиард долларлик ҳарбий ёрдамни маъқулловчи қонун лойиҳаси биланТайванни қўллаб-қувватлашни кучайтирди, Пекин бунга «қатъий эътироз» билдирган.

Авторитар кун тартиби

Бу орада Хитой ва Россия дипломатик ва ҳарбий жиҳатдан тобора яқинлашиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти каби халқаро ташкилотларда бир-бирининг ноўрин хатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб, стратегик муҳим паллаларда қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказмоқда.

Бу ҳамкорлик ҳатто Марказий Осиёдаги узоқ йиллик иттифоқчилар ҳам Украинага босқини туфайли Москвадан юз ўгирган пайтда амалга ошмоқда.

Россия президенти Владимир Путин ва Си жорий йил бошида бўлиб ўтган учрашувда глобал сиёсий ва ҳарбий тартибнинг «янги даврида» бир сафда бўлишга ваъда беришган эди.

«Икки давлат ўртасидаги дўстлик чегараланмаган», дейилади уларнинг 4 феврал куни Пекиндаги қишки Олимпия ўйинларининг очилишидаги учрашувидан кейин берган қўшма баёнотида. «Ҳамкорликда тақиқланган соҳалар йўқ».

Улар, шунингдек, демократиянинг «ҳаммабоп» тури бўлмаслигини айтганлар – бу ўз таъсир доирасидаги демократик ҳаракатларга қарши курашаётган Москва ва Пекин учун қулай даъводир.

«Россия ва Хитой ўзларига чегарадош минтақаларда ташқи кучларнинг хавфсизлик ва барқарорликка путур етказиш ҳаракатларига қарши туради, ташқи кучларнинг суверен мамлакатлар ички ишларига ҳар қандай баҳона билан аралашувига, рангли инқилобларга қарши курашиш ва бу борадаги ҳамкорликни кучайтириш ниятида», дейилади баёнотда.

Россия ўша ойнинг охирида, 24 феврал куни Украинага бостириб кирган эди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500