Карвонсарой
Жамият

«Енгилмас ўтовлар»: қозоғистонлик тадбиркорлар Москванинг эътирозига қарамай Украинага ёрдам юбормоқда

Канат Алтинбаев

Украинадаги қозоқ диаспораси барпо этган «Енгилмас ўтов» олдидаги одамлар, Киев, 14 январ. [Женя Савилов/AFP]

Украинадаги қозоқ диаспораси барпо этган «Енгилмас ўтов» олдидаги одамлар, Киев, 14 январ. [Женя Савилов/AFP]

ОЛМАОТА – Қозоғистонлик хайриячилар Москванинг норозилигига қарамай урушдан вайрон бўлган Украинага ўзига хос ёрдам кўрсатишмоқда.

Украинанинг Винница, Житомир ва Хмелницкий вилоятларида фаолият юритувчи «Кусто Агро» қишлоқ хўжалиги корхонасининг бош директори, тадбиркор Даулет Нуржанов январ ойи ўрталарида Украина шаҳарларида, жумладан, Киевдаги Тарас Шевченко боғида «Енгилмас ўтовлар» ўрнатишни бошлади.

Киевдаги улкан, оппоқ, 16 қисмдан иборат ўтов маҳаллий аҳолига қаҳратон қишда исиниш, электр энергияси узилганида телефонларни қувватлаш, бўғирсоқ ва палов каби қозоқ миллий таомларидан тановул қилиш, иссиқ ичимлик ичиш жойига айланди.

Пойтахтдаги кигиз билан қопланган деярли 64 кв. метр майдонга эга ўтов Украинадаги энг йиригидир.

Кўнгилли Украинадаги қозоқ диаспораси томонидан ўрнатилган «Енгилмас ўтов» меҳмонлари учун палов тайёрламоқда, Киев, 14 январ. [Женя Савилов/AFP]

Кўнгилли Украинадаги қозоқ диаспораси томонидан ўрнатилган «Енгилмас ўтов» меҳмонлари учун палов тайёрламоқда, Киев, 14 январ. [Женя Савилов/AFP]

6 январ куни Нуржанов россиялик босқинчилар нафақат асирга олинган аскарларни, балки тинч аҳолини ҳам қийноққа солиб ўлдирган Киев вилоятининг Буча шаҳрида биринчи «Енгилмас ўтовни»ни ўрнатди.

Нуржанов ўтов каркаси ва бошқа қисмларини Қозоғистоннинг Олмаота вилоятидан олиб келган. Уни Украинадаги қозоқ диаспораси вакиллари маҳаллий кўнгиллилар билан биргаликда йиғишди.

Яқинда Украинанинг бошқа шаҳарлари – Лвов, Одесса, Харков ва Черкасcида ҳам шундай ўтовлар пайдо бўлади.

Россия босқини фонида Нуржанов ҳамкорлари ва дўстлари билан биргаликда Украинага гуманитар ёрдам бўйича штаб тузиб, маблағ йиғишни ташкил қилди ва мамлакатга 160 тоннадан ортиқ зарурий гуманитар юк билан бирга касалхоналар учун 41 та генератор юборди.

Ғазабдаги Москва

Қозоғистондан Украинага инсонпарварлик ёрдамининг ошгани ва мос равишда бунинг оммавий ахборот воситаларида ёритилиши Россия расмийларини ғазаблантирган.

Россия ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова 10 январ куни «бу мавзуни «фаол айлантиришдан» тийилиш ва «Россия-Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларига путур етказмаслик учун» ўтовлар масаласида Остонадан расмий жавоб талаб қилган.

Аммо бир кун ўтиб, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Албек Смадияров бу масала бўйича алоҳида изоҳ беришга эҳтиёж йўқлигини айтди.

«Бу ўтовнинг ўрнатилишида ҳеч қандай муаммо кўрмаяпмиз. Аксинча, ўтовимиз борлигидан фахрланамиз», деди Смадияров Озод Европа/Озодлик радиосининг қозоқ хизмати саволига жавобан.

Украинадаги «Енгилмас ўтовлар» хусусий қозоқ компаниялари томонидан барпо этилмоқда ва Қозоғистон ҳукумати бу хусусий ташаббусни тақиқламоқчи эмас, деди у.

«Бу халқимизга тегишли масала. [Россия ташқи ишлар вазирлигига] ҳеч қандай расмий жавоб берилмайди», деди Смадияров.

Остона Россиянинг Украинага қарши тажовузини қўллаб-қувватламаган ва «Донецк халқ республикаси» (ДХР) ёки «Луганск халқ республикаси» (ЛХР) деб аталувчи давлатларни тан олмаган.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ўтган йилнинг июн ойида Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумининг ялпи мажлисида иштирок этар экан, Қозоғистон Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Россия қўлловидаги республикаларни ҳеч қачон тан олмаслигини айтган эди.

Остона ҳам Ғарбнинг Россияга нисбатан жорий қилган санкцияларига риоя қилишда қатъий эканини билдирди.

Украина бўйича Қозоғистондаги консенсус

Қозоғистонликларнинг 80 фоизга яқини урушда Украинани қўллаб-қувватлайди, деди Қозоғистоннинг энг йирик «Хабар» ва КТК телеканалларининг собиқ раҳбари, олмаоталик Арман Шораев.

«Россиянинг Украинага хиёнаткорона ҳужуми ортидан қозоқлар биринчилардан бўлиб украиналик биродарлари учун инсонпарварлик ёрдамини йиға бошладилар. Биз бир ҳафта ичида 1 миллион доллар тўпладик», деди у Карвонсаройга.

Қозоғистонликлар Остонадаги Украина элчихонасига пул, кийим-кечакдан тортиб озиқ-овқат ва дори-дармонгача олиб боришган, деди у.

Шораев бу йил Украинага борган ва Бучада россиялик аскарларнинг зўравонликларидан омон қолганлар билан суҳбатлашган.

«Россиялик аскарлар ҳақиқий ваҳшийлар», деб айтган Шораев. «Биз қозоғистонликлар эса украиналикларга ёрдам беришда давом этамиз ва Украинанинг бу ёвузлик устидан ғалаба қозонишига ишонамиз.»

Шораевнинг фикрига бошқа қозоғистонликлар ҳам қўшилади.

Ўтган йил март ойида Олмаотада Украинадаги уруш ва Россиянинг тажовузига қарши намойиш ўтказилган бўлиб, унда минглаб фуқаролар ва иштирокчилар қатнашган эди.

Иштирокчиларнинг кўпчилиги Украина байроғини ва Россия президенти Владимир Путин тўхтатишга чақирувчи плакатларни кўтариб олишган эди.

«Биз 2022 йилда ривожланган дунё қоидаларига кўра яшамоқдамиз. Бошқа халқнинг ерини шунчаки тортиб олиш мумкин эмас», деган эди март ойидаги намойишда иштирок этган олмаоталик Юлия Ковалчук.

«Агар Россия Украинада ўз мақсадига эришса, навбат Қозоғистонга келиши мумкин», деб қўшимча қилган у.

Қирғизистоннинг ёрдами

Ўз ижтимоий-иқтисодий муаммолари борлигига қарамай, қирғизистонликлар ҳам украиналикларни қўллаб-қувватлашмоқда.

Бишкекдан биринчи гуманитар ёрдам Украинага апрел бошида жўнаб кетган. Унда иссиқ кўрпалар, ухлаш учун қоплар, асал, консерва, тагликлар ва ҳоказо бўлган.

«Буларнинг ҳаммасини оддий одамлар олиб келишган. Улар Украина мамлакатимизнинг позицияси – биз ҳеч қандай тажовузни қўллаб-қувватламаслигимизни билишини хоҳлайдилар», деб айтган Бишкекдаги «Ёрдам бериш осон» хайрия ташкилоти асосчиси Динара Алиева 24.kg веб-сайти билан бўлган интервьюда.

«Биз Украина ва ўз мустақиллиги учун курашаётганлар тарафидамиз», деб айтган у.

Июнда Озодлик (RFE/RL) радиосининг қирғиз хизматига берган интервьюсида Украинанинг Қирғизистондаги элчиси Валерий Жовтенко қирғизистонликларнинг Украинага ёрдамини алоҳида таъкидлади.

«Россиянинг Украинага қарши ҳарбий тажовузи бошланганида Бишкекдаги Россия элчихонаси олдида ва бошқа жойларда оммавий норозиликлар бўлиб ўтди ва одамлар Украина элчихонасига қўллаб-қувватлаш учун келишди», деб айтган у.

Қирғизистонликлар ва маҳаллий жамоатчилик ташкилотлари украиналикларга сезиларли ёрдам бермоқда, деб айтган у.

«Қирғизистонликлар Украина бошидан кечираётган фожиадан таъсирланмай қолмадилар, биз бундан миннатдормиз», деб айтган Жовтенко.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Марказий Осиёликларнинг қийин вақтда шарқий Европа билан муштарак эканлигини эшитиш қувонарли!

Жавоб бериш

Россия Қозоғистонга доимо таҳдид қилиб келган, энди улар нима кутмоқда? Кремл аҳмоқларининг мияси дўлана экстрактида эриб кетган.

Жавоб бериш